Савол: Ассаламу алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ. Домла аввало бундай савол бераётганимдан сиздан узр сўрайман. Лекин кундалик ҳаётимда бу масалага жуда кўп дуч келганим сабабли жавобини билишим керак. Биз томонларда аёллар уйда таом тайёрлаётганимизда қозонга ёғни атаб қуйиш керак, дейилади. Аввал Расулуллоҳ саллалоҳу алайҳи васалламга ва шу уйда яшаб ўтганларни руҳларига савобини бағишладим, дейишади. Мен бундан руҳларга қандай фойда борлигини билмаганим учун ҳам ундай қилмайман. Шу масалада ҳатто баъзи бир отин ойилардан ҳам дакки эшитганман. Лекин уларнинг ҳеч бири бунинг сабабини тушунтириб бермаган. Саволим кимнидир асабига тегадиган бўлса, узр сўрайман. Аллоҳ сизлардан рози бўлсин!
Жавоб:
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм!
Сиз сўраётган саволдаги муаммо аёллар тарафидан ўйлаб чиқарилган бидъату-хурофотдир. Зотан, бу борада Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васалламдан, у зотдан кейин яшаган асҳоби киромлар ва бошқа алломаларимиздан ҳеч қандай кўрсатма келмаган. Шунинг учун бундай ишлар асоссиз, далилсиз, оддийгина урф-одатлардандир.
Лекин Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ҳадиси шарифларида:
«Ҳар бир эътиборга молик бўлган иш «Бисмиллаҳ» билан бошланмаса унинг охири кесикдир» деганлар. (Абу Довуд «Адаб»да, Ибн Можа «Никоҳ»да ва Имом Аҳмадлар ўз «Муснад»ларида ривоят қилганлар).
Шунга мувофиқ таомни тайёрлашни бошлашда ҳам албатта «Бисмиллаҳ»ни айтиш суннатга мувофиқдир.
Сизнинг «Аввал Расулуллоҳ саллалоҳу алайҳи васалламга ва шу уйда яшаб ўтганларни руҳларига савобини бағишладим, дейишади», деган сўзингизга келсак, одатда бирор савобли ишни бажариб, сўнгра уни савобини хоҳлаган кишининг руҳига бағишлаш мумкин. Лекин бунинг учун қилинаётган иш шариатда эътиборли, савобли бўлиши керак. Масалан, садақалар, бирор кишига ёрдам бериш, Қуръон тиловат қилиш, истиғфор айтиш ва бошқа нафл ибодатлар шулар жумласидандир.
Лекин қозонга ёғ қуяётган пайтда сиз айтгандек ният қилиш, бу кейинчалик ўйлаб чиқарилган ишлардан бошқа нарса эмас. Балки бунинг асли аёллар баҳор фаслида сумалак тайёрлаётган пайтларида турмушга чиқмаган қизлар ёки фарзанд кўрмаган аёлларга алоҳида ният қилиб, қозонни етти маротаба кавланглар, дейишларига ўхшаш бидъату хурофотдан ўзга нарса эмас. Бундай ишлар шариатимизга тўғри келмайди.
Аммо таомни тайёрлашда яхши ниятлар қилса бўлади. Масалан, таомим шифо бўлсин, лаззатли бўлсин, истеъмол қилувчиларга ёқимли бўлсин ва уларни ибодатларига қувват бўлсин, деганга ўхшаш ниятлар қилиш мумкин.
Валлоҳу аълам.
Исҳоқ Муҳаммад,
«Тўхтабой» жоме масжиди имом хатиби
Присоединяйтесь к ОК, чтобы посмотреть больше фото, видео и найти новых друзей.
Комментарии 1