Маҳалла идорасининг шинамгина хонаси.
Маҳалла раиси Илҳом ака навбатдаги ташриф буюрувчини мулозамат билан кузатиб қолар экан, хонага котиба Умида кириб келди.
- Чойингизни янгилаб берайми, Илҳом ака?!
Умида Илҳом аканинг жавобини кутмай стол устида турган чойнакка қўл узатди.
- Бугун оғир кун бўлди-я, Умида? - Илҳом ака стол устидаги қоғозга кўз югуртирар экан котибасига ҳорғин жавоб қайтарди, - аммо,- чиройи ёришди унинг,- режадаги анча ишларни битириб олдик. Энди шу ҳужжатларни кўриб чиқсам, қабристонда ҳашар қилаётган ёшлардан хабар олсам бўлади. Барака топгурлар ўзлари ташаббус билан чиқиб дарвозадан чап тарафга бетондан йўлак қилишаётгани ажойиб иш бўлди. "Барчамизни оҳирги борар манзилимиз шу. Қабристонни обод қилсак болаларимизга ҳам ўрнак бўлади" дейишади азаматлар.
Умида хона бурчагидаги тумба устида турган тефалдан чой дамлай бошлади.
- Илҳом ака,-деди у хаёлпаришонлик билан
-Ҳа? - Умиданинг ниманидир айта олмай тараддудланганига сергак тортди Илҳом ака,- тинчликми? Нима гап?
- Ноиба телефон қилганди,-хўрсинди Умида ва янги дамлаган чойни стол устига олиб келиб пиёлага солиб қайтара бошлади,- у кеча қўшниси Васила опа хонадонига қилинган эҳсондан хабар топибди. "Сенларни одам ажратиб айирмакашлик қилишларинг учун маҳалла қўмитасига сайлаб қўйганимиз йўқ" бирам асабимни бузди. На гапимни эшитади, на гап уқади. "Васила опа бева бошлари билан уч фарзандни катта қиляптилар, яна устига устак ўзларини тоблари йўқ. Бир томонда кекса қайнота, қайноналари бўлса" десам "Қачон қараса кўрганларинг шу Васила опа, ой чиқсаям шунга, кун чиқсаям шунга. Мен ҳам маҳалладан ёрдам олишимиз учун эрим ўлиб ўзим бева бўлишим керакми?" дейди ҳар сўзидан заҳар томиб.
Умида Илҳом акага чой узатар экан сўзида давом этди:
- Нима эмиш, Васила опа сира муҳтож эмасмиш. Бир тарафда қайнона-қайнотани нафақа пули, бошқа тарафда учта боласига давлат томонидан тайинланган ёрдам пули, яна опанинг ўзини ойлиги- ҳаммаси бир дунё пулмиш.
Илҳом аканинг қошлари уйилди:
- Ноиба қўшнисини пулларини ҳисоблабди-ю, у рўзғорнинг ҳаражатини ҳисобламабди-да. Қайнона-қайнота нафақа пули олса ўзини дори-дармонидан ортарканми? Бевақт нобуд бўлган ёлғиз ўғлини дардида бири қон босим, иккинчиси қанд касаллигини орттириб олган бўлса. Болалари ҳали онасининг ёнига кирмаган. Авжи ейман, ичаман, кияман деган мактаб ёшида. Ҳайҳотдек рўзғорда Василани бир ўзини ишласа, уям бўлса цехда оддий тикувчи бўлиб.
- Шу гапларни мен ҳам айтдим,- ҳуноби ошди Умиданинг, -аммо Ноиба деганлари қани гапни тушунса? Топиб олган гапи "Мен ижарада яшайман, тўртта болам билан муқим ватаним йўқ, сенларни бўлса биз билан ишларинг йўқ. Топиб олганларинг Васила опа, Зулфия, фалончи, писмадончи" деб роса асабимни еди.
- Майли, Умида,- оғир тин олди Илҳом ака,- Ноиба келсин-чи, у билан ўзим гаплашаман. Жуда индамаган сари босар- тусарини билмаяпти.
- Илҳом ака, ўзи шу Ноибага ўхшаганларга берилган ҳайрия буюм, пулларни топшираётган лаҳзаларни суратга олиб маҳалла группасига ташлаб қўйсангиз, озроқ бўлсаям ҳовури босилармиди? Ноиба ҳеч ким билмаяпти, кўрмаяпти деб ҳар сафар иддао қилавермасди дейман-да?
- Қилинган эҳсонни оммага ошкор қилсак эҳсонлиги қаерда қолади, Умида? Қадимдан "Ўнг қўлинг берганни чап қўлинг билмасин" деган гап бекорга айтилмаган. Ўзи...
Шу вақт Умиданинг қўл телефони жиринглади:
- Алло, ҳа, ҳа...-Умида Илҳом акага ишора қилди, - Ноиба... Эшикни тагида турганмиш,-Илҳом ака Умидага "Чақир" деган имо қилди,- келаверинг, Илҳом ака шу ердалар.
Умида остонага яқинлашиб Ноибани кутиб олди. Ноиба икки ярим ёшлар чамасидаги қизчасини етаклаб олганди.
- Ассалому алайкум, Илҳом ака.
Илҳом ака Ноибага қўли билан "ўтиринг" деган ишора қилди.
- Ваалейкум ассалом, келинг хизмат. Қулоғим сизда
- Келдик, - деди Ноиба лаблари титраб, - бу дейман сизни замонангизда биздек уйсизлар шунақа бир чимдим меҳрга зор бўлиб юраверадими? Қачонгача одам ажратасизлар? Сизларга ҳам чора кўрадиганлар бордир?
- Шошманг, шошманг, сизни замонангиз деганда нимани назарда тутяпсиз?
-Нимани бўларди? Сиз маҳаллага раис бўлган даврни?!- чақчайди Ноиба, -хафа бўлманг-у, олдинги раис Сафар ака адолатли эдилар, ҳаммага бирдек қарардилар.
- Ҳмм, шундай денг,- ўзини вазминликка солганча Илҳом ака ўтирган стулига суянди,-мен сизни эшитдим. Энди сиз мени эшитсангиз.
-Ҳали сўзимни тугатганим йўқ,- бидирлади Ноиба
- Майли, давомини яна гаплашаверамиз. Мен ҳам кези келганда ўз фикримни айтиб олсам.
Биринчидан, Сафар ака устозим бўладилар. Уларни чин юракдан ҳурмат қиламан. Устоздан ўрганадиган нарсаларим кўп ҳали.
Иккинчидан, сизни замонангиз деган сўзингиз нотўғри. Замоннинг ўз эгаси бор. У ҳеч қачон меники бўлмаган, бўлмайди ҳам.
Қолаверса бу столни эгаси ҳозирча мен бўлганим билан уни давлатимиз белгилаб берган қонуниний тамойилларга кўра бошқараман.
Учинчидан,- таъкидлади Илҳом ака,- уйингиз масаласига келсак, сизни уйсиз қолишингизда биз айбдор эмасмиз!? Уч хонали квартирани арзон-гаров сотиб пулини бебилиска ишлатиб ташлаган? Тайёр жой деб ташландиқ боғчага бесўроқ жойлашиб олган? Боғча қайта таъмирлангач, уйсиз қолган ҳам ўзингиз? Айтингчи, бунда маҳалланинг айби борми?
- Мен бир нарса дедимми? Маҳалла айбдор демадим-ку? Уйим йўқ дедим халос,- тилини бергиси келмади Ноиба
- Қайнона-қайнотангиз "Келинглар, бирга яшаймиз!" деб уй ажратиб берганда бормаган яна ўзингиз- Ноибанинг сўзларига эътибор бермай сўзида давом этди Илҳом ака
- Қайнонамни қанақалигини билиб туриб гапирасиз-а? Зарил кебдими унинг илонникидек заҳар тилига чидаб яшаш?! Ундан кўра ижарада яшаганим минг марта афзал,- раиснинг сўзини бўлди Ноиба
- Синглим, турмушни-мушт деб қўйибдилар. Оғир бўлсангизгина юзага чиқасиз-да бир куни. "Қарс икки қўлдан" деган гаплар ҳам бор. Ҳеч қачон бир тараф яхши, бошқаси ёмон бўлиб қолмайди.
