Қарз
Ҳабиба жуда ёш бўлса ҳам ўртанча акасининг гапини кечгача ўйлаб юрди. Ўз-ўзидан йиғлагиси келади.
Дугоналари билан қийқиришиб чана учишаётган эди ўзидан икки ёш катта --7-синфда ўқийдиган акаси келиб қолди. Афтидан, папкасини уйга улоқтирган-у, кўчага югурган. Дўқ аралаш ҳансираган товушда: "Қани, тез туш, энди мен
учаман,"-деб чанасига боғланган арқонни силтади. Маза қилиб пойга ўйнаётганди-я, қаердан пайдо бўлақолди, энди бу акаси. Ҳабиба ҳам бўш келмади, чанасига маҳкам
ёпишиб:" Бермайман, ўзи энди чиқдим"-деб чинқирди. Дугоналари чувиллаб Жамшидга ёпишишди. Акаси алам билан тишларини орасидан: "Сен ўзи менинг синглиммассан, боқиб олишган сени, лўлилардан тезакка алмашиб олишган "-дедию, қўлини силтаб кетди -қолди. Ўртоқларини олдида уятдан ўрнидан туролмай қолган Ҳабиба чанасини беҳол судраб келаркан, аламидан оққан кўзёшлари совуқдан шўралаган юзини ачиштирарди. Авваллари опа-укаларнинг бир -бирига бот- бот такрорлайдиган бу гаплари унча ҳам таъсир қилмас эди. Аммо...
Кеч куз эди. Уйи олдидан оқиб ўтувчи ариқдан сув олгани челагини кўтариб чиқди. Кичкина пақирида сув олиб, челак юзидаги хазонларни қўли билан олиб ташлади. Шу онда Москвич деган ёзуви бор қизил машина секинлаб беш-ўн қадам нарида тўхтади. Ҳабиба бир томонга оғиб, челагини кўтариб кириб кетаётганди. Машина ичидан юзлари думалоқ, қошлари чиройли бир аёл югуриб тушдида:" Сен, Ҳабибасан-а, катта қиз бўлиб қолибсанку, қизим "-деб маҳкам бағрига босиб икки юзидан ўпди. Яна бироз тикилиб турди-да, негадир йиғлаб юборай деб, тезгина машинага ўтириб жўнаб қолди. Эндигина ўн икки ёшга тўлган қизалоқ шуурида тушуниб бўлмас ҳис, саволлар ғалаён қиларди. Бу ҳақида ҳеч кимга оғиз очмади. Бугун акасининг алам билан айтган гаплари ўзини қийнаётган масалани ойдинлаштирган эди, гўё. Аммо эртакларда эшитгани, филмларда кўргани ўгай ота-оналар ёвуз бўладику, нега унинг ота-онаси, айниқса, отаси жудаям меҳрибон?!
Йиғлаб -йиғлаб ухлаб қолган қизгина эрталаб боши қаттиқ оғриб уйғонди. Акаси эса ҳеч нарса бўлмагандай: "Ҳаби, шаҳар -шаҳар ўйнаймизми? ", деб турибди. У шарт юзини буриб, бошқа хонага чиқиб кетди.
Уларнинг оиласида қатъий режим, яъни болалар соати тугаши билан ҳамма, ҳатто катта ака -опалари ҳам уйқуга ётиши шарт.Қиш тунлари узоқ, одамнинг анчагача уйқуси келмайди. Кўзини чирт юмиб укасидан аввал ухлаб қолишга(нимагадир қоронғудан қўрқади) тиришган Ҳабиба айвон эшигининг ғийқиллаб очилгани, отасининг дўп-дўп оёқ кийимидаги қорни қоқиб онасига сўз қотганини эшитиб ётарди. Отаси чуқур " уҳ "
тортиб:" Онам билан гаплашдим, улар билан қудачилик умуман тўғри келмас экан, ўғлингга айт, бошқа қиз топсин, биласан Ҳабиба масаласи, рухсат йўқ экан "-деди. Ўзининг исмини эшитган қиз қалбини яна ғашлик чулғади. У доим ёмон хаёлларни қувишга ҳаракат қиларди, мабодо уйдагиларига бу ҳақида савол берса-ю," ҳа, сени боқиб олганмиз, бор кет десаларчи?! ". Индамагани маъқул. Шундай яхши ота-онасисиз қандай яшайди, бир кун кўрмаса чидолмайди-ку.
