109-118-қисм
Муаллиф: Наргиза Усанбоева
- Йўғ-е-е, ойи. У қизни ҳали тумушга бермаса керак, - деди Малик.
- Яхши қизларни бир зумда илиб кетишади. Қуруқ қолмайлик, дейман-да, - деди Ойниса хола Маликнинг юрагига ғулғула солиб.
🍃
Хаёлида бугун Зоирнинг иши умуман юришмади. Эрталаб қандай ниятда чиқиб кетганди. Кундузи ҳам иштаҳа билан Ёнаркўзнинг ёнига борди. Аксига олиб, эри келиб ўтирибди. Худо бир асради, телефони жиринглаб, чалғиди. Бўлмаса, мен тирик қолмасдим. Лекин эрининг Ёнаркўзга “ Кеч уйга ўтаман”, дегани ёмон бўлди. Зоир боролмайдиган энди. Севара-ку, эрига бир баҳона қилиб келмайдиган қилиши мумкин эди. Аммо, унинг хоҳиши бўлмади, бунга. Ҳаммасига мана шу Ҳилола сабабчи. Ҳилола телефон қилиб Ёнаркўзнинг кайфиятини бузган. Шундан хафа, тушкун. Зоирга ҳам қолинг, демади...
Зоир шундай хаёллар билан ичида Ҳилолани айблаб уйига келди. Дард устига чипқон, деганларидек Ҳилола хўмрайиб қарши олди: на саломи бор, на эътибори...
- Ҳа, - деди аламини ичига зўрға ютиб келган Зоир. – Нега менга қовоқ-тумшуқ қиляпсан?
- Қовоқ-тумшуқ қилганим йўқ. Бошим оғрияпти, - босиқлик билан деди Ҳилола.
- Нега бошинг оғрияпти? – Зоир кўзларини лўқ қилиб хотининг юзларига боқди: - Ўзингдан ўзинг орқамни кавлаб, мени танишларимга қўнғироқ қилиб, ҳақорат қилганингдан кейин оғрийди-да!
Ҳилола Зоирга ялт этиб қаради. Кейин у ҳам кун бўйи ичида сақлаб юрган заҳрини сочди:
- Ҳа, ёмонладими, мени? Ор-номус, уят йўқ экан шу аёлда. Қайси юз билан яна сиз билан гаплашяпти?
- Нега уни ҳақорат қилдинг? А? Нега аралашасан менинг ишимга? – бақирди Зоир.
- Нега аралашмай? Мен кимман, бу уйда? Ҳамма ширин гапингиз унга, менга келиб бақирасиз? Менинг айбим нима?
- Ўчир овозингни! Бақирма, менга! – важоҳат билан деди Зоир.
- Ўчирмайман! Ўша бузуқ, фоҳиша яхши, мен ёмон бўлиб қолдимми? Унга ўчир, хотинимга гапирма дея оласизми?
- Ўчир, дедим сенга?
- Деёлмайсиз! Чунки сизнинг ҳам ундан фарқингиз йўқ! Сизам бузуқсиз! – Ҳилола ўзини босиб тура олмади.
Зоир эса ғазаби қайнаб Ҳилоланинг юзига бир шапалоқ тортиб юборди. Ҳилоланинг рашки, алами, изтироблари ёнига оғриқ ҳам қўшилди.
🍃
- Аёлингизнинг миясида ўзгариш бор. Олиб қоламиз. Эрталаб текширувдан ўтади. Даволаймиз, - деди Матлубани кўздан кечирган шифокор Аббосга қараб.
- Қанча вақт ётади?
- Ҳафта-ўн кун ётсин-чи? Айтдим-ку, текширув натижаларига қараймиз, - деди шифокор.
- Олдида қизим қолсинми? – сўради Аббос.
- Йўқ, шарт эмас. Ҳамширалар, санитаркалар бор.
- Хўп. Бўлмаса эртага келамиз. Ёзиб берган ҳамма укол-дориларингизни олиб келиб, ҳамширага бердим.
- Яхши. Бораверинг.
- Раҳмат, яхши ишланг. Чарчаманг, - деди Аббос шифокорнинг ёнидан чиқаркан.
Шифохона каридорида Гулранг уни кутиб ўтирарди. Аббос унинг ёнига етганди ҳамки, Умид ва Гулҳаё ҳам етиб келди.
- Нима бўлди, ойимга? – ҳовлиқиб деди Умид.
- Ётқиздик. Эртага текширишсин маълум бўларкан, - жавоб берди Аббос.
- Аҳволи яхшими? – хавотир билан сўради Гулҳаё.
- Яхшимас-дааа, - йиғлаб юборди Гулранг. – Ҳайкалдек қотиб ўтирибдилар. На эшитади, на гапиради, на бирор нима ейди...
- Эй Худойим... Нега бунақа бўлди? – қўрқиб кетди Гулҳаё.
- Опачамга кўп сиқилди, - кўз ёшларини артди Гулранг.
- У-ф-ф, нималар бўляпти, а? – Гулҳаё ҳам йиғлашга тушди. – Энди нима қиламиз?
Умид отасига ўқрайиб қаради. Аббос эса ғалати аҳволга тушди. Қизларига қаради ва шошиб деди:
- Бу ерда ўтиргандан фойда йўқ. Туринг, уйга борамиз. Мен ҳали молга ҳам ўтишим керак...
“Кечга қанақа мол бўлиши мумкин? Ҳамма молни саҳарда оптомдан олади-ку. Кошки қаёққа бораётганини билмасам... Дадам ҳалиям ойим учун жон куйдираётгани йўқ!” ўйлади ичида Умид ва ғазаби келди.
🍃
Негадир Севара учун кўнгилсизликларнинг орқаси кўринмаяпти. Бозорнинг сустлиги бир томон бўлса, Зоирнинг хотини қўнғироқ қилгани бир томон бўлди. Зоир билан турганида Аббос келиб қолгани эса ҳаммасидан ошиб тушди. “Кўзи кунда эмас, кунида синади”. Охири Севара ҳам қўлга тушмаса бўлгани. Боя ҳам “Уйга ўтаман, гаплашиб оламиз”, деди. Нимани гаплашади? Шу Зоирни сўрайди-да. Нима ҳам дерди? Без бўлиб, долларчи эди, доллар олдим, деб тураверади-да. Яхшиям уйда анув қиз бор. Унинг ёнида жа бақирмас...
Севара шу ҳаёллар билан уйга келди-ю, баҳри дили очилиб кетди. Гулюз уйларни йиғиштирган, овқат қилган, яна болалари билан дарс қилиб ўтирибди.
- Вой, барака топинг. Ҳамма жойни чиннидек қилибсиз-ку. Қандай мазза? Доим мен билан яшасангиз экан. Айтганча, Гулюз... – Севара қизнинг ёнгинасига ўтириб овозини пастлади: - Икки кундан буён айтаман де ман, эсимдан чиқади. Сизни ижтимоий тармоқда кўргандим. Қидирувда экансиз? Нима қиламиз? Хабар берайми? Эртага менга муаммо бўлмайсизми?
- Мен... мен... – гапини ҳам, ўзини ҳам йўқотиб қўйди Гулюз.
Унинг бахтига шу пайт эшик жиринглади.
- Мен эшикка қарай-чи? – ўрнидан турди Гулюз.
Югуриб бориб эшикни очган Гулюзнинг тили айланмай қолди. Остонада отаси Аббос турарди...
🍃
Юзига тушган тарсакининг аччиғидан кўра, эрининг Севаранинг ёнини олгани Ҳилоланинг юрагини олов бўлиб куйдирарди. Зоир ётоғига кириб кетган, Ҳилола эса уни кўришни ҳам истамагани учун боласи билан ёлғиз ўзи меҳмонхонада ўтирар, қалбини ёқаётган рашк, алам, изтироб туфайли эзилиб йиғларди.
- Ҳали шундай қиламан, мен каби қон йиғлайсан, фоҳиша! – деди у нафрат билан. – Бир сўз билан ҳаётингни йўққа чиқараман, бир сўз билан яшашингда маъно қолмайди! Бир сўз билан ўлимингга рози бўласан!
Унинг овозидан бағрида ухлаб ётган боласи қимирлаб қўйди. У боласининг елкасига оҳиста ураркан, яна пичирлади:
- Ўша кун келмаса, рози эмасман! Аллоҳим, қачонгача бузуқ ва ифлосларни устимдан ғалаба қилдирасан, ғуруримни топташларига қўйиб берасан? Қачон менга раҳминг келади? Қачон мен куладиган кунларни яқин қиласан?
Ўкириб юбормаслик учун Ҳилола ўз оғзини ўзи ёпди. Қалбининг туб-тубидан ичида илтижо қилди:
- Эй Худойим, мени бузуқ ва фоҳишага хўрлатма! Шу ёшимгача сени норози қиладиган иш қилмасликка тиришдим. Шу ёшимгача, ҳаромдан ҳазар қилдим. Сендан ўтириб сўрайман, нолаларимни эшит! Ўша фоҳишанинг қон йиғлаганини, қилмишидан пушаймон бўлганини кўрсат!
Ҳилола шундай дея кўзларини юмди. Ухлашга ҳаракат қилди. Лекин қалб оғриқлари уйқу бермасди...
🍃
Матлубани шифохонада қолдириб келган болаларнинг кўнгли тинч эмасди.
- Ойимнинг олдида қолсам бўларди, - деди Гулранг ичини уриб.
- Қолдиришмас экан-да, - деди Умид хўрсиниб.
- Ойимнинг анча мазаси йўқ экан. Менга айтмабсизлар, - гина қилди Гулҳаё улардан.
- Сиз ўзи шифохонага тушиб қолгандингиз. Шунга индамадик, - Гулранг ростини айтиб қўя қолди. – Опачамнинг йўқолгани ҳам ойимга ёмон таъсир қилди-да. Шунга роса йиғлади, сиқилди, ухламади. Кейин зўрайди, касали...
- Опа, ойимнинг касали жиддий. Яхшилаб даволатмасак бўлмайди, - деди Умид Гулҳаёга қараб. – Дадамнинг савдоси бўлмаяпти. Биз ишлашимиз керак.
- Ишлаймиз, укажон.
- Мен цехни дадамдан сўраб олдим. Дадам ишлатмайди. Дадам дона сотишга ўтиб кетди. Биз ўзимиз қандай бўлмасин, юритишимиз керак.
- Ҳозир миямизнинг катта хавотири Гулюз бўлиб турибди, - уҳ тортди Гулҳаё. - Гулюз топилсайди, чалғимасдик. Ҳозир у қиламан десанг ҳам, бу қиламан десанг ҳам, миянгда “Гулюз топилармикан?” деган савол туради. Жуда сиқиляпман шунга...
- Менинг хаёлимга фақат ёмон нарсалар келади. Худо асрасин... – Гулрангнинг кўзлари ёшга тўлди. – Опачамни жуда соғиндим. Инжиқлик қилишларини ҳам соғиндим. Ўзи соғиниб юргандим.
Гулранг бирдан йиғлаб юборди. Уни Умид қучоқлаб олди.
- Опачам топилади, - деди у дадил. – Йиғламанг. Ҳадемай кириб келади.
- Ишқилиб соғ-омон кириб келсин-да, - деди Гулҳаёнинг ҳам кўзлари ёшланиб.
🍃
Эшик олдида бир-бирига қараб турган ота-боланинг ҳар иккисининг кўзларида қўрқув бор эди. Гулюз шу чоққача беркиниб юргани туфайли отасидан чўчиётган бўлса, Аббос иккинчи хотини борлиги ошкор бўлишидан қўрқаётган эди.
Ота биринчи бўлиб ўзини қўлга олди. Қовоғини осиб, ваҳожат билан деди:
- Сен? Сен бу ерда нима қилиб ўтирибсан?
- Дада... – овози титраб деди Гулюз. – Кечиринг...
- Сени қидириб юрганимизни, қидирувда эканлигингни биласанми? – бақирди Аббос.
Уларнинг шовқинидан таажжубга тушган Севара югуриб келди:
- Нима бўляпти? Ассалому алайкум...
- Волайкум, - деди Аббос Севарага қараб.
- Келинг, киринг, - деди Севара ва қўрқиб турган Гулюзга изоҳ берди.
- Гулюз, кирит. Бу киши турмуш ўртоғим...
Бу гап Гулюзнинг бошига гурзи билан ургандек таъсир қилган бўлса, Аббоснинг юрагини орқасига тортди. Иккаласи яна бир-бирини биринчи марта кўриб турган жонзодлардек қотиб қолишди.
- Қорбобо, киринг. Гулюз йўл бер... – деди
- Бу... – Аббос “қизим” демоқчи бўлди-ю, яна ошкор қилгиси келмай, гапни бурди. – Бу қидирувда-ку. Бор нарсаларингни олиб чиқ! Кетдик...
- Ҳаааа, - Севара ҳам ўзини айбдордек ҳис қилиб қолди. – Менам кўргандим, қидирувдалигини. Менам Ички ишларга ҳабар берсамми, деб тургандим...
- Ўзим Ички ишларга “Топилди!” дейман. Нарсаларини бер! – деди Аббос Севарага.
Севара югургилаб бориб Гулюзнинг нарсаларини олиб чиқди. Иш осон кўчганидан хурсанд бўлган Аббос Гулюзни етаклаб кетаркан, Севара яна сўради:
- Қорбобо келасизми?
- Келаман, - деди Аббос қизига бир қараб оларкан...
Гулюзнинг эса авзойи ўзгарди.
🍃
Маликнинг қалби тубсиз уммон қари каби зулматга чўмганди. Гулрангга қўнғироқ қилди, жавоб бермади. Смс ёзди, телеграмдан, инстаграмдан хабар юборди. Қизи тушмагур хабарни на ўқиди, на жавоб ёзди. Хафа қилдимми, уни? Қандай хафа қиламан, кўрмаган бўлсам?! Ё бошқа бир йигит бошини айлантирдимикан? Ё ўзи кимнидир севиб қолдимикан?
Йигитнинг дилига заҳарли илон каби ўрмалаб кирган шубҳа, бутун вужудини заҳарламоқда эди. Бу заҳарнинг чексиз азоби туфайли Маликнинг кўзига на уйқу келади, на қалбига хотиржамлик.
- У аниқ кимнидир севиб қолган... – ўзига ўзи деди йигит қалб изтиробини кучайтириб. – Шунинг учун мен билан буткул алоқаларни узмоқчи... Ким экан, ўша унинг қалбини забт этган йигит. Агар билсам дабласини чиқарардим...
Малик хаёлидаги рақиби билан олиша-олиша уйқуси ўчди.
🍃
Аббос Гулюзни эргаштириб кириб келганида бошқа фарзандлари ҳали ухламанган. Суҳбатлашиб ўтиришарди.
Гулюз улар ўтирган меҳмонхонага югуриб кирди-ю, йиғлаб юборди.
- Вой опачам! – деди биринчи бўлиб Гулранг.
- Гулюз! – қичқириб юборди Гулҳаё ҳам.
- Опача? – Умиднинг ҳам кўзлари порлаб кетди.
- Сизлар ўтириб туринг. Мен бунинг ички ишлар билан боғлиқ ҳужжатларини тўғирлай... – деди Аббос ортига қайтаркан.
Умиднинг миясига яшин тезлигида “Тунда ички ишлар ишларканми?Ўша мегажинникига кетаяпман, деяверинг”, деган гап келди. Аммо опасининг соғинчи устун келиб, бир-бирини қучоқлаб йиғлаётган жигарларига яқинлашди.
- Опажон, - деди у Гулюзни қучоқларкан. – Худога шукр, соппа-соғ экансиз...
- Ўтир! Қаерда эдинг? Хавотирдан ўлай дединг-ку, - деди Гулҳаё ҳаммаси ўтиргач.
- Овқат ейсизми? – меҳри жўшиб кетди Гулрангнинг.
- Ҳа очман. Овқат ейишга улгурмагандик... Ойим қанилар? – хавотир билан сўради Гулюз.
- Ҳозир овқат олиб келаман, - ўрнидан тураётиб деди Гулранг. Аммо тўхтади. Алам билан деди: - Сизни деб шифохонага тушиб қолди. Йўқолганингиздан буён йиғлади, сиқилди, ухламади, овқат емади...
Гулюзнинг аввалига боши эгилди. Аммо азалий кимнидир айблаб ўрганиб қолган тили яна ишга тушди:
- Ойимни касал қилган мен эмас! Ойимни касал қилган... дадамнинг иккинчи хотини!
- Иккинчи хотини? – Гулҳаё ишонмади.
- Ҳа, мен ўзим билмаган ҳолда дадамнинг иккинчи хотинининг уйига бориб қолдим. Дадам ҳозир ўша хотинининг уйига бориб, мени кўриб қолиб, олиб келди. Ёшгина, чиройли, иккита ўғли ҳам бор. Ўзим билмаган ҳолда укаларимга қарабман, уч кун...
- Вой... болалари ҳам борми? – Гулрангнинг кўзлари қинидан чиққудек бўлди.
Умид аламининг зўридан гапира олмай қолди.
- Бўлиши мумкин эмас! Дадам унақа эмас! – деди Гулҳаё.
- Мумкин! Ўша гўзал хоним ўз оғзи билан айтди. Ойим ҳам биларкан, Ойим шунинг учун сиз билан мени эрта турмушга бериб юборибди. Энди Гулрангни ҳам беради ва кейин тўлиқ ўша хонимча билан яшайди.
- Ўша хонимчанинг сочларини юлмадингизми, опа? – ниҳоят тилга кирди Умид.
- Билмадим-да. Билганимда дадам олиб келиб қўйди.
- Бўлиши мумкин эмас! – ҳамон ишонмасди Гулҳаё.
- Мумкин! - маъқуллади Умид. – Мен ҳаммасини ўз қулоқларим билан эшитганман. Ойим... дадамга ялинганди... “Учта қизингизни чиқариб олайлик, кейин майли ўша билан яшайсиз”, деб. Дадам зўрға рози бўлган. Бўлмаса... икки йил аввал кетарди, ўшанинг ёнига... Ойим... автоҳалокатга учрамаган! Ўзини машинанинг тагига ташлаган!
Охирга гапдан қизларнинг бошидан хуши учди.
🍃
Нигорага ёрдамчи қизлар эрталабки биринчи мижоз ярим соат кеч келишини айтишди. Мижознинг ўзи қолган вақтига рози эмиш. Нигора эса вақтдан унумли фойдаланиш учун машинасини шифохона томон бурди. Яхшиям, йўлида шаҳарнинг энг кўзга кўринган пишириқлар дўкони бор. Ўшанга кириб икки-уч хил ширинлик оволди. Кейин тўғри Матлубанинг олдига йўл олди.
У палатага кириб келганида, Матлуба деразага тикилганча ўтирарди.
- Ҳурматли психолог, бу нима ўтириш? Сизни нечта мижоз кутиб турганини биласизми? – деди у Матлубани келиб қучоқларкан.
- Эшитмаяпти, - деди ёнидаги каравотда ётган палатадош аёл. – Туни билан шу ҳолда ўтирди...
Нигора қўрқиб кетди. Лекин тезда ўзини қўлга олишга ҳаракат қилиб деди:
- Мени келсин деганда. Мен кутган. Матлу, мана мен келдим... – Нигора Матлубанинг юзларидан ўпди.
Аммо Матлуба гўё кўзлари кўр, қулоқлари кардек жим ўтираверди. Нигоранинг унга раҳми келди. Бағрига босаркан, юзларидан ўпди. Ичида Аббосдан нафратланди. Кейин яна ўзини тутиб қувноқ овозда деди:
- Ўзимнинг метин иродали ўртоғим. Сенсиз мен қийналяпман. Тезроқ соғай, Матлу. Менга кераксан. Болаларингга кераксан, ахир...
Матлуба ҳамон қилт этмай ўтирарди. Шу пайт эшикдан Гулюз ва Умид кириб келди.
- Ассалому алайкум! – иккаласи ҳам салом берди Нигорага.
- Ва алайкум ассалом. Гулюз, ўзингмисан? Соғ-омонмисан?
Нигора Гулюзни бағрига босди.
- Хавотирдан ўлдирдинг-ку, қизим.
- Кечиринг хола... – Гулюз шундай дея онасининг ёнига борди. Матлубани маҳкам қучаркан, йиғлаб юборди.
Унсиз елкалари силкиниб анча йиғлади. Унинг йиғиси Нигоранинг ҳам, Умиднинг ҳам, палатадош аёлнинг ҳам кўзларини ёшлади. Тўйиб йиғлаб олгач, Гулюз кўз ёшларини артиб онасининг юзига қаради. Матлуба ҳамон ҳиссиз ўтирарди.
- Ойижон, мен келдим, - йиғламсираб гапира бошлади Гулюз. - Соппа-соғман. Мени кечиринг, ойижон. Мен сизнинг ичингизга ютиб, бизлардан беркитиб яшаётган дардларингизни билмасдим. Мен сизни менга бефарқ, мени ёмон кўради деб юрардим. Энди билдим...
Давоми бор
Ёндирмачоқ бу – илҳом! Босиб ўтинг!
#usanboyeva
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 6