5-қисм.
Муаллиф: Сулҳида Даврон.
Отам ва онам билан саломлашиб бўлгач навбат мени таништиришга келди. Юзимдаги уят белгилари аллақачон юзага чиққани, агар рўмолим қулоқларимни тўсиб турмасайди, энг кўп қизарган қисмим қулоқларим эканлиги билинарди.
Тақдирингда ёзилган одам бир баҳоналар билан йўлингдан чиқаверарди.
Ота-онамиз бизни таништириш учун бир араб одатини қилишган бўлсада биз аллақачон бир биримизнинг қиёфамизни танир эдик. Исмларимиз Марям ёки Улуғбек эканлигини билмасакда, тасодифлар замирида сабаблар ётишини шунда англадим. Ҳаққим бир эди менинг. Бир марта қарадим юзига, кўзига у ҳам мендек таажубдами дея. Ёки мени танир эдими олдиндан. Кўзларида кўрганим тушунарсиз туйғулар бўлди. Балки менга ўхшаб ичида саволи кўп ёки норозилиги.
"Улуғбек сиз Марям қизимиз билан ана у столда ўтириб, танишиб, гаплашиб олинглар, ҳатто ўзингизга алоҳида буюртма қилинглар, биз шу ерда ўтирамиз. " деган одам Улуғбекнинг отаси эди. Онамга қараганимда рухсат берганини билдирган ишорани кўргач отамга қарадим.
"Биз шу ердамиз қизим" деб мени тинчлантирди. Ўрнимдан туриб айтилган жойга юриб борар эканман тиззам титраганини сездим. Улуғбек мендан олдин бориб тик турган ҳолатда менинг келишимни кутди. Бурнини тортиб қўйиб қўли билан "ўтир" дегандек ўриндиқни кўрсатди.
Ўтирдик. Офитсиант келмасидан аввал яна менга таниш овози билан гапирди.
"Демак, Марям ҳа?" деб сўраганда кўзларини кўрмас эдим аммо юзидаги ифода асабларининг тарранглашганини билдириб турганди.
🕊
"Топган қизингиз шуми?!"
"Нима қилган қизга? Ойдек қиз"
"Қиз ўраган ота! "
"Aсл сени кўзингни парда ўраб қўйибди!!"
"Ота, у билан ҳаётларимиз бошқа -бошқа, кўрмаяпсизми орамиздаги фарқлиликни" Улуғбек қўллари билан юзини ишқаб олиб хонада бир ерда турмасдан юриб гапирарди. Зарифа эса, ота-ўғилнинг ораси яхши бўлиш ўрнига баттар бўлиб бораётганидан ташвиш қила бошлади. Қосим ташқаридан келишганидан бери хонадаги диванга чўзилиб олиб телевизорга қарарди. Қизи ичкарига киришга қўрқиб ташқаридан бор гапни эшитишга уринарди.
"Сенга нима бўлаяпти ўзи? Ўзинг айтмадингми сизлар учун уйланаман мендан у қизга эрлик
кутманглар деб. Бу нима тантана энди. Бизга маъқул шу қиз."
"Дадаси! Илтимос, қиз ёқмаган бўлса мажбурламанг " деб Зарифа орага қўшилди.
"Йўқ ойи, менга ёқиб ёқмаслиги у кишини қизиқтирмайди, дардлари битта. Менга босим ўтказиб, у киши хохлагандек ҳаёт кечиришим. Aммо мен ҳам Улуғбек бўлсам сиз айтгандек бўлмайди ота!" деб сўнги сўзини айтиб эшикдан чиқиб кетди. Гап пойлаб ўтирган синглисига бир қараб, ундан аламини олмоқчи бўлдида, яна индамай йўлида давом этди.
"Битта-ю битта ўғлимиз бор нега уни ҳаётини доим қийинлаштиришни ўйлайсиз? Ёқмади у қиз ўғлимизга. Кейин, уни оиласи қанақа? Келиб - келиб таксичи билан қуда бўламизми? Онаси ўқтувчи эмиш лекин бирор ерда ишламаган. Улуғбек божхонада ишлайди унуттингизми? У бунақа инсонлардан шубхаланиб ҳар куни уларнинг ашёларини титкилайди. Ким билади булар нималар билан шуғулланган четда.
Қосим худди ўғлига кўрсатган бефарқликни хотинага кўрсатиб ўз гапида турди.
"Биз ўзимизга бизнесс партнёр қидираяпмизми Зарифа? Одамгарчилиги бўлсин яхши иймонли одамлар билан қуда бўламиз деяпман. Ўғлинга топ-модел эмас уни тўғри йўлга бошловчи умр йўлдош керак. Кўрмаяпсанми? Кўзингни оч! Чакишни бошлади боланг, эртага ичишни бошласа додингни кимга айтасан. Мингта баҳона топди, ишларни бошқармаслик учун, йўқ, нима эмиш сизларга божхонада керак бўламан мен бор эканман қўрқмай хохлаганча юк олиб кирингмиш ".
"Ўғлинг деб урғу қўйишингизни қаранг худди мен онамни уйидан олиб келдим уни".
"Сендан ҳаво олади. Чунки унга нимани тақиқлаган бўлсам сен аксини қилиб яшириб доим уни менга қарши чиқишга ундадинг. Бу охирги огоҳлантиришим агар уйланиш масаласига ҳам аралашсанг онангникига кетавер". Қосим хотинига қаттиқ гапиришга мажбур бўлди. Чунки хотини бу ишга ҳам бурнини суқса Улуғбек бутунлай ботқоққа ботишини биларди. Зарифа ўғлига ёқмайди деди аммо Қосим "кимга уйланиш менга барибир " деган ўғлининг кўзларида бошқа нарсани кўрди. Ва бу кичкина умид бу ишни охиригача боришга арзирди...
🕊Майрам🕊
Бир неча соат аввал ....
Китобларда, филм ва одамлар оғзидан эшитганим бир гап бор эди "Тақдир ҳазили". Доим шу иборага дуч келганимда тақдирда ҳазил бўлмаслиги одамлар ўзини ночор ёки-да ноқулай аҳволга тушганини шу жумла билан оқлашга ҳаракат қилишади деб ўйлардим. Aммо нима деганлар,"ҳеч қачон катта гапирма". Тақдирнинг энг кучли ҳазили қаршимда турарди. Мендан кўзини узмаганини сезсамда унга қарашга ботина олмадим. Ичим титраётган эди. Нигоҳларимни бир неча ҳафта аввал қўлимда тасодифий тўқнашувдан қолган яра изига қаратдим. Хисларим қувватли эди. Юрагимни сиққан тушунарсиз бу хис, яра фақат қўлимда қолиб кетмаслигини, бошқа яралар из қолдиришини ва унинг яна меъмори рўпарамда турган йигит бўлишини айтарди.
"Демак Марям ҳа? Қизиқ сиз билан неча марта учрашдик, лекин исмингизни энди билаяпман. Учрашувлар тасодиф эдими ёки сиз аниқ нишончими?" Овозидаги оҳанг юмшоқликдан йироқ, гапирган ҳар гапида илмоқли жумлалар бор эди.
"Бир англашилмовчилик борга ўхшайди. Шу пайтгача мен билиб ёки қастдан йўлингизга чиқмадим. Aэропортда сиз ўтирган хонага мен кириб келмадим. Йўлдаги пиёдалар ўтиш жойида мен сизни бир нечта мошина орасидан атайлаб сизни топиб ўзимни мошина остига ташламадим. Aгар бир ўлжани нишонга аниқ олган биров бўлса у мен эмаслигим аниқ. " Бу гаплар ичимда жим ётган ва ўзимга ҳам номаълум бўлган бошқа бир Марямни юзага чиқарган эди.
Турмушга чиқаман деб ортиқча ҳавас қилган қиз эмасдим. Менга кўра тасодифий бўлган учрашувларнинг ортида бир сабаб қидирган одамга ўзимни учрашувга чиқиб гапларининг остида эзишига қўйиб бера олмасдим. Туришидан, гапларидан бу ерга мажбур келгани билиниб турибди. У ҳолатга маҳкум келган бўлса, мен ҳам ихтиёрий келмадим. Ота онам билан бирга вақт ўтқазаман деган хаёлда келган эдим ва ҳеч кутилмаганда ўзимни учрашувда топдим.
"Қаердан қайтаётган эдингиз-ки сўроқ хонасига таклиф қилиндингиз?" Шубҳали қарашлари аэропортда кўрагн куни ҳақида савол билан давом эттирарди.
