-------------
(Константинопол деворлари остига дафн этилган саҳобий)
Ушбу буюк саҳобийнинг исми шарифи Холид ибн Зайд ибн Кулайб, куняси Абу Айюб, мансублиги ансорийлардандир.
Азиз мусулмон биродарлар, ким ҳам орамизда Абу Айюб Ансорийни танимайди, албатта яхши таниймиз! Аллоҳ Таоло Абу Айюб Ансорий номини Ғарбу Шарққа ва бутун инсониятга нега машҳур қилди. Чунки Аллоҳ бошқа мусулмонлар хонадонини қўйиб, унинг хонадонини танлади, яъни, сарвари олам Набий соллоллоҳи алайҳи вассаллам Мадинага ҳижрат қилганларида Абу Айюб хонадонига қўндилар...
Мана шунинг ўзи Абу Айюб учун юксак фахр бўлди. Зеро, Росулуллоҳ ﷺнинг Абу Айюб хонадонида бўлишлари тилларда тинмай такрорланган ширин ва тароватли ҳикояга айланган.
Дарҳақиқат, Набий ﷺ Мадинага етиб борганларида шаҳар аҳли ул зотни ҳар қандай меҳмондан ҳам азиз-мукаррам меҳмон сифатида кутдилар... Худди суюкли инсон суюкли инсонни кўзлари тўрт бўлиб кутгандек соғинч билан кутдилар... Ул зотга қалбларини кенг очиб, юраклари тўридан жой бердилар. Уйлари эшикларини ланг очиб, қадам ранжида қилиш билан хонадонларини баракотли қилишларига умид қилдилар.
Лекин Росулуллоҳ ﷺ тўрт кун Мадина чеккасидаги Қубода қолдилар ва шу орада тақво устига бино бўлган илк масжидни бино этдилар.
Сўнг Росулуллоҳ ﷺ Қубодан туяларига миниб йўлга чиқдилар. Ул зотнинг туясини Ясриб саййидлари қаршилашди. Ўз уйига Росулуллоҳ ﷺнинг қўнишлари шарафига ноил бўлиш илинжида туяни бири қўйиб-бири ушлаб, «Ё Росулуллоҳ, бизникига қўнинг, истаганингизча бизнинг таъминотимиз ва ҳимоямизда бўлинг», дейишар эди.
Шунда Росулуллоҳ уларга «Туямни қўйиб юборинглар, у буюрилган», дедилар. Росулуллоҳ туялари барчанинг кўзини ўзига ром қилиб, юракларни орзиқтириб, йўлида давом этди... Бир хонадонни босиб ўтиш билан унинг аҳлини маҳзун қилиб, ҳафсалаларини пир қилса, келаси хонадон дилларида умид чироғини ёқди... Туя шу тарзда давом этди, одамлар бахт кулиб боқадиган хонадон соҳиби ким бўлажагини кўришга қизиқиб туя ортидан эргашдилар... Ниҳоят, туя Абу Айюб Ансорийнинг уйи ҳовлиси олдига етди ва ўша ерга чўкди. Аммо Росулуллоҳ ﷺ туядан тушмадилар. Туя эса, қайта силкиниб туриб, яна юришни давом эттирмоқчи эди, Росулуллоҳ тизгинини қўйиб юбордилар. Кейин кўп вақт ўтмай, қайтиб аввалги ерга бориб чўкди. Ана шундан кейингина Абу Айюб Ансорий кўнгли шодликка тўлди, Росулуллоҳ ﷺга чопиб бориб, нарсаларини қўлига олди, гўё у икки қўлида бутун дунё хазинасини кўтариб кетаётгандек хурсандлик билан уларни уйига олиб кирди.
Абу Айюбнинг уйи қия шифтли болахонали бир қаватли эди. У болахонадан оиласининг ҳамма майда-чуйдаларини йиғиштириб, Росулуллоҳга бўшатиб берди. Аммо Росулуллоҳ ﷺ пастки қаватни афзал билган эдилар. Абу Айюб Росулуллоҳга итоат қилди ва ул зотнинг ўзлари истаган ерга жойлаштирди. Кеч киргач ва Набий ﷺ жойга ётганларидан сўнг, Абу Айюб аёли Умму Айюб билан болахонага кўтарилди. Болахона эшигини ёпар-ёпмас, шошилиб аёлига боқди ва «Ээ, нима қиляпмиз ўзи, ўзимиз юқорига чиқиб олиб, Росулуллоҳ ﷺни пастда қолдирамизми, Росулуллоҳ ﷺнинг тепаларида юрамизми, ул зот билан ваҳи ўртасида турамизми, бундай қилсак, ҳолимизга вой бўлмайдими?!» Эр-хотин нима қилишни билмай қолдилар...
Кейин Росулуллоҳ ﷺнинг қоқ тепасида турмай, болахонанинг четига ўтиб, девор бўйлаб юришга, ўртасига ўтмасликка қарор қилишди, ана шундагина эр-хотиннинг кўнгли бир оз таскин топди. Тонг отгач, Абу Айюб Набий ﷺга «Аллоҳ ҳаққи, бу кеча мижжа қоқмадик, менинг ҳам, аёлим Умму Айюбнинг ҳам уйқумиз келмади», деди. Росулуллоҳ ﷺ «Нимага бундай бўлди, Абу Айюб», дея сўрадилар. Абу Айюб «Мен тепада, сиз эса пастда бўлсангиз, у ёқ-бу ёққа қимирлаганимда, устингизга чанг тўкилиб, озор етармикин, қолаверса, мен сиз билан ваҳи ўртасига туриб оламан, деб ўйладим», деди. Шунда Росулуллоҳ ﷺ бундай дедилар: «Тинчланинг, буни жиддий қабул қилманг. Бизга пастни бериш билан яхшилик қилинг. Чунки бизнинг олдимизга келувчилар кўп бўлади».
Абу Айюб айтади: «Мен Росулуллоҳ ﷺнинг буйруқларига итоат қилдим.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 1