/Севинч билан қандай қилиб дўстлашганим ҳақида ҳикоя/
Севинч билан курсдош бўлсам ҳам, у билан негадир очилиб-сочилиб гаплаша олмасдим. Балки унда ҳам, менда ҳам қандайдир ички ғурур (ростини айтсам, Севинчда балки ғурурдир, каминада эса қўрқоқлик, ийманиш каби яна аллақандай ҳис-туйғулар) биринчи бўлиб гап бошлашимизга йўл қўймасди. Юрак ютиб, Севинчнинг ёнига бориб қолган тақдиримда ҳам, у бир қараши билан, тамом, довдираб, айтмоқчи бўлган гапларимни унутиб қўярдим. Нурдек қизчанинг чиройли сочига, ақлли кўзларига, фаришталарга хос жилмайишига қараб, анқайиб тураверардим ёки... бирон нарсани баҳона қилиб, дарров ғойиб бўлардим...
Бунинг устига биз икки хил дунё эдик. Севинч ўта масъулиятли, аълочи ва дарслардан ташқари эса, қувноқ (нозик-ниҳол кичкина қизчада шунча ғайрат қаердан пайдо бўларди, ҳайронман), шўх-шаддот талаба қиз бўлса, мен эса, омадсиз, назарий дарсларга кўпинча кеч қолиб келадиган, ўрта баҳоларга ўқийдиган, дангаса толиб эдим.
Домламиз дарсга келмай қолса ёки бироз кечикса, Севинч деганлари дарров институтимиз талабаларига хос шўхликларни бошларди: атрофдагилар билан ҳазил-мутойибага киришиб кетар, ҳатто шеър, қўшиқлар айтарди. Қўшиғи ҳам оддий бўлмасди, албатта, кимларнидир танқид нишонига олиш учун, сўзларини бироз ўзгартириб, аммо хатти-ҳаракатларини жуда ўхшатиб, ҳаммани роса кулдириб (кимнидир куйдириб) айтарди.
Атрофдагилар эса, айниқса, Севинчнинг ўзига ўхшаш шум дугонаси, ўзи ҳам, сочи ҳам малла ранг Зарина билан «Қори ака» лақабли курсимиз сардори, яъни маҳмадона Завқиддин самимий ҳазилларга қотиб-қотиб кулишарди.
Мен эса, аудиториянинг бир бурчагига биқиниб олиб, китоб ўқишдан бошқасини билмасдим. Ич-ичимдан уларга қўшилиб кетишни, айниқса Севинч билан ҳазил-хузул қилишни жуда-жуда истасамда, лекин, Крилов масалидаги тулки каби «чиройли узумга бўйим етмай қолишидан» чўчиб, ўзимга ўзим: «Йўқ, Санжар! Баланд дорга осилма!» дердиму яна китоб дунёсига шўнғиб кетардим.
Бироздан кейин яна Севинчга қараб ўтириб, «Эҳ, қанийди, - деб орзу қилардим ўзимча, - мана шу ўқиётган китобимдаги (ёзувчи Ж.Санд асаридаги) бой-бадавлат графнинг гўзал қизи, адабиёт, тасвирий санъат ва мусиқани яхши кўрадиган, ўта нозик ҳис-туйғуларга эга Валентина - камбағал, лекин кўнгли тоза, ўқимишли йигит - Бенидиктни севиб қолгани каби Севинч ҳам мени яхши кўриб қолса, мен ҳам Валентинани, э, йўқ... кечирасиз, Севинчни Бенидикт каби пок муҳаббат билан севган бўлардим...»
Биламан, китоб бошқа, ҳаёт бошқа. Бироқ барибир йигит ва қизнинг сўзсиз бир-бирини ҳис қилиши, севиб-севилиб ҳаёт кечириши - энг олий бахт деб ҳисоблардим...
* * *
Агар кутилмаган воқеа рўй бермаганда, мен учун олийгоҳимиздаги энг гўзал ва энг шўх (кейинчалик билдим: аслида энг жиддий ва энг ақлли) қиз билан, балки ҳеч қачон дўстлаша олмаган бўлармидим, яна ким билади дейсиз...
Бир куни институтда комсомол мажлиси ўтказиладиган бўлди. Ўша вақтлар бундай мажлисларга ёшларнинг барчаси ишитирок этиши шарт эди. Менга эса, бундай тадбирлар, у ерда бўлиб ўтадиган таълим-тарбия ҳақидаги насиҳатлар унчалик ҳам ёқмасди, шунинг учун, йиғилиш ҳақида эшитсам, олийгоҳдан секин «қуён» бўлардим. Бу сафар ҳам, безори дўстларим билан келишиб, кинога борадиган бўлдик! Ахир тўғрида, мажлисда зерикиб, эснаб ўтиргандан кўра, маъноли фильм кўриб, маънавий дунёқарашимизни кенгайтирганимиз яхшимасми?..
Хуллас, тушдан кейин барча талабалар ўқув театрига қараб йўл олишганда, биз - Ботир, Жамол ва мен жуфтакни ростлаш учун, дарвоза томон равона бўлдик...
Урушқоқ Ботир билан эронлик кино-юлдузга ўхшаш Жамолни сизларга таништириб ўтирмайман, чунки бу йигитларни институтда ҳамма яхши билади. Улар ҳам ота-онасининг пулига олифтагарчилик қиладиган, ҳафтада бир-икки марта институтга келиб, «шакл-шамойилини бир кўрсатиб кетадиган» йигитлар эди.
Ботирнинг ўта кучли эканига, каратэдан ҳатто қора белбоғи борлигига ҳавасим келса, Жамолнинг чиройли қизларнинг бошини айлантириб, таралла бедод ҳаёт кечиришига ҳавасим келарди.
Ҳавасим келардию, лекин уларга қўшилиб вақтим бекор кетаётганига ҳам ачинардим, чунки, ота-онам мени «одамга ўхшаб ўқиб юрибди», деб ўйлашардида...
Ахир нима қилай, имтиҳонда дарслик китобини ёддан гапириб берган тақдиримда ҳам, домлаларим: «Билимингиз ёмонмасу, лекин ахлоқингиз жуда ёмон!..» деб, яхши баҳо қўйишмасди.
Ботир билан Жамолга мазза эди, уларнинг ўрнига мансабдор оталари «дарс тайёрлаб», таниш домлалари «имтиҳон топширишарди»...
Шу пайт кимдир:
- Муҳаммадиев! Қаёққа? Мажлис бу томонда - ўқув театрида бўлади! - деса, чўчиб кетибман. Қарасам, деканимиз Умида опа пана жойга туриб олиб, ўтган-кетганни кузатиб турган экан. Қандай қилиб уни кўрмай қолдим, ўзим ҳам ҳайронман... Шунинг учун, бироз эсанкираб:
- Ассалому алайкум, Умида опа... Ҳо-о-зир, ҳовлида сигарет чекиб олайлик, кейин мажлисга кирамиз! - дедим, ёлғон гапириб.
Ростини айтсам, мана шу опани ҳурмат қиламан, ҳалол инсон, ҳам яхши педагог. Доим менга ўхшаш дангаса талабаларни қўллаб-қувватлаб туради, керак бўлса ҳимоя қилади. Ўқишга қайта тикланишимга ҳам мана шу киши ёрдам берган. Аммо, у негадир «Муҳаммадиев, қозонга яқин юрсанг, қораси юқади!» - дейди, доим. Қачон, қаерда қозонга яқин юрган эканман, ҳайронман... Яна бир ғалати гапи бор: «Сен «уларга» эмас, ўзингга ўхшашга ҳаракат қил!» дейди...
Қизиғи шундаки, бирон ўқитувчи менга бир соат вайсаганда ҳам ичим жиз этмасди, аммо Умида опа бироз тикилиб қараса, тамом, қилган гуноҳларим бирма-бир кўз олдимдан ўтиб, ўзимдан ўзим уялиб кетардим...
Опанинг ташвишлари кўп, ишлари бошидан ошиб-тошиб ётарди. Шунинг учун, ҳозир нимадир рўй берадию, у пистирмадаги «пост»ини ташлаб кетади, деган умид билан сигаретни «чўзиб-чўзиб» чека бошладик. (Аслида сигаретни ҳам дўндириб чекмасдим, ҳидидан бошим айланарди. Шунчаки, йигитлардан қолмаслик учун тутатардим, холос.)
Ниҳоят бир ўқитувчи деканимизнинг ёнига келиб, «Умида опа, сизни боядан бери қидираман-а...» деди-да муаммолари ҳақида гапира бошлади. Деканимиз уни диққат билан тинглаб, нималарнидир куюниб таъкидлади. Биз қулай фурсат пайдо бўлганидан фойдаланиб, яна дарвоза томонга диконгладик.
Аммо Умида опа бизни зимдан кузатиб турган экан:
- Санжар!.. Санжар, деяпман!.. Чекиб бўлган бўлсанг, ҳозироқ мажлисга! - деди буйруқ оҳангида.
Оббо-о-о!.. Нега менга буйруқ беради-а? Ботирга эмас, Жамолга эмас...
Бошқа ўқитувчи бўлганда, буйруқни эшитмаганга олиб, йўлимда давом этган бўлардим. Лекин Умида опани яна хафа қилгим келмади. Ёлғон тўқиш учун атрофга алангладим. Қарасам, ўқув театрининг асосий эшигига рўпара келиб қолган эканман:
- Эшитяпман, Умида опа! Эшитяпман!.. Мана, мажлисга кетяпмизку! - дедим, ўқув театри томонга шартта бурилиб. Буни кўриб, Ботир билан Жамол хиринглай бошлашди. Шунга бироз аччиғим чиқиб:
- Биз асосий эшикдан кирмоқчи эдик, холос... - дедим, зарда билан.
Ўқув театрининг эмандан ясалган, қалин, икки тавақали эшиги - асосий кириш жойи бўлса ҳам, ўқув биносидан узоқроқда жойлашганди. Шунинг учун, у ерда ҳеч ким кўринмасди. Агар эшикни яхшилаб тақиллатсангиз ортида кимдир бўлса ва ўша кимдир тасодифан эшитиб қолиб, «Намунча шовқин соласиз?..» деб вайсаганча эшикни очса, ичкарига кириш мумкин эди, бўлмаса йўқ! Бинони айланиб ўтиб, ҳамма қатори орқа эшикдан киришга тўғри келарди...
Эшик қулф бўлишига умид қилиб, секин унга яқинлашдик. Бизни ҳамон узоқдан кузатиб турган Умида опа «Нега тўхтаб қолдиларинг! Ичкарига киринглар!» дегандек имо-ишора қилди. Унинг қўл силкиши ҳам, айнан менга қаратилгандек туюлди, гўё. Шунга бироз иккиланиб:
- Балки, етар! Умида опанинг шаштини қайтармай, мажлисга кирармиз?.. - дедим.
Турган гапки мендаги ўзгариш йигитларга ёқмади. Ботир дарров бақувват қўлини елкамга қўйиб, норози оҳангда пўнғиллади:
- Шошма, укам... Ана, «кампирча» кетяпти, - деди. - Мана энди, «точно» қочамиз...
Қарасам, чиндан ҳам Умида опа дадил юриб кетяпти. Лекин, айнан унинг мана шу ҳолати менга кўпроқ таъсир қилди, гўё «Санжар, мен сенга қоровул эмасман! Энди бу ёғи ўзингга боғлиқ!» дегандек.
Буниг устига Ботирнинг «кампирча» деб ҳақорати қилгани ичимни оғритди, шунинг учун бўлса керак, даб-дурустдан:
- Мен кинога бормайман! - деб юбордим. - Мажлисга кираман!
Жамол ҳайрон бўлиб менга қаради:
- Нима?.. Ҳалигина ўзинг кинога борамиз, дегандинг-ку... Ё, анави тулки опангдан қўрқяпсанми?..
- Ҳа, қўрқяпман, - дедим кесатиб.
- Тушунмадим, Санжар... Эркакмисан, ўзи?..
Уф-ф, негадир Жамолга ўхшаганлар «Эркакмисан?» деса, қоним қайнаб кетарди. Лекин шунда ҳам жанжал чиқармаслик учун, ўзимни босдим. Ботирнинг қўлини елкамдан олиб ташладим-да, хотиржам гапиришга уриниб:
- Эркакман, лекин кинога боргим келмаяпти, - дедим қатъий.
Ботир бирдан жазавага тушиб:
- Ҳов, укам, мен билан бунақа оҳангда гаплашма!.. Тушундингми?.. - деди хезланиб: - Сендан сўраяпман, тушундингми?..
Жамол эса, мана шундай ҳолатларда гўё жанжалнинг олдини олишга ҳаракат қилаётгандек кўринса-да, аслида зиддият пайдо бўлганидан хурсанд бўларди. Мана ҳозир ҳам у гўё ўртамизга тушиб, «Ўзингни бос» дегандек Ботирнинг елкасидан итарди-да:
- Қўявер, мажлисига кираверсин! - деди, ўсмоқчилаб, - Ўзимиз кетаверамиз... йўлда «бар»га кириб, мазза қилиб «коктейл» ичамиз... У ерда зўр қизлар бор...
Афсуски, шундай пайтларда кўпинча: «Э, борэ-э!.. Нима бўлса, бўлди!» деб, уларга эргашиб кетаверардим. Лекин, бу сафар бундай қилгим келмади. Айёрона жилмайиб турган Жамолнинг камина ён босишига юз фоиз ишониб туриши, Ботирнинг эса, орамизда энг кучли эканини яна бир бор «эслатиб қўйиши» ҳамиятимга тегди.
Шу топда, «Нега ёш боладек уларнинг этагини ушлаб юрибман?» деган ўй ҳаёлимдан ўтди. Барибир Ботирга ўхшаб соғлом-бақувват бўлиб, Жамол каби қизларнинг орзусидаги йигитга айланиб қолмасам... Ахир улар ҳеч қачон мени тушунишмаган, тушунишни ҳам исташмайдику. «Қўрқоқмисан?.. Эркакмисан?..» деб, ишкалларга аралашиб юраверишимни хоҳлашади, холос.
Шуларни ўйлаб туриб, бирдан улар билан гаплашгим келмай қолди. Индамай бурилиб, катта эшикни очдим. Йигитлар ортимдан «Санжар, тўхта!», «Гапингда тур-да, энди!..» деб чақиришса ҳам, ортимга бурилиб қарамадим, қарагим келмади...
Ҳар тугул эшик қулф эмас экан. Уни шартта очиб ичкарига кирдим. У ерга киришим билан...
* * *
Ҳой!.. Тўхтанг!.. Азиз ўқувчи!.. Келинг шу ерда бироз ортга чекинсам, бирозгина... Мен ташқарида «асл» йигитлар билан баҳслашиб турганимда, ичкарида, яъни ўқув театри фойесида нималар рўй берганини гапириб берай, кейин ҳикоямни давом эттираман, майлими?..
* * *
Ўқув театрининг кенг, шинам фойесида: деворларга истеъдодли ёш рассомлар чизган жуда чиройли расмлар осилган, катта-катта тувакларда қатор гуллар, дам олиб ўтириш учун эса, диван ва креслолар қўйилган эди. Мажлис бошланишига эрта бўлгани учун, курсдошларим ана шу юмшоқ ўриндиқларга ўтириб олишиб, тўпланаётган одамларга «томоша» кўрсатишаётган экан. Атрофда зерикиб турган талабаларга эса, «ижтимоий мавзудаги ҳазил» жуда маъқул келиб, завқ билан томоша қилишаётган экан...
Маллавой Зарина Севинчнинг қўлидан етаклаб келиб, маҳмадона Завқиддинга арз қилибди:
- Қори ака, бир қизим бор, кўзи ғилай... эмас! Қўли акашак... эмас! Шунга мос, тузукроқ куёв топиб беринг, - деб, ҳозиргина кўзини ғилай, қўлини акашак қилиб ҳаммани кулдирган, лекин Завқиддин бурилиб қараши билан ўзича сипо бўлиб олган Севинчга ишора қилади. - Ақлли қиз-у, лекин жуда қайсар!
Завқиддин Севинчдан:
- Қизим, сизга қандай йигитлар ёқади? - деб сўраса, Севинч ўта содда қизлардек ер чизиб:
- Бўйи баланд, сочлари узун, қалби тоза йигит!.. - дейди, таманно билан. Кейин кўзларини пирпиратиб, шартларга қўшимча қилади, - Агар Тошкентда уйи, уйида машинаси бўлса ҳам қарши эмасман!..
- Уйида машинаси?.. Ўйинчоқ машинами?..
- Йўқ, ростакам машина: «Жигули».
Шунда Завқиддин фойени бошига кўтариб кулаётган баланд бўйли қора йигитни кўрсатиб,
- Мана шу йигит бўладими? - деб сўраса, Севинч,
- Йўқ, у кўп гапиради... Сочи ҳам жуда калта, - дейди.
Завқиддин ўрнидан туриб, талабалар орасидан сочи узунроқ, лекин бўйи пастроқ семизгина талабани топиб чиқади.
- Мана бу-чи? - деб сўраса, Севинч:
- Вой, бўйи пастку, бунинг устига у яхши ўқимайди, - деб жавоб беради.
- Қизим, яхши ўқимаслигини қаердан биласиз? - деб сўраса,
- Онам айтган, - деб Заринага ишора қилади. Қув Зарина эса:
- Қори ака, у стипендия олмайди, бир тийин пули йўқ! - деб кулади...
Хуллас, Севинч билан Зарина ҳазил баҳона атрофдаги йигитларни бирма-бир танқид қилишаётганда Завқиддин ўйланиб қолади, ўтириб-ўтириб, Заринага:
- Бу қизингизга мос куёв топиш жуда қийин экан, - дейди. - Менда бир таклиф бор, агар йўқ демасангиз айтаман...
Зарина:
- Хўп, дейман, айтинг, - деса, Завқиддин:
- Таклифим: мана шу икки тавақали кўча эшикдан ҳозир ким биринчи бўлиб кириб келса, ана шу одамга қизингизни берамиз, - дейди.
Заринанинг қизиқ одати бор, ҳузур қилиб кулганда, аввалига овози чиқмайди, бироз жимликдан кейин шунақанги гулдурос билан куладики, ҳазилни тушунмайдиган энг сўмрайган одам ҳам уни кўриб ўзини тутиб туролмайди. Завқиддиннинг таклифини эшитиб, у шундай кулса бўладими:
- Розиман, Қори ака!.. Хо-хо-хо!.. Жуда зўр фикр! Ҳозир ким кириб келса, мана шу қизни оёқ-қўлидан боғлаб, ўшанга бериб юборамиз! Хо-хо-хо!.. Шу заҳоти фотиҳасини ўқиб қўясиз, - дейди.
Унга қўшилиб кўзларидан ёш чиққунча кулаётган атрофдаги талабалар ҳам, табиийки, воқеанинг давоми нима бўларкин деб, қизиқиб қолишади...
«Оловиддинниг сеҳрли чироғи» фильмини кўрганмисиз?.. Султон жаҳл устида ўз қизи Будурни эрга бериш учун, «Ким мана шу эшикдан биринчи бўлиб кириб келса, ана шу одамга қизимни бераман!» дейди. Ҳамма жим бўлиб, эшикка тикилиб турганда ҳеч нарсадан хабари йўқ, вазирнинг тентак ўғли Муборак кириб келади...
Худди шунга ўхшаб, Завқиддин билан Зарина гўё султону вазир бўлиб олишиб, маликаи Будур... э-йўқ, узр, курсдошим Севинч ҳамда барча томошабин талабалар «Асосий эшикдан ким кириб келаркин?!» деб кутиб туришганда, Муборак каби... Ким?.. Ҳа, топдингиз, мен кириб келган эканман...
* * *
Хуллас, ичкарига кириб келишим билан, фойеда тўпланиб турган талабалар негадир менга қараб гулдурос қарсак чала бошлашди. Ҳайрон бўлдим. Ҳаммасининг оғзи қулоғида, хурсанд...
Эшикдан яна кимдир, уруш қатнашчиси - қаҳрамон-ми ёки таниқли санъаткор кирди, шекилли, деб ортимга қараб қўйдим. Йўқ. Ҳеч ким йўқ, остонада бир ўзим ҳеч нарсани тушунмай гарангсиб турардим. Шундай бўлса ҳам, қарсак чалаётганларга «Раҳмат!» дегандек таъзим қилиб қўйдим.
Шу пайт кўпчилик орасидан маҳмадона Завқиддин: «Баракалла!.. Бу йигит янги курсдошимиз Санжарбек бўлади!» деб чиқиб келди:
- Мана қаранглар, куёвмисан-куёв! Сал озғинлигини ҳисобга олмаса, бўйи-басти жойида! Сочига ҳам гап йўқ, елкасигача тушиб турибди!.. Бурни сал каттароғу, аммо ўзига ярашиб турибди. Тўғрими? - деб сўраганди, атрофдагилар:
- Тўғри! - деб қичқиришди.
«Қанақа соч? Нима тўғри? Бурнимнинг нимаси унга ёқмади...» деб ўйлаб турганимда, шу пайт ёнимда шумтака Зарина пайдо бўлди, у гўё қул сотиб олмоқчи бўлган қулдордек атрофимда айланиб, томоша қилди-да:
- Хўш... Қадди-қомати ёмон эмас, кийиниши ҳам тузук!.. - деди. Мен:
- Тишимни ҳам кўрсатайми? - дегандим, қовоғини солиб:
- Санжар, - деди, бу сафар гўё имтиҳон олаётган домладек, - Тошкентда уй-жойинг борми?
- Йўқ.
- Ия, унда қаерда яшайсан?
- Ота-онамникида...
- Авто-улов-чи? Борми?
Мен эса, ҳамон анқайиб:
- Нима? Машинами?.. Менда йўқ, - дедим, рост гапириб, - лекин, дадамда бор, Жигули...
- Ана, бор экан, - гапни яна Завқиддин илиб кетди. - Дадасиники бўлса ҳам, бор экан! Ҳисобга ўтади... Ура-а, ўртоқлар! - деганди, фойедаги талабалар хурсанд бўлишиб, аввалгидан ҳам кучлироқ қарсак чала бошлашди.
Завқиддин билан Зарина, кейин барча: «Таб-рик-лай-миз!» деб қичқиришганда, шунақанги шовқин бўлдики, тепамда илиниб турган катта шиша қандилга қараб қўйдим, «Ишқилиб тушиб кетмасин-да...» деб.
Зарина, «Ҳой, куёв! Осмонга эмас, келинга қаранг!» - деганди, «Келин ким экан?» деб атрофга қарадим-у, Севинчга кўзим тушиб, мен - куёв, Севинч - келин эканини билиб, юрагим шиғ-ғ этди. «Қаёққа қочсам экан?!» деган ўй билан атрофга аланглагандим, Завқиддин ниятимни сезиб, қўлимдан маҳкам ушлаб олди, у:
- Куёв ёқдими, келин? Розимисиз? - деб сўраганди, Севинчнинг кўзлари порлаб:
- Ҳа, ёқди... Розиман! - деса... деса, мен... мен...
О-о-о, ўша пайтдаги ҳолатимни қалам билан ифодалаб бўлмайди, хурсандлигимдан юрагим тўхтаб қолишига оз қолди. Яхшиямки, Завқиддин мени суяб, аниқроғи қочиб кетмасин деб, маҳкам ушлаб турган экан, бўлмаса, гуп этиб йиқилган бўлардим. Унинг қулоғига шивирлаб,
- Долажон», мендан ҳам, «Куёв, розимисиз?» деб сўрамадиз-ку, - десам, «Қори ака»:
- Нимасини сўрайман, кўзларинг ёниб, ич-ичингдан рози бўлиб турибсан-ку, - деди, кейин: - Қани, Омин! - деб қўлини дуога очди. Шовқин солиб турган талабалар ҳам бироз жим бўлишди... - Икки ёш бахтли бўлишсин! Қўша қариб, ували жували бўлишсин! - деганда эса, Севинчимнинг мамнун чеҳрасига яна бир бор қараб қўйдим-да, жудаям хурсанд бўлиб кетдим. Ҳамма жўр овозда «Омин!» дейишганда эса, кутилмаган бахтдан гўё осмонларга учиб кетгандек бўлдим... Ҳатто ўзим билмаган ҳолда:
- Энди битта ўпсам бўладими? - деб юборибман.
Фойеда гурр этиб кулги кўтарилдию, кўпчилик «Бўлади!» деб қўллаб-қувватлай бошлашди. Фақат Зарина дугонасини бироз рашк қилди, шекилли, «Вой, ўлай!.. Ҳамманинг ёнида ўпиш мумкин эмас!» деб тихирлик қилди, Завқиддин эса, «Ошинг ҳалол бўлса кўчада ич!.. Энди қуда хола... ҳозирги ёшларни тушунса бўлади, рухсат берамиз!» деб юборди...
Буларнинг ҳаммаси навбатдаги ҳазил эканини билиб турган бўлсам ҳам, ўшанда Севинч билан орамиздаги кўринмас девор қулаганини бутун борлиғим билан ҳис қилдим...
* * *
- Хуллас, ўшанда комсомол мажлисига кирдингиз-ми? - деб сўраяпсизми...
Ҳа, кирдим. Севинч билан ёнма-ён ўтириб, тартиб-интизомга оид «гуноҳларим» учун, комсомол раҳбардан роса танбеҳ эшитдим. Лекин, бу кайфиятимга заррача ҳам таъсир қилмади, чунки ахлоқимни тузатиш вақти келганини фойеда тушуниб бўлгандим.
Шундай қилиб, барча дарсларга вақтида келадиган, аудиторияда эса, Севинч билан бирга олдинги қаторда, лекция ўқиётган домланинг нақ бурни тагида ўтирадиган бўлдим. Шунинг учунми ёки комсоллар роса пўстагимни қоққанигами, ишқилиб, навбатдаги имтиҳонларнинг ҳаммасини аъло баҳоларга топширдим, ҳатто Севинч каби нуфузли «Аълочилар» стипендияси ҳам ола бошладим.
Аслида эса, Севинчнинг каминага бўлган муносабати, меҳри мени бутунлай ўзгартирганди. Ундаги масъулият, интилиш каби фазилатлар менга ҳам юқди, шекилли, анча интизомли толибга айландим.
Бир куни институтимиз яқинидан оқиб ўтган канал - «Анҳор» бўйида Севинч билан сайр қилиб юрарканман: «Очиғини айтсам, сен туфайли яхши томонга ўзгардим. Ўзимга нисбатан ишончим ортди, ҳатто ўзимни ҳурмат қила бошладим...» - дедим, кулиб. Лекин Севинч кулмади, кўзларимга жиддий қараб туриб:
- Мен ҳам очиғини айтаман: сиз доим аудитория бурчагида китоб ўқиб ўтирганингизни кўриб... ҳайрон қолардим... Китоб севги ҳақида бўлса, баъзан жуда хомуш, кулгили бўлса, ёш боладек қувноқ кулишингизни кўриб, рости, юрагим, қалбим... яйрарди. Кейинчалик... менга нисбатан ҳис-туйғуларингиз самимий эканини сезганим учун, муносабатингиз жиддий эканини билганим учун... дўстлашдим. Қолган нарсалар мен учун аҳамиятга эга эмас, - деди.
Шунда мен... «Китоб бошқа, ҳаёт бошқа» деган фикримдан қайтдим. Ҳаётда ҳам йигит ва қиз бир-бирин ҳис қилиши, севиб, севилиб яшаши, ўз бахти учун интилиши мумкин эканини тушуниб етдим. Бу мен учун жуда муҳим эди!..
Дўстим Завқиддиннинг дуосига фаришталар ҳам омин деган экан, бир йил ўтар-ўтмас Севинч билан ҳақиқий тўйимиз бўлди! Табиийки, маллавой Зарина - келин-янга, маҳмадона Завқиддин эса, каминага куёвжўра бўлди... Талабалар эса, тўйда роса ўйнаб-кулиб, еб-ичиб, бутун маҳалламизни бошига кўтариб, яна шовқин солишганди...
1987-2024 йил.
Сарвар МАҲМУДОВ
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 10
Алифбони лотинлаштиришнинг окибатлари жуда купол хунук булмокда,еки узбек адабий Тил нормалари нихоятда лойга чапланмокда,мисоллар жуда куп,ким кандай эшитса шу тарзда когозга туширмокда,оддий угил атамасини кимдир огил сузига алмаштириб хикоя езибди...Азизлар,угил бу инсон фарзанди,дилбанди,огил эса чорва сакланадиган махсус жой,нахотки щуни фарклаш кийин булса,нахотки адабиетимиз тутикушлар кулига тушиб колди...