Тунда уйга ўғри тушди. Аёл шитир шитирдан уйғониб кетди. Ташқарига чиқса оғилхона тарафда кимдир беркинди. “Дод” солиб бақирди. Кўланка деворга тармашди. Қўйнидаги қўзичоқ баради. Уйдан отилиб чиққан эр ўғрининг изидан қувиб кетди.
Қувиб бораркан, қоронғуда чуқурни кўрмай қолди. Оёғининг қарс этиб сингани эшитилди. Ўғри қўзичоқни ташлаб, кўздан ғойиб бўлди.
Қишлоқ синчиси, синган суякларни бир бирига улаб, тахтакашлаб қўйди. Орадан бир икки кун ўтсада, оғриғига чидаб бўлмай қолди.
Туман шифохонасига йўл олишди. Суякларни қайтадан териб чиқишди. Орадан бир ой ўтсада отанинг иситмаси тушмади. Гангрена бошланиб кетибди. Аёл оғилхонадаги ҳамма қўйларни сотиб, эрни вилоят марказидаги шифохонага ётқизди. Нимаики дори дармон керак бўлса ҳаммасини сотиб олди. Бир лаҳзага бўлсин эрининг бошидан силжимади.
Вилоят марказида бир оёқни кесиб ташлашди. Аммо дард бу билан тугамади. Бутун аъзойи баданда оғриқ бор эди. Эрнинг қаттиқ қаршилигига қарамай, аёл оғилдаги сигирни, бузоқни, танани ҳаммасини битта қолдирмай сотди, пулни махкам белига боғлади-да, пойтахтга йўл олди.
Азим шаҳарда туядай молнинг пулига тугмачадек дори бераркан. Аммо аёл чекинмади. Эрнинг бошида ойлаб илҳақ бўлиб ўтирди. Эрда саратон аломатлари топилди.
Аёл уйдаги машинани сотди. Эрни пойтахтдаги энг катта шифохонага, энг катта шифокорнинг қўл остига ётқизди. Уйда ойлаб оч қолиб кетган болалар, отамиз тузалса бас, очликка чидаймиз, аммо отасизликка чидолмаймиз дея, йиғлашар эди. Кунлар қоп қаро тун қўйнида қовриларди.
Эрнинг аъзойи бадани аланга ичида эди. Ютоқиб ютоқиб сув ичар, қонмас, яна сўрарди. Яна беришни эса шифокор чеклаб қўйган эди.
Эрнинг бақириб чақиришларига қарамай, аёл уйни ҳам сотувга қўйди. “Болаларимга ота керак, бошпана бўлмаса уй менга нега керак, соғайиб кетсангиз мол дунё ҳаммаси топилади, ҳаммасидан сиз бизга кераклисиз отаси, сизсиз мен жўжабирдай жон, қайси эшикка бораман, қайси дунёга сиғаман. Сиз ўлгандан кўра, мени ўлганим яхши. Сизни тузатиб оламан. Ҳеч иш қилмасангиз ҳам, уйда кириб чиқиб турсангиз бўлди. Шуни ўзи менга етади. Худодан шундан бошқа ҳеч нарса сўрамайман. Фақат сиз омон бўлсангиз бас, фақат сиз соғайиб кетсангиз бас, отаси. Сиз менинг ҳаётим, бутун жону-жаҳонимсиз, Худодан ёлвориб сўрайман, соғайиб кетинг отаси!”
“- Уйни сотма, болаларингга қара, ўшаларни униб ўстир, ўқит, ўшаларни зориқтирма, ўшаларни рисқини қийиб, шунча қаратганинг етар, мен сендан розиман. Мана, бугун тонгда пошшомиз ўлди, дўхтирлар олиб қолганда, қанча пул керак бўлса олиб, пошшони умрини узайтирар эди. Аммо тақдир экан, мана пошшо ҳам ўлди. Сен пошшо бўлганингда ҳам ҳамма мол дунёингни сотиб мени олиб қолаолмас эдинг. Энди тақдирга кўн. Болалар сенга омонат. Мендан рози бўл. Мен энди сенга, болаларимга юк бўлиб, бу дунёда ортиқ қолаолмайман. Сизларни шип шийдам уйда қолдираяпман, бундан хўрлигим келаяпти, бунчалик хўрликда қолишимни билганимда эди, аллақачон ўзимни бўғиб ўлдирган бўлар эдим. Аммо тақдиримда бу кўргуликлар, бу шарафсизликлар бор экан. Ортимга қараб қараб кетадиган бўлдим онаси!”
Тунда онанинг фарёди бутун шифохонани оёққа турғизди.
МУҲАММАД ИСМОИЛ.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 2