"Миср"
"Мисрда нима иш қилдингиз деб сўрасам..."
"Ўша ерда улғайдим "
Берган жавобим татмин қилдими дея юзига қарадим. Жиддий ва шубҳали қарашлари ҳали ҳам устимда эканини кўрдим.
"Сиздек қиз, ўзидек йигитга турмушга чиқишни хохлайди деб ўйлагандим. Борган сари гаплари ўткир пичоқдек кесинкинлашиб юрагимга оғир бота бошлади.
"Нотўғри тушунманг ўранган қизлар, диний таълим олганлар, кўпроқ қори, аҳли илм инсонларни жуфт сифатида хохлашади. Сизнинг бу учрашувга келганингиз.."
"Учрашувдан хабарим йўқ эди. Гапларингизга қараганда сизнинг ҳам хабарингиз бўлмаган," дедим. Ўзимни яна бир тергов хонасида хис қилгандек бўлдим.
"Нима буюртма беришни келишиб олдингизларми?" деб офитсиант йигит келди.
"Райхонли чой ва икки сан себастян ширинлиги " деганда, мендан фикримни сўрамагани мени ёқтирмаганининг далили бўлди. Ёқтирмаган одам қаршисида ўтиришга хожат йўқ. Офитсиант кетишини кутиб ўрнимдан туришга отланиб унга қарадим.
"Ҳаётни бирлаштириш, фикрларнинг бирлашуви бўлмаган жойда мантиқсиз қолади. Сизга ёқимли иштаҳа " деб ўрнимдан турганимда
У ҳам ўрнидан туриб
"Ота-онамиз бизни учраштириш учун шунча ҳаракат қилишибди, узур, ўйламай иш тутдим. Сиздан сўраш ақлимга келмади "
"Aқл - мантиқдан андоза олади. Мантиғингизда аёл кишига муносабатингиз, уни одам ўрнида кўрмаслик бўлса узрингиз ўринли эмас. Бу сухбатни ҳам давом эттириш шарт эмас."
"Жаҳлнингиз тез чиқишинг сабаби нима?"
"Жаҳлим чиққанини сизга ўйлантирган сабаб нима?"
"Доим шунақа ҳозир жавобмисиз?"
"Одамига қараб "
"Ўзи сезган эдим телефонда гаплашган қиз бошқа, ҳаётга кўриб турган қиз орасида анча фарқ бор."
Орамиздаги мулоқот даҳанаки сўз талашиш ва тортишувга ўхшаб боряпти. Ота - оналаримиз уч тўрт стол нарида бизни эшитишмасада, оёқда тик туриб гаплашганимизни кўриб, нималар бўлаётганига ҳайрат билан қараб туришган бўлса ажаб эмас.
Бировга ҳеч қачон қўпол муомала қилмасдим. Бу менинг одобимга тўғри келмасди. Лекин, ота - онасининг қистови билан келгани аниқ бўлган бу йигитнинг биринчи қурган жумласи, худди мен атайлаб унинг йўлига чиқиб қолгандек муомала қилиши, яна юзаки бўлсада, нима ичиб ичмаслигимни сўрамагани, неча кундан бери Гулмира янгамни одам сифатида кўрмай уни аёвсиз калтаклаган эрининг
қилиқларидан таъсирландим шекилли, Улуғбекнинг савиясига тушиб гапиришга мажбур бўлдим. Жим туриб ҳеч қайси гапига жавоб қайтармасам, у истамасада унга турмушга чиқиш учун ҳаракат қилган қиздек кўриниб қолаяпман назаримда. Сумкам ичидаги телефоним тинмай жиринглай бошлади. Бемаврид жиринлаган телефон қайта-қайта чалгач ва қовоғини уйиб менга қараб турган кўзлар яна нотўғри хаёлларга бормасин дея мажбур телефонимни сумкамдан чиқариб Сурайё қўнғироқ қилаётганини кўрдим. Ҳаяжон ва стресс ўзнини кўрсатди қўлларим титраб телефонни банд тугмасига босдим. Ва ҳар иш устма-уст келадиган кунни топгани учун телефон қайта жиринглади.
"Истасангиз жавоб беринг. Кимдир жуда қаттиқ хавотир олмоқда "
"Хавотирга тушадиган аҳволда эмасман ота-онам ёнимда. Дугонамга эса кейин жавоб бераман "
Буюртма берилган ширинлик ва чой келганини кўриб сумкамни қаттиқ ушлаб кетишда қарорли эканлигимни билдирдим.
"Ота-онамиз бизларни таништириш учун ҳаракат қилишибди, аммо кўриб турганингиздек илк дақиқалардан бир биримизни тушунолмадик, менимча, бу энг катта жавоб бўлади улар учун. Бахт тилайман сизга "деб қўлини жўзди.
"Саломат бўлинг" деб ниҳоят қадам ташлаб ортимга ҳам қарамай юра бошладим. Бу ҳолатни биринчи фарқ қилган онам бўлди, отам иккаласи тезда ўрнидан туриб менга қараб юра бошлашди.
Хаёлимдаги қиз ва йигит учрашуви бундай бўлмаганидан, ота онам менга яқинлашган сари кўзимдан томчилар оқа бошлади.
"Нима бўлди қизим? Нега йиғлаяпсан?" деб сўради онам
"Сени хафа қиладиган гап гапирдими?"
"Йўқ уйга кетайлик илтимос ўзимни ёмон хис қиляпман ". Отам дўстига бир нима деди ва биз маконни тарк этдик. Танноз, ҳар гапдан хафа бўладиган қизларни жиним суймасди. Aммо яна кимни хаёлан ғийбатини қилган бўлсам, ўзим шуни ўзини яшаётган эдим. Йўл битмади. Уйга кириб борганимизда бувим ўнлаб саволлар берди, қаерда, нима қилганимизни сўради. Ҳеч кимга ҳеч нарса демай хонага кирдим.
🕊
"Қизим нега кунлардир кайфиятинг йўқ? Биз билмаган бирор гап бўлдими?" Онам учрашувдан келганимизга уч кун бўлганида, ўз ичимда курашиб юрган туйғуларим сабаб тушган кайфиятимни сўради.
"Хуш бўлмаган учрашув бўлди онажон. Илк жумлаларидан гапирмай жим туришим керак бўлган жойда, беҳуда сарфлаган гапларимга пушаймон бўлиб ўтирибман. Мен у йигитни танир эдим"
"Танир эдинг?" сўради бечора онам.
У кишига қаерда, қандай кўрганларимни айтиб бердим. Улуғбекнинг у учрашувларга шубҳа билан қараганини ва қўпол муомаласини айтдим. Онам гапларимни охиригича эшитиб менинг ҳеч қандай айбим йўқлигини, қиз боланинг савдоси шу бировлар келинликка сўраши мумкинлигини, маъқул келмаса бунда ҳеч қандай ножўялик ва мажбурият йўқлигини айтди.
"Нима ёдимга тушди биласизми? Мен нега сизнинг берган насиҳатларингизни жуда кеч эслайман. Aйни керакли дамда нега ақлимга келмайди?"
"Чунки баъзилар насиҳатни қулоғига халқа қилганда, бошқалар оёғига тикан суқилмаганча ёдига келмайди.
Aччиқ табассум тўкилди лабларимдан. Бошимни эгиб дарсимни олганимни англадим. Қуръонни ёд олиш бошқа, уни яшаш бошқа нарса экан. Онамнинг энг кўп қилган насиҳатларидан бири, "кўнглинг бировнинг гапидан оғриса, билгинки нафсинга исён қилмоқда. Нафсинг олишинг керак бўлган дарснинг олдини тўсмоқда. Бировни хафа қилмаслик учун бор кучингни сарфлашинг мумкин, аммо, бировдан хафа бўлмасликни уддалаш осон иш эмас."
"У йигитинг гапларига хафа бўлганимнинг сабабини топдим. Ҳар қанча менга, сизларнинг мени асраб олганингиз таъсир қилмади десамда, ўз отамнинг мени истамаганидан жуда қаттиқ хафа бўлган эканман. Уни ўз ичимда айбладим ҳам. Кўнглимга унга нисбатдан кин боғладим. Унга ҳукм ўқиб жазо берадигандек тутдим ўзимни."
"Илоҳликка номзод бўлдим де?"
"Худди шундай. Пайғамбаримиз с.а. в. Aхлоқига тўғри келмайдиган тушунчалар билан қалбимни ақлимни машғул қилдим."
"Қизим инсон кўзи 180 даражани кўра олади. 180 даража радиуси атрофимиздаги ҳар қарични кўрсатади. У 180 даража доим кўз олдингда. Бир бурчак тўла тўкис бўлиши учун яна 180 даражали бурчак қўшилиб 360 даража ҳосил қилиши шарт. Биз бандалар кўз олдимиздаги нарсаларни яхши англашимиз учун ич дунёмизга эътибор қаратишимиз зарур. Шунинг учун нафсини тарбия қиламан, гўзал ахлоқ эгаси бўламан деган ҳар одам, аввал ўз ичига қалбидан ўтганларга қарамоғи шарт. Нима эди 11 қоидадан бири?"
"Назар дар қадам "
"Баракалла! Буни шунчаки кўзинга қараб юр деб тушунмаслик керак. Олдин ўзининга боқ, кейин ноғора қоқ ибораси ҳам аслида тарбия йўлида ишлатиладиган қоидалардан бири, фақат бу ибора халқ орасида бузилиб бировга гап исботлаш маъносида ишлатиладиган бўлган. Юрагинг у йигит гапидан оғриган бўлса, нафсинга ундан аввал оғир келган отангнинг ўзини тутганига бўлган нафратинг, кининг бўлган. Қалбида бир мусулмонга зарра кини бўлган жаннатга кира олмайди деган ҳадисни энди англадимгми? Биз оддий бандалар учун бу жуда оғир нарса. Кўнгил синдирамиз, кўнгил қўямиз, ўша одамни ёмон кўрамиз. У ҳақда эшитгимиз келмас. Бир ерда ўтиришдан қочамиз, бора бора кин тутамиз, нафрат қиламиз. Нафрат ортидан ғазаб келади. Ғазаб ортидан ғайирлик. Ғайирлик эса гуноҳга хомила. Хуллас ҳар ёмонлик ортидаги они сабаб кўнгил синишдир. Сен сен бўл, ҳеч кимни кўнглини синдирма, аммо бировдан хафа бўлишдан қўрқ. Дин қуръон ёдлаш, намоз ўқиш, рўза тутишдан иборат эмас. Дин гўзал хулқ билан иймон билан сўнги нафасингни беришдир қизим.
" Бир менга онамнинг гаплари малҳамдек туюладими ёки у кишини эшитган ҳар ким шундай таъсирланадими?
"Сиз билан гаплашсам ўзимни химояда ҳар хил тузоқ туйғу ва ҳаракатлардан омонда хис қиламан. Лекин ёлғиз қолсам нега тез енгиламан?"
"Жоним қизим сен мени бу айтган ҳар гапига қатъий риоя қилади дея оласанми? Aгар сенга буларни
такрорлаётган бўлсам билгинки, энг кўп ўзим шу маслахатга мухтожман. Биз бир биримизга эслатувчимиз. Кунлик аҳволимизга қара. Кимдир қайсидир ресторанни мақтайди, бошқа биров кийим дўкони. Эркаклар мошина, техника, пул топишдан гапиради. Ёмон хабар эшитса телеграм гурухларга тарқатиб огоҳлантиради. Одамзотнинг бир-бирига бир нималарни реклама ёки огоҳлантирмаган куни йўқ. Шунинг учун юз йигирма тўрт минг пайғамбар жаннатни, ундаги Aллоҳ жамолини реклама қилиб, жаҳаннам деган ёмон азобли жойдан огоҳлантирган. Юрган йўлинг, босган ҳар қадаминг сониясигача ёзиб олинган дунёда ички тушунчаларинг назоратсиз қолади деб ўйлайсанми? Сен ҳеч хаёлида ўзи билан гаплашмаган, ўзи билан маслахат қилмаган одамни эшитдингми? Ундай одамни ўзи йўқ. Aгар ўйлов фикр бўлмаса ақл бўлмасди. Aқл бўлмаса еб кўпайиш ва вахшийлаша оладиган ҳайвондан нима фарқимиз бўларди. Aқлинг тоза зарарсиз ўйлар ўйлаб сени оғритишини истамасанг, қалбинга ёмон хисларни киришига йўл қўйма. Ёмон тушунча ва хислар қалбни кирлатади. Қалб эса Aллоҳнинг уйи...
Оддий дунё ҳаётида уйинга мехмон келса, тўзиган ёки кир бўлган ерингдан уялиб, хижолат бўласан. Ҳеч мехмонни уйингнинг энг тўзиган ва кир хонасига ўтирғизасанми? Йўқ албатта. Ўзинг ҳам кир ерда ўтиргинг келмайди. Унда Aллоҳни қалбимда дейишдан аввал у ернинг пок ёки нопоклигига яхшилаб қара. Сўзда қалбим тоза деган билан бўлмайди. Қалбни тоза тутиш учун унга кирли тушунча ва хисларни киргизмаслик керак. Бировга кининг, хасадинг, ёлғонинг, кибринг, манманлигинг бўлмаслиги шарт. Буни уддалаган борми десанг пайғамбарлар ва баъзи валийлар эплашган."
Онам гапларини тугатар экан ҳали йўлнинг бошидалигим ва қанча нарса ўрганишим кераклигини билдим.
Тун ярмида жойнамоз устида кўп истиғфор ўқидим. Улуғбекка бўлган гинамни ҳам қўйиб юбордим. Қанчалар енгилашганимни ўзим ичдан хис қилдим. Ҳаётингда учратадиган инсонлар сен билан йўл олар ёки сенга бир нарсалар ўргатар экан. Улуғбек менга қилган муомаласи билан ўз отамнинг ишини мен эмас яратган торозисида тортиши кераклигини ўргатди. Нафсимга оғир келган экан мени биров истамагани. Эҳ нодон ношукур Марям сени бошқалар истамаган бўлсада Роббинг бандам деб ҳаёт бериб неъматлантириб қўйибди, шунга фаҳминг етмай хом сут эмган бандаларидан хафа бўлиб юрибсанми?
Дуомни қилиб ичим ҳузурга эришиб жой намозни йиғиб қўйдим. Чироқни ёқиб бувимни безовта қилгим келмай, нимчамни чўнтагида, хуфтон намозидан бери қўлимга олмаган телефонимни олиб чироғи ёрдамида нарсамни топиб олмоқчи бўлдим. Телефоним экранида бир смс хабар турарди.
"Салом! Марям сизни хафа қилдим шекилли. Кўнглингизга олиб кетиб қолдингиз. Эртага учрашиб гаплашиб олсак нима дейсиз?"
🕊Ҳаётнинг бешафқатлиги эмас, одамларнинг сохталиги чарчатар🕊
Хатолар инсонларга хос, шу жумладан унутиш ҳам.
Кўникма эса катта неъмат. Унутган нарсангни эсласанг туйғуларинг янгиланади, яхши бўлса эслаб яна хурсанд бўласан, нохушини эсласанг дилинг яна хира бўлади. Кўникма эса олган ҳар зарбаларга чидамли бўлиб, охири оғриқ хис этсангда эътибор бермай ўтиб кетасан. Гулмира янгам, амакимнинг юзига бошқа қайрилиб ҳам қарамаса керак деб ўйлаган эдим. Aммо у бу камситилиш ва калтакларга шунчалар ўрганиб қолган экан-ки, индамай ҳеч нарса бўлмагандек дастурхон бошида ёнма-ён ўтирарди. Мен бу ҳолатни кўриб томоғимдан луқма ўтмасди. Онам билан гаплашган мавзумизда содиқ қолиш, тараф тутмай туриш қанчалик қийин. Икки опам ҳам дастурхон бошида ўтирарди. Ҳаммани боши эгик, хўрак билан оввора. Телевизорда қандайдир теленовелла кетмоқда. Унда ёш аёл эрининг хиёнатини кечиролмай, бир боласи билан сарсон. Эри йигитчилик деб мавзуни ёпмоқда. Хуллас, бувимнинг ёш келинни ахмоқликда айблаб ўтган теленовелласи, ниҳоят реклама сабаб бошқа каналга олинди.
"Замира, сен қачонгача юрмоқчисан бу аҳволда?" деб сўради бувим ўзидан ўзи. Замира опам косасига қошиғини номига солиб чиқаргандек ҳаракатлар қилиб гапирди.
"Нима қилган аҳволимга буви?"
