Совчилар кетди. Нигорага синглиси етаклаб келган аёллар сира ёқмади.
—Опа, уйлари нақ қаср дейсиз. Дарвозасида қимматбаҳо машиналар туради. Маҳалладаги энг катта уй шуларники.
Ўғли ҳам оддий, камтар...
—Еб-ичиши қандай экан?
—Қизиқсиз-а? Мен қаёқдан биламан нима еб ичишини! Шундоқ уйда турадию, овқатларниям тозасини еса керак!
—Шу уйи катталиги учун қўрқяпманда!
Кейин хотиралари йигирма йил олдинга етаклаб кетди. У ҳам қарсиллаган уйга келин бўлди. Ойнаванд уйлар ярақларди. Ҳовлиларга мармар ётқизилган, жимжимадор ҳовузи бор уй. Аммо қайнонаси овқат қилиш учун масаллиқни ўлчаб берарди. Бир пиёла мош, бир пиёла гуруч, каттароқ пиёз бўлса, ярмини берар, гўштни ойлаб кўрмасди. Нигора қаср уйда ўсмаган бўлса ҳам болалигида гўштсиз таом еганини сира эслолмайди. Бозорда қандай мева чиқса, тўйиб ер эдилар. Ёз бўйи қовун-тарвуз аримасди.
Ёз бўйи битта тарвуз кирмасди бу хонадонга.
Икки йилда озиб-тўзиб кетди Нигора. Айниқса, ҳомиладорлик пайти, эмизикли пайти жуда қийналди..
Бўлак бўлиб чиқди-ю, елкасига шамол тегди. Чала битган иморат, лойсувоқ уйларда ҳам бахтли эди у. Истаган таомини тайёрлар, қайнонаси ҳар замон ҳар замонда койиб қолар
— Қорин миннатдор бўлмайди, ундан кўра уй-жойни тўғирланглар, одамлар устингиздан куляпди.
Еб-ичишдан тежамаса ҳам битди шу ҳовли-жойлар. Кулганлар кулиб қолаверди, болалари соғлом ўсди.
Қиз совчиларга маъқул келибди. Қайта-қайта келди улар.
Нигора кўнгли тўлиб-тўлмай юрган кунлари синглиси қўнғироқ қилиб қолди
—Опа, сиз билибсиз, қўшним қаср уйда турса ҳам яхши еб-ичмас экан , опа. Кеча маҳаллани меҳмонга чақирганди, у ёғини айтмай қўя қолай...
Совчилар рад этилди. "Қизимиз ҳали ёш! Ўқимоқчи!"
Ҳамма хайрон эди. Одамлар орзу қиладиган жой эди-ку!
Нигора анчагача қароридан иккиланиб юрди. "Тўғри қилдимми? Йўқми?"
Кейин қизига бошқа жойдан харидор чиқди. Ўзига ўхшаган жойдан. Совчи бўлиб келган аёл лўмбиллаган, қувноқ, бир гапириб, ўн куларди. Ойдек келин бўлди...Ҳар ўн беш кунда уйига рухсат тегарди. Ухлаб-ухлаб кетарди у.
Орадан бир йил ўтиб
қизи яна меҳмонга келди. Хомиладор эди.
—Кел, иккаламиз бир чучвара қилайлик, мен хамир ёяман, сен тугасан.
—Қўйинг, ойи, жонимга тегди. Кечгача овқат пишираман. Ҳали салат, ҳали сомса, ҳали қуймоқ, кунда кунора хамир овқат. Худо хоҳласа қиз туғсам, овқатдан бошқа касали йўқ бунақа жойга узатмайман. Майли кам есин, аммо одамга ўхшаб яшасин!
Нигоранинг ўқлов тутган қўллари бўшашиб кетди.
Феруза Салходжаева
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 6