- Мен бу ерга насиҳат эшитишга келганим йўқ. Худога шукр мустақил фикр юрита оладиган ёшга етганман.
- Унда нимага келдингиз? - ўзини босишга ҳаракат қилиб сўради Илҳом ака, -қани гапиринг-чи?
- Сиз маҳалла раисимисиз? Ҳаммани бир кўз билан кўришингиз керак?
- Тушунтириб айтинг, -бетоқатланди Илҳом ака,- вақтни исроф қилмайлик.
- Хўп. Ўтган хафта Васила опаникига эҳсон маҳсулотлари бергандингиз. Кеча яна бир дамас озиқ-овқат, кийим-кечак олиб келиб топширдингиз. Қани айтинг-чи? Нега у ҳар хафта эҳсон олар экан-у, биз ажралиб қолишимиз керак?
Илҳом ака заҳарханда кулимсиради:
- Ўтган хафта Василаларнига маҳсулот берилганда сизга ҳам бирдек берилди, тўғрими? -Ноиба Илҳом аканинг саволига "Ҳаа" дегандек бош силкиди,- кеча эса уларникига марҳум Муроджонни касбдошлари йўқлаб келишди. Улар менга учраб "Раис бува, дўстимизни хонадонига бирга боришиб келишинг. Марҳум дўстимизнинг оиласига озгина ёрдам бермоқчи эдик" деганларига бирга қўшилиб боргандим. Энди айтинг-чи, ўша оилага ўзларига тегишли бўлган инсонлар эҳсон қилишса орага сизни ҳам қўшишим керакмиди? Ёки кўнглингизга гап келмасин деб ҳар юрган йўлимда сизга ҳисоб беришим шартми?
- Сўраганни, билмаганни билиб олишни айби йўқ, раис бува, - деди Ноиба сиртига сув юқтирмай,- қолаверса келганимни яна бир сабаби бор.
- Яна қанақа сабаб экан? - авзойи бузилди Илҳом аканинг. У шошилаётгани билдириш учун билагидаги соатга қараб қўйди.
- Ён қўшнимиз Ориф аканинг устидан шикоят қилиб келгандим.
Сиз уларни бир тергаб қўйсангиз қўйинг. Бўлмаса юқорироқ ташкилотга мурожаат қилишга мажбур бўламан.
- Орифни тергашим керак?- ҳайрон бўлди Илҳом ака, - улар тергашимиз учун нима айб қилдилар?
- Қачон қараса қош қорайгандан ярим кечасигача эшигини тагидан одам аримайди. Келган инсонларнинг машиналарининг эшиги шақ-шуқ ёпилиб, чироғи кўзга тушиб асабни бузгани бузган.
- Шифокор бўлгандан кейин шу-да, уйига келган касални қайтаролмаса,- чуқур тин олди Илҳом ака
- Шифокор бўлса иш жойида боқсин касалларини. Уйда пул ишлаши учун қўшниларни тинчини бузиши шарт эмас.
- Сиз қаердан биласиз, Орифни уйда пулга одам қарашини? Билмасдан гапирманг хўпми? -Илҳом аканинг ростмана жаҳли чиққанди.
- Пул ишламаса қаердан Ҳажга бораркан? Ана кўряпсиз-ку, эр-хотин ҳадемай ҳажга кетишяпти?
- Орифбой яқинда қилган ихтиролари сабаб давлатдан катта пул мукофоти олганларини эшитмагансиз шекилли? Билмасангиз билиб олинг. Аканинг қилган иҳтиролари дунё миқёсида тан олинди.
