-------
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм..
Ислом динимиз аёлларни эъзозлаган, уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини қайтариб берган, уларни азиз қилган дин. Ислом тарихидан маълумки жоҳилият деб аталувчи исломдан олдинги даврда аёллар ҳуқуқ-эркинликлари бутунлай поймол қилинган. Уларни қадрсиз бир буюм сифатида ишлатилган. Ўша давр одамлари қиз фарзанд кўришдан ор қилишган, ҳатто қизларини ўлдириш каби қабиҳ ишларни қилишгача борганлар. Ислом дини эса бундай ҳолатларни қаттиқ қоралайди.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда уларнинг бу қилмишларини баён қилиб, уларни бундай разилликдан қайтишга буюриб:
“Қачонки улардан бирига қизнинг хушхабари берилса, ғам-аламга тўлиб юзи қорайиб кетур. Унга берилган хушхабарнинг ёмонлигидан (уялиб)қавмидан беркинур. У(қизи)ни хорлик-ла олиб қолсаммикин ёки тупроққа қўйсаммикин? Огоҳ бўлинг! Улар қилган ҳукм нақадар ёмон” дейди.
(Наҳл сураси, 58-59 оятлар).
Ислом дини эса аёллар учун чинакам нажот йўли бўлиб хизмат қилди. Уларни ҳурриятини қайтариб, жамиятда азиз қилди. Ҳатто Қуръони Каримда ҳам «Нисо» (Аёллар) номи билан алоҳида сура нозил қилинган бўлиб, унда мерос ва аёлларга муомала қилиш ҳукмлари баён этилгани динимизда аёлларнинг эҳтиром қилинганини кўрсатиб беради.
Динимиз аёлларни машаққатли баъзи юмушлардан ҳам озод қилди. Қиз бола турмуш қургунча отаси зиммасида бўлса, турмуш қургач унинг таъминоти эрининг зиммасига ўтади. Яъни, аёлларнинг нафақасини унинг отаси қилади, турмуш қурган бўлса эри едириб-ичириб, кийинтириб ва уй-жой билан таъминлаб туради. Машаққат бўлган, оила таъминоти, рўзғор ишларида жавобгарлик масъулияти эркакка юклатилди, бу машаққатлардан аёллар озод қилиндилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам эркакларга хитоб қилиб: “Аёлларингиз учун сизнинг зиммангизда яхшилик ила ризқлари ва кийимларининг мажбурияти бордир”, деганлар.
(Имом Муслим ривояти).
Қуръони каримда ҳам бу борада шундай марҳамат қилинган:
“Эркаклар хотинлар устидан (оила бошлиғи сифатида доимий) қоим турувчилардир. Сабаб – Аллоҳ уларнинг айримлари (эркаклар)ни айримлари (аёллар)дан (баъзи хусусиятларда) ортиқ қилгани ва (эркаклар ўз оиласига) ўз мол-мулкларидан сарф қилиб туришларидир...”
(Нисо сураси, 34-оят).
Динимизда аёл кишига икки йўналишда масъулият юкланади, бири – эри учун руҳий, маънавий хотиржамлик, сакийнат бўлиш, иккинчиси – фарзанд дунёга келтириш ва унга ғамхўрлик қилиш машаққатлари. Ислом динида бундай машаққатли ишларни ҳисобга олиб кўплаб бошқа жабҳаларда уларнинг руҳий, жисмоний ҳолатини эътиборга олган ҳолда, аёлларга икром кўрсатилган.
Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Видолашув ҳажи” да ҳам аёллар ҳаққи ҳақида насиҳат қилганликлари, бу масаланинг нечоғлик аҳамиятли эканлигига далил бўла олади.
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар:
“Аёллар борасида Аллоҳдан қўрқинглар. Чунки сизлар Аллоҳнинг омонати ила уларни қўлга киритдингиз ва Аллоҳнинг калимаси билан уларнинг фаржларини ўзларингизга ҳалол қилиб олдингиз” (Бухорий ривояти).
Шариатимизда аёллар доим эркаклар ҳимоясида ва таъминоти остида бўлади. Лекин баъзи ҳолатларда аёл киши ҳам оилавий шароит ва вазият тақозосига қараб ҳалол касб кор қилиши жоиз. Фақат ишлаш жараёнида ўзининг шаъни ва иффатини сақлаши шартдир. Ишлаш учун яратилган муҳит шариатимиз кўрсатмасига мутаносиб ҳолатда, номаҳрам инсонлардан панада, аёлларнинг руҳий ва жисмоний ҳолатларидан келиб чиқиб қийин бўлмаган касбларда, ўз иффатларини сақлаган ҳолатда бўлса, уларнинг сармоя топишларига ҳеч қандай монелик йўқ. Чунки аёлларнинг қадри баландлиги, уларнинг азизлиги – иффатларини сақлашликларида бўлади.
Бироқ минг афсуслар бўлсин-ки, ҳозирги кеча-кунимизда баъзи ҳолатларда аёлларнинг ўзларига мос бўлмаган, миллий қадриятларимизга, урф одатларимизга, аёллар шаъни, қадр-қимматига, энг асосийси динимизга зид бўлган балки таъбир жоиз бўлса инсонийликка ҳам тўғри келмайдиган баъзи ишларни, муслима деган номни ташиётган аёллар томонидан қилинаётганлиги ва бундай ишлар бизнинг жамиятимизда ҳам кузатилаётганлиги ачинарли ва аянчли ҳолатлардан ҳисобланади.
“Сабаби тирикчилик” дея пул топиш илинжида чет давлатларига чиқиб кетаётган аёлларнинг айримлари динимиз қайтарган ишлар билан машғул бўлишлари, албатта бу энг аввал аёллик шаънига иснод ҳисобланади. Бундай ишларни қилишга қўйиб берган оталар ва эрлар ҳам улар билан бир хил гуноҳкор бўладилар. Балки баъзи ўринларда аёлларини пул топишга мажбурлаётган эрлар ҳақидаги хабарларни қулоққа чалиниши, ҳар бир мусулмон эр кишининг нафсониятига тегадиган, кўнгилни хира қиладиган ҳолатдир. Бундай ҳолатлар, аёлларни азиз қилган дин – Ислом динига исён қилиш ҳисобланади.
Аёлларимиз, сингилларимиз, қизларимизни шаънига доғ туширмаслик, ўзларига яратилган имкониятларни суиистеъмол қилишларига йўл қўймаслик бўйнимиздаги қарз эканлигини унутмаслигимиз шарт. Юқорида келтириб ўтганимиз ҳадиси шарифда: “Аёллар борасида Аллоҳдан қўрқинглар…” дейилган буйруққа амал қилишимиз зарур.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 1