Чойхонанинг сув устига ўрнатилган сўриларидан бирида, эгилган новдаларига беданақовоқ осилган тол остида, олти нафар синфдош гурунглашиб ўтиришарди. Улардан учтасининг машинаси бўлиб, тўртинчисида мотоцикл, қолган иккитасида эса эски велосипед бор эди. Машинаси бор уч йигитдан бири Рустам исмли йигит бўлиб, бир хафта олдин сотиб олган машинасини “ювгани” жўраларини чойхонага олиб келганди.
-Э боллар, Тико зўр мошин экан-да, ихчамгина, кам чиқим экан,-машина олган кишим оғиз кўпиртириб мақтанарди.-Шу пайтгача нега мошина олмадим, хайронман. Жонни хузури эканда бу... ээх, Равшан, сенам юрипсан-да, шалоқ велигингни мини-и-иб...
Бу гап Иқболга ёқмади. Синфдошлар ичида фақат шу йигит ўзига тўқ оиладан эди. Миниб юрган машинасини хам дадаси олиб берганди. У ўртоғига танбех бермоқчи бўлдию, бир йўталиб олгач сўз бошлади.
-Рустам, кўрмаганни кўргани қурсин деб, жа ўзингдан кетиб қолмаяпсанми?
-Нимага ўзимдан кетарканман, борини айтаман-да.
-Хўб машина олибсан, хўб мана ош қилиб беряпсан, аммо бошқаларни камситишинг яхшимасда жўрам. Жўраларим бугун великда юрган бўлса эртага машина олиб қолар. Бировни кўнглини оғритиш яхшимас.
-Нимага кўнгли оғрийди, ўртоғиданам хафа бўладими?-Рустам сиртига сув юқтирмасди.
-Хамма гап шунда-да Рустам, -Баходир хам гапга қўшилди.-Ўртоқ деб биларкансан, уларни устидан кулмагин-да. Ўзи олганинг битта Тико бўлса, меникидек Матиз олсанг, ёки Иқболга ўхшаб Ласетти олсанг хаммани оёқ учида кўрсатаркансанда, а?
-Э-э, Бохор, жа унчаликмас. Мен шунчаки мошинада юришни қулайлигини айтяпманда. Мени сен билан Иқбол яхши тушунасизлар, мановилар қайдан тушунсин.-Рустам машинаси йўқ ўртоқларига қўлини бигиз қилиб кулди,-Қайдан билсин от қадрин эшак минган йигитлар...
Йигитлар ичида энг бечорахол одам Садриддин эди. Энг орияти кучли хам у... Рустамнинг гапларини эшитиб, дастурхондаги ноз-неъматлар у ёқда турсин, хатто пиёладаги чойни хам ичгиси келмай ўтирганди. Аввалига шартта туриб кетвормоқчиям бўлгандию, аммо ўртоқлари уни тергаётганини кўргач иккиланиб турганди. Кўрдики, Рустам ақлини йиғадиган эмас.
-Рустам,-деди ўрнидан тураркан,-Мошина олибсан, аввало қуллуқ бўлсин. Аммо, сен бир нарса олмагин экан. Ўзи, йўлма йўл камситавериб, мақтанавериб қулоғимни осилтирвординг. Бу ёққа кеволиб хам гап бермайсан. Ош егани олиб келдингми ё гап “едирганими”, тушунолмай қолдим. Сен бизни мошинамиз бўлмаса хурмат қилмайсанми? Шундай бўлса гапимни эшит, бугун 18 август экан, янаги йил 18 август кунигача менам ишлаб мошина оламан, худди шу куни шу ерга ошга келамиз. Олгандаям сеникидан яхшироғини оламан.
-Туя хаммомни орзу қиптими, ха-ха-ха,-Рустам гавдасини орқага ташлаганча кулиб юборди.-Семичкафурушлик қилибам мошина олса бўларканми?
-Рустам?!-Иқбол уни аста туртиб қўйди.-Тилингдан кетма.
-Бўпти, Садир гаров ўйнаймизми?-Рустам қўлини узатди-Қўлни ташла, кеттими гаров?
-Кетти!-Садриддин қўл ташлади.-Ўшангача эса мен сен билан битта дастурхонда ўтирмайман! Бўпти, яхши ўтиринглар!
-Ие, қаёққа Садир?-ўртоқлари уни тўхтатмоқчи бўлдилар.
-Айттимку жўралар, мошина олмагунча бу билан битта дастурхонда ўтиролмайман. Тўйдим уни ерга уришларидан.
Садриддин чойхонадан чиқиб кетаркан, ўртоқлари ортидан можаро қилиб қолишди. Хар ёқдан Рустамга танбех беришар, табиийки, у хеч кимга гап бермасди.
Садриддин жахл устида гаров ўйнаб қўйдию, йўлма-йўл ўйга чўмди. “Бир йилда машина олиш осонми? Буни устига кичкинагина столим бор, ундаям жуда борса икки милионлик товарим бор. Рустам айтгандек семичкафурушларни аборотидаям мендан кўп пул тикилган. Э-э, Оллога таваккал, раз майдонга чиқдимми, энди енгилиш йўқ. Машина олиш бу ойга учиш эмаску.
Йигит гапига амал қилиб, Рустам борадиган ошларга бормади. Бор имкониятини вақтини савдога қаратди. Бозордаги жойига эни бир узунлиги икки метр келадиган темир стол ясаттирганди. Онаси бир сафар маошини унинг савдосига тикмоқчи бўлганда ўйлаб қолди. Шу пулга махсулот сотиб олгани билан бу столга жойлай олмайди. Унга каттароқ жой керак экан. Ўзи ўтириб савдо қиладиган йўлакчанинг нариги томонида кимдир дўкон бошлаб қўйганди. Иккига тўрт метрли бу хона кимники эканини билмасди. Дўконга хали эшик деразалари ўрнатилмаган, ғишти урилганча қолганди. Энг мухими олдига пештахтага мўлжаллаб баландлиги 80-90 сантиметрли ғишт урилганди. Мундоқ ўйлаб қараса айни Садриддинга мос жой экан. Эгаси билан гаплашсаю, дўконни битиришгунча шу ерда савдо қилиб турса қандай бўларкан?
Йигит харидор йўқ пайти ўша дўконга қўшни қассобхонага яқинлашди. Қассоб йигитдан битмаган дўкон кимники эканини суриштирди.
-Ҳа, буми,-қассоб йигит пичоғини қайрганча жавоб қилди.-Амакимни ўғли Сардорники. Озиқ-овқат дўкони қилмоқчи эди, ишидан ортиб бу ерга қаролмаяпти.
-Бирон жойда ишлайдими?
-Йўқ, Тошкенга такси қилади. Ер сотилганда менга қизиқиб сотиб олганди. Ғишини урдию, ўзим савдо қилмасам битириб нима қиламан, сотвораман деб юрибди. Сиз олмоқчимисиз?
-Ака, хозирча пулим йўқ уни олишга, аммо ижарага берса фойдаланиб турардим.
-Ижараси нимаси, фойдаланиб туруринг. Нима сотасиз ўзи?
-Меники майда чуйда нарсалар ака, хов анави стол меники.
-Ха, жойингиз сал чеккароқ экан. Шу ерга ўтволинг, мен Сардор билан галашиб бераман.
-Ака, қуруқ қошиқ оғиз йиртади. Гаплашсангиз ижара пулини гаплашиб бероринг, менам хотиржам бўламанда.
-Ха, майли, қанча бермоқчисиз ойига?
-Юз долларга кўнармикан?
-Кўндираман ука, кўндираман. Барибир бўш туриптию.
-Ишларим юришиб кетса балки ўзим сотиб оларман...
-Ха, баракасини берсин ука. Аммо, битта шарти бор, қассобхона очмийсиз.
-Ие ака, -Садриддин кулиб юборди,- Мен чумчуғам сўймаганман, қассобчиликка йўл бўлсин.
Шундай қилиб, битмаган дўконда савдо бошлади. Орадан икки ё уч хафта ўтиб шахарлик бир йигит илтимос қилиб қолди. Айтишича, арзон товар сотаркан, рухсат берса шу жойда бирга савдо қилмоқчи, ижара пулиниям ярмини бермоқчи бўлди.
-Распрадажа сотаман ука, пойабзал, футболка, косметика товарлари. Сизга конкурент бўлмайман.
-Майли ака, жойлашаверинг.
Хуршид исмли бу йигит эрталаб келардию, икки-уч соат савдо қиларди. Бу пайтни ўзида махсулотининг ярмидан кўпини сотиб улгурарди. Қолганини эса Садридинга ташлаб кетарди.
-Менга шунча-шунчадан берсангиз бўлди, қанчага сотсангиз ўзингизни ишингиз. Кейинги бозор куни хисоблашамиз, - дерди у
Садриддин унинг молларини сотиб хам даромадини ошириб ола бошлади. Вазият шу даражага етдики, Хуршид ўзи ўтирмай қўйди бозорда, тонг сахарда келиб машинасидан қоғоз қутига тахланган махсулотларини санаб-санаб унга топшириб кетарди. Кейинги бозор махсулот олиб келганда эса аввлгиларининг пулларини олиб кетарди. Бир қарашда арзимагандек кўрингани билан, Садриддин унинг махсулотларидан кўпроқ даромад кўра бошлади. Ўзининг зираворлари бунчалик даромад келтирмасди. Йигит даромад ошган сари янги ғояларни ўйлаб кўра бошлади. Бир куни кўчада ўтирганди, қўшни аёл алюминий тоғора кўтариб келиб олди. Бугун бозор йўқ эди, демак, Қўқонга тушиб олиб келяпти. Шу тоғорани кўриб туриб, ўзларининг дехқон бозорларини хаёлан кезиб чиқди. Аммо, бирон жойда бунақа тоғора сотилишини эслолмади.
-Ха Мулла, Садр, зиравор эмас хўжалик моллари сотишим керак эканку, шунга ақлим етмаптия. Бунинг учун эса дўконга эшик дераза қўйишим керак.
Йигит шундан сўнг дўкон эгасига қўнғироқ қилиб ниятини айтди.
-Ука. Мен сенга хозир эшик дераза қуриб беролмайман. Истасанг ўзинг қуриб олавер, барибир бур кун ўзинг сотиб оласанку дўконни. Бошқага сотган тақдиримдаям сени харажатларингни қоплаб бераман.
Садриддиннинг ишлари юришиб кетди. Шахарга тушиб уй-хўжалик молларини улгуржи нархларда сотиб олиб келди. Кейинроқ эса, хунармандлар ўзи уни излаб дўконига келадиган, ўзлари ясаган анжомларни сотиб олишини таклиф қила бошладилар.
Садриддин даромадларини хисоблаб кўраркан, Рустамникидек эски Тикога пули етишини англади. Демак, энди хайдовчилик гувохномасини оладиган вақт бўлибди. Хеч иккиланмай автомактабга хужжат топширди, тўловларини тўлади.
Март ойларига бориб, ўқиши тугади, имтихонларни топшириб гувохномани олди. Гувохномани олгач, арзонроқ “Москвич” олишга қарор қилди. Чунки, туман марказида фақат икки кун бозор бўлса, бошқа кунлари чекка қишлоқларда хам бозорлар ташкилланганди. Ўша бозорларга хам чиқиб савдони йўлга қўймоқчи, бунинг учун эса машина керак эди. Қахрамонимиз Кобалт олишга қаттиқ ахд қилган олгандаям муддатидан анча олдин олишга тиришарди. Чунки, хисоб китоб қилиб кўрса имконияти етаркан.
Қуёш хар тонг чиқаверди, шомда ботаверди. Кунлар хафталарга, хафталар ойларга уланиб кетарди. Келишилган август ойи хам етиб келди. Ўртоқлар 17 август куни чойхонага тўплана бошладилар. Бироқ, Садриддин яна велосипедда йўл олди. У юқазганини тан олишга, Рустамга эски Тикони пулини беришга тайёр. Фақат, ўртоқларидан озроқ муддат сўрамоқчи эди, сабаби, бошига синов тушган. Опаси оғир ахволда шифохонада ётарди. У бор гапни айтди.
