2-қисм.
Муаллиф: #Мафтуна_Абдуллаева.
🌹🌹🌹
Ҳабиб туғилган кундан қайтиб келганларидан кейин одатича ухлашдан олдин бир оз тоза ҳавода сайр қилди. сентабрнинг бир оз салқинлаган оқшоми унга хуш ёқарди. Ҳаёли Гулниҳолга кетди. Жуда яхши қиз экан. Уни бир икки ҳафтада буткул билиб олгандек. Чунки кўп кузатяпти.
Унинг виждони бир қизни ҳаётини барбод қилганини кўтара олмаётганди. Қизга ҳозир қилганидан кўпроқ нарсалар қилишни истарди. Гулниҳолга Бурхон айтгандек асли "ушанақа" эмаслигини дарров сезди. Ўз вазифасига ниҳоятда киришиб кетганди. Ишда аёл эркак эмас, фақат ходимларни биларди. Гўзал янги котибага қизиққанлар ҳам дарҳол топилди. Лекин Замирани айтишича, "биттада паттасини берибди". Ишдан чиқиб уйига шошади доим. Укаси мактабдан кейин уйида ёлғиз ўтирар экан. Дам олиш кунлари болакайни айлантиргани олиб чиқди, икки ҳафта ҳам. Ҳабиб уни кулишига эътибор берди. Жуда ҳазин... Буни сабабчиси деб ўзини кўрган йигит, ўзини ёмон кўриб кетади...
- Нега ухламаяпсан?- буваси келганини пайқамай ҳам қолибди Ҳабиб.
- Ўзим. Бир оз тоза ҳавода айланмоқчи эдим.
- Оҳирги пайтлар ўзгариб қолдинг.
- Ишлар бир оз кўпайиб кетди.
- Сенда ҳеч қачон иш кам бўлмаган. Ҳатто талабалик пайтинг ҳам ишлардинг.
Ҳабиб жилмайди.
- Маҳзуна, онанг ва келинойинг келин излашни бошлашди. Агар ростдан кўнглингга ёққани бўлмаса, уларга қўйиб бераман қиз топишни. Бурхонни юрган қизларига ишонч йўқ. Шунинг учун иккинкизга ҳам мос қизни улар топишади.
Ҳабиб жавоб ўрнига сукут қилди. Аслида эса ҳали уйланиш нияти йўқ эди. Оҳирги воқеадан кейин бир оз вақт ўтгани маъқул эди унга. "Балки тўй қилиб уйланарсан ҳам?!" Бурхонни гаплари эсига тушиб кетди. Ким билсин агар оиласидагилар бунга тиш~тирноғи билан қарши бўлишини аниқ билмаганда, шундай ҳам қилармиди. Лекин уларни оиласи холаси айтганидек "ҳар қандай оддий оила эмас"
🌹🌹🌹
Самина ўқишга келиб, университет дарвозасига етиб келганида унга онасидан қўнғироқ келди.
-Алё.
- Самина, бугун учрашувинг бор, эсингдами?
- Оббо... Ойи мен сизга танимаган одамимга тегмайман деб айтдим~ку.
- Самина, биз бу ҳақида бир ҳафтадан бери гаплашамиз. Мавзу ёпилган. Йигит сени ***да кутади.
- Уффф.
- Айтиб қўяй, тугилган кунинг арафаси бўлгани учун бошида индамадим. Энди байрам ўтди. Шу йигитга тегасан. Оиласи бизга мос. Сенга нима керак яна.
- Мендан етти ёш катта!
- Бўлди гап тамом.
Саминани кайфияти тушиб кетди. Ғазаб билан машинасини бир тепди.
- Барибир тегмайман. Ўша Бакрга.
🌹🌹🌹
- Бугун бирон жойда айланайлик,- деди Олия дарсдан чиққанларида Саминани қўлтиқлаб.
- Афсуски, учрашувим бор,- лабини бурди қиз.
- Йўғей, эрга тегмоқчимисан?!
- Ҳа, ахир 20 ёшдаман. Қариб қоляпман,- ғазаб билан лабини чўччайтирди қиз.
Олия қизни аччиғи чиқиб турганини кўриб ортиқча гапирмади. Саҳифаси учун чиройли расм олиш учун машинаси ва университет кўриниб турадиган ракурсда ўзини суратга олди.
🌹🌹🌹
- Хуш келибсиз,- Самина қаршисидаги ишбилармонқиёфа йигитга ўлганини кунидан салом берди,- бу гул сизга.
Самина яхшигина нархланадиган букетни кўриб, ҳиёл юмшади.
- Ўтиринг.
Самина кибр билан сурилган стулга ўтирди.
🌹🌹🌹
Гулниҳол Замира билан жуда қадрдон бўлиб кетди. Замира иккинчи фарзандини дунёга келтираётган экан. У киришимли ва тартибли аёл бўлгани учун Ҳабиб жуда қадрларди. Ёшлари тенг экан.
- Бошлиғимизни уйлантириш ҳаракати бошланган. Онаси жуда кибрли аёл, холаси эса ғирт чаён. Уларни келиб қолса, эҳтиёт бўлиб гаплашишинг керак.
- Ҳўп бўлади.
- Жуда ширин қиз экан. Йигитинг борми?- кўзини қисди Замира.
Гулниҳол нима дейишини билмай довдираб қолди.
🌹🌹🌹
Бурхон Гулниҳолни офисда кўриб, бир ҳаёли аммасига айтиб ҳам бермоқчи бўлди. Кейин фикридан қайтди. У Ҳабибни жуда яхши билади. Гулниҳолга ўхшаган қизлар унга ёқади. Олдида айбдор экани~ку, баттар қизга яқинлаштиради. Умрида муносиб набира бўлиш учун бош кўтариб, атрофга қарамаган бола, ҳаётидаги биринчи қизни севиб қолса ажаб эмас. Ҳабиб жаноблари севиб қолса бутун дунёга қарши чиқа олса керак. Ана ўшанда унга ишонганларни ҳолини тамоша қилиш керак.
Бурхон тиржайиб қўйди. Уни буюк ҳаёлларини телефонини қўнғироғи бузди.
-Алё.
- Салом, жоним.
- Иее, Сулҳида. Ўзингми, нечук йўқлаб қолибсан.
- Войбў. Қўнғироқ қилмайми?
- Энди айтаманда, юзимга тарсаки тортиб муносабатларимизга чек қўйгандинг.
- Мана энди узр сўраб, қайта тиклайманда. Акам билиб қолганди~да. Акамни биласиз~у, рашки ёмон. Ўзингиз ҳам совчи жўнатинг десам, ҳаялладингизда.
Бурхонни оғзини таноби қочди. Сулҳидани отасини обрўйи ҳам шаҳарда чакана эмас. Мана тайёр келин, бувасига.
🌹🌹🌹
Қоп~қора кийинган аёл сокин юриб, кўп қаватли уйларни тўртинчи қаватига кўтарила бошлади. У доим шундай қилади. Ҳеч қачон лифтдан чиқмайди. Чунки бу зиналарни ҳар бирида унинг оғир~оғир хотиралари бор. Аёл уларни унитишни истамайди.
Калити билан эшикни очиб кириб, икки хонали ҳаробгина бўлиб қолган уйни ҳудди биринчи марта кўраётгандек кўздан кечиради. Уйда анчадан бери одам истиқомат қилмаган. Бу ерда бир неча йиллардан бери адоват яшайди. Фаёзанинг ҳазон бўлган орзуларини руҳи кезиб юради.
- Ҳали ҳаммаси учун бадал тўлайсизлар,- пичирлади аёл,- сен ҳам Артём, сен ҳам Машҳура! Жуда оз қолди. Ҳар битта тўккан кўз ёшим учун бирма~бир жавоб берасанлар.
🌹🌹🌹
Ҳабибни боши негадир эрталабдан оғриб кела бошлади. Ўзини шунча иш билан чалғитишга уринмасин бўлмади. Котибасини чақирди.
- Замира қараб юборинг.
Зум ўтмай Гулниҳол кириб келди.
- Замира опам йўқ эди... Бирон нарса керакми?
- Менга бош оғриқ дори олиб келинг,- Ҳабиб ҳар доимгидек қиздан нигоҳини олиб қочди.
- Ҳўп бўлади.
Ҳабиб бошини чеккаларини уқалади. Гулниҳол қўлида сув ва дори билан кириб келди.
- Яна бирон нарса керакми?
- Йўқ. Бораверинг.
- Ҳўп бўлади.
Ҳабиб уни ортидан қараб қолар экан уҳҳ тортиб қўйди. Бошини орқага ташлаб кўзларини юмди. Кўз олдига қонга беланиб ётган қиз келди. Яхши ҳам қиз жонига қасд қилиши билан кўриб қолган. Бўлмаса... Қотил бўлиб яшаш унинг принципларига тўғри келмасди. Ҳозир ҳам Гулниҳолни маъюс бўлиб юрадиган чеҳрасига қараб виждони қийналади. Кеча хонасидан чиқиб, Гулниҳолга нималарнидир кулиб гапираётган кадрлар бўлимида ишлайдиган Аббосни кўриб, негадир жаҳли чиқди.
- Иш вақтида нега бу ердасиз?!
Бошлиқни қаҳрли нигоҳини кўриб иккиси ҳам бесарамжон бўлди. Гулниҳол қизариб кетди. Боши қуйи эгилди. Аббос минғирлаб ниманидир сўради... Ҳабиб эса... У қаттиқ асабийлашди. Агар ўша тун бўлмаганда, Гулниҳол шу Аббосга ўхшаган биронта ўзига мос йигитга турмушга чиққан бўларди. Бахтини топарди... Ҳабиб ҳам уйдагилари топаётган биронта қизга уйланишга розилик берган бўларди. Айбдор кўнгли, сира уйланишга бўй бергиси келмаяпти.
Ҳабиб жиринглаётган телефонга кўз қирини ташлади. Холаси.
- Оббо буларни дарди мен бўлиб қолдим,- деди кўтаргиси келмай.
🌹🌹🌹
- Ростдан унаштирувинг бўлар эканми?- Олия дарсда ҳам ҳаёл суриб ўтирган дугонасини туртди.
- Ҳа. Бизда тўйлар мавсуми. Акаларимни ҳам унаштиришмоқчи.
- Акаларингни?!
- Ҳа, Ҳабиб акам билан Бурхон акамни.
- Бекжончи.
- Вой у ҳали ёш~ку. Мендан бир ёш катта бор~йўғи. Ундан кейин уни бу ерга қайтиш нияти йўқ.
- Йигитни сенга нимаси ёқмаяпти?
- Оиламизга жуда мос. Ота~онаси вафот этгани билан, амакиси қўлида катта бўлган. Ҳозир отасини улушини ўзи мустақил бошқарар экан.
- Хўш...
- Мен бошқачароқ бўлишини истагандим барини,- деди Самина ўғринча олд қатордаги Имронга қараб қўйиб.
- Шунчаки бунга сен учун вақт қолдиришмади.
- Ҳа.
Самина ҳўрсинди. Кўнгил қўйган инсони бўлгани билан, у биринчи қадам ташламаса, ўзи севги изҳор қилмайди~ку. Билади Имронни унда кўнгли боп. Фақат юрак ютиб изҳор этолмаяпти. Балки оилалари ораларидаги фарқ бунга сабаб бўлгандир. Ахир у ўзига тўқ хонадон бўлгани билан, Аҳрор Зоировичга тенг келадиган оила фарзанди эмас. Лекин Самина бойвачча йигитлардан кўра уни афзал билган бўларди.
🌹🌹🌹
Гулниҳол биринчи маошини олиб уйига хурсанд кириб келар экан, бинога киришда холасини кўриб, тўхтаб қолди.
- Вой, Гули,- афтидан у ҳам қизни тасодифан кўриб қолди,- яхши юрибсанми? Қаерларга кетиб қолдингга?!
- Бу ерда нима қиляпсиз Ҳуррият хола?
Гулниҳол ўшанда бўлган воқеани эслаб эти жунжикди. Ҳуррият яшашимизга каттароқ пул керак деб бир ҳафтача минғирлаб юрди. Кейин Гулниҳолни "текинхўр" укасини болалар уйига топшириш ҳақида шарт қўйди. Укасига ўралашиб яхши пул топа олмаётган экан. Қиз бу ишни ўлса ҳам қилмаслигини биларди. Буларни ҳаммаси сув олдига банд ташлаш бўлди... Кейин бир чиркин таклиф берди. Пули анчагина деди. Ўшанда шунча йилдан бери сабр қилаётган қиз портлади. Ораларида катта жанжал келиб чиқди.
Гулниҳол холаси ўшанда нега ҳайдаб солмаганини ҳозир яхши англаб олди. Ниятидан қайтмай, усулини ўзгартирган бу жодугар. Нияти амалга ошди ҳам... Гулниҳолни қўллари мушт бўлди.
- Холанг билан ҳам шундай гаплашасанми?- Ҳуррият сунъий чизилган қошини ўйнатди. Кейин шу атрофдаги дўкончадан нарса олиб келаётган эркакка бир қараб пичирлади,- шаҳар битта сеники бўлмаса керак...
Тез ~тез юриб жиянидан узоқлашиб, эркакни олдига бориб, уни қўлидан~қўлини ўтказиб олди.
Гулниҳолни кўзига бу одам таниш кўринди... Ким эди?... Эслади, тунов кун қўшниси Ксения холани уйига келганди бу одам. Иккиси уришиб қолиб, аёл уни ҳайдаб солганди. Қиз зинадан кўтарилиб келаётгани учун бу ғалвага гувоҳ бўлиб қолганди. Тортишувга сабаб пул эди. Гап мазмунидан аёл бу эркакни асраб олган экан... Булар қандай топишиб олган бўлса.
🌹🌹🌹
Ҳабиб кеча онаси ва бувасини қаттиқ қистови билан улар кўрсатган қиз билан учрашишга розилик берди.
- Тавба, қиз боладек ноз қиласан,- деди онаси қовоқ уйиб.
- Ойи, ҳаёт бизнес эмас, ёқмаган шартномани бузиб, йўлни давом эттираверсам. Бу қизни кўргандим, Саминани туғилган кунида. Ва менга қиз бола сифатида яхши таассурот қолдирмаган.
- Майли аввал яхшироқ таниб ол. Балки ёқиб қолар. Ёқмаган жойини ўзинг тўғирлайсан,- буваси бир~икки йўталиб олиб, гапга қўшилди.
- Ҳўп. Лекин бу тўйга розиман дегани эмас,- деди Ҳабиб бир оз асабийлашиб.
Ҳозир ҳам, яна бир огоҳлантиришдан кейин йўлга тушди. Хонасидан чиқиши билан Гулниҳол ўрнидан турди. У бугун сочларини қулоқлари орқасидан бир тутамини қистириб қўйиб, қолганини ёйиб қўйганди. Оппоқ кофта, ва қора костюм~шим унга жуда ярашиб турарди. Ҳабиб бир он ундан кўз узолмай қараб қолди. Қиз эса бирон ишни нотўғри қилдим шекилли деб тараддудланиб қолди.
- Замира қани?- деди ўзини қўлга олган Ҳабиб.
- Тоза ҳавога чиққанди. Бирон нарса керакми?
- Йўқ. Мен бирон соатларда қайтаман.
- Хўп. Замирага айтинг, янги бино қурилиши бўйича Самир қилиб чиққан ҳисоб китобини тайёрлаб олиб киришини тайинласин. Эрта жойни ўзим кўргани бораман. Унгача аниқ~ҳисоб китоб қўлимда бўлсин. Кейин бош ҳисобчига ҳам берган топшириқларимни ҳам тушдан кейин оламан.
- Ҳўп бўлади.
Ҳабиб қизни ҳамма гапни эслаб қолиш учун диққат билан тикилиб туришидан беихтиёр жилмайди.
- Майли мен кетдим,- деди кейин ўз қилиғидан койиниб. Кейин яна бир нарса ёдига тушиб, қайрилди,- бир соатдан кейин телефон қилиб "муҳим мажлис ҳақида" эслатасиз,- деди.
- Мажлис... Қандай мажлис,- тушунмади қиз.
- Замирага айтинг. Ўзи билади.
Қизни ажабланиб туришига маҳлиё бўлмаслик учун қадамини тезлатди.
Машинасига ўтиргунча ғалати бир ҳис билан мияси чалғиб турганди. Кейин қаёққа бориши кераклиги ёдига тушиб, ҳўмрайди.
- Исми нима эди,- деди оччиққина кийинган Саминани дугонасини кўз олдидан ўтказиб,- гул ҳам олиш керак... Уффф... Нима кераги бор эди шуни...
Ҳабибни кайфияти тушди. Онаси билан дидлари умуман тўғри келмаслигига яна бир бор амин бўлди.
🌹🌹🌹
- Саломейкўм...
Ҳабиб кийган кийими бу гал дуруст бўлсада, юзидаги "шпакловка" си ёқмаган қиздан, иккинчи ёмон таассурот олди. Гапириши ёқмади. Оддий таниш сифатида Саминани туғилган кунида эътибор бермаганди. Аммо қизни жуда нозланиб гапиришига ғаши келди. Балки расмий давраларда юравериб, қулоғи ўрганмаганми?
- Ваалайкум ассалом,- аммо одатича ҳисларини юзига чиқармай ўтиришга таклиф қилди. Кўз қири билан секин соатга кўз ташлади...
🌹🌹🌹
Машҳура опа тирноқларига қараб, Олияни холаси билан телефонда гаплашарди.
- Ҳиммм. Шунақа де. Кетиб қолибдими дарров.
- Ҳа~да дугонажон. Оля "мени менсимаганими бу" деяпти.
- Айтган эдим~ку, ўғлим фақат иш билан юрадиган одам деб. Бошидан ўргангани маъқул.
- Биламан. Лекин жияним бутунлай бошқа таассурот билан чиқиб, бутунлай бошқаси билан кириб келди. Ҳозирдан мендан мажлисни афзал биляпти, бир умр эътибор кутиб ўтаманми деяпти.
- Майли мен бир ўғлим билан гаплашиб кўрайчи.
Машҳура опа телефонни ўчириб қовоқларини уйди. "Бу бола кимга ўхшаган тавба. Отасини аёлларга суяги йўқ эди. Укам ҳам қизлар деса 32 та тишини кўрсатиб тиржаярди. Бу кишимга рўмолли қизлар ёқармиш". Кейин синглисини гапи ёдига тушди. "Ростдан уни яхши билмайман" деб қўйди ўзига~ўзи.
Кейин соатига қаради. Сартарошга борадиган вақти бўлибди. Ҳайдовчига тайёр бўлишни тайинлаб кийингани кириб кетди. Машҳура опа ярим соатлардан кейин чиқиб кетар экан. Ҳаёли ўғлини муаммоси билан банд эди. Ёнларидан ўтиб кетаётган машинадаги қоп~қора кийинган, қора кўзойнак таққан аёл, нафрат билан қараб кетганини пайқамади ҳам.
🌹🌹🌹
- Қайтамизми Фаёза хоним,- қора кийимли аёл, рақибаси салонга кириб кетгач ҳам бир қанча вақт изидан термулиб қолди.
- Ҳа, ҳайда уйга.
Аёл қовоқларини уйганча ўтмиш хотираларига шўнғиди.
Бир пайтлар у бунақа кийиниб, доим қовоқ солиб юрмасди. Шўх~шодон, бир гапириб ўн куладиган қиз эди. Ҳаётни севарди... Кейин Артёмни севди. Фаёза етимхонада катта бўлган қиз эди. Ота-онаси кимлигини билмасди. 18 ёшдан кейин катта ҳаётга учирма бўлиб, тўғри Артёмни қўлига тушди. Онасига тортиб кетган оппоқ юзли, мовий кўзли бу йигит, қизни ҳаёлини буткул банд этди. Бунинг устига бой. Дугоналари бошида огоҳлантирди. "Уни оиласи сени келин қилмайди, ўзингни ўзинг абгор қилма" дея. Аммо Фаёзани ҳар қандай шубҳасини, Артёмнинг биргина табассуми тарқатиб юборарди.
Артём барибир уйланишини кўп бора айтарди. Қизни ишонтирарди. Фаёза унга шу қадар ишондики, йигит олиб берган квартирага яшашга ҳам кўнди...
Ўша куни ёмғир ёғиб турарди. Фаёза хонадошлари билан уришиб қолди. Қаттиқ тортишишди. Қиз жаҳл билан кўчага чиқиб кетди. Кейин Артёмга қўнғироқ қилди.
- Ҳа, тинчликми?- йиғлаётган овоздан йигитни ҳавотирланди.
- Келиб мени олиб кетинг. Илтимос!
- Қаердасан? Беш дақиқада бораман.
Артём ростдан беш дақиқада етиб келди. Квартирасига олиб кетди. Уст-боши ёмғирда ҳўл бўлган қизни кўзларига севги билан боқиб турган йигит, аста тугмаларига қўл чўзди.
- Нима қиляпсиз?
- Шамоллаб қоласан...
Фаёза хоним кўп ўйлайди. Агар ўша тун бўлмаганда, у йигитни эртаси куни бошқасига унаштирилганини эшитган бўларди! Балки бошқача йўл тутарди... Аммо, ўша тун нафақат қизни, балки яна қанча ~қанча инсонларни тақдирини ўзгартириб юборди.
🌹🌹🌹
- Хўш менга бирон изоҳ бермоқчимиса?- Машҳура опа кутилмаганда ўғлини офисига кириб келиб, уни сўроққа тутди.
- Қайси масалада,- гўзаллик салонидан янада очилиб келган, онасини бенуқсон юзига тикилди Ҳабиб.
- Оля масаласида.
- Қандай тушинтириш беришим керак. Учраш дедингиз учрашдим.
- Олдида қанча ўтирдинг.
- Қорни тўйгунча,- тиржайди Ҳабиб. Аммо Машҳура опа бу ҳазилга кулмади.
- Ҳабиб!
- Ойи, мен у қизга тўғри келмайман. Оля бутунлай бошқа олам. Унақа қизларга романтик, сўзамол, ҳазилкаш йигитлар ёқади. Менга ўхшаб ишдан бош кўтармаган йигит уни кўнглини ололмайди.
- Сен Оляга ёққан эдинг.
- Мен уни қўғирчоғи эмасман, ойи. У ҳоҳлаганда ёнида олиб юрадиган....
- Войбў, қизлар борасида мутахассисман де,- чимирилди она.
- Мен одамларни яхши ажратаман. Фақат қизларни эмас. Тўйдан кейинги ҳаётим, "менга вақт ажратмаяпсиз" деган ҳарҳаша билан ўтишини ҳоҳламайман.
Машҳура опа ўғлига тикилиб туриб ғалати бўлиб кетди. Маҳзуна ҳақ, у отасига жуда ўхшайди! Ҳозир қаршисида, бундан анча йиллар аввалги Артём ўтирибди гўё. Иккисини ўртасида шу масалада кўп тортишув бўларди. Артём ҳар доим ундан вақтини қизғанарди... Бошқа биттаси учун...
- Майли ўзинг биласан,- ўтмишни эслатиб юборган бу ҳолат Машҳура опага ёқмади,- сени ишдан қўймай.
- Ойи, хафа бўлдингизми?- Ҳабиб ҳам ўрнидан турди,- мен...
- Сени тушундим, Ҳабиб. Шунчаки бир жойга боришим керак экани ёдимга тушди.
- Ишингиз бормиди? Балки бирга овқатланармиз деб ўйлагандим.
- Бошқа сафар.... Ҳа, Оля масаласида... Ҳеч ким учун ўзингни қурбон қилишга мажбур эмассан,- Машҳура опа бу гапларни ҳозир ҳислари чалкашиб тургани учун айтиб юборди.
Аслида ўзи ҳам, қизи ҳам, ўғли ҳам жамият қоидалари асосида яшашлари керак эканини яхши биларди. Бой бойга боқар, сув сойга оқар...
Ҳабиб эса барибир онамни ҳафа қилиб қўйдим деб ўйлади. Кўпда меҳр бермасада, у онасини ёнида ўзини енгил ҳис этарди.
Эшикни қоқилиши ҳаёлини бўлгунча онаси чиққан эшикка қараб ўтираверди.
- Киринг,- деди кейин ҳаёлини йиғиб.
- Сўраган нарсаларингиз,- Гулниҳол кириб келди. Замира оҳирги пайтлар фақат қизни жўнатарди бирон нарса керак бўлса.
- Яхши. Беринг.
- Яна бирон нарса керакми?
- Йўқ. Замира келганми?
- Ҳа.
- Ўзингиз ҳам анча ўрганиб қолдингизми?- Ҳабиб қизни чиройли юзига тикилиб, гапга солгиси келди.
- Ҳа. Замира опам, яна бирдан кейин ҳаммасини ўзингиз эплаб кетасиз деяпти,- Гулниҳол бошлиқ сўровидан озроқ довдиради. Бирон камчиликка йўл қўйдимикин.
- Унда яхши. Боришингиз мумкин.
🌹🌹🌹
Самина тантанали ўтган унаштирув маросимидан бери, бирон марта ҳатто қўнғироқ қилмаган, Абубакр қаршисидан чиққанида бир оз ажабланди.
- Бу ерда нима қиляпмиз?- деди институт дарвозасига ишора қилиб.
- Мен ҳам шу ерда ўқиганман. Эски хотираларимни соғиниб келдим, - пинаги бузилмади йигитни.
- Майли унда хотираларингиз билан ёлғиз қолдираман сизни,- Самина Абубакрни айланиб ўтиб, машинаси томон юрди.
- Тўхта,- Абубакр қизни қўлидан тутиб қолди,- саломни билмаганинг камдек, бунча бурнинг осмонда.
Доимо яхши муносабат кўрган қизнинг бўлажак турмуш ўртоғининг бунақа муносабатидан кўзлари ҳайратдан катта ~катта бўлиб очилди.
- Тортинг қўлингизни!
- Юр бирон жойда гаплашиб оламиз,- атрофдагилар қараётгани учун Абубакр муроса оҳангига ўтди,- танишларинг олдида томоша қўймассан!
Самина нафрат билан қўлини тортиб олди~ю, ҳар тугул кетиб қолмади. Ахир кўпчилик уни яхши танийди.
- Юр,- Абубакр тиржайди. Истеҳзо билан машинани орқа эшигини очиб берди.
- Шу яқин орада ўтирамиз. Машинамгача ўзим кела оладиган,- деди Самина ҳовуридан тушмаганини билдириб.
Абубакр жавоб бермади. Кўп юрмай, шинамгина кафе олдида тўхтади.
- Бўладими?
- Фарқи йўқ,- Самина илтифот кутмай машинадан тушди.
- Нимадан бунча асабийсан?- Абубакр совуққина нигоҳини Саминага тикди.
- Нега сенлашга ўтдингиз?- саволга савол билан жавоб берди қиз.
- Бу муҳимми? Ёш жиҳатдан сендан каттаман.
- Муҳим. Чунки мен билан боғлиқ. Ҳатто бир оғиз сўрамадингиз!
Абубакр асабий кулди:
- Бунга кўникавер... Чунки мен аёл кишидан сўраб иш қилмайман.
- Агар менга уйланиш ниятингиз бўлса сиз ҳам кўникинг, мен қўпол муносабатларни кўтармайман. Чидасангиз шу, чидамасангиз унаштирувни тўхтатинг!
- Унаштирув январь ойида тўйга уланади. Кейин кўрамиз. Ким нимага кўникишини.
Беписанд ўтирган Абубакрни туриши қизни нафсониятини қўзғади. Шарт ўрнидан туриб, кетиб юборди.
Давоми бор.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 5
https://ok.ru/profile/910007217837
шуни босиб, мурожаат қилишингиз мумкин. Тўлов 5000.
Танлов ихтиёрий.
“Бадал” асари ушбу катта каналда ҳам ҳар куни жойлаб борилади.