Қуёш ботиб борар.....
15#
Давоми
***
Тонгги соат олтида кечаги қора машинада Ярославль вокзалига етиб келишди. Озоднинг жамадони анча оғир эди. Ғилдираклари дош бермай, ҳар судраганда оғиб кетади. Амаллаб тутқичидан кўтариб назоратдан ўтказди. Кечаги барзанги улар билан бирга эди, ундан ташқари ҳаммалари битта купега жойлашишди. Ярославльдан Сыктывкаргача йигирма тўрт соатлик масофа экан. Сыктывкар Россиянинг шимолий қисмида жойлашган , Россияга қарашли Коми Федерал Республикасининг пойтахти.
Эрталаб барзангининг тушунтиришига кўра улар Урал тоғлари этагида жойлашган ўрмон хўжалигида ишлашади. У ерда ётоқ жой ва , овқат масаласи борганда ҳал қилиниши ҳақида қисқа маълумот берди.
Поезд қўзғалди. Озод шерикларига бир -бир назар солиб ҳар бирининг ўзи каби катта муаммоси борлигини сезди. Ўйчан нигоҳлар эди бари.
Поезднинг "терлаган" ойнасини қўллари билан артиб, атрофни кузата бошлади. Ниҳоят, одамлар яшайдиган уйлар сийраклашиб бориб , кенгликка чиқишди .Ҳаммаёқ оппоқ қор. Оқликка кўп тикилса ҳам инсоннинг кўзи толар экан, аммо манзара ажойиб эди. Узоқдан кўлмикан, балки афсонавий Волга дарёсининг яхлаган қисмими кўзга ташланади. Бу манзарага тўйиб улгурмай қорга бурканган тўқайзор келади. Озод худди фильм кўраётгандек, бир дақиқа атрофдан кўз узолмасди. Атрофга қоронғулик чўка бошлади. Қараса, шериклари уйқуга кетган. У ҳам секин ёнбошлади.
Тонгнинг ғира -шира пайти поезддан тушиб, назоратдан ўтганларидан сўнг уларни кутиб турган машинага жойлашдилар.
Озод қизиқувчанлик устунлик қилиб, автомобилнинг ён ойнасидан ўзларини қабул қилиб олга новча одам ва барзангини кузатиб ўтирибди.
Барзанги Новча билан гўё даллол ва харидордек узоқ тортишди. Ва ниҳоят, бир тўхтамга келишди ,шекилли, Новча унга машина багажидан қора пакетда нимадир олиб берди,сўнг қўл ташлашиб хайрлашишди .Барзанги улар билан хайрлашмаёқ жўнаворди.
Урал этагида жойлашган қишлоқнинг уйлари худди кинодагидай ёғочдан қурилган эди. Манзара эртакмонанд. Озод машина ойнасидан чор -атрофга термулади. Балки умрида саёҳат қилмагани боисдир, ҳайратини яшира олмайди. Ўрмон билан тоғ туташ, яна қиш фасли- манзарани таърифлашга тил ожиз эди. Қишлоқ уйлари тобора сийраклашиб, яккам дуккам хонадонлар қолди. Улар уловдан тушганларида изғириннинг забтидан эсдан оғай дейишди.
Машинанинг ичи иссиқ бўлгани учун бунчалик совуқлигини тасаввур ҳам қилмаган эдилар.
Айниқса, икки ҳинд йигит кўзлари олайиб ҳушидан кетиб қолай деди.
16#
***
Моҳидил энди росмана Озоддан хавотир ола бошлади. Нақ уч кеча- кундуздан буён хат -хабар йўқ. Қайнонасига тишини ёролмайди. Қон босими бор.
Кимга қаерга мурожаат қилишни билмайди. Оғзи -ошга, қўли -ишга бормайди. Фақат Аллоҳга илтижо қилади. Негадир охирги пайтлар дарс ҳам ёқмайди. Болаларнинг тўпалонигаку асаблари дош бермаяпти. Балки ойлик маош олмай, фақат кредит учун ишлаётгани сабабдир.
Охирги дарсини тугатай деб турган эди, қоровул аёл уни ташқарида бир эркак сўраётганини айтди. Бирорта ўқувчисининг отаси шикоят билан келгандирда, шу етмай турувди. У соатга қараса икки дақиқадан сўнг қўнғироқ чалинади. Дарсини тугатиб тушишга қарор қилди.
Биратўла кетишга чоғланиб, кийиниб тушди. Фойеда ўзи томон келаётган Шамшодни кўриб ёш боладек истиқболига югурди.
Сўрашиб бўлиб Шамшод:
-Жудаям қорним очди, юр бирор жойга борайлик, -деди.
Моҳидил соатига қараса, Дилнозани боғчадан олишга
вақти бор.
Шу атрофда туриб, Моҳидил бу емакхонага кирмаганди. Шинамгина жой экан.
Уёқ -буёқдан гаплашиб овқатланишди. Шамшод иккиланиб мулойимлик билан гап бошлади:
-Моҳи, тўғрисини айт, ҳаммаси жойидами?
Моҳидил акасига қарадию, дарҳол кўзини олиб қочди.
-Синглим, илтимос, нима бўлса очиғини айт. Суриштирдим, машина кредити сенинг номингга расмийлаштирилган. Машинанинг ўзи қани? Сенинг кредитинг бўлса, нима еб, нима ичаяпсан. Жигарим, менга ростини айт.
Унинг сўнгги сўзларими овозидаги ҳайрихохликми, уч кундан бери қонига ташна қилган чорасизликми ,ожизаликми - ҳаммаси бир бўлиб, ўпкасини тўлдирди.
-Акаааа.... чарчаб кетдииим. чарчадим... акажон...-дея тўкилиб йиғлади.
Кейин ўзини босиб олиб ёш пайтидагидек:
-Бир нарса айтсам, онам билан дадамга айтмайсизми? -деди, бурнини тортиб. Шамшод бош силкиди. Моҳидил бир йиғлаб,бир тўхтаб ҳамма ҳасратларини тўкиб солди.
Шамшод вазият ўзи ўйлаганидан ҳам оғирлигини тушунди. У ўша Моҳидилни уйига ташлаб кетган кунидан буён оромини йўқотган эди. Кўзини юмса қаттиқ печеньени тишлаёлмай кўзларини юмиб олган Дилноза гавдаланади.
Кейин хаёлига келган фикр кўнглини ёриштириб синглисининг қошига етаклаган эди. Ҳозир режасини айтишнинг айни мавриди эканлигини сезиб гап бошлади:
-Бўлди, ҳаммаси изига тушади. Кўз ёшларни артамиз. Ана.. Бўлди.. Энди гап бундоқ, биламан, куёв қайсар феълли, ғурурли бола. Келса ўзим ётиғи билан тушунтираман. Бир иш қилсак, мен шаҳарда ширинлик, асосан, печенье ишлаб чиқарадиган цех очсам, ҳужжатларни сенинг номингга расмийлаштирсак ва бу маҳсулотимизни
"Дилноза -ширин кулчалари" деб номласак, қалай, -ўзига анграйиб турган синглисига қараб давом этди -Сенинг қиладиган ишинг, ишчи аёлларни жалб этиш ва ишдан бўш пайтларингда уларни назорат қилиб туриш, нима дейсан қила оламизми? -деди ҳамон бир сўз демай қотиб ўтирган синглисига қараб.
17#
***
Моҳидил тўлқинланиб гапираётган акасига термулиб, ўзининг ҳам ҳаваси ортди. Тадбиркорлик қонида бор эмасми, дарров ғоялар қуюлиб кела бошлади. Кўзлари чақнаб:
-Икки ёки уч сменада иш ташкил қилсак, бошқа ишда ишлаётган, эҳтиёжманд аёллар учун қўшимча даромад бўларди-да, -деди, ўзининг куни кеча қўшимча иш излаб, ижтимоий тармоқ эълонларини титгани эсига тушиб. Шамшод Моҳидилнинг дадиллашаётганидан қувониб:
-Ана! Жудаям зўр фикр, бўлмаса мен эрта -индин жойнинг ҳаракатини қилай, мутахассис ўргатувчи тайёр. Бир ҳафта бизнес тилида айтганда "мастер класс" ўтиб беради. Ускуналарни Хитойдан келтирадиган фирмалар билан гаплашаман. Сен ишчи кучи топишни ҳамда, иш графиги тузишни ҳаракатини қил, -деди.
Моҳидил ўйланиб туриб:
-Куёвингиз эшитса нима деркин-а, -деди.
-Нима дерди, ҳалол меҳнат, э ўйчи ўйини ўйлагунча, таваккалчи ишини битиради, Озоджон келса ўзим ёрдам сўрадим, шаҳарда яқиним бўлмаса, Моҳидил менга
ёрдамлашди дейман, кетдикми, олиб кетишингга кабоб буюртма қилгандим, тайёр бўлиб қолгандир, -деб, дастурхонга фотиҳа ўқиб қўзғалишди.
Акасини кузатган Моҳидилда бир оз аввал қалбини эгаллаб, дард-у дунёсини қоронғу қилган ғашлик тарқаб, қандайдир куч, эртанги кунга умид ва ишонч пайдо бўлган эди.
Дилнозани олиб уйга кириб борса, қайнонаси картошка арчиб ўтирган экан. Салом бериб, сўрашди-да, дарров чой қўйиб, Одилжонга ҳам ажратиб олиб қўйиб, кабобларни дастурхонга қўйди. Саволомуз тикилган қайнонасига гапни нимадан бошлашни билмай турдида, кейин овозига кўтаринки тус бериб:
-Шамшод акам, шаҳарда жуда катта иш бошлаб юбордилар.
Қадоқланган ширинлик чиқарадиган цех очмоқчи эканлар. Шунга сенинг номингга расмийлаштирсак, менинг фирмамнинг ҳужжатларига чалкашмаса, уйингдагилардан сўраб кўр, деб келган эканлар, -охирги жумлалари ялинчоқ оҳангда чиқди
Қайнонаси келинининг сўзларини бўлмай эшитиб, кейин мулойимлик ва ҳавас билан:
-Қандай яхши-я, биз нима ҳам дердик, омадини берсин, илоҳим, менинг болаларимга ҳам шуларнинг йўлини берсин, -деб юзига фотиҳа тортиб қўйди.
Моҳидил ҳам фотиҳага қўшилди ва бироз дадилланиб:
-Менга агар вақтинг бўлса иш бошқарувчи бўл, ҳарна қўшимча даромад деяптилар, -деб қайнонасининг оғзига термулди, -кейин шоша -пиша -Ўғлингиз рухсат бермаса керак-а, -деди.
-Рухсат бермай бор бўлсин, ўз жигарингизку бегонамиди, қани менбоп иш бўлса, ўзимоқ борардим, болам. Акангизга раҳмат, шунчалик қаватига оламан деса, шундай жигарлар бор кўксингдан итаради. Ёғ еганда ёт яхши ундайларга, қон ютганда қариндош. Озодга телефон қилиб берсангиз, ўзим ётиғи билан тушунтираман, -деди.
Моҳидил телефон сўзини эшитиб, уч кундан буён дараги йўқ эри ёдига тушиб кўнгли яна ғаш тортиб, лабини тишлади.
18#
***
Озод ва шерикларини учириб юборай деган изғиринда яна бироз туришганда, қайдам, нима бўларди. Хайрият, новча уларни ёғочдан қурилган уйга бошлаб кирди. Бу ерга анчадан буён одам қадами етмаган шекилли, ҳамма ёқ чанг ва жуда ташқаридагичалик бўлмаса ҳам, совуқ эди. Устига оқ матолар ёпиб қўйилган эски диванга ўтиришга таклиф қилган новча, энг аввал, ким русчани яхши билишини сўради. Бодомқовоқ йигит ҳафсаласиз қўлини кўтарди. Новча қўл кўтарган йигитга қараб узоқ сўзлади, сўнг "таржима қил" деди.
Йигит қайси тилда сўзлашни билмай турувди, Озод унга қараб:
-Аввал ўзбекча тушунтиринг, -кейин ҳинд йигитларга ишора қилиб, буларга бир амаллаб уқтирармиз, -деди.
Қора қош йигит ҳам маъқуллади.
Хуллас, йигитлар бу ерга яқин ўрмонда дарахт кесиш билан шуғулланишар экан, уларнинг ҳужжати тўғри бўлгунга қадар яширинча, яъни ярим тунда ишлашларига тўғри келаркан. Қачон ҳужжатлари расмийлаштирилса, шунда кундузги ишга ўтишаркан. Унгача эса кундузи ҳеч кимга ташқарига чиқишга рухсат йўқ экан. Бу ерларда интернет алоқаси яхши эмас , фақат маҳаллий алоқа бор экан. Пул иш ҳажмига қараб тўланар экан. Ҳозир ўтин ёқиб, хонани иситиб ўтиришаркан. Кечроқ балки эртага овқат масаласи ҳал этилар экан.
Озод бу сўзларни эшитиб кўнгли ғаш тортди. Алоқа йўқ бўлса, кундузи худди маҳбусдек қамалиб ўтирса. Ишқилиб, охири бахайр бўлсинда.
Новча қайта -қайта ташқарига чиқмасликни уқтириб жўнаб кетди. Ажабланарлиси, атрофи ёғоч панжара билан ўралган ҳовлининг ёғоч эшигини ташқаридан қулфлади.
Ночорлик инсонларни тез бирлаштиради. Нима қилишни нима дейишни билмай лол-у ҳайрон қолган бешовлон энди бир -бири билан танишди. Бодомқовоқ йигитнинг исми
Илёс экан, Қора қош ўзини Самад деб таништирди. Ҳиндлар ака -ука экан, бири-Ариан, бирининг исми -Виран экан. Илёс инглиз тилини ҳам яхши билар экан. Бир пасда тиллашиб кетишди. Самад печкага ўтин қалади. Уй исиб, сал юзларига қизил югурди. Қарийиб бир суткадан бери туз тотганлари йўқ. Ҳамма ёқни титиб, ярим идишда озгина қуруқчой ва туздан бўлак ҳеч вақо топа олмадилар. Совуқ, унинг устига очликдан Озодни титроқ босди. Шерикларининг ҳам аҳволи ҳавас қиларли эмас. Кун ботди ҳамки Новчадан дарак йўқ. Демак, энди келмайди. Хона исиса ҳам Озод исимади. Кейин Олег амаки кетар олди шипшиб, иссиқ кийим солдим, дегани ёдига тушиб, жамадонини очмоққа уннади.
Беш ночор, беш мусофир очликдан гапиришга ҳам мажоли келмай ер чизиб ўтирарди. Жамадонини очган Озод қичқириб юборди. Ҳаммалари ўгирилиб қарашди.
Жамадоннинг ичига солинган пахталик фуфайканинг ичи тўла консервалар, қанд, нон, колбаса ва сосискалар экан
Озоднинг кўзлари жиққа ёш эди.
19#
***
Инсон нақадар ожиз. Сал, аввал, очликдан силласи қуриб, чорасизлик қаърида ўтирган -
беш мусофир егуликларни кўриб, бир -бирини қучиб қувонди.
Раззоқ зот уларга ғойибидан ризқ етказган эди. Самад икки қўлини дуога очиб кўкка боқиб, Аллоҳга ҳамд айтди. Уни кўриб Озод ҳам "Алҳамдулиллаҳ" дея пичирлади.
Илёс ўта мулоҳазали йигит экан. Қандайдир бошқарувчилик қобилияти ҳам бор. Тезроқ танаввул қилсак деб лабини ялаб турганларга қараб:
-Бугун колбаса ва нон билан кифояланамиз, мана бу консервалар заҳирада турсин, ким билсин, бизни ҳали олдинда нималар кутмоқда, -деди ва дарҳол Ариан ва Виранга инглизча таржима қилди, улар тез -тез бош ирғаб маъқуллашди.
Самад чой қайнатди, Озод ва Илёс дастурхон ҳозирлади. Ҳаммалари иссиқ чой ичиб, қорнилари тўйиб, энди сал жонланиб суҳбатга киришишди.
Озод бошида пайқаганидек, Илёс банкда лавозимли ишда ишлаган экан. Айтишига кўра бошлиғи ўз нафси маҳсули бўлган катта камомадни унинг бўйнига қўйибди. Илёс уй -жой, машина ва бор -будидан айрилибди-ю, аммо озодликда қолганига шукур қилиб, ҳаммасини яна "ноль" дан бошлаш учун мусофирликни танлабди.
Самад етимхонадан чиққан экан. Ҳаёт қозонида қайнашда давом этаётган, аммо иродаси букилмаган, Аллоҳни таниган йигит экан. Ҳамма тушкунликка тушиб ўтирган бир пайтда у ибодатларини канда қилмай, хотиржам тутарди ўзини. Унинг феълида мўминларга хос сакинат бор эди.
Ҳамма ўз хаёлларига ғарқ бўлган бир пайтда Илёс ўйчан гап бошлади:
-Негадир шу дарахт кесиш учун келганимизга ишонмаяпман, -бир нуқтага тикилиб, сўзида давом этди, -Яна кечқурун кесармишмиз. Осон эканми, кундузи эплаш қийин бўлган ишку. Хавфсизлик қоидалари деган нарса бор. Дарахтни кечаси қулатиб бўлар эканми, унинг қулаш нуқтасини кундузи чамалаш қанча мушкул. Ўрмонда ярим тунда на свет на бирор ёруғлик бўлмаса. Маторли арранинг овози яширинча ишлаётган одамни ошкор қиладику, яна кечаси товушлар кундузгидан анча баланд эшитилади, -ўзига диққат билан тикилиб турган шерикларига қараб -Дарахт кесган одам ҳимоя кўзойнаги тақиши шарт, дарахт танасини арралаганда чиқадиган майда зарралар кўзни соғ қўядими?! Ҳимоя кўзойнаги билан кечаси иш қилиб бўларканми?! Унинг устига Россия қонунчилигида ноқонуний дарахт кесиш ўн икки йилгача озодликдан маҳрум этиш жазосига тортилиши мумкинлиги ҳақида ўқиган эдим. Ахир бу ўлканинг ўрмонлари дунё "ўпкаси" деб номланади. Менга ёқмаяпти бу нарсалар... Ёқмаяпти...
Озод унинг фикрини эшитиб, ақлига тан берди. Тўғри айтади. Кечаси қилиб бўладиган иш эмас. Аммо қоил, Илёс калласи бутун болага ўхшайди.
Нариги хонадан бир -иккита одеял топиб чиқиб ухламоққа ҳозирланишди. Озод уйига хабар беролмаганидан кўнгли алағда эди. Йўлларига кўз тикиб ўтирган онаизори, норасида гўдаклари ва ҳамиша жилмайиб турадиган Моҳидилини ўйлаб кетди. Уйқуси қочди.
20#
***
Моҳидил акасининг елиб -югуришларида, одамлар билан мулоқотдаги хушмуомалалигида отасининг сиймосини кўрди. Мана икки кун бўлди, шу икки кун мобайнида акаси талай ишни тиндирди. Жой масаласи-ю, ускуналар ҳаммаси деярли ҳал бўлди. Озгина ҳужжат ишлари ва хомашё етказиб берувчи фирмалар билан шартномаларнинг чала ишлари бор. Моҳидил ишчи кучи топишга ҳам қийналмади. Мактабнинг ўзида ўқитувчиларнинг опа -синглиси-ю, қўни -қўшниси -талайгина иш қидирган қиз -жувонлар бор экан. Дарсдан сўнг полларни ювишга келган, Сабоҳат опага:
-Сабоҳат опа, мабодо иш қидирган танишларингиз йўқми, ширинлик цехи очаётган эдик. Шу атрофдан жой олдик. Қўни -қўшниларингиз бўлса айтиб кўринг, анча одам оламиз, -деди.
Сабоҳат пол артишдан таққа тўхтаб:
-Мени ҳам олинг, илтимос, тикув цехи ёпилармиш, икки кундан бери дарду -дунёим қоронғу эдия, жон синглим. Қишлоқда иккита қайнисинглим бекор, уларни ҳам чақирамиз, хўп десангиз, -деб Моҳидилга умидвор тикилди.
Моҳидил юзлари ёришиб:
-Опа, қанча иш қидирган танишингиз бўлса айтинг, қишлоқдан келишса ҳам майли, акам ётоқ жой ва ош -овқат билан таъминлаймиз дедилар, -деди унга мулойим боқиб.
Рўзғорим деб куйиб -пишган икки аёл ҳожатлари раво бўлганидан бахтиёр, қуюқ хайрлашдилар.
Уйга келса қайнонаси йиғидан кўзлари қизарган, қон босими ҳам баланд, шекилли, ранги қорайиб кетган, мажолсиз ўтирибди. Моҳидил салом бериб дарров унинг ёнига чўккалаб ўтириб:
-Тинчликми, ойижон, тобингиз йўқми, нима бўлди, -деди.
Салтанат ая тўлиб турган эканми, ҳўнграб йиғлаб юборди.
-Кўнглим ғаш, болам, кўнглим ғаш. Озоджоним омонмикан, тушларим алоқ -чалоқ. Кеча отасини кўрипман, -кўзларини қаттиқ юмиб -очиб, бурнини тортиб давом этди, -Узоқдан туриб менга дағдаға қилармиш
"болага қарамайсанми, кўзинг қаёқда сени" дермиш важоҳат билан. Отаси ҳам безовта. Болажоним омонмикан,
болам-а болаам...
21#
***
Моҳидил ҳасратлари тўлиб тошган бу онаизорни нима деб юпатишни, кўнглига малҳам бўлувчи қандай сўз айтишни билмай, қўшилиб йиғлаб ўтирибди. Салтанат ая анчадан бери ич -ичидан тўкилиб йиғламаган эди. Негадир, чарчаб қолди. Ўзи охирги пайтларда мадори йўқ. Авваллари, қишлоқдаги уйида турган маҳали ҳовлини икки қулоч -халқ тили билан айтганда, чўкиртак супургисида бир самовар чой қайнагунча супуриб чиқарди.
Баъзида ён қўшниси Шукрихон иккита жиззали нонни қўлтиғига қистириб чиқса, баъзан ўзи тандир қалаши билан ҳамсоясига даракларди. Хуллас, қон -қариндош бўлмаса ҳам жон томирдан яқин икки аёл -болалар мактабдан келгунга қадар гурунглашиб чой ичиб, бор чарчоғини унутарди. Узатилган уч қизи-чи, бири олиб бири қўйиб, ҳафта оралаб хабар олар эди. Қизлари шўрлик энди бу шаҳарларга кела олмаса, борар эшиги ҳам йўқ. Тунов куни телефон қилган катта қизи Нуриниса йиғламоқдан бери бўлиб:
-Аяжон, ҳовлимизнинг ёнидан ўтиб кетаётгандим, шундай юракларим эзилди, дарвозага катта қулф осилган, биз эрта кўкламдан кеч кузгача ўтини юлиб, гул экадиган кўча ҳовлимиз ажриқ босиб, ариқлар тупроққа тўлиб ётибди экан.
Акром бой бу уйни неварасига атаб олиб қўйган экан. Хойнаҳой, отам қурган уйларни бузиб қайтадан қуришса керак, -деди. Қизини юпатиб, бир -икки оғиз гапирган бўлди-ю, лекин ўзининг ҳам ичлари ўртаниб кетди. Шу уйни майда болалари билан чоли раҳматли иккаласи ўзи солган эди. Турган жойида қолип уриб кўтаришган эди. Салтанат у вақтлар ёш эмасми, қизлари икки челакка сомон солиб қорилган лойдан тўлдириб берар, у челакни турмуш ўртоғига узатарди. Қолипга ўзиям тўрт челак лой кетарди. Бир қатор уриб бир ҳафта дам олишарди. Девор яхши қуригач, яна айлантира қолип уришарди. Ўша даврлар ҳам ғанимат экан. Ҳозир лой солинган челак уёқда турсин, елим челакда сув кўтаришга мадори йўқ. Аммо юракда ғайрат сўнмас экан, қани энди ўша ҳовли -жойларида бўлиб қолса, тандир -ўчоқларни соз тупроқда соғлаб, яна нон ёпса. Бай-бай бундай роҳат, бундай хушбўй ҳид ҳеч ерда топилмаса керак.
Моҳидил кўз ёшини арта -арта хонасига кириб, телефонига термулди. Тавба, эри салкам бир ҳафта аввал телеграм тармоғига кирганича шу баравар изсиз йўқолган эди. Озод билан ёзишмаларини бир -бир ўқиб чиқди. Шунда аввал пайқамагани, Озоднинг пицца олиб, буюртмачига етказишга кетаётганини видеога олиб жўнатган лавҳаларига эътибор берди. Унда ишлаган жойи, буюртмачиларникига бораётган кўчалар тасвири думалоқ видеолавҳа шаклида юборилган эди. Турмуш ўртоғининг овозини, кўзини қисиб, кулиб хайрлашган чеҳрасини қайта -қайта кўрди ва йиғлайверди.
22#
***
Озод тақир -туқир овоздан уйғониб, ёстиқдан бошини кўтариб қараса, ҳали кун ёришмаган. Самад бомдодга турган чоғи, сал нарида, шимининг почасини қайириб олган, юзини бўйни аралаш артяпти, Кейин жойнамоз ёзди. Озоднинг ҳам уйқуси ўчди. Самадга тикилиб ётди, сўнг секин ўрнидан туриб юз-қўлини ювиб келди ва номоз ўқиб бўлган Самадга салом берди. Самад саломига салом билан алик олди.
Озод ҳовлига чиқди. Қаршисида баланд тоғлар ҳайбат билан турибди. Совуқки, юзингни ўйиб олаётганга ўхшаб оғритади. Одам қадами етмаганиданми ҳовлининг қори куралмаган. Ташқари эшиккача ёлғизоёқ йўл. Бу ерларда сариқ сумалак бўлмас эканда, бу пайтда ўзлари томонда томларда, тарновларда шаффоф қиличдай музлар осилиб турар, сал кун ташласа бир маромда чакиллашни бошларди. Ёғоч уйнинг томи ҳам ёғочлигигадир, балки . Айтганча, ичкарида уйнинг шифти ҳам йўқ экан. Худди пирамиданинг ичида ўтиргандай, ҳис қиласан ўзингни, ажойиб.
Шериклари тушгача ухлади. Яхшиям Олег амаки егулик солган экан, бўлмаса тоза ҳолдан тойишар экан, ўзиям.Ташлаб кетганидан буён қорасини кўрсатмаган Новча кеч ораси кириб келди, пакетда қадоқланган тез тайёр бўладиган беш -олтита угра ва иккита буханка олиб келибди.
Кела солиб, муддаога ўтди. Асосан, Илёсга қараб гапирди. Озод ҳам унинг фикрларини тушунди.
Унинг айтишича, ҳали -вери ҳужжатлари тайёр бўлмас эмиш. Лекин иш кутиб турмас экан. Бугун тунда бир йўлбошчи юбораркан у бу ердан беш -олти чақирим наридаги ўрмонга олиб борар экан. У ерда кесилган қарағай ва эман дарахтларини шохини бутаб, юк машинасига ортишар экан. Тонгга қадар. Шунинг учун у келтирган егуликларни еб, кучга тўлиб, ишга шай ҳолатда бўлишлари керак экан.
Самад бир марталик идишларда қадоқланган уграларга қайноқ сув солиб, тайёр бўлгунга қадар нон ва чойни ҳозирлади. Ёғочдан, қўлбола ясалган стол атрофида овқатланишди. Озоднинг отаси косиблик билан оила тебратса ҳам қишнинг кунида уйларидан гўшт узилмас эди. Опалари ёз -куз бўйи кичиккина томорқаларидан чиқишмас, сабзавотлар ўз ҳовлиларидан чиқарди. Ёз пайти ҳеч бўлмаса товуқлардан бирини сўйиб, икки -уч кун овқатга ишлатиб туришарди. Товуқларнику алоҳида парвариш қилишарди. Дастурхондан тухум аримасди. Ортиқча қанд -қурс ейишмаса ҳам, икки маҳал қозон осиларди.
Сукунатни Илёс бузди:
-Шу совуқда бундай таомланиш тинкани қуритса керак. Яна қорнингларни тўйдириб, кучга тўлиб олинглар, дейдия, -ўзининг гапи ўзига таъсир қилиб кулди, Илёс. Бироқ кулгуси йиғига ўхшаб кетар эди.
Самад косасини нон билан сидириб:
-Ака, шунисигаям шукур, алҳамдулиллаҳ. Етказганига шукур,-деди хотиржам.
Новча кундузи ухлаб олинглар деган эди. Қани кўзга уйқу инса.
Ниҳоят, тун ўз ҳукмронлигини бошлаб, атрофга қоронғулик чўкди. Эшик тақиллатмай кириб келган ўрта ёшлардаги шофёр уларни машинанинг бортига чиқишга буюрди.
Қирчиллама совуқда ярми брезент билан қопланган машинанинг орқасида бораётган Озод, бундан кўра яёв йўлга тушган минг чандон осон бўлса керак деб ўйлади.Юзга урилаётган муздек ҳаво нафас олишга имкон бермаётгандек. Машина қор қалин жойларда худди ботқоққа ботгандек чиранар, ҳар чайқалганида совуқ баданни тешиб юборай дерди.
23#
***
Ўрмонга кираверишда машинадан тушдилар. Бу ерда, афтидан, кундузи кесилган дарахтлар, шекилли, бир чеккага пала -партиш йиғилган эди. Ҳаммаёқ чироқ, оппоқ қор бўлганигами балки, ёп -ёруғ экан. У ердаги иш бошқарувчи ушбу дарахтларнинг ортиқча шохларини бутаб, юк машиналарга ортиш кераклигини уқтирди. Йигитлар ишга киришишди. Ишлаб сал исигандай ёки ҳавога оз- моз кўниккандай бўлдилар. Шофёр амаки яхши инсон экан. Машинасидан каттагига термосида қайноқ чой ва усти сирланган кружка олиб, ёнига бир шода тешиккулча қўйди. Озод иссиқ чой билан бирга меҳр тафтини ҳис қилди. Ҳа, инсон қаерда, неча ёшда бўлмасин меҳрга муҳтож.
Дарахтларнинг шохини буташдан ҳам, яхлаб -янаям оғирлашган ғўлаларни машинага ортиш қийинроқ экан.
Иш тўрт соатга чўзилди.
Тонг ёришмай, ётоқ жойларига етиб келишди. Озод иссиқ уйга кириб, юзлари қизиб кетганини ҳис қилди.Иш анча оғир экан, аммо кўнглини қоплаб турган ғашлик бироз чекингандай бўлди. У ердаги иш бошқарувчи ҳам, шофёр амаки ҳам анча яхши одамга ўхшади.
Кечгача иссиққина машинасида такси қилиб келиб, эшикдан кира Моҳидилга "Чарчаб, ўлиб қолай дедим" дейдиган Озод чарчаш нималигини энди ҳис қилди. Бир кунда қўллари дағаллашиб , ёрилиб кетибди.
Тонгда Самаддан бошқа ҳеч ким турмади. Тушлик пайти кириб келган Новча уларга бу сафар иссиқ овқат олиб келибди.
Айтганча, у ўзини Демир деб таништирди. Унинг айтишига кўра, иш бошқарувчи йигитлар ҳақида илиқ фикр билдирибди. Эртага ҳужжатлари тайёр бўлса, индиндан кундузги ишга ўтишар экан. Яна кечаги пайтда машина келиб олиб кетишини айтиб, пул ишбай тўланишини таъкидлаб, яхши ишлашга ундаб, хайрлашди.
У кетганидан сўнг, Илёс:
-Йигитлар, бор кучимиз билан ишлаб, ўзимизни кўрсатишимиз керак. Отам раҳматли: "Инсон нима касб қилмасин, ҳалол ва ҳаққоний ишласа, қадри ошади. Инсонни меҳнат улуғлайди" дер эдилар, -деб кейин ўйчан қўшиб қўйди, -Қанча ғайрат қилдим-а, ҳалол ишлайман деб, пешонага шу ерларга келиш ҳам ёзилган эканда.
Бугун ҳаммалари бисотидаги иссиқ кийимларини кийишга ҳаракат қилишди. Илёс шкафни титиб, уч -тўртта комбинзон топиб чиқди ва биттасини Озодга тутқазган эди. Озод шерикларига, кийими юпқароқ Арианга беришни таклиф қилди. Ўзи эса Олег амакини дуо қилиб, пахталик кийимларини кийди. Ҳали Демирдан телефон масаласини сўраган эди. Эртага ҳужжатлари тўғри бўлиши билан симкарта олинишини айтди. Шукур. Бир кун сабр қилса, оиласидагилар билан ҳам боғланса бўлади.
Бу сафар машинага чаққонлик билан чиқишди, ишни ҳам уюшқоқлик билан, бир -бирини суяб бажаришди. Уларнинг аҳиллигига иш бошқарувчи ҳам қоил дегандай қилиб, бош бармоғи билан "зўр" ишорасини қилди.
24#
***
Моҳидил дарсдан сўнг акаси Шамшод билан цехни кўргани боришди. Ускуналар ўрнатилибди. Баҳайбат, айланадиган қозон, шунга мос катта миксер, нақ уйдай келадиган , ценсорли замонавий печ, пишириқни совутувчи ускуна ҳамда қадоқловчи- аппарат -бари ўта замонавий эди. Ҳозирча фаррош ҳамда ошпаз ходимларни қўшганда, йигирма беш чоғли аёлнинг ҳужжатлари расмийлаштирилибди.
Моҳидилнинг шашти пастлигини кўриб Шамшод;
-Моҳи, болалар яхшими, нима гап?-деди.
Моҳидил Озод кетганидан буён энг яқин суянчиғига айланган акасига лаблари титраб дардини тўкиб солди:
-Ака, бир ҳафтадан ошиб кетди, куёвингиздан дом -дарак йўқ. Кечаси билан қайнонамнинг мазаси бўлмади. Одилжон билан шифохонага ёткиздик. Қон босимими десам, энди қандли диабет ҳам қўшилибди. Докторлар қаттиқ сиқилишдан орттирган дейди. Умуман, иштаҳалари йўқ. . Гўёки ботиб бораётган қуёшдек ҳаётга қизиқишлари ҳам сўнган. Бир аҳволдалар. Бошим қотиб қолди. Лоақал куёвингизнинг дарагини билиб, гаплаштирсам ўзларига келармиди, дейманда. Ўзим ҳам қийналиб кетдим, Дилноза ҳам ичикканми кечаси " дадам"лаб йиғлади,-кейин чуқур хўрсиниб кўз ёшини артди- Пулимиз оз бўлса ҳам оиламиз бир бутунлиги давлатимиз экан...
Унинг бир йиғлаб, бир хўрсиниб айтган ҳасратини эшитган Шамшод хаёлан чора излай бошлади.
Шу пайт Моҳидилнинг телефони чақирди. Нотаниш рақамни кўриб:
-Кодлари бизникига ўхшамас экан, фирибгарлармасмикан, -деб телефонни Шамшодга тутқазди. Шамшод кўтариш тугмасини босиб, овозини баланд режимга қўйди.
-Алло, Моҳидил, мени эшитяпсанми, Озодман, эшитилаяптими. Бу ерда интернет йўқ тез гапираман, Моҳи, -Озоднинг овозини эшитиб Моҳидил ўрнидан туриб кетди. Қўлида телефон фақат уёқдан-буёққа юради,
-Биз яхшимиз, ўзиз яхшимисиз,- деб кўз ёшлари шашқатор, овоз чиқармай йиғларди. Шамшод ташқарига чиқиб кетди .
Бироздан кейин кўзлари қизариб Моҳидил чиқди савол назари билан боққан акасига қараб:
-Хайрият омон экан, узоқроққа кетишибди. Ўрмон хўжалиги экан. Озроқ пул ҳам берибди. Интернет йўқ экан. Ўзи вақти -вақти билан алоқага чиқаркан,-кейин бирдан йиғлаб юборди,- Аллоҳим ўзингга шукур. Ака, қўрқиб кетдим. Шукур соғ эканку, -деб бироз ўзини босиб олди. Кейин акасига қараб:
-Қайнонамнинг касаллигини айтмадим,-деб ўйланиб қолди.
Акаси ўйчан товушда:
-Айтишинг керак эди, Онасига ҳозир қанчалик оғирлигини ҳис қилаяпман. Эҳ, онаизор-а оҳи осмонга етаётгандир. Ўзи биз фарзандлар қаритар эканмиз, муштипарларимизни, эсингдами, операцияга кириб чиққунимча онамнинг сочи оппоқ оқариб кетган -деди овози бўғилиб.
Табиатан кўнгли бўш икки ака -сингил бир -биридан тортинмай кўз ёш тўкарди.
25#
***
Озоднинг бу совуқ ўлкаларга келганига ҳадемай икки ой бўлади. Шериклари билан гўё бир оиладек бир -бирига суяниб қолишди. Илёс ҳамон ўзининг жўяли маслаҳати билан жонга оро бўлса, Самад оғир -босиқлиги-ю, ош -овқатни оғринмай тайёрлаб кетавериши билан қадрли. Ака -укалар билан ҳам анча тиллашиб қолишди. Ҳафтада бир марта шаҳарга бориб, уйга қўнғироқ қилишади. Охирги марта гаплашганида онаси кўз ёш қилиб олди.Кейин негадир ҳансираб гапира олмади. Ўша кундан буён Озоднинг кўнгли ғаш.
Ҳозир кундузги сменада ишлашяпти. Иш осонмас, юк оғирлик қилибми, ё совуққами бир ҳафтадан буён бели қаттиқ оғриб азоб бераяпти. Ҳатто аксирса ҳам оғрийди, тавба. Тағинам шериклари аҳволини кўриб , сездирмайгина ёрдам қилишади. Унча оғир бўлмаган ингичкароқ қарағай дарахтлари чиқса нимжон бўлган Виран билан Озодга суриб , тагидаги қалин дарахт танасини кўтариб ортадилар. Шунча кундан буён жони оғриса ҳам номус кучлилик қилиб ишга отланаётган эди, бугун ўрнидан ҳам қўзғала олмай қолди.
Оғир бўлса ҳам иш яхши экан. Мана шифтга қараб ётиб, хаёллари қора булут мисоли ёмон ўй гирдобида қолган. Ишқилиб, қарзларидан қутила олармикан. Лаънати онлайн қиморнинг бунчалик домига тортувчи тўр эканлигини кеч пайқадида. Машинасининг кредитини тўлаётган Моҳидил қандай кун кўраётган бўлса. Шу машина ҳам қўлдан кетдиёв, агар улар айтган муҳлатда ҳамма пулни топширмаса, фоизи ошиб уйдан ҳам айрилмаса эди. Шу икки ой мобайнида бироз пул тўплади-ю, аммо бу у топиши керак бўлган маблағнинг юздан бири ҳам эмас. Нари борса уйга кетиш билетига етади. Камида бир -икки йил ишласа керак, емаган сомсасига пул тўлаш учун.
Агар бу уйи ҳам қўлдан кетса, қариндош -уруғ, дўст- ёр, қолаверса, муштипар онасининг олдида ким деган одам бўлади.
***
Моҳидил охирги пайтда бир нарсани англади. Акаси бежиз бунақанги катта ишларни бошлаб юбормади. Камига Моҳидилга ҳамма юмушни топшириб, ўзи бошқа бизнесларига шўнғиб кетди. У синглисининг ёрини жуда қаттиқ яхши кўришини билар эди ва ҳижрон уни тамом қилишини ҳам. Ҳозир эса бир дақиқа тиними йўқ Моҳидил, баҳор келиб борлиқни яшнатган бир паллада иш билан андармон бўлиб, дарахтлар қачон яшил либосини кийиб улгурганини ҳам сезмай қолибди.
Битта энг оғриқли масала- қайнонасининг аҳволи яхши эмас. Қандли диабет қон босимдан ҳам инжиқ касаллик экан. Бирдан кўнгли бузилиб қишлоқни, у ердаги ҳовлисини, қариндош -уруғ, қўни- қўшниларини эслаб, қизларини соғиниб йиғлаб қолади. Кейин титрашга тушади. Дори -дармон қилингач, сал ўзига келган бўлади.
Ўғли билан гаплашадиган якшанбани ҳафта бўйи кутади.
Моҳидил дарсдан чиқиб, цехга югуради. Ишлар анча жадаллашиб қолди. Маҳсулотлар харидоргир бўлди,
дўконлар талашиб- тортишиб оляпти . Талабга яраша таклиф деганларидек, ишлаб чиқариш ҳажми ҳам ортди. Яна қўшимча ишчилар олишди. Юк ортувчи йигитларга Одилжон бош. Моҳидил ўзига акаси ойлик тайин қилса керак, деб ўйлаган эди. Йўқ, ишлаб чиқаришнинг етмиш фоиз ҳиссадори қилиб тайинлабди. Бу Моҳидил ўйлагандан анча кўп пул экан. Лекин бир масала бор...
Озодга цех ҳақида оғиз очмади. Оча олмади. Келса нима дер экан-а.
"Дилноза ширин кулчалари" ширинлигининг ўзига хос қадоқли ўрамлари мавжуд.Логотипи ҳамда ёрлиқ устидаги расмни биринчи куни кўриб Моҳидил ҳайрон қолди. Сурат қора қаламда чизилганга ўхшайди, лекин жуда табиий чиққан. Унда бўйни аралаш рўмол боғлаб олган Дилноза қатори қизча кўзларини юмиб, печенье тишлаб турибди. Қандайдир, инсонни ўзига тортади. Акаси анча тадбиркорликнинг ҳадисини олибди ўзиям. Болажон каналига реклама берамиз деб, нимагадир, рекламага Дилноза тушсин деб туриб олди. Куни кеча рекламанинг охирги сёмкаси бўлиб ўтди. Қақажон Дилноза эплади.
Моҳидил студентлигида ҳайдовчилик курсида ўқиб олган эди. Акаси фирма номига машина олиб синглисига топширди. Анча оғири енгил бўлди. Мактаб, фирманинг югур -югурлари, ҳужжат ишлари- ҳаммасига Моҳидил шу улови билан қатнаяпти.
Салтанат аянинг анча мазаси бўлмаганига бир ёшдан ошган Содиқжонни хусусий боғчага жойлаштирди. Ҳозир, алҳамдулиллаҳ, ҳамма -ҳаммаси яхши, аммо Озоднинг ҳар оқшом:
"Маликамизнинг қўлларидан қандай таом еймиз" деб эшикдан кириб келиши-ю, " "Пучуқ бўлсанг ҳам нега сени соғиниб қолавераман-а" деб ҳазиллашишини, болаларини от бўлиб ўйнатишини жуда -жуда қўмсайди.
27#
***
Поезд бир маромда тарақа -туруқ қилиб кетиб бораяпти. Озод олдинги сафардаги каби манзарага термулмайди. Фақат дам бадам соатига қарайди. Бетоқатлигидан чуқур -чуқур нафас олиб қўяди.
Бели оғриб, бир ҳафта хонада ётган Озод Виран ва Арианнинг муолажасидан сал енгил тортди. Бу ака -укаларнинг отаси бизнинг тил билан айтганда, синиқчи табиб бўлган экан. Озодда Мануалтерапия муолажасини қўллашди. Суякларини ҳар қисирлатганда ёш боладек додлаган одам, сал енгил тортиб, эртаси куни ўзи илтимос қилиб турибдида. Бало экан, бу қоравойлар. Шундай қилиб, яна шерикларининг ёнига ишга қайтган эди. Кеча телефон қилгани шаҳарга тушди. Ҳарчанд телефон қилиб ҳам Моҳидилнинг рақамига туша олмади. Кейин укаси Одилжонга қўнғироқ қилган эди, кап -катта йигит дўриллаб йиғласа жон- пони чиқиб кетди. Айтишига кўра онаси қаттиқ ётиб қолибди. Жонлантириш бўлимида экан. Моҳидилдан бошқа ҳеч кимни қўйишмаётган экан. Опалари ҳам шифохона эшигида " дод" деб ўтиришган экан. Бири олиб бири қўйиб йиғлайди. Қани ўша дамда қанотлари бўлса-ю, бир умр камтарона яшаган, ҳеч нарса таъма қилмаган мунисгинасининг бағрига бош қўйиб, барча етказган азоблари-ю, уқубатлари учун кечирим сўраса..волидасидан. Шу ўй-хаёллар қалбидан кечиб ёнидаги йўловчилардан ҳам уялмай ҳиқиллаб йиғлаб, чўнтагидан рўмолчасини чиқариб иккала кўзига бирдай босди.
Яна узун, қор билан қопланган йўлга тикилади. Ён чўнтагидан Олег амакининг манзили ёзилган қоғозга бир кўз ташлаб, яна солиб қўйди. Ярославль вокзалида тушиб, тўғри уникига боради.Ярим тунда етиб борар экан Ярославьга.Тонггача вокзалда ўтиргандан кўра бориб, инсон сифатида миннатдорчилик билдириб, кейин самолётга ўтириб уйга учади.
У тунги соат 3да вокзалга келиб тушди. Интернетдан кўрди Тошкентга рейс тонгги ўнда экан. Ташқарида турган таксичилардан бири ўзбек экан. Манзилни тушунтириб, йўл ҳақига тортишмади.
Олег амаки ўтган сафаргидай итлари қуршовида чиқиб келди. Аввал танимайроқ турди-да, кейин, "Узбек" деб шодон қичқириб юборди.
Чой устида Олег амакига қайта -
қайта миннатдорчилик билдирган Озодга "эээ"
деб қўл силтаб қўйган чол, ундан бемаҳал йўлга чиқиш сабабини сўради. Озод бошидан ўтказган кунларини гоҳ хўрсиниб, гоҳ кулиб гапириб берди. Чол ўйланиб ўтириб, бирдан у билан бирга Ўзбекистонга боришини эълон қилди. Ота -онасининг қабрини зиёрат қилиб келмоқчилигини айтиб, чаққонлик билан кийимларини ҳозирлашга киришиб кетди. Кимларгадир телефон қилиб, билетни ҳам бир зумда ҳал қилди, чоли тушмагур.
Икковлон эрталабдан аеропортга етиб келишди.
28#
***
Ҳамиша болаларига " мен яхшиман " дейдиган Салтанат ая фарзандларини росмана қўрқитиб юборди. Туш пайти эди. Ўзидан ўзи юраги липпиллаб -липиллаб қўяди. Бир қараса шу муштдеккина юрак- худди сувда сузиб юргандек бўлади-ю, кейин бола пайти арғимчоқ учгандагидек шувиллаб товонига тушгандай бўлади. Аксига олиб, уйда ҳеч ким йўқ. Бир амаллаб, ўрнидан туриб, корвалолдан йигирма томчи ичди. Баттар беҳол бўлди. Негадир, уйқу босаётганга ўхшайди. Кейин юрагини ваҳима
чулғаб, қўшни келинчакнинг эшигигини ҳолсизгина тақиллатди.
Кўзини очса, муздек хона. Жим -житлик. Қандайдир аппаратлар уланган. Оёқ томонида йиғидан кўзлари шишиб кетган Моҳидил бошини эгиб ўтирибди. У ҳолсиз-у, аммо келинига қараб, ич -ичидан дуо қилди. Бу қандай ҳилқат экан-а унинг бор-у йўғига кўнган. Бир умр кўзига тик боқмаган. Келин бўлиб келганидан буён эрини пир даражасида эъзозлаган, қайин бўйинларининг хизматини пойи-патак бўлиб қилган. Қайси иши Аллоҳга ёқиб, бу малакни унинг хонадонига юборган экан-а. Эсида, Моҳидил янги келин маҳали шкафдаги кирларни тахлаётиб соддаларча: -Ойижон, атиги иккитагина кийимингиз борми, -деб ўзига ачиниш билан қараб, -Ўзим ишга кирсам сизга кўп кўйлак олиб бераман, -томоғига бармоғини қилич қилиб, -Мана шунча, -деган эди. Салтанат тиззасига уриб кулса у эса ҳиқиллаб йиғлаган эди. Ростан ҳам ишга тушиб, биринчи ойлигига чиройли кўйлак билан, ўша пайтлар урф бўлган, улар "эринка" деб атайдиган шиппак кўтариб келиб, кийгизиб роса расмга олган, ўзининг ишидан ўзи қувониб, завқланган эди.
Салтанат аянинг кўзларидан икки томчи ёш сизиб чиқди. Ётган жойида ичидан дуо қилди: "Аллоҳим, шу беғуборгина болам, ўғлим билан қўша қарисин, илоҳим ўзига ўхшаган келинлар суйсин. Розиман..."
29#
***
Стюардесса қизнинг
" Ўзбекистон диёрига хуш келибсиз, "деган хитобини эшитган Озоднинг юраги хапқириб кетди. Қараса, Олег амакининг ҳам кўзларида ёш.
Назорат пунктларидан ўтиб, аеропортдан чиққан Озод билан чол бир -бирига қараб кулиб юборди. Улар қулоқчинларини бостириб, шарфини қалин курткасининг устидан тушириб олган бир дамда, атрофдагилар енги калта кийимларда эди. Тошкент осмони тип-тиниқ мовий эди. Атроф яшилга бурканиб яшнаган. Наврўз байрами ўтган бўлишига қарамай, байрам ёрлиқлари ҳамон осиғлиқ турарди.
Озод Олег амакига аввал унинг хонадонида меҳмон бўлишини, сўнг, бирга Ангренга боришни таклиф қилди. Олег амаки, кескин бош чайқаб, аввал ота -онасининг қабрини зиёрат қилишини, сўнг, агар манзил берса, ўзи унинг уйини топиб боришини айтиб, шу ерда хайрлашди.
Озод Моҳидилга қўнғироқ қилиб, тўғри онаси ётган касалхонага кириб борди.
Онасини бугун умумий палатага олишибди. Ранги кетиб қолибди-я волидасининг. Озод шунча кундан буён кўрган кечирганлари ёдига тушибми, онасининг бир бурда бўлиб қолган рангпаргина сиймосини кўриб, қийнаган айбдорлик ҳиссими, муштипаргинасининг қўлларини ўпиб, кўзларига суртиб силкиниб -силкиниб йиғлади.
Доктор кириб танбеҳ бериб олиб чиқиб кетди.
У шифохона йўлагида турар экан, шунча тентираб, бирорта муаммосини ҳал қилмай, шўппайиб келганига бир эзилса, бу кўргуликларнинг барчасида ўзини айблаб баттар сиқиларди.
Озод бу кеча онасининг ёнида қолди. Кеч ораси Дилноза ва Содиқжонни олиб Моҳидил келди. Яна бироз кўз ёш қилишди. Содиқжон бегонасираб турди, аммо Дилноза бўйнидан қаттиқ қучиб, қўйиб юбормайди.
Шундай қилиб икки кун онасининг олдида қолиб кетган Озод, қайтиш билетини олиши керак эди, ишдагиларга бир ҳафтада келаман деганди. Йўлнинг ўзига уч кун сарф бўлади. Ҳали Моҳидил билан тузук -қуруқ гаплаша олмади ҳам.
Уйга келиб, қўшнидан калитни олди, аввалги одати бўйича музлаткични очди. Ичи ноз-неъматларга тўла эди.Ҳайрон бўлиб, бошини қашиб турди.
Моҳидил ишга кетган шекилли,
қозонга қайнатма солиб кетибди. Шифохонага олиб борса керак.
Шу пайт эшик устма-уст тақиллади. Юраги қинидан чиқай деди. Қарзини сўраб келишди, аниқ...
Нима қилишини билмай турган эди, эшикни ташқаридан баттар зарб билан уришди . Очса, не кўз билан кўрсинки, Олег амаки турибди.
Озодга қараб:
--Ухлаб қолди, -деди.
Озод қувониб, чолни қучоқлаб олди. Онаси болалигида ўргатгандек, дарров янги духоба кўрпача солди.
Чол уёқ-буёққа назар солиб:
-Ҳеч ким йўқ, -деди
Озод бош силкиди. Олег амаки айни муддао дегандек, дастурхон тузаётган Озодга:
-Бунга кел, -деди. Ҳалидан буён қучоқлаб ўтирган қора пакетини хонтахтанинг устига қўйди.
-Бу-сенга. Бунда тўқсон минг доллар бор. Ангрендаги ҳовлини сотдим. Менга энди пул нима кирак. Болаларим китди, всё. Это менинг отам онам номидан ўзбек халқига раҳмат. Улар до ўлгунча ўзбек яхши народ деди. Это тебя тушунди мен, -деди анграйиб қолган Озодга қараб.
-Ол, ол ҳар йили если можно, сеникига бир марта келиб тураман. Ташкентни немогу эсламай. Хўп -деди, -кейин карахт ўтирган Озодга қараб:
-Эй, чего ты, ну тез проблемаларингни решат қил, и никуда кетма. Тушунди. Ўзбекистондан кетма, -деди.
30#
***
Осмон бунчалар тиниқ бўлмаса, ҳаёт нақадар тотли. Озод Олег амаки билан қучоқлашиб хайрлашар экан, энг аввало,
ўзини бу азобга қўйган фирибгарлар билан учрашиб, "қарз" бўлган ўша ўттиз минг долларни берди ва уларнинг гаражида турган машинасини олиб чиқди.
Уловини елдириб, қишлоғига кириб борди ва ўзи бир пайтлар ялиниб, уйини сотгани Акромбойнинг эшигини қоқди. Унга вазиятни тушунтириб, онаси шу қишлоғига ичикиб, бетоб бўлиб қолганини айтиб, сотган пулидан ортиқ нархни айтди. Акромбой ҳам кўна қолди.
Озод янаям, тезкорлик билан ҳаракат қилиб, опаларини чақирди. Жиянлари-ю опалари бир бўлиб, болалиги ўтган бу гўшани оқлаб -кўклаб файз киритишди.
Ишини якунлай ҳам деб қолган эди, қайноғаси Шамшод келиб қолди. Ишларни кўриб "қойил" бағрига босди, Озодни. Кейин салмоқлаб гап бошлади:
-Менимча, Моҳидил сизга индамаган, мен шаҳардан ширинлик цехи очган эдим. Сиз йўқсиз, Моҳидилдан ёрдам сўрадим. Синглим бало, цех гуллаб -яшнаб кетса денг. Шу агар сиз рози бўлсангиз шу иш давом этаверса, Одилжоннинг ҳам қўли келиб қолди, -деб, анграйиб турган Озодга термулди.
Озод нимагадир шу онда ўзи ҳеч ёзилиб гаплашмагани шу одамга дилини ёргиси келди.
Бошидан кечирган барча кўргуликларини эртакдай равон сўзлаб берди. Ўзини диққат билан эшитаётган Шамшодга қараб:
-Шунақа ака... -деди.
Шамшод Озоднинг елкасига қўл ташлаб:
-Биласизми, барча муаммоларингиз кутилмаган тарзда бундай ечим топишининг сири нимада? Сиз бошидаёқ Моҳидилга бойлиги учун эмас, соф муҳаббатингиз сабаб уйлангансиз. Ҳамма нарсага ўзим эришаман деб, ҳожатингизни Аллоҳдан сўрагансиз. Сизнинг ниятингиз яхши эди. Мана ижобати. Ғойибидан берди, Эгам, -деди. Озод ҳам ўзи билмаган ҳақиқатнинг ечимни эшитиб, лол бўлиб қолди. Шамшод айни ҳақиқатни айтган эди.
Онасининг касалхонадан чиқиши байрам бўлиб кетди. Шифохонадан тўғри қишлоқдаги уйига олиб кетаётган Озодни қучиб, бирам йиғлади-ей. Қўшнилари-ю, қариндошлари қуршовида ўғлини алқаб дуо қилди.
Моҳидил қишлоққа келиб, янги келиндек яшнаб кетди, ўзиям. Озод хотини у ёққа ўтсаям гап отади, буёққа ўтсаям ҳазиллашади.
Ҳаммалари йиғилганда Озод тантанали равишда:
-Шу уйга Одилжонни уйлантирамиз, -деди.
Одилжон қизариб -бўзариб турдида-янгасига шивирлади:
-Малика бу томонларга келармикан!?
Моҳидил ҳам кулиб:
-Шундоқ йигит таклиф қилади-ю келмайдими, -деди.
Бошқалар ҳам ҳазил -ҳузул қилиб йигитни бироз уялтиришди.
Шу пайт Дилноза ғингшиб туриб отасига қараб:
-Дадажон, ухлаб қолсам, қуёш ботса, кетиб қолмайсизми?-деди.
Озод ўзига тикилиб турган қора кўзларга бир- бир боқиб, сўнг бошини ҳам қилиб ўтирган онасига бир қараб қўйди сўнг:
-Йўқ, болам, ухлаганингда кетмайман, сал қолибди қуёшим ботишига, ғафлатда қолай дебман. Сен бехавотир ухла, олтиним, мен ёнингдаман,- сўнг қўшиб қўйди, -Бундай жаннатмакон ўлкадан айирмасин, ҳеч қачон.
Тугади.
02.02.2025
21.38 Тошкент.
Ўқиганлардан ва дуо қилганлардан Аллоҳ рози бўлсин.
#Ўз_ҳикоя
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 20