-Тикони нархини айтсанг бўлди, узоғи бир ойда пулни тўплаб бераман.
-Ласеттини сотибсану,-Рустам унга муддат беришни истамайроқ турарди.
-Ха, бир ой хам минмадим, опамга катта пул керак эди. Сотдим, операциясига, дори дармонларига сарфлаяпмиз. Биласизлар, поччамни қўли калтароқ. Пул ишларман деб Россияга кетганча уч ойдирки пул жўнатолгани йўқ. Хали бирон ишга ўрнашолмади шекилли.
-Бўпти, бир ойда бўлса бир ойдада, кутиб тураман. Ўша Тикони уч мингга олгандим. Бир ойда бероласанми?-Рустам масхаромуз кулди.
-Бераман, хавотир олма.
Садриддин қайтиб кетди. Ўртоқлар даврасига нохуш жимлик чўкди. Рустам эса ўзини ғолиб санаб, хаммага бирма-бир туя қараш қилиб чиқди. Бундан Иқболнинг энсаси қотиб турардию, гаровда ютгани учун хеч нарса дея олмасди.
-Рустам,-Олимжон портлади охири.-Сен бизга ўртоқми ё айиққами?
-Мен нима қилдим Олим?
-Кўриб турипсану ахволини... Ўзи у ютганди сени гаровда. Эски бўлсаям Москвич олди, Янги Ласетти олди. Бирмас иккита машинаси бор эди.
-Бор эди... Калит сўз бу ерда “БОР ЭДИ”. Хозир йўқ, демак мен юттим.
-Сен дуранг десанг хам бўларди Рустик,-Иқболнинг қошлари чимирилди.-Садр сени пулингни олишни хохлаганда мошинаси хисобидан қарз олиб турса бўлди, бугун уч мингни сен тўлардинг, у ютган бўларди. Аммо у сендақа пасткаш эмас. Опасининг соғлиги олдида пулни юзига қарамади. Гапигаям жавоб бериб, ютқазганини тан олиб кетди. Мен эса хайрон қоляпманда, шундай фахрланса арзигулик ўртоғим билан кетмай бир пасткаш, мақтанчоқ одам билан ўтирибман.
-Кетгинг келса кетавер, боғлаб турибманми?-Рустам тишларини кўрсатиб тиржайди.
-Кетаманам!-Иқбол сакраб ўрнидан турди.-Кетишдан олдин ўртоқлардан илтимосим бор. Тикони пулни биз йиғиб турсакчи? Садрни бошига иш тушганда томошабин бўлиб турамизми? Кейин, Тико уч минг доллар эмас. Шухрат хўрозбоз кеча бир ярим минг нақд пули борга Тикони сотаман деганди. Мендан саккиз юз доллар. Қолганини йиғасизларми? Олим, сен класком бўлгансан, бирон нима де.
-Бўлди, мени эшитинглар унда.-Олим қўли билан Иқболга ўтир ишорасини қилди.-Беш тонна аччиқ қалампир қуритиб қўйганман. Бир тоннасини сотиб пулини ташлайман ўртага. Иккаламизники бир минг уч юз бўларкан. Қолганин сизлар йиғасизларми?
У ёнидаги ўртоқларига қаради.
-Ха берамиз.
-Менам бераман,-бошқа синфдошлари хам унга қўшилдилар.-Садр учун пул қўшамиз, шунга арзийди у. Рустамга бўлганда семичка пўчоғам бермасдим.
-Қанақа бир ярим минг, уч минг йиғасанлар!-Рустам уларга ўшқириб берди.