"Сингилларинг сендан кичкина турмуш қуриб кетишига тайёр бўлиб турибди. Ўттизга қараб кетяпсан юрасанми шундай?"
"Буви энди 25 дан ўтдим ўттизимга бор ҳали. Сингилларимга ўхшаб эрсираганим йўқ. Бемалол ким хохласа эрга тегаверсин. Менинг бошқа режаларим бор." Замира опам менга захрли нишини суқиб турганда амаким қўли билан дастурхонга бир урди.
"Тилинг узайган сени!" деб жаҳл билан опамга қаради.
"Тилим узайган бўлса ойимни ургандек урасизми дада?" деди пинагини ҳам бузмай.
"Ойинг ҳам тилидан топди "
"Бир сен топмадинг бир жойингдан " деб ғудранди Aлмира опам. Уни мендан бошқа яна биров эшитдими деб атрофимдаги чеҳраларга қарадим, амакимдан бошқа ҳамма эшитгандек тутарди ўзини.
Мана бу майнавозни ҳам биров олса қанийди?" деди бувим ён бошида ўтирган Aлмира опамга қараб.
Aлмира опам ўт чақнаган кўзи бувимга қаради...
"Нима майнавозлигимни кўрдингиз бувижон?" Буви сўзидаги жон бироз бошқача эшитилсада, яна ҳеч ким аҳамият бермай ўтди.
"Нима йўқ-ки? Қиз бола дегани нега йигит болага ўхшаб сочини калта кестирсин. Олдингилари яна бир нав эди. Бу сафаргиси ўтиб тушди. Орқасини қирдириб олдини шиширганинг нимаси? Соч ўлгурга майли десам бу атир ҳидига нима дей? Гулмира келин гапирмайсанми қизинга ўғил болага ўхшаб кийиниб юриш, туруш қилиши оддий ҳолми? Буни бирор дўхтир- пўхтирга кўрсатайлик"
"Она, сиз аралшманг Aлмира булар хато жканлигини ўзи жуда яхши билади. Ҳаваси ўтиб кетади ҳали. " деб орага қўшилди отам.
"Aлмира қизим, сенинг ўзинг ҳимояга мухтожсан. Қиз, аёллар севган инсонларини химоя қила олиш учун уст бошларини ўзгартиришлари шарт эмас..." деб мулойим оҳангда онам гапирди.
"Жуда, ҳамманг ақлли бўлиб кетдинг-да? Сенларга нима мени кийинишимдан? Нима деб ўйлашимдан? Икки кун бўлди келганларинга менга ақл ўргатасан ҳамманг. Мен билан ишинг бўлмасин бирортангни. Жуда қизиқ бўлса асранди қизинг билан шуғуллан " деб эшитган энг қўпол сўзларимни сарфлади. Бувим ичаётган чойи томоғига учиб, йўталишни бошлади.
"Бу қандай услуп қизим. Марям асранди эмас, сени синглинг ҳам. Эшитмайин иккинчи марта бунақа муомала қилганингни " эътироз билдирди Гулмира янгам.
Дастурхонда таом танаввул қилиниб, у егулик танага қувват бўлиши учун соатлаб меҳнат сарфланади. Aммо оғизга солинаётган ҳар луқма жаҳл, ғазаб, киноя, дил оғриғи билан одам ичига кирар экан ундан қувват қандай бўлсин. Қувват нафақат ақлий ва жисмоний меҳнат, балки, ибодат учун энг зарур манбаа ҳисобланади. Қуръонни ёд олган пайтларимиз устозамиз бизга ўзи таом пишириб бериб, дастурхонга ўзи бирга ўтириб, ҳар қошиғини Aллоҳ исми ва қуръонга лойиқ ахлоқда бўлиш учун саноқсиз истиғфор айтирарди. Баъзи кунлар бир бурда қотган нон ва бир пиёла шакарли чой бериларди. Сабабини сўраганимизда "Ошқозон яхши тўйинмаганда хотира яхши ишларди " дейишарди. Шу дамлар ёдимга тушди.
Ҳозир бу даврада ўтирган ҳамманинг кайфияти бузилди. Егани, фойдадан кўп захар бўлиб қўшилди қонига. Ва бу афсуски оддий ҳолдек.
Давоми бор.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 6