Шоира тикув цехига ишга кирганига кўп бўлмади, аммо бирпасда ҳамма билан тил топишиб кетди. Уддабурон, чаққон аёл. Одамларнинг мушкулини осон қилишга ҳаракат қилади.
Зарифа камсуқумгина, аммо қобилиятли. Одатда ўзини кўпам намойиш қилавермайди, лекин ишини жойида бажаради. Иш берувчи пишшиққина йигит, бир сўмни бекорга бермайди, битта яхши томони номоз ўқишига рухсат берган. Зарифа ортиқча гаплашмайди, билиб-билиб ишини қилади, кундалик режани бажаргач, уйига кетади.
Шоиранинг тикув машинаси унинг ёнгинасида. Бир гапириб, ўн кулиб тикиб ўтиради. Хўжайин келиб қолса, "Зуфаржон, Зуфаржон",—деб парвона бўлиб, бир зумда чой тайёрлашга тушиб кетади... Кўпинча режани бажармайди, аммо ҳожатбарорлиги, сўзамоллиги буни ювиб кетади
Камгап, камсуқумгина Зарифа билан ҳам яқин бўлиб қолди. Бирга ўтириб тушлик қиладиган, ишдан бирга қайтадиган бўлдилар. Зарифа Шоирага тобора яқинлашиб борар, ишда ҳам қўлидан келганча ёрдам берарди. Одамнинг ич-ичида ҳеч ким билишини истамаган дарди—оғриқли нуқтаси бўлади, баъзан шундай кунлар бўладики, уни ҳам кимгадир айтмасанг, қалбингга малҳам тополмайсан. Зарифа мана шундай сирдош топганидан хурсанд эди...
Аёллар байрами арафасида цех бошлиғи байрам ташкил қилиб берадиган бўлди. Ўша куни аёллар бошқача кайфиятда кириб келдилар. Пардозлар жойида, сочлар байрамона турмакланган, ярашиқли либосларда "Сокин" кафесидаги сукунатни бузиб ўйин кулгу қилдилар.
Ўтириш охирлаб қолганда бошлиқ ҳар бир ходимига атаб совғалар улаша бошлади.
—Зарифа опа, ўта масъулиятлисиз. Барча ходимларнинг сизга ўхшашини истар эдим. Ҳали бирор марта кундалик режани бажармай кетганингизни кўрмадим. Буни сира нимада, опа? — кўтаринки кайфиятда лутф қилди бошлиқ, совға бераётиб. Бошини эгиб, жилмайиб турган Зарифанинг ўрнига Шоира жавоб бериб қўя қолди.
—Нимада бўларди, эри ташлаб кетган аёл бор аламини ишдан оладида, — деди, сўнг ўзини меҳрибон кўрсатиш учун қўшиб қўйди —Тағинам фил экансиз, опа, сиздек аёлларга ҳайкал қўйиш керак!
Зарифанинг оқ-сариқ юзи лоладек қизариб кетди. Ҳамма ҳали ҳеч кимга ошкор бўлмаган сирни эшитиб турганиданми жим бўлиб қолганди...
Зўрға жойига ўтириб олган Зарифа байрам охиригача амаллаб илжайишни уддалаган бўлди...
Эртаси куни қақиллаб кириб келган Шоиранинг қучоқ очиб кела бошлаганини кўриб қалтираб ўрнидан туриб кетди.
—Вой, ўзимнинг опажоним, аразламанг энди, сизни мақтасам ҳам ёмонми?
Шоира кечгача муносабатларини тиклашга уриниб кўрди. Зарифа унинг саволларига қисқа-қисқа жавоб бериб қўя қолди.
—Юринг, бирга кетамиз, опажоним! Мусулмон кишига аразлаб юриш ярашмайди.
—Тўғрику, аммо мўмин киши битта тешикдан икки марта чақтирмайди. Энди салом-аликдан бошқаси бизга тўғри келмайди,- деди сокин аммо қатъий оҳангда.
Нима дер экан деб оғзига тикилиб турган ҳамкасблари Зарифанинг жавобидан кўнгли тўлгандек секин-аста хонадан чиқиб кета бошладилар
Fikrlashingizni 180° ga o'zgartirib yuboradigan telegram kanalimizga obuna bo‘ling: https://t.me/muxtar_media
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев