(ОВЧИ РАВШАН АКАНИНГ ҲИКОЯСИ АСОСИДА.)
Равшан ака билан Москвада танишганман.Менинг яқин инсоним билан яқин ошначиликлари бор экан.Бизникига меҳмонга келган бақувват,бўйи баланд,нигоҳлари жиддий,хушсурат бу инсоннинг суҳбати ниҳоятда мароқли,қизиқарли эди.Равшан ака ҳикоя қилиб берган бир воқеа юрак юрагимни зирқиратиб юборди.Одаммиз...Одамлармиз..Одамман мен деб юрибмиз..Боласини сотган,онасини урган,хотинига битта пайпоқ олиб беришга ярамаган,эрининг акаси билан дон олишган....Ҳаммаси одам.У эса ҳайвон эди.Йиртқич,қонхўр эди...
Ҳикояни Равшан аканинг ўз тилидан баён қилсам азиз ўқувчим...
Нафақат отам ва бобом дея ҳикоя қилади Равшан ака.-Бобомнинг отаси,бобоси ҳам чўпон ўтишган.Чўпонлик бизга отамерос касб.Ота боболарим чўпонлик билан бирга моҳир ва мерган овчилар ҳам бўлишган.Бобом етмишдан ошган маҳали ҳам учиб кетаётган чумчуқни бехато отиб тушурарди.Отам ҳам худди шундай мерган,кўзи ўткир инсон.Болалигим,ўсмирлигим,қўйингчи ўттиз беш ёшгача мен Ўртачўлда чўпонлик қилдим.Мактабни ҳам чала ярим ўқиганман.Чўлда эмаклашни,юришни ўрганганим учун ,адоғи кўринмас кенглик бағрида ўсганим учун мени одамлар гавжум жойлар,ғала ғовурли шаҳар зериктирарди.Ўқитувчиларнинг «Саводсиз одам ҳеч нимага эришолмайди;Чўлда ёввойи одамдек маданиятсиз бўлиб етишасан;Билимсиз ҳеч нарсага эришолмайсан!»деб жон куйдиришлари,дадам,онам,бобом ,қўйингчи барча қариндошларнинг жон куйдириб қилган насиҳатлари бир пул!Чўл,кенглик ,шу чўлдаги ҳайвонот олами мени ўзига тортаверарди.Барибир қочиб кетаверардим.Охири ўқитувчилар ота онамдан тилхат олиб,ота онам бобомга топшириб тинчишди.Мен эса чўл бағрига бемалол юрадиган бўлиб қайтиб тинчидим.Бобом ,отам овчилик сир асрорлари,чўл ҳайвонларининг табиати,уларни қай маҳал овлаш қулайлиги,мерганликдан менга эринмай сабоқ беришди.Мен ўн етти ёшимда ойнадан ортимга қараб югуриб кетаётган ҳайвонни,учиб кетаётган қушни бехато отадиган мерган бўлиб етишдим.Ўқитувчиларим айтгандек маданиятсиз,ёввойи ҳам бўлмадим.Кўпни кўрган бобом менга маънавиятдан,ҳадисдан,Қуръони каримдан,одамгарчиликдан ҳам сабоқ берди.Ҳарбий хизматни Афғонистонда ўтадим.Нишонга бехато отганим боис тез назарга тушдим.Чўлда,кўпчиган қумтупроқда яланг оёқ югуриб машқ қилганим боис тайёрлов машқларида қийналмадим.Чала чулпа саводимгина мени хижолат қилмаса бошқа томондан кўпчиликдан устун эдим.Армияда яна маҳоратимни ошириб,чиниқдим.Хизматни тугатиб келиб уйландим.Келин ҳам отаси чўпон,чўл бағрида ўсган қиз эди.Яна ўша таёғимни қўлимга олиб чўпонликни давом эттирдим.Бир ҳақиқат бор.Чўпон борки асло камхарж,муҳтож бўлмаган.Менинг ҳам бировдан оз,бировдан кўп мол давлатим,ҳавас қилгулик уй жойим бор. Шукрки,аёлим ҳам мени тушунадиган ,оқила.Тўрт фарзандимиз бор.Энди мусофирда юрганим,Москвага келишим тарихини айтадиган бўлсам....Уҳҳҳҳҳ...Юрагим оғрийди....
Чўпонлик,овчилик қилиб юрган маҳалим.Рўзғорим тинч.Номдор мерган овчилигим тўрт томонга тарқалган эди.Чўлда бўри пайдо бўлиб қолгани ҳаққида гап тарқалди.Бўрику азалдан бор чўлда.Аммо бўрибосар итлардан ҳайиқиб сурувга яқин келолмайдиган майда кулранг бўрилар улар.Гап салкам эшшакдек келадиган,бўрибосардан ҳайиқмайдиган кўк бўри ҳаққида кетаётган эди.Кўк бўри Ўзбекистон қизил китобига киритилган бўлиб ниҳоятда кам учрайди.Ҳаммасидан қизиғи бу жонзот унча мунчага одам бор ерга яқинлашмайди.Мен эшитишимча Қизилтепа чўлидаги сурувга ҳужум қилган Кўк бўри айнан чўпонга дахл қилишни мўлжаллаган.Чўпон ётган уй эшигини ғажиб,киришга ҳаракат қилган.Сурувда бўғизланган юзга яқин қўй қўзининг биттасини ҳам судраб кетмаган,фақат кекирдагини узиб ташлаган холос.Бунақа воқеалар чўпонлар орасида тез тарқалади.Бобом ва отам буни эшитиб бир бирларига маъноли қараб олишди.
-Бу қасддор бўри дедилар бобом ўйчан.-Кўк бўри ҳали кўзи очилмаган боласи ўлдирилгандагина қасос олади.Она бўри ололмаса,эркаги ўч олади.Ўлим таҳликаси остида бўлсада ғанимини топиб,барибир ўчини олишга ҳаракат қилади.
-Бу Она бўри деб ўйлайсизми ота?
Дадамнинг саволига бобом бош чайқаб йўқ ишорасини қилди.
-Бу эркаги.Она бўри қайтаётиб из қолдирмасликка ҳаракат қилади ниятига эришмасада.Урғочи бўри эркагига нисбаттан ақллироқ ва мардроқ бўлади.
-Демак боласи ўлдирилгани учун қасд олишга шайланган дейсизми бобо?
-Менимча шундай деди бобом менга қараб.-Чўпоннинг ўзи билса керак.
Тезда Вилоят ҳокимлигидан барча чўпонларга огоҳлантириш мактублари жўнатилди.Лекин деярли бир ҳафта ичида қарийб саккиз юз бош қўйли сурувдан уч юздан ошиғини бўри кекирдагини узиб кетгани ҳаққида хабар тарқалди.Бўри қасдлашган чўпон эса кекса чўпонлардан Норқўзи ака деган киши эди.Норқўзи ака чўлдан уйига қайтмапти.Чўпонлар учун чўлда икки хона ва ошхонадан иборат пишиқ ғиштдан ихчам уйлар қурилган эди собиқ Иттифоқ даврида.Шерикларини жўнатиб юборибти тезда.Чўлдаги ўзига тегишли уйининг атрофини мустаҳкамлаб,темир панжара,темир эшик қурдириб ўзи ўша ерда қолибти.
-Тўғри қилибти дедилар бобом буни эшитиб.-Бўри уйигача келади ис олиб.Энди қайтмайди ортига у.
Мен чўлдаги барча ҳайвонларнинг,жумладан бўрининг ҳам феъли атворини яхши биламан деб юрарканман.Билмаганим кўп экан.Кутилмаганда бизнинг ҳудуддаги,Ўртачўлдаги сурувга ҳам ҳужум қилиб қолди бўри.Чўпон ётган уйга яқинлашмаган бўлсада,бир неча қўйни нобуд қилиб кетгани ҳаққида хабар олдик.Сурувнинг чўпони Ширин деган йигит кўпни кўрган,чўл ҳайвонот оламини яхши биладиган эсада ҳақиқатда даҳшатга тушиб қолганди.
-Ўн беш йил чўпонлик қилиб бунақасини кўрмагандим дерди у ҳовлиқиб.-Ҳей ишонасизми,кўрдим уни.Турибти мендан ўттиз одимча нарида.Бўрибосар иккала итим ҳам ваҳшат солиб вовуллайдию,яқинлагани бетламайди.Қотиб турибман денг.Кўзлари оловдек ёниб қараб турибти.Сўнг бир сакраб сурув ичига отди ўзинида,йигирма сонияда сурувни оралаб ўтиб,чўл қаърига,зулматга сингиб кетди.Шу йигирма сонияда ўн беш қўйни бўғизлабти.
Отам буни эшитиб мийиғида кулиб бош чайқадилар.
-Ўҳ доно жонивор ааа....Чалғитяпти.Изидан адаштиряпти.
Эртаси куни Вилоят ҳокимлиги вилоятдаги барча чўпонларни чақириб йиғилиш ўтказди.Айни дамда нафақада бўлган кекса чўпонлар ҳам чақирилган эди.Фақат Норқўзи ака келмади.Хавфсизлик,бўрилар ҳаёти,улардаги учрайдиган касалликлар,ўзини ҳимоя қилиш ҳаққидаги Вилоят бош ветеренари жиккакгина тепакал одамнинг узундан узоқ бемаъни маърузасидан сўнг шахсан Вилоят ҳокимининг ўзи сўзга чиқди.
-Мен бу ерга тажрибали чўпонларни чақиришимдан мақсад маслаҳатлашиб олиш.Нима қилиш керак?Мана шу саволга жавоб топиш лозим деди у қисқагина қилиб.Бизнинг қаторимизда ўтирган бобом ва унинг бир пайтлардаги сафдошлари,жами саккиз киши битта фикрни билдиришди.
Бу қасддор бўри.Ортига қайтмайди.Уни отибгина тўхтатиш мумкин.Бошқа иложи йўқ.Агар у ўз ғанимини тополмаса йўлида учраган одамга ҳужум қилиши мумкин.
Ҳоким ва қолган бошлиқлар бу фикрни муҳокама қила бошлашди.Табиатни муҳофаза қилиш Вилоят бўлими бошлиғи қатъиян қарши чиқди.
-Қизил китобга киритилган Кўк бўрини отиш мумкин эмас.Мен Республика Табиатни муҳофаза қилиш комитетидан рухсат олишим керак.
-Нечча кун керак бунинг учун дея сўради бобом.
-Икки ҳафтача керак.Хат жўнатсам,то жавоби келгунча кутишимиз керак.
-Унгача минг ,икки минг қўй қўзию,шўрлик Норқўзидан айрилиб ўтирарканмизда хат кутиб?!
Етмишдан ошган таниқли фахрий Норқул чўпоннинг истеҳзоли саволига жавоб беролмай Табиат муҳофазачиси гоҳ шифтга,гоҳ деворга қараб тураверди.Ниҳоят Вилоят ҳокими ўрнидан туриб кекса чўпонлардан бошқа ҳамма ташқарида бошқа залга ўтиб кутиб туришини буюрди.
Орадан қирқ дақиқалар чамаси вақт ўтиб,мажлисда котиблик қилаётган йигит мени чақирди.Мажлис залигамас,энг юқори қаватга чиқдик лифтда.Вилоят ҳокимининг шинам жиҳозланган қабулхонасига кирдик.Ҳоким Ҳусенов чўрткесар,бир сўзли одам деб эшитгандим.Ҳақиқатда тўғри экан.Гапни чўзиб ўтирмади.
-Гап бундоқ Равшанжон деди у кўзойнаги остидан қараб.-Тенги йўқ мерганлигингиздан хабарим бор.Бобонгиз ва отангизнинг тажрибасидан ҳам.Шу бўрини бартараф қилишни сизга топшираман.Милтиқ,ўқ,ов учун зарур барча нарсалар билан таъминлаймиз.Яна яқинда ишлаб чиқариш йўлга қўйилган янги Нексия машинаси ҳам мукофот сифатида берилади вазифани уддаласангиз.
Ҳоким менинг жавобимни кутмади ҳам.Котибга тезда ўринбосарини чақиришни буюриб яна менга мурожаат қилди.Энди сенсираб сал таҳдидли оҳангда гапирди.
-Рад қилишни ўйлама ҳам.Уканг мактаб директори экан.Уни ишдан бўшатилиши,ўзинг тафтишдан қарз бўлиб чиқишни хоҳламассан?!
ЎЙНАШМАГИН АРБОБ БИЛАН,АРБОБ УРАР ҲАР БОБ БИЛАН!
Мен ўйнашмадим.Қоним қайнаб гупурган маҳаллар эканда.Қўрқмадим ҳам.
-Розиман дедим дадил.
-Эртага бошлайсанми?
-Бошлайман !
Қисқа савол жавобдан сўнг унинг ҳузуридан чиқиб пастда мени кутаётган дадам ва бобомнинг олдига бордим.Таажубки улар бор гапдан хабардор эдилар.
-Норқўзи билан учрашишимиз керак дедилар бобом.Менга ўша куни рўйхатдан ўтказилган қўш отар ва патронлар берилди.Овчилар кийими ва этигини бобом рад қилдирдилар.
-Керакмас.Чопон киясан.Битта урғочи қўйнинг пўстагидан кесиб олиб оёғингга этик устидан боғлаб олишинг керак дедилар бобом.
-Норқўзиникига ҳайда дедилар дадамга машинага ўтиргач.Қизил тепанинг адоғсиздек туюлган чўлида ниҳоят оқ уйча кўзга ташланди.Рацияда хабар берилгани учун Норқўзи ака бизни кутаётган экан.Бобом,отам билан қучоқлашиб кўришди.Мени елкамга қоқиб «Баракалла»деб қўйди.Кўринишидан жасур,қўрқмас одамга ўхшарди Норқўзи ака.Қўйнинг қўрга кўмиб пиширилган гўшти,патир,эзилган қурутдан чалоп қўйилган дастурхон бошида суҳбат асосан қўйчивонликдан кетди.Дастурхонга фотиҳа ўқилгач бобом мақсадга кўчди.Ҳокимнинг буйруғини ҳам айтди.
-Норқўзи!Кўк бўри нега сендан ўч олмоқчи?Борини айт ука!Неварам жонини хавфга қўйиб у билан юзлашади.Борини гапир деди бобом жиддий.
Норқўзи ака хўрсиниб бир муддат жим қолди.Сўнг овози аллақандай ҳирқираб сўз бошлади.
-Бу воқеага тўрт йилча бўлиб қолди.Мен ҳақиқатда урғочи бўри ва унинг учта кўзи очилмаган боласини ўлдирдим.Ов давомида,ёки тасодифан,ўзимни ҳимоя қилибмас айнан ўз мақсадим йўлида ўлдирдим.Мақсадим эса ....
ОНА БЎРИНИНГ ҚАЙТИШИ.
2-қисм.
-Мақсадим эса...Тўғрироғи мажбурият эди бу давом этди Норқўзи ака.-Бу ердагилар баримиз чўпонлармиз.Чўпон ҳаётини биласизлар.Чўлда юриш учун қулай Нива машинам бор эди.Шу машина бузилиб қолиб,машина устаси бир дона укам бўлмиш Нормуродни чақиртиргандим.Нормурод машинани тузатиб кечликда ўзининг Жигулисида уйга қайтишга чоғланди.Уни кузатиб хотиржам кириб ётдим.Индинига қўшнининг машинасида жияним,укамнинг ўғли Нуриддин келиб қолди.Кўзлари шишган,ўн олти яшар ўспирин кўнгли тўлиб қучоғимга ўзини отди.-Дадамни қамаб қўйишди амаки деди ҳиқиллаб.-Шериклари билан бир чўпонни ўғли билан ўлдириб,қумга кўмиб кетганмиш.Кеча эрталаб олиб кетишган.Кутилмаган бу хабардан бошимга гурзи тушгандай эсанкираб қолдим.Нуриддинни уйга бошлаб кириб чой ичириб сал ўзига келгач бир бошдан сўраб билмоқчи эдим,шу пайт ўпкаси оғзига тиқилиб чўпонларимдан бири келиб қолди.
-Фалокат оға деди у бош чайқаб.-Кеча денг Шойим чўпонни ўғли билан сўйиб кетишибти.Шаҳардан уч йигит бир қиз билан келишган экан.Шунда фаҳмладимки,Нормурод қайтишда ўша шаҳарликларни машинасида йўлгача олиб кетган.Улар қўлга тушишгач шерикликка гумон қилинган шахс сифатида Нормурод ҳам жавобгарликка тортилган.Лекин укамнинг гуноҳсизлигини исботлашим мумкинку?Шойим чўпоннинг шериклари келган меҳмонлар орасида укам йўқлигини тасдиқлаши мумкинку?Шуларни ўйлаб кўнглим бир оз таскин топгандай бўлдию,лекин барибир аллақандай нохуш сезгилар,турли хавотирли хаёллар юрагимни ғашлаб турарди.Эртаси куни саҳарлаб чўлдан тўғри шаҳарга,Туман ички ишлар бўлимига жўнадим.Аййй,биродаримааа...Халқ билиб гапирарканда....Дўхтир билан милисага ишинг тушмасин экан.Ярим оқшом чўлнинг якка йўлида кетаётган одамларни катта йўлгача чиқариб қўйиб бошига бунча бало ёғилишини қаердан билибти дейсиз?Бир амаллаб укам билан кўришишга рухсат олдим.Нормуродни олиб киришганда миям тўхтаб қолгандай бўлди.Икки кун ичида қаддини тик тутолмай букчайиб қолган,дағ дағ қалтирарди.Энди сўзнинг ҳожати йўқ,ўзингиз билиб турибсиз.Ички ишлар бўлимининг бошлиғи ҳузурига кирдим.Бошлиқнинг ўзи ҳам укамнинг айбсизлигини билиб турсада,ўзини билмаганга солиши менга ғалати туюлди.Кўп ўтмай тергов жараёнида билдимки Шойим чўпоннинг қотиллари казо-казоларнинг фарзандлари экан.Демак улар «айбсиз»,менинг укам қотил!Бу жиноят кимнингдур бўйнига қўйилиши керак.Ўша кимдур ўзи чиқиб турибти мана.Бу менинг соддагина укам.Калтак ва қийноқ билан бўйнига қўйишади қилмаган қотиллигини.Буни тушуниб етганим ҳамоно ҳаракатга тушдим.Таниш билишни ишга солдим.Энди пул...Кўзга пул кўринармиди ўша пайт?Хуллас Республикадаги энг кучли адвокатни ёллаб,Тошкентдан чақиртирдим.Адвокат ишга киришгани заҳоти милиса деганининг ҳам,бошлиғию терговчисининг ҳам пайтавасига қурт тушиб питирлаб қолишди.Агар икки кун кечиксам укам бўйнига олиб,отувга ҳукм қилинаркан.Улгурдим...Лекин укам қийноқлардан тамом ўзини олдириб қўйганди.Оёғининг тирноқлари йўқ,товони мих изидан илма тешик...Мих қоқилган тахта билан товонига уришаркан.Энг охирида айбни бўйнига олмаса қамоқда йигирма йил ўтирган одамхўр,одамкуш билан бир камерага қамаб зўрлатишини айтишибти очиқ ойдин.Бу ваҳшийлик эмасми ахир?Терговчи ҳақиқатда кучли экан.Укам оқланиб, бойларнинг эркатойлари қотиллигини шунақа факт далиллар билан исботладики,ўзим қойил қолдим.Хуллас суд куни тайинланди.Энди бу ёғини ўзингиз тушунаверинг.Хуллас судьяга бутун бошли бўри оиласининг шилинган териси совға қилиниши керак экан.Янги қурган данғиллама иморатининг бир хонасини ов услубида жиҳозлаган судья ўша хона деворига бўри оиласи терисини илгиси келибти.Айни бўрилар болалаган пайт.Кўзимга укамдан бошқа ҳеч нарса кўринмайди ўша пайтлар.Милтиғимни елкамга осиб таваккал деб йўлга тушдим.Бир ҳафта кузатиб бўри инини топдим.Она бўри кўзи очилмаган боласини ташлаб узоққа кетмайди.Шунинг учун аввал эркагини отдим.Сўнг инига яқинлашиб она бўрининг чиқишини кутдим.Жуфтининг ўлдирилганини сезиб инидан чиқиб осмонга қараб аянчли уввилади.Шунда менинг ҳидимни сезиб мен томонга қарадию,устимга ўзини отди.Чалқанча ётиб қорнидан нишонга олиб тепкини босиб улгурдим.Ўқнинг зарбидан мендан ярим одимча нарига гурсиллаб тушди.Ўзиям салкам эшшакдек келади денг.Чалажон ириллаб менга ташланмоқчидек ҳаракат қилганда иккинчи марта отдим.Ўчириб қўйган рацияни ёқиб шерикларимни чақирдим.Жониворларнинг ўлигини хавфсиз ерга милтиқдан ўқ ота ота олиб чиқдик.Шундай қилинмаса бўрилар тўдаси ўраб олиши мумкин.Икки ёрдамчи билан машинага зўрға кўтариб ортдик.Сўнг ортимга қайтиб бўри болаларини олиб қайтдим.Машинани юргизган пайтимиз елкамдан аллақандай юк босгандай бўлди.Бўриваччаларнинг ғингшиб эмаклаши миямни тешгудек таъсир қилаётганди.Худди шу пайт ортимдан менга қадалган нигоҳни сездим.Бутун вужудим билан ҳис қилдим.Ортимга ўгирилиб қарадим.Узоқлашиб бораётган Ниванинг ортидан ёш бир бўри кузатиб турарди.Бу шу жуфтликнинг ўтган йили туғилган боласи бўлса керак деган ўй ўтди хаёлимдан.Бўлмаса хавф таҳдид солиб турган ергача келмасди.Ўшандаёқ сездим.Бу бўри мендан албатта қасд олишга ҳаракат қилишини сездим.
