1-қисм
Уни калака қилсак лўккилаб қувиши бир дунё завқ бағишларди. Ёш бола эдик-да десам, кап-катта одамлар ҳам жиғига тегишни хуш кўришар, бечора телбани холи-жонига қўйишмай, мазахлашар эди.- Раҳмон ака, қачон уйланасиз?
- Ленинни ўлигини ерга қўйишганда.- Ака қачон ош берасиз?
- Отамни оқлашганда...Бунақа суҳбатлар тез- тез қулоққа чалинар, бечора телбанинг овозини аранг илғаб олсак, чапани қийқириқлар садоси оламни бузарди.
У алмисоқдан қолган, титилиб кетган костюм-шим ва дадамларнинг айтишларича улардан сўрайвериб олиб қўйган шляпасини бошига қўндириб, Чарлин Чаплин га ўхшаб юрарди. Шляпани ҳар доим киярди десам, ёлғон бўлади. Чунки марака ва таъзияларда яна кимдандир сўраб олган эски дўпписини қўндириб, биров писанд қилмаса ҳам маросимни охиригача туриб берганини ҳам кўп кўрганман.
Олтмишлардан ошган, сўққабош телба қари онаси билан бирга яшарди. Хайхотдай катта ҳовлининг бир бурчагида нураб ётган пахса деворли уй ва шоҳлари тарвақайлаб кетган мевали дарахтлари бор эди. Ким челак кўтариб кирса жилмайиб, олма, анжир, шафтоли териб тўлдириб берадиган телбага хасад қилувчилар топилиб қоларди.
Баъзилар «Катта ховли шу жиннига қолган-а, бу ерга данғиллатиб иморат солинса зўр бўларди» деб, оғзининг сувини оқизса, кимдир «она- болага пича ёрдам бериб уйга эгалик қилсаммикин» деб хом ҳаёлда эди. Яна алакимлар бечорани тош билан уриб, мажбурлаб оғзидан ароқ қуйишгани, сўнг аллақандай қоғозларга қўл қўйдириб олишгани ҳақида ҳам гап болалаган, буни рост- ёлғонлигига унинг пешонасида пайдо бўлган каттакон ғуррагина тилсиз гувоҳ эди.
Раҳмон тоға доим куннинг бир маҳали нонвойхонага келиб, икки дона нон сотиб оларди. Битта оби нонни йўл-йўлакай бурдалаб еб, иккинчисини қўйнига солиб уйга қайтар эди.
Бир куни болалигимизга бориб, йўлимизда пайдо бўлиб қолган беозор телбага яна қитмирлик қилгимиз келиб қолди. У биз ўнаётган майдонча олдидан ўтиб, сал нарироқда оқиб турган ариқ ёнига бориб қўйнидаги нонни авайлаб тош устига қўйди. Сўнг чўккалаб сув ича бошлади. Маслаҳатимизга биноан, энг шаддодимиз Нигора югуриб бориб, тош устида турган обинонни олиб қочиши билан қўшиғимизни бошладик:Раҳмон Тоға қалайсиз,
Қаймоқ берсак ялайсиз.
Идорага борганда
Қўл қўйишни билмайсиз...дея одатдагидек қоча бошладик. Ана сув ичишдан тўхтаган чол қувлашга тушди. Худди Чарли Чаплиннинг ўзи қувлаётгандай мазза қилиб кулиб югурамиз... Ёш бола эмасмиз-ми, тез чопамиз. Ахийри уни чарчатдик, тиззалаб ўтириб қолди.
-Нонимни кайтариб берларинг!-деди, йиғламсираб.
Бундан бадтар илхомландик.Идорага борганда,
Қўл қўйишни билмайсиз.-Нонимни қайтиб беринглар, ўригимиздан ўғирласаларинг хам уришмиман.
-Битта уйнаб беринг, кейин берамиз.
Тоға бизларга хўрсиниб қараб, ўйинга туша бошлади, биз кулмоқдан думалаб қолгандик....
-Нонимни кайтаринглар.
-Хозир берамиз агар…
-Нонни онамларга олиб бораман. ...бормасам қаттиқ нон ейдилар-да.
Охирги илтижолари таъсир қилиб, нонни майса устига қўйиб қочамиз.
У нонни авайлаб олиб уйи томон йўналди, биз орқасидан эргашдик...
Пастқам ёғоч эшигидан кириб кетгач, бир чети ағанаб тушган деворидан кузата бошладик.
Раҳмон тоға алдамаган экан. Кунгайга қараб солинган, бўёқлари кўчиб тушган эски айвонда ўтирган кекса онасига нонни бериб, қумғонда чой дамлади. Дастурхон ёзиб, нонни ушатиб бергач ерда тўкилиб ётган ўрикдан териб ювгач, бир дона пиёлага чой қуйиб онасига узатди. Бир нарсаларни гапириб, бесўнақай қилиқлар қилиб онасини кулдиришга харакат қилар, онаизор синиқ жилмайиб кузатган бўлса, биз кулавериб қотиб қолгандик.
Дастурхон йиғилгач, телба кампирнинг оёқларини уқалай бошлади, сўнг тоғорага сув қуйиб ювиб қўйди...
Қолгани биз учун қизиқ эмасди. Раҳмон тоға яна анақароқ бир қилиқ қилиб қолар деб пойлаганимиз зое кетди. Кузатишдан чарчаб уйимизга тарқалдик....
Эххе, бу воқеа ўндан бири эди.
Орадан йиллар ўтиб, она- бола бирин- кетин чин дунёга риҳлат этишди.
Биз ҳам эсимизни таниб қолгандик. Бир куни олис Америкадан Раҳмон тоғани қидириб аллақандай одамлар келгани хақида хабар тарқалди.
Меҳмонлар аввал қабристонга боришди, сўнг ҳамма ўша девори тўкилган хароба ховлига йиғилди.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы посмотреть больше фото, видео и найти новых друзей.
Комментарии 1