-Яхши,-Олим мактаб давридагидек қўлини кўтариб уларни жим қилди.-Энди мени диққат билан эшитинглар. Бугун 17 август тўғрими. Хали Садр билан Рустамни ахмоқона гарови давом этяпти, тугашига бир сутка бор. Мен хали Садр билан гаплашганимда Ласетти пулини опасига сарфлагандан кейин икки мингча қолди ортиб деганди. Келинглар шу пулни бугун йиғамиз. Садрдан бор пулини оламиз. Эртага мошина бозорга тушиб Нексия икки оламиз. Рустамники оддий нексия, демак Нексия икки олсак гаров шартида айтилгандек Рустамникидан яхшисини олган бўламиз.
-Вўў-ў,-бошқа ўртоқлари уни олқишлаб чапак чалиб юбордилар. -Барибир класкомлигингга борасан-да Олим. Кетдик, пулни йиғамиз. Мошина бозорга боришам шартмас, Азиз мошинапурушни уйида ўнта мошина турипти, танлаб олиб келамиз.
-Ана, Рустам!-Баходир Рустамнинг елкасига тарс этиб урди.-Эртага абедда уйингга борамиз машинани миниб, уч мингни тайёрлаб қўй.
-Қанақасига?-Рустамнинг ранги гезариб, кўзлари олма-кесак териб қолди.-Садр тан олдию ютқазганини?
-Хали вақт тугамади. Нексия иккини уйингга миниб борса тан оласанми ютқазганингни? Уч минг долларни санайсанми шаққиллатиб?
-Тико уч минг эмаску,-Рустамнинг дами чиқиб кетди.-Уч мингг олганман. Аммо биру еттига зўрға соттим кейин.
-Бўпти, бир минг етти юзни санайсанми?
Рустам тилини ютгандек жим қолди. Кейин чап беришга урина бошлади.
-Ўртоқлар, бу хазилку. Мен Садрни пулини олмоқчи эмасман. Ютқазганини тан олса бўлди эди, пулини қайтариб берардим. Ўзимни ўртоғимдан пул олмайманку...
-Ия, энди ўртоқ бўлиб қолдими?-Иқболнинг жахли чиқа бошлади.
-Шошма,-Баходир уни елкасидан тортиб ўзига қаратди.-Хозиргина бир ярим минг йиғаётганимизда уч минг йиғасанлар деб дўқ урган сенми, ё иштонингмиди? Ээ, шилдир! Тур ўрнингдан бор пулни олиб кел! Хазил-пазили йўқ, хаммаси честний бўляпти. Ютганингда шаққилатиб санаб олардинг. Ютқиздингми, тўлашниям бил! Мард бўлсанг тан ол, сўтак.
Мана масалан мен бир нарсани тан оламан, Садир хозир ичимизда энг бой одам. Дўконидаги махсулотларини пулига иккита Ласетти беради. Дўконни яқинда сени Тиконгдан қимматроққа сотиб олган. Энг ишбилармон Садр экан, энг мард одам хам ўша. Қара, шунча бойликка эришсаям бирон марта мақтанмайди, хеч кимни пастга урмайди. Энди, сен билан ажраламиз, сен биззи ўртоқ эмассан, Садир ўртоғимиз экан.
У гапиришдан тўхтаб, ўртоқларига бирма-бир қараб чиқди. Деярли хамма унга “бопладинг” дегандек минннатдорона нигох билан жавоб қилди.
Рустам эса дўстлари орасида бебурд бўлиб қолганини тушуниб етди. Хозир вазиятни ўзи томоон оғдирмаса бир умрга синфдошларига қўшилолмай қолади. У ақлан тушуниб турарди, хозир айбига иқрор бўлса, улар хеч қанақа пул талаб қилишмайди.
-Жўрларим, мени кечиринглар.-деди у овози бироз хириллаб.-Дўстларим олдида пулни юзига қарамайман. Хозир Садирни олдига борайлик, унга мен ютқазганимни тан оламан. Сўраган пулини тўлаб бераман.
-Сени пулингни олармикан?-Иқбол савол назари билан тикилиб қолди.
-Пул олмаса нима хизмат десаям мен рози. Кетдикми?
-Бўпти, кетдик,-бошқалар хам рози бўлиб ўринларидан қўзғолишди.
24.11.2024 Дониёр Аҳмаджонов.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев