51-қисм
Муаллиф: Наргиза Усанбоева
- Яхши гаплашмади, мен билан. Мазаси йўғакан... – деди Гулюз тўғиллаб.
- Ойимнингми? Менга ҳеч ким ҳеч нарса демади-ку! Нега мазаси бўлмайди? – қўрқиб кетди Гулҳаё. – Ҳозир яхшимикан? Сен билан гаплаша олмайдиган даражада касал бўлса...
Гулҳаёга укол қилгани кирган ҳамшира уни огоҳлантирди:
- Ҳой тинчланинг! Сизга қўрқиш мумкин эмас!
🍃
Умид онасига ҳар қанча тушунтирмасин, Матлуба дўхтирга боргани унамади.
- Мижозим кутиб ўтирибди, - деб туриб олди у. Хонаси томон кетаркан деди: – Майли болам. Жуда хурсанд қилдинг. Мен кетдим.
Умид эса ортга чекинмади. У кечаги ҳолатидан онасининг соғлиғида жиддий ўзгариш борлигини билганди. Шунинг учун тўғри Нигора холасининг олдига кирди. Бахтига холасининг қабулида ҳеч ким йўқ экан.
- Ассалому алайкум, холажон, - деди у Нигоранинг ёнига кириб бораркан.
- Ва алайкум ассалом, Умид кел, ўғлим, - Нигора унга пешвоз чиқди. – Қандай шамол учирди, сени бу томонларга?
- Бир илтимосим бор эди, шунга келдим, хола.
- Айт, асалим, - деди Нигора қаерларидир Аббосни, яна қайсидир жиҳатлари Матлубани эслатиб турган Умиднинг юзига, узун бўйларига ҳавас билан қараркан.
- Ойимга жавоб беринг. Шифокорга кўрсатмасам бўлмайди, - деди Умид.
- Нега? Ойинг яхши-ку. Кеча шунчаки боши оғриди холос.
- Йўқ, хола бу шунчаки бош оғриғи эмас. Кеча ойим хушдан кетиб қолди. Кейин... ғалати-ғалати қилиқлари қилди, - овози титраб, боши эгилди Умиднинг.
52-қисм
Муаллиф: Наргиза Усанбоева
- Нима қилиқлар?
- Чўчиб тушиб, бақириб юборди.
Нигора ҳам кеча Матлубанинг елкасига бош қўйиб ўтирган чоғида бақириб юборганини эслади:
- Ҳа, кеча ишхонада ҳам шундай ҳолат бўлганди. Тўғри ўйлабсан. Майли, олиб кет.
- Олиб кета олмаяпман. Олдида мижози бор.
- Ҳа, айтганча, мижози бор. Майли, мижози билан ўзим шуғулланаман. Чунки менинг тўққизда келаман, деган мижозимнинг мазаси бўлмай келмади. Юр, уни сенга қўшиб жўнатиб юбораман.
Нигора ва Умид Матлубанинг хонаси томон йўл олди. Матлуба яна қайсарлик қилди. Бу ҳам етмагандек, мижози ҳам “Матлуба опанинг ўзи билан ишлашни истайман”, деса бўладими? Ҳаркалай тушунган қиз экан Нигора ва Умидга ён босди:
- Мен бугун кета қоламан. Сиз дўхтирга бориб келинг.
Шу билан мижоз уйига қайтиб кетди. Умид Матлубани шифохонага олиб бориш учун такси чақирди.
🍃
Қўшнисиникидан тушган Севаранинг буткул мияси ишламай қолди. Зоир эса қўлидан келгунча ваннадаги сувни йўқотиш билан овора эди.
- Нега мунча бақиради, у хотин? – деди Зоир Севарани кўриши билан.
- Ваннаси, ошхонаси, меҳмонхонаси расво бўлибди. Яқинда уйини таъмирлатганди. Менам бўлсам, бақирардим, - хўрсинди Севара. – Кеча сувни ўчирмаганмидингиз?
- Ўчиргандим, шекилли, - эслашга ҳаракат қилиб деди Зоир. Сўнг ўрнидан туриб ваннадан чиқди. Севара сувни артиб олиш учун унинг ўрнига ўтаркан, қувлик билан деди:
- Унутибсиз-да... Ана энди қўшнининг уйини таъмирлатишга пул берасиз.
53-қисм
Муаллиф: Наргиза Усанбоева
- Берардим-у, таъмирлатишга етадиган пул олиб келмаганман-да, - деди Зоир ҳам бамайлихотир. – Кеча эрингиз пул ташлаб кетди-ку, шуни берасиз-да.
- Вай, уч юз доллар кетадими?
- Кетиб қолади.
- Уста чақираман, деди. Келсин-чи?
- Ёнаркўз, бўлмаса телефонлашамиз. Мен кетдим. Ишга боришим керак. Шундоқ ҳам ухлаб қолибмиз.
- Бўпти...
Зоир Севаранинг лабларига лаб босаркан, уни жилмайганча муаммолар ичига ташлаб, чиқиб кетди. Севара эса у кетиши билан бошини чангаллаб қолди.
🍃
Матлубанинг бахтига улар борган невропотологда навбат у қадар катта эмас экан. Бироз кутиб ўтиришгач, қабулига киришди. Тепакал, сочларига оқ оралаган бўлишига қарамай, шифокорнинг чеҳраси анча ёш кўринар ва одамга хотиржамлик ҳамда кайфият берувчи нимадир бор эди.
- Қани ўтиринг, - деди у она-боланинг саломига алик оларкан. – Нима безовта қиляпти?
- Ўғлим сал ваҳима қиляпти. Кеча бошим оғриганди, шунга ишимни ҳам ташлатиб, олиб келса денг.
- Хурсанд бўлинг, бундан. Боласининг эътиборини, дўхтирга обориши тугул бир оғиз ширин гапиришини кутиб умри ўтаётган ота-оналар қанча?
- Ҳа, хурсанд бўлиб, теримга сиғмай ўтирибман, - деди Матлуба.
Шифокор Матлубага эмас, Умидга эътибор қаратди.
- Ёшингиз неччида, ўғлим?
- Ўн олтига кирдим.
- Баракалла, ҳали мактабни битирмабсиз-да.
- Йўқ, 10-синфман.
54-қисм
- Одатда 10-синф ўқувчиларини ота-оналари дўхтирга етаклаб келади. Сиз эса онангизни олиб келибсиз. Кам бўлманг. Доим шундай бўлинг, - ҳавас билан гапирди дўхтир.
- Хўп.
- Хўш, сиз нимадан хавотир олдингиз? – Умидга синчковлик билан тикилди у яна.
- Ойимнинг кеча ишхонада боши оғриган. Уйга келиб хушини йўқотди. Кейин... яна... - айтсамми-айтмасамми дегандек Умид иккиланиб қолди.
- Гапираверинг, - деди шифокор қувватлаб.
- Қўрқинчли қичқириб чўчиб тушди. “Бўри”, деб бақирди.
- Бекор айтибсан! Туҳмат қилма! – ажабланиб деди Матлуба.
Шифокор Матлубага яна бир карра синчковлик билан қараб оларкан деди:
- Қани, сизни бир кўриб қўяй-чи?
Дўхтир шундай дея Матлубанинг қўл-оёқларига болғачаси билан уриб кўрди, кўзларини, тилини текширди. Сўнг Умидга қараб деди:
- Ўғлим, онангизни бошини МТР қилдириб келинг...
🍃
- Севарахон, Севарахон, - қўшни аёл эшикни тақиллатиб ҳам ўтирмай, тўғри бостириб кириб келди.
- Лаббай опа, - деди Севара.
- Юринг, уста келди. Туринг, юринг.
- Хўп, - Севара унинг ортидан эргашди.
Пастки қаватга тушгунча миясида “Уста қанча айтаркан?” деган савол гужгон ўйнади.
Елкасига сумка осиб олган, ўрта ёшли, катта кўзойнаги ўта кулгили қилиб кўрсатаётган уста улар борганида шифтга термулиб турганди.
- Гапиринг, уста ака, - деди уй эгаси.
55-қисм
Муаллиф: Наргиза Усанбоева
- “Зал”нинг бир томон девори гулқоғози кетган, нам. Қуриса, сарғаяди, кўтарилади. Агар худди шунақа гулқоғоз топилмаса, бутун хона деворининг гулқоғози янгиланади. Ванна ва ошхонани ҳам кўрдим. Ҳисобладим. Менимча, ҳаммасига 6-7 миллион кетиб қолади. Бу ўртача нарх. Балки ошиши ҳам мумкин.
Севаранинг дами ичига тушиб кетди.
🍃
Тонг саҳардан буён ҳовли супурган, нонушта тайёрлаган, уйларни йиғиштириб чиққан Гулюз чарчаганини ҳис қилди. Секингина уларга ажратилган хонага кираркан, кайфияти тушди.
“Бу нимаси ахир? Ҳеч бир зоғ мендан хабар олай демайди. На дадам қўнғироқ қилди, на ойим. Бошқа ота-она бўлса, менинг бу йиғлаганимга югуриб келган бўларди. Чиндан ҳам мен уларга керак эмас эканман! Аслида улар мендан қутулиш учун шу қишлоққа бериб юборишди. Қутулишмоқчими, бира тўла қутулишади...”
Гулюзнинг миясида қабиҳ режалар бўй кўрсатиб кела бошлади. У ўйланиб бироз ўтирди. Сўнг ўрнидан туриб, кийимларини йиғиштира бошлади.
- Айтганча, менга бунча кийим нимага керак? Ўладиган одамга кийимнинг фарқи йўқ-ку, - тўнғиллади ўзига ўзи.
Хонага кириб келган Мансур Гулюзнинг каравот устига кийимларини тўплаб ўтирганини кўриб ҳайрон бўлади:
- Гулюз, нима қиляпсан?
- Нарсаларимни йиғиштиряпман! – дарров тўнини тескари кