#МУҲАББАТ_ҲУДУДИ
МУАЛЛИФ: НАРГИЗА УСАНБОЕВА
Ёқимли мутолаа!
Эътиборингиз ва қимматли вақтингизни ажратаётганингиз учун ташаккур!
Роман
147-ҚИСМ
—Тўғрисини айтсам, — деди ҳалиги одам яна ташвишли ҳолда. — У ерга сизларнинг боришингиз шарт ҳам эмас. Айниқса сиз!
У қўлини бигиз қилиб Алишерни кўрсатди. Кейин пича ўйланди-да, Марат акага қараб деди:
—Эри дедингиз-у, тўғрими? Барибир кўпроқ бу кишини шерик деб гумон қилади-да! Бу киши билан юрсам, менга ҳам ҳавф туғдиради. Ўзи нега сиз келдингиз?
Алишер қаршисидаги одамнинг ўткир нигоҳида дош беролмадими, ё саволига жавоб топа олмадими, негадир ерга қаради.
—Жиннимисан? Сенинг хотининг қамалиб қолса, бормайсанми? — уни Марат ака жеркиб берди. —Болаларининг онаси. Қидиради-да!
—Биламан! Ақлли одамлар ўзи юрмайди, пулини ишга солади...
—Энди-и-и... — “жим бўл” дегандек оҳангда гапирди Марат ака. —Пулини ҳам ишга соляпти, ўзи ҳам назорат қиляпти-да!
—Ака, менга фарқи йўқ! Лекин бунақа ишда эҳтиёт бўлган яхши-да! Биласиз-ку, бунақа жиноятга Хитой шафқат қилиб ўтирмайди. Ўтказилган “мол” эллик грамдан ошиқ бўлса, тамом, “ғиринг” дегани қўймай, асфаласофилинга жўнатворади. Кўп эшитганман.
—Хўш, нима қил, дейсан? — дангалига кўчди Марат ака.
—Менимча, бу киши қайтиб кетаверсин. “Иш”ни иккаламиз қилаверамиз.
Марат ака савол назари билан Алишерга қаради.
—Хотиним билан бир кўришсам бўлмайдими? — соддаларча деди Алишер.
—Мен нима деяпман-у, сиз нима деяпсиз, ака, — тутақиб деди ҳалиги одам. — Сизни етаклаб юришга нега қўрқяпман? Хотинингизнинг шериги дейишмасин, деяпман. Сиз эса қамоқхонага кўриш учун бормоқчимисиз? Кимлигингизни билишса, сиздан сўраб ҳам ўтирмай, хотинингизнинг ёнига ўтқизиб қўйишади. Энг биринчи гумондор сизсиз ўзи? Шундоқ ҳам қидирувда бўлсангиз, керак!
Алишернинг юраги орқага тортиб кетди. Чиндан ҳам биринчи бўлиб унинг уйини тинтув қилишмаганмиди? Энг биринчи бўлиб, Лайлонинг қўлга тушганини у билмаганмиди? Ҳаммасига унинг эри эканлиги, расман ажрашмаганлиги сабаб қилиб кўрсатилмаганмиди? Ҳали ўз оёғи билан қамоқхонага келаётган бўлса-я?
—Қайнонамга вазиятни тушунтириш керак. Эртага мени айбдор қилишмаслиги учун айтиб қўяйлик, — деди у Марат акага қараб.
—Айтинг, айтинг, — жонланди Марат ака ҳам.
—Ўзингиз айтинг. Чунки “договор” сиз билан бўлган ака. Эртага менинг бошим балога қолмасин. Қўрқиб қайтиб келди, деб юришмасин.
—Тўғри ака, сиз айтинг, холага,— маъқуллади ҳалиги одам ҳам. — Бу кишини кейин самолётга ўтқазиб юборамиз-у, ўзимиз аста Хитойга ўтамиз.
148-ҚИСМ
Марат ака ўша заҳоти Алишернинг қайнонасига қўнғироқ қилди. Алишерни бирга олиб юриш ҳалал беришини тушунтирди. Ҳамма ишнинг тўғри бўлишига ўзи кафил бўлди. Қоп-қоп ваъдаларни бериб, бугуннинг ўзида яна пул жўнатмаса бўлмаслигини ҳам қистириб ўтди.
Шундан сўнг улар кўп гаплашишмади. Марат ака дарҳол самолёт учун чипта суриштиришга киришди. Ҳалиги киши Алишернинг кўз ўнгида кимлар биландир хитойчалаб гаплашди.
“Ростдан ҳам Хитойни яхши билади, шекилли, — ўйлади Алишер. Бемалол уларга ишонаверсам бўларкан. Бирга юришим ҳам ўзимга, ҳам буларга ҳавф туғдирса, нима қиламан, бориб? Асосийси, Марат ака айтган одам билан мана учрашдим. Яхшилаб тайинлайман. Ўзлари ҳал қилишади. Лайлони қутқаришади. Барибир Лайло билан кўришишганда айтишади-ку, “Эрингиз ҳам келди”, деб. Жа бўлмаса, уйга қайтганида қайнонам айтиб беради. Мен буларнинг айтганини қилиб, қайтиб кетаверай, Зебо ҳам хавотирга тушмайди...”
—Таниш-билишларни ишга солиб, кечки рейсга чипта топдим. Бир танишим кетмоқчи бўлган экан, иши чиқиб қолибди. Чиптамни топшираман, келиб олса олсин, деяпти. Агар бу ерда ишингиз бўлмаса...
—Нима ишим бор бу ерда? Қайтиб кетавераман, — деди Алишер.
Улар Алишерни ўша таниши билан учраштириб қўйишди. Шу билан у кечки рейсда уйига қайтди.
Тонгга яқин уйига келган Алишер дарвоза-ю, эшикларнинг ҳамон қулфлигини кўриб қувониб кетди. Зебо ҳали туғруқхонадан чиқмабди. “Иш ўхшамади, қайтдим”, деб қўя қолади. Ўзи “Катта пул тўлашаркан, шунга қўшни вилоятга бориб келай. Ҳафта-ўн кунча қолиб кетишим мумкин”, деганди. Худо ишини ўнглади. Мана икки кунда ўз уйида. “Пулини келиша олмадик, шунга қайтдим”, деса ҳам Зебо ишонади. Лекин афсус, у умрида илк бор самолётга минганини, Мосвкани кўрганини, ўта ҳашаматли меҳмонхонада яшаганини айта олмайди. Эсиз, суратга ҳам тушмабди. Энди бировга айтса ишонмайди. Кимга ҳам айтарди, ахир? “Лайло қамоқда, шуни қидириб бориб келдим”, деёлмайди-ку! Нима бўлса ҳам кўрганлари ўзида қолди. Ичига ютади. Мақтанадиган иш билан ҳам бормади-ку,аслида.
У пича дарвоза олдида ўтирди-да, тонг сал ёришиши билан туғруқхонага йўл олди.
—Қарасам, иш ўхшамайдиган. Дарҳол ортимга қайтвордим. Пулни Худо берар. “Қизимни ўзим олиб кетай, уйга”, дедим. Беш-олти кун тинмай ишласам, бир-икки сўм йиғилар. Жа бўлмаса, бешик тўйни жуда қатта қилмасмиз, а, нима дединг? — деди у Зебога.
Зебо ҳам унинг сўзларига лаққа ишонди. Ҳатто хурсандлигини яширмади, ҳам:
—Яхши бўпти. Ўзи шу ишга кетганингиздан буён кўнглим хижил эди. Барибир туғруқхонадан ўзингиз олиб чиққанингиз бошқачада.
149-ҚИСМ
Алишер ундан дарвоза ва эшикларнинг калитини олди-да, уйга қараб йўл олди. Энди мазза қилиб ухлайди. Энг катта ташвишдан қутулди. Худонинг ўзи мушкулини осон қилди. Қачондан буён Лайлони қутқариш муаммоси уни зил-замбилдек бўлиб, эзиб келаётганди. Мана, Эгамнинг ўзи йўл бераман, деса бир пасда ҳаммаси ҳал бўларкан. Қайнонасининг олдида ҳам гапга қолмайдиган бўлди, Лайлога рўбарў келса ҳам уялмайди — юзи ёруғ. Ахир уни қидириб Москвагача борди. Зебонинг ҳам кўнглидаги иш бўлди. Унинг ҳам минғир-минғиридан қутулди.
У уйга кира солиб, ўзини ўринга отди. Қотиб ухлабди. Тушида Лайлони кўрибди. Иккаласи ярашганмиш. Бирга бахтли яшашаётган эмиш. Лайло уни шунчалар севармишки...
Алишер терисига сиғмасмиш. Шу пайт қаердандир Жаҳонгир пайдо бўлибди. Алишер қўрқиб кетибди. Лайло бирибир Жаҳонгирни танлайди, деб бошини экканча тураверибди. Лайло аста келиб унинг қўлидан тутганмиш. Алишер шунчалар хурсанд бўлибдики, Лайлони қучиб, бағримга босаман деса, қўлига илинмасмиш. Лайло сояга айланиб қолганмиш. Алишер уни ушлайман дермиш-у, ушлолмасмиш. Буни кўриб Жаҳонгир қаҳ-қаҳ отиб кулармиш...
ОШИҚ
Тавба, негадир қўрқиб кетдим. Ким эди, бу кўзимга иссиқ кўринаётганлар. Айниқса, ёндан кўриниб тургани жуда ҳам таниш эди. Бирдан ичимга ғулғула тушди, ғалати туйғулар ичида қолдим. Жаҳонгирга ўхшарди, у. Ўша, бир пайтлар мени жонидан ортиқ севган, қалбимни забт этган, лекин бошқа бир қизга осонлик билан уйланиб кетган бевафо Жаҳонгир. Шунга ҳам неча йил бўлди? Салкам йигирма йилми? Ундан кейин кўрганмидим Жаҳонгирни? Ҳа, кўрганман. Жуда кўп бора хотини билан кўрганман. Сариқдан келган, кўзлари қисиқ, икки юзи қип-қизил хотинини кўриб кулгим қистаганди. Мендан нимаси аъло экан, унинг дегандим. Кейин “Айтганча, бу қизни онаси топган-ку! Онасига уйим-жойим дейдиган қиз керак. Менинг уйим-жойим дейишим даргумон”, дегандим ўзимча.
Бир томондан Жаҳонгирнинг онаси ҳақ бўлиб чиқди. Мен уйим-жойим деб эмас, кўпроқ узоқ сафарларда юрадиган аёл бўлиб чиқдим. Уям бежизга эмас, уйим-жойим деганим, бирим икки бўлишини истаганим учун шундай қилдим. Буни ким ҳам тушунарди. Жаҳонгирнинг онасига ўхшаш аёллар учун уйдан бир қадам жилмайдиган, тонгда сигир соғадиган, тандирга нон ёпадиган, таппи қилиб, қишга ўтин ғамлайдиган хотинларгина уйим-жойим дейдиган аёл ҳисобланади.
Реакцияни босиб қўйинг, кечга бонусга ёрдам...
150-ҚИСМ
Аслида мен ҳам шу ишларни қиламан. Фақат топган пулим орқали! Топган пулим қилади, бу ишларни менинг ўрнимга. Бу эса Жаҳогирнинг онасига ўхшашларга ёқармиди? Албатта, йўқ! Улар учун эркак кишигина кўчада юриши ва пул топиши керак. Фақат эркак қодир бу ишларга. Аёлнинг вазифаси уйдан чиқмаслик, болага қараш, овқат пишириб, кир ювиш...
Мана, мен уйдан ҳам чиқдим, пул ҳам топдим. Осмон узилиб ерга тушмади. Болаларим ана катта бўлишди, топганим етиб турибди...
Шу гапларни негадир Жаҳонгирнинг қаршисига бориб айтгим келди. Лекин айта олармидим? Бир томондан унинг аёлига мазза-да. Ўтирибди, уйда. Болалари бағрида, кўнгли тинч, ҳаловати ўзида. Менга ўхшаб “Таня нима дейди?”, “Мол”ни қандай олиб ўтаман?”, “Шаҳло панд бермасмикан?”, “Қўлга тушиб қолмасмиканман?” деган ўй-хаёл йўқ миясида.
Фикрим шулар билан банд бўлгани боис, Жаҳонгирнинг ёнидагиларга аҳамият бермабман. Бир пайт улар ўрнидан туриб, мен томонга кела бошлашди.
—Айтдим-ку, “дўмқизи”нинг ўзи деб, — деди Жаҳонгирнинг ёнида келаётган эркак мендан кўзини узмай.
—Чиндан ҳам Лайло экан? — Жаҳонгирнинг кўзлари ёнганини ҳис қилдим.
Улар келиб мен билан кўришгач, ёнимга ўтиришди. Сўрашиб бўлгачгина, қолган икки эркакни ҳам танидим. Ҳаммаси маҳалладаги, Жаҳонгирга қўшни ўтирадиган болалар эди. Энди мана кап-катта эркаклар бўлишибди. Жаҳонгирнинг ҳам сочларига оқ оралабди, семирибди, юзларига ажин панжа босибди. Хуллас, аввалги келишган қомати ўрта ёшли эркакнинг бўлиқ гавдаси билан алмашинибди.
—Бир ўзинг бу ерда нима қилиб ўтирибсан? — қизиқсиниб деди Жаҳонгир. Қолган икки эркакнинг кўзи ҳам менда эди.
—Шаҳло дугонаси билан келмоқчи эди, негадир кеч қоляпти, — ёлғон гапирдим уларга.
—Шаҳло? — ўртоқларига қаради Жаҳонгир.
—Синглим, — дедим дарҳол. — Бирга ишлаймиз-ку! Менимча, дугонаси қариндошиникига олиб кетиб қолдими? Ўзимдан бўлди-да, “Кўчага чиққим келмаяпти”, дедим. Мана, энди бир ўзим қолиб кетдим.
—Мана, биз бор-ку! — еб қўйгудек бўлиб тикилиб турарди Жаҳонгир. — Бу ерда нима иш қиласан?
—Хитойдан нарса олиб келиб сотаман, — ҳар доимги гапимни буларга ҳам айтдим.
—Бизни ҳам шунга чақиришганди. Бир дўконга озиқ-овқат олиб келгандик. Яхши кетмаяпти. Сен нима олиб келасан?
—Хитойдан нарса олиб келиб фойда қилмайман. Кўпинча, бу ердан у ёққа шоколад олиб ўтсам яхши фойда қолади.
—Менам шунақа деб эшитдим, — ёнгинамда ўтирган маҳалладош эркак тилга кирди. Тўғриси, Жаҳонгирдан бошқа ҳар икки эркакнинг ҳам исмини эслай олмадим. — Ўзи эркак кишига қурилиш иши яхши экан.
151-ҚИСМ
— Нолима, — унинг гапини бўлди Жаҳонгир. —Ёмон топаётганинг йўқ-ку! Ўзи энди келган бўлсак...
— Сизларни анчадан буён Россияда деб эшитгандим-ку! — дедим ҳайрон бўлиб.
—Бу ерга келганимизга икки ой бўлди, — изоҳлади Жаҳонгир. — Аввал Москвада эдик. Озроқ қурилишда ишладик. Кейин юк ташидик. Бу ердаги ишни бир танишимиз “Осон, тоза иш” деб чақирганди. Пули ҳам шунга яраша экан. Лекин жуда ёмонмас.
—Тўғри, иссиқ жойимиз, тоза ишимиз бор. Пулини ҳам тежаса, ўзимизгаям, уйимизгаям етади, — иккинчи маҳалладош гап қўшди эди. — Лекин сен — “дўмқизи” унча ўзгармабсан. Сал тўлишганингни айтмаса, аввалгидек гўзалсан!
Бу гапдан Жаҳонгирнинг гезарганини сездим. Гапирган киши ҳам билди шекилли, ўша заҳоти гапини тўхтатди.
—Се-е-ен, дўконга шошаётгандинг шекилли. Бугун сенинг навбатинг эмасмиди? — деди унга очиқча Жаҳонгир.
Худди келишиб олишгандек шу ондаёқ икки маҳалладош мен билан хайрлашишга тушди:
—Биз борайлик. Бугун ишимиз бор эди. Ҳали кўришармиз, Лайло...
—Ҳа, биз кетдик. Сизлар ўтира қолинглар...
—Ие, бу нимаси? — дедим уларнинг атай бизни ёлғиз қолдираётганини сезиб.
—Қўявер, уларнинг иши бор, — деди Жаҳонгир кўнглидаги иш бўлаётганидан хурсандлигини ошкора билдириб. — Бир ўтирсак ўтирибмиз-да!
Мен индамай кетаётганлар ортидан қараб қолдим.
—Лайло, Алишдан ажрашганмишсан, — деди Жаҳонгир жонланиб.
—Эски гап-ку, бу. Ўн йилдан ошди бу гапга, — дедим менам бўш келмай.
—Лекин Алиш ёнингга бориб-келиб юрарди-ю. Яқиндагина уйланди деб эшитдим. Шундан сўнг ишондим, ажрашганларингга. Бирам бошқача бўлдим.
—Нега? — дедим кўзларига безларча тикилиб. —Боши очиқ қолди. Энди кимга тегаркан? Ўшанда уйланмай тўғри қилган эканман, дедингизми?
—Бу нима деганинг? Мен сенга уйланишни истаганман. Уйдагилар рози бўлмаган. Мен... ишонсанг ҳалиям... — Жаҳонгир худди илк бор севги изҳор қилаётган йигитдек бошини эгди. — Сени унутмаганман. Эрга теккангда ўлиб қолай деганман. Кечаси билан юриб чиқардим, ухлолмай. На еганимда, на ичганимда ҳаловат бўлган.
—Уйлангандингиз шекилли, — дедим ўзимни бепарво тутишга уриниб.
—Йўқ. Нон сидирилгандик. Ҳали уйланмагандим.
—Сиз нон сидирилганингизда мен худди шу аҳволга тушганман. Шунинг учун тўйингизгача эрга тегиб кетдим, — яшириб ўтирмадим менам.
—Лайло, ҳалиям сени яхши кўраман. Кел, ҳаммасига қўл силтаймиз. Ана, Алиш ҳам уйланибди. Сен ҳам юраверасанми? Шу ерда никоҳ ўқитамиз...
152-ҚИСМ
—Қачон? — дедим жўртага.
—Сен рози бўлсанг, ҳозироқ ўқитамиз.
—Ҳозир оқват ея қолайлик, қорним оч, — дедим тўғрисига кўчиб. Айни дамда дилимда биринчи муҳаббатимдан қолган чўғ учқунлай бошлаган бўлса-да, мен тезроқ қорнимни тўйдириб, хонага боришим, Шаҳлони топишим ва Жамиланинг ўрнига одам қидиришим муҳимроқ эканлигини унутганим йўқ эди.
Жаҳонгирнинг эса висолдан умиди катта эканлигини кўриниб турибди. У гарчи ўзи овқатланиб бўлган бўлса-да, менга қўшилиб еди. Кейин эса никоҳ ўқитиш истагани амалга ошириш учун менга ялина бошлади.
—Қўйинг, шу гапларни, — дедим нима дейишни билмай.
—Бошинг очиқ-ку! Нима, ўшандаги муҳаббатинг ёлғон эдими? Мен сенсиз шунча йил қийналдим, энди қўйиб юбормайман, — деди у қўлимдан тутиб. — Қаерда яшайсан? Сен билан кетаман. Бирор меҳмонхонага бориб, дардлашамиз...
Мен қаҳ-қаҳ отиб кулдим.
—Дардлашамиз? Нимани? — дедим ўзимни кулгудан тўхтата олмай.
—Ўзингни билмаганликка олма! Висолингга ташнаман. Яшириб ўтирмайман! Бугун сендан ажрамайман!
—Кеч бўлди. Мен борай, — дедим унинг ялинаётганига завқим келиб.
—Қаерга борсак ҳам бирга борамиз! — деди у қўлимни қўймай.
—Майли, кузатиб қўйишингизга қарши эмасман. Лекин... хонамга таклиф қила олмайман. Чунки... синглим билан яшайман!
—Хонангга бормаймиз, Лайло!
—Йўғ-е, мени нима деб ўйлаяпсиз? Ёшликдаги муҳаббат ўша ёшлик йилларида қолиб кетди. Энди кап-катта одамлармиз... Бўпти, мен борай...
У мен яшаётган меҳмонхонанинг олдигача эргашиб борди.
—Телефонингни бер. Ҳали келаман, ёнингга, — деди у аразалаган киши бўлиб.
—Телефонимни нима қиласиз? Мана, яшаш жойимни билиб олдингиз-ку! — дедим меҳмонхонани кўрсатиб.
—Нега ижарада уйда турмайсизлар? Меҳмонхона қиммат эмасми? — деди ишонқирамай.
—Таниш одам жойлаштирган бизни бу ерга. Ишхонамизга яқин бўлгани учун. Ўша ижара уйнинг пулини берамиз. Беш юлдузли меҳмонхона эмас-ку!
Таниш одам — Таня ёдимга тушиб яна шошиб қолдим. Бирдан миямга агар одам топилмаса, Жаҳонгирни жалб қилиш фикри келди. Дарҳол у билан телефон алмашишга киришдим.
—Бўпти, мен кира қолай. Айтинг, телефон рақамингизни. Сақлаб қўяй...
Телефон рақамимни олганидан сўнг Жаҳонгир анча хотиржам тортди ва хайрлашди.
153-ҚИСМ
Хонага киришим билан ундан хабар келди:
“Сени севаман, Лайло!”
Қалбим ўртаниб кетди. Худди ўша ёшликнинг олов давридаги муҳаббатим алангаланаётгандек эди.
КУРАШ
Умримда ҳеч қачон бу каби ҳақир ва ночор аҳволга тушмаган бўлсам керак. Бир гадонинг ҳам далдасига муҳтож, ёлғон тасаллисига зор аҳволда эдим.
Ҳалиги аёл нималар деди, нимани тайинлади?
Бирортасини билмайман.
Менимча, сўнгги тилагингни ўйлаб қўй, деган бўлса керак.
Қанчалар даҳшат!
Агар менда сўнгги тилак кўп бўлса-чи?
Йўқ, улар битта тилакни амалга оширади.
Демак, бугун кечга тилагимни бажо қилишади, эртага эса...
Ичим ўпирилиб тушгандек бўлди.
Гўё мени ушлаб турган бор куч кўксимдаю, улар нураб-нураб тушиб кетаётгандек, мен тугаб бораётгандек эдим.
Бўғзимга аччиқ йиғи тиқилади, йиғлай олмайман.
Сўнгги тилак ҳақида ўйлашим керак, ўйлай олмайман.
“Мени мен хоҳлаган пайтда ўлдиринглар”, десам-у, ҳар куни “Ҳали ўлишни истаётганим йўқ”, деб ортга сураверсам...
Ахир бу азоб-ку!
Ундан кўра, ўлиб қўяқолган маъқул.
* * *
Шунақа бир аҳволга тушдимки, нима ўйлаётганимни ҳам, нима қилаётганимни ҳам, нима деётганимни ҳам билмайман.
Шунчалар ҳам бешафқат бўладими, ҳаёт?
Ўзингдан, ота-онангдан, ҳатто яшаб юртган давлатингдан ҳам сўрамай ўлдириб юбораверишадими?
“Сиз Хитой ҳудудида жиноят содир этгансиз, шунинг учун Хитойнинг қонунига асосан жазоланасиз”, деганди адвокатми, кимдир.
Жиноят...
Бир ойча аввал бир кампир гапирганди. Невараси гиёҳванд моддани меъёридан ортиқ қабул қилиб вафот этган экан. “Шу оғуни тарқатаётганлар ажал уруғини тарқатиб юрганини билмайдими? Худонинг ўзи жазо берсин уларга! Ўзлари кўтариб юрган ажал уруғи ўзларига ёпишсин!”, деганди кампир қалтироқ қўллари билан кўзёшларини артиб.
Ўшанда бу гаплар менга зиғирча таъсир қилмаганди. Мана энди уни қарғишдек қабул қилмоқдаман. Кампирга ўхшаганларнинг нечтаси қарғади экан мени...
* * *
Яна миямга сўнгги тилак келди.
Нима қилишади, бечора ўлимга маҳкумлардан сўнгги тилакни сўраб.
Тушлик бонус учун реакция босинг.
154-ҚИСМ
Ўлими аниқлигини яна бир карра эслатишми, бу?
Шу орқали ҳам руҳан азоб берарканда!
Қандай тилак айтай?
Уйдагилар билан гаплашай, дейми?
Бу даҳшат! Нима дейман, “Эртага мени ўлдиришади”, дейманми?
Улар билан гаплашгандан ўлган енгилроқ-ку!
Айтганча, Шаҳло нима қилаётган экан?
“Опа, мени ўлдиришмасин!” деганди.
Қани, бу менинг қўлимда бўлса...
Нега уни ўзи бу ишга аралаштирдим?
Одам душманига ҳам раво кўрмайди-ку, бунақа кўргиликни!
Фақат пул топадиган иш деб ўйладимми?
Йўқ, жиноят эканлигини билардим.
Билиб туриб ўз жигаримни шерик қилдим...
* * *
Шаҳло нима тилак айтди, экан?
Нималарни ўйлаяпти, у?
Мени қарғаб ўтиргандир?
Болаларини ўйлаб, йиғлаётгандир?
Шаҳло...
Сингилгинам...
Сўнгги тилагингни айт, дейишганда қай аҳвога тушдинг, жигарим?
Нимани сўрадинг, улардан?
Шу пайт миямга ярқ этиб, бир фикр келди.
Қўрқув ва ҳаяжон ичида қолдим.
Шаҳло сўнгги тилак сифатида мен билан кўришишни сўрайди.
Йўқ! Йўқ!
Ўзимни йўқотиб қўйдим...
Ҳеч қачон бу қадар қўрқувга тушмаганман.
Ҳатто боя олдимга сўнгги тилагимни сўраб келишганида ҳам бу қадар қўрқув исканжасида қолмаган эдим.
Шаҳло билан учрашганимдан кўра ўлганим яхши.
Ҳа, ўлганим дуруст.
У билан кўришиш минг бора, минг бўлакланиб ўлим топишдан-да азобли-ку!
Ундан кўра бир бор уни кўрмай ўлиб қўя қолганим афзал.
Талваса ичида туйнукли эшикка ёпишдим:
—Мен айтаман, сўнгги тилагимни айтаман, келинг! Келинг, тезроқ! Сўнгги тилагимни айтаман! Бўла қолинг, келинг!
Полициячи аёл югуриб келди.
—Сўнгги тилак! Сўнгги тилак айтаман! — дедим унга қараб.
У ҳеч нимага тушунмади.
Ҳаракат қилинг, тушда бонус беришим мумкин, реакцияга қарайман.
155-ҚИСМ
Русчалаб тушунтира бошладим. Ҳарқалай хитойликлар, айниқса, хэйхэликлар русчани яхши тушунишади. Ҳозир Хитойнинг қайси ҳудудидаман, булар русчани биладими, йўқми бундан бехабарман. Нима бўлганда ҳам аёл русча гапирганимдан сўнг индамай ортига кетди. Ўн беш дақиқа ўтар-ўтмас ёнимга ҳалиги хитойча оҳанг билан ўзбекча гапирадиган аёл келди.
—Сўнгги тилагим, сўнгги тилагимни эшитинг... — дир-дир титрардим мен.
Аёл елкаларимдан тутганча “хўп” дегандек бош ирғади.
Мен шоша-пиша гапира бошладим:
—Мен... мен... ҳалиги... менинг сўнгги тилагим — синглим билан учраштирманг! Тушундингизми, синглим билан кўриштирманг...
Аёлнинг кичкинагина, қисиққина кўзлари кенгайиб, косасидан чиққудек бўлди. Майда тукларни эслатувчи тикка-тикка, сийрак қошлари чимирилди. Елкамни маҳкам тутиб турган қўллари ҳам бўшашгандек бўлди.
—Инкан йўк, — деди у. Менимча “имкони йўқ” дегани бўлса керак. — Янги тилак...
“Бошқа тилак айт”, демоқчими, бу?
Мен сени зор қақшаб нега чақирдим? Шуни тезроқ айтай деб чақирдим.
—Йўқ, менинг тилагим шу, — дедим қичқириб юборгудек бўлиб.
Аёл худди дунёдаги энг аянчли воқеага дуч келгандек юзларида шафқат ва изтироб акс эди. Билдим, кўнгли ҳам алланечук бўлди.
У гўё яқин ўртоғимдек ёнимга ўтирди. Кўзларимга тикилиб қаради. Бошимни силади ҳам шекилли. Ишқилиб, юрагидан тошиб келаётган раҳмни, меҳрни нигоҳлари ва қўлларида акс эттирди. Мен эса тезроқ унинг тилагимни маъқуллашини кутардим. Бироқ у кутилмаганда синглим аллақачон сўнгги тилак сифатида мен билан учрашишини билдирганини, у буни тасдиқлаб, ҳужжат тайёрлаб бўлганини, энди кечга синглимни ёнимга олиб келишини, мен бир кечани у билан ўтказишимни баён қилди.
—Қасдма-қасд дегани шу бўлса керак, — дедим шивирлаб. — Тирик ўлиш дегани шу бўлса керак. Виждон азоби дегани шу бўлса керак...
Кўзларимдан яна ҳузурбахш ёшлар оқиб чиқа бошлади. Юзимни куйдирар, бу менга ёқарди. Қани йиғлай-йиғлай кўзларим кўр бўлиб қолса... Кўр бўлсам-у, Шаҳлони кўрмасам. Қулоқларим ҳам том битса...
—Йўқ, йўқ, мен у билан учраша олмайман! — аёлга бақира бошладим. — Кўриша олмайман! Тушунинг, у билан бир кеча нимани гаплашаман? Опасиман, унинг! Уни овутишим керак! Нима деб овутаман? Эртага бизга ҳеч нима бўлмайди, дейманми? Йўқ, ундан кўра менинг ҳозироқ ўлдиринг! Ўлдиринг, мени! Менинг сўнгги тилагим — ўлим! Ўлишни истайман!
Ҳа, илк бор чин дилдан ўлишни хоҳлаётгандим. Жудаям!
* * *
Аёл ёнимдан қачон чиқиб кетди, менинг сўзимни инобатга олдими, йўқми, билмай қолдим.
Ўзим билан ўзим қолиш, кутилажак воқеалар ҳақида ўйлаш фақат қалбимни тилкаларди холос.
156-ҚИСМ
Синглим билан юзма юз бўлиш нега мени бу қадар чўчитаётганини ҳам билмасдим.
Билганим, унга рўбарў бўлмаслик.
Бу шунчалар кучли истакки, ҳеч бир нарса тенглашолмайди унга.
Баъзида инсон ўз туйғуларини идрок ва идора қила олмай қолади. Бунақа ҳолатларни хиёнатга дуч келганларда, гўдагидан айрилганларда, жуда кучли севганларда ҳам учратиш мумкин.
Туғёнларини ўзига бўйсундира олмайди улар.
Мен ҳам ҳозир шунақа бебош ва азобли туйғу комида эдим.
Қочиб ҳам, ётиб ҳам, ухлаб ҳам қутула олмайсан, бу эзғин ҳолдан.
Тегирмон тошининг тагида қолсанг ҳам бу қадар қийнамасанг керак.
Унда жисмингнинг оғриғидан дод соласан ва енгил тортгандек бўлади.
Мана бу тушунуксиз, асов ғам эса руҳингни бўғаётгандек, бўғиб туриб қиймалаётгандек...
* * *
Очиғи, қаерим оғриётганини ҳам билмайман.
Лекин шунақа жонимни қийнаяптики...
Нега ҳалиги аёл жимиб кетди?
Шунча азобим камлик қилгандек уни илҳақ кутиш ҳам сабримни емириб борарди.
Мен унинг кутилмаганда синглим билан кириб келишидан қўрқаяпман.
Уф-ф, ўзи нимадан қўрқаяпман, мен?
Синглимданми?
Унинг таънасиданми?
Азобланишиданми?
Гап-сўзиданми?
Бўзлаб қолажак болаларимни эслатишиданми?
Ўзи болаларим бўзлармикан?
Онам-чи?
Қаёқдан бўзлашсин?
Мени ишлаб юрибди, деб ўйлашади. Бир ой кутишади, икки ой кутишади, олти ой кутишар, кейин қидирувга беришар, сўнг қидирув натижасини умид билан кутишади...
Хуллас, улар кутиб вақт ўтганини, ўзларининг улғайганини сезмай қолади.
Жасадимни кўрмагач, ўлганимни билмагач, нега куйишсин?
Бора-бора кўникишади.
“Онам ишлагани кетиб, келмай кетди”, деб қўйишади гоҳида...
Қанчалар даҳшат!
Шунчалар осон унутишади.
Куйиниб, йиғлаб-сиқтаб ҳам ўтиришмайди.
Давоми бор
#usanboyeva