Судья совғадан мамнун бўлди.Укам суд залидан озод қилинди.Бойваччалар қамалди.Лекин менинг кўксимда энди ачишиб тургувчи жароҳат пайдо бўлганди.Орадан бир йил ўтиб ярим кечаси бўрининг увиллаганини эшитиб қолдим.Бу майда кулранг бўри эмас,Кўк бўрининг овози эди.Демак у менинг манзилимни топибти.Ўша куннинг эртасига чўпонликни топшириб уйга қайтдим.Бўри одам гавжум жойга келмайди.Лекин кўнглимда қандайдир ҳадик бор эди доим.Шу йили ўғлим чўпонлик таёғини қўлга олди.Бир куни уйга келганида ғалати гап айтиб қолди.
-Бир баҳайбат бўрими,итми мени кузатаётгандай худди дада...Ортимга қарасам йўқ.Ўгирилсам нигоҳини сезаман.Бир марта илғадим.Кескин бурилгандим шарпасини илғаб қолдим.Яшиндек учиб саксовулзорга сингиб кетгандай кўринмай қолди.
Менинг бўри оиласини ўлдирганимдан икки шеригим бошқа ҳеч ким билмасди.Демак у...ўзимни тополмагач ўғлимни топган.Лекин қандай қилиб?Ўша куни ўғлим билан чўлга келдим.Агар бирга келмасам нафақат ўғлим ,олдидан чиққан одам боласни бурдалайди .Бу аниқ.Унга мен керакман.Келиб эшикни мустаҳкамладим.Ойналарда панжара бор.Ишонасизми ўша кечасиёқ келди.Увиллаб келганини билдирди.Билмайман қандай куч мени ташқарига итариб чиқардими,тортиб чиқардими, ўзимга ўзим бўйсунмай,ўзимни ўзим бошқаролмай ташқарига чиқдим.Қўйлар қамалган қўрадан эллик қадамча нарида улкан бўри жуссаси қорайиб кўзга ташланарди.Балким ишонмассиз ,лекин мен унинг кўзларини кўрдим.Узоқда бўлсада менинг кўз ўнгимда кўкимтир учқун сочиб,ғазаб ва алам тўла кўзлар турарди.Бир биримизга қанча қараб турдик билмайман.Хаёлан у билан гаплашдим.
«Кечир мени...Мажбур эдим.Жигарим учун.»Оёғим ерга михлаб қўйилгандай эди.Вужудим қотиб қолган,қимир этолмайман.Ниҳоят у изига бурилиб секин қоронғилик қаърига сингиб кетди.Орадан мана бир ой ўтиб яна қайтди.
Норқўзи аканинг ҳикояси ҳаммамизни ўйга толдириб қўйганди.
-Аллоҳи Оламнинг биз билмаган жумбоғи кўп деди бобом соқолини тутамлаб ўйчан.
-Сенга ҳам мажбурият қўйишибтида ўғлим деди Норқўзи ака менга ғамгин боқиб.Кейин бобом ва отамга юзланиб деди:
-Маслаҳатлашиб пухта ўйлаб иш тутишимиз керак.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 4