- Менга қаранг, Ноиба!? - деди нарида индамай гапга қулоқ солиб турган Умида, - айтмоқчи эмасдим- у, аммо айтишга мажбур бўлдим. Ўтган йили сизни икки ўғлингизга қилинган суннат тўйи ҳаражатларини кўтарган шу киши бўладилар. Наврўз байрамида совға қилинган иккита велосипедни ҳам олиб берган Ориф ака бўладилар. Улар шунча яхши қилсалар сизга ошкор қилмагандилар. Хафа бўлманг-у, орзу-ҳавас қилишни истасангиз, ўзингиз ҳам, эрингиз ҳам ишласинлар. Қачон қараса ўзим нозикман, эримни қилтириқ деб ишдан бўйин товлайсизлар? Мана эрингизни йил бошидан буён тўрт марта ишга киргизиб қўйдик. Битта ишхонани совуқ деб, иккинчисини ойлиги кам деб, учинчисини мукофот пули йўқ деб, тўртинчисини тушликка берадиган овқатлари ёмон деб ишламай ишни ташлаб кетдилар.
- Нима сиз менга маломат қиляпсизми? - лаблари учди Ноибанинг,- сиз-чи ҳали бу гапларингизга жавоб берасиз! Мен бу гапларни эшитиб жим кетавермайман.
Шу пайт идора хонасининг эшиги шаҳд билан очилди
- Ойиии! - эшик очилиб Ноибанинг ўртанча қизи кўринди, - укам Рустам қўшнининг деворига осилиб довучча(мева) олмоқчи бўлган экан, дарахтдан йиқилиб боши ёрилибди.Роса кўп қон кетяпти. Уни дадам билан қўшнимиз Ориф акани аёли докторхонага олиб кетишди
- Воой, болааамм! - Ноиба қизини кўтарганча ташқарига отилар экан остонада мункиб кетди.
- Эҳтиёт бўлинг! Тўхтанг, биз ҳам сиз билан бирга борамиз.
Илҳом ака билан Умида унинг ортидан ташқарига жадаллаб чиқиб кетишди.
Касалхона:
- Болааам... Болааамм, - ингради Ноиба, - операцияга кириб кетганига уч соат бўлди. Нима учун ҳеч ким ҳеч нарса демаяпти? Юрагим ёниб кетяпти, юрагим...
- Ноибаа,- Искандар аёлини юпатмоқчи бўлиб қўлидан ушлашга интилди
- Нари туринг! - эрини итариб ташлади Ноиба,- уйда ўтириб битта болага эплаб қараб туролмасангиз.
- Синглим, ўзингизни ушланг, оғирроқ бўлинг, - Илҳом аканинг Ноибага астойдил раҳми келган эди.
Шу пайт остонада ҳамшира кўринди:
- Бахтингиз бор экан,- деди у Ноиба билан Искандарга қараб,- ўғлингизни қон гуруҳи билан Ориф аканинг аёли Маҳбуба опанинг қон гуруҳи бир бирига мос тушди. Йигитчанинг операциясини Ориф аканинг ўзлари ўтказдилар. Қон қуйилгандан сўнг аҳволи ижобий томонга ўзгарди.
Қолган гапни Ориф аканинг ўзларидан эшитасизлар.
Ҳамшира кетгангач Ноиба елкалари силкиниб йиғлай бошлади:
- Бири қон бериб, иккинчиси операция қилиб ўғлимнинг жонини сақлаб қолган инсонлар олдидаги қарзимни қандай узаман? Айтинг, раис бува? Қандай узамиз? Бу инсонлар ҳажга бормай ҳожилик мақомига эришиб бўлган ҳазрати инсонлар.
Илҳом ака сўзга оғиз жуфтлади.
Шу пайт даҳлиз бошида Ориф ака кўринди...
Барчалари Ориф акага қараб қолишди.
Муаллиф: Гулбаҳор Рахматуллаева ( Хазонрезги)
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 6