Бу ўй- хаёллар ўсмир ёшига етгунича ҳам қийнаб, азоблаб келди.
Баҳорнинг сўнгги кунлари битирув имтихонини топшириб дугоналари билан катта йўлнинг четидан ҳар ким ўзига тушган савол ҳақида гапириб, суҳбатлашиб келаётган эдилар. Шу онда яна ўша қизил Москвич тўхтади ва ундан аввалгидан бироз тўлишган лўппи юзли аёл тушиб қучоқлаб
кўришди :" Ҳабиба, қизим, ойинг яхшими, болам, салом айтиб сўраб қўй"- деди-ю, бошқа қизларнинг саломига алик ола-ола машинанинг орқа ўриндиғига ўтириб то хаёлларини йиғиб олгунича узоқлашиб кетди.
Йиллар оқар сувдек ўтди,у ўзини ёр -ёрлар билан ўзга уйга кузатиб кетаётган аёллар орасида ҳам ўша таниш чеҳрага кўзи тушди.
Тўйидан беш -олти йил ўтиб отажонидан айрилган Ҳабиба маъракага келган хотинларни таниб-танимай бағир босиб йиғлаб турибди. Шу пайт таниш ис ва ўзини маҳкам қучоқлаган аёлни таниб қолди. Нимагадир ўзи ҳам қаттиқ қучоқлаб йиғлади. Кейин ҳам ўпкасини босолмай ўтирди. Супа устунига хаёлчан суяниб турган онасининг ёнига бориб: "Отам бечора мени боқиб олганингизни бирор марта юзимга солмапти-я,"-
деб, дод солиб йиғлади. Ҳайрон бўлиб тикилиб турган онасига қараб йиллар давомида йиғилиб келган дард -аламини тўкиб солди. Гапирди-йиғлади, йиғлади-гапирди.Онаси ҳайрону лол бўлиб қотиб турди кейин бирдан: " Нималар деяпсан, жинни бўлдингми, сени ўзим туққанман, ахмоқ. Улбўсин опамни айтаётган бўлсанг, улар сенга сут она бўладилар.Айтмаганманми,
тавба. " Онаси энди сокин
ва ҳорғин овозда давом этди: "Сен туғилганингда менга ҳеч сут келмайди, чинқириғинг оламни бузади. У пайтда ҳозиргидек бўтқалар йўқми, билмайман. Шу пайт палатага йиғлаб ҳолдан тойиб қолган ўзим қатори аёлни олиб киришди. Боласи туғилиб, бироз яшаб нобуд бўлибди.Аммо сут қайтмаётган экан. Ҳамширалар сени унинг қўлига беришди, аёл қўлига олиши билан тинчландинг ва у лабларини қаттиқ тишлаб, аммо меҳр билан сени эмиза бошлади. Шундай қилиб бир ҳафта кеча-ю кундуз эмизди. Унга уйга жавоб беришса ҳам биз туғруқхонадан чиққунимизча кетмади. Врачлар ҳам кўнглига қарашди."
Ҳабиба бу ҳикояни эшитиб фақат кўз ёшига эрк берди.
Эс-ҳушини бироз йиғиб олганда эса шунча йил азоб берган ғашлик ўрнида қарздорлик юкини ҳис қилди. Улбўсин опа ўтирган хонада бир -иккита ўзига нотаниш аёллардан бошқа ҳеч ким йўқ экан. Аёлнинг қаршисига оҳиста чўккалади ва қўлларини
ушлаб: "Олдингизда қарздорман,"-деди. Аёл эса:
" Болагинам-а, ота-онанг ҳурматимни ортиғи билан адо этди, ҳатто сени узатиб борганида онанг ўзига қўйилган сарпосигача қўлимга тутқаздия, отанг, яхши инсон эди, бир умр борди-келдини узмади"-деб, рўмолчаси билан кўз ёшини сидирди.
Маҳбуба Баҳодир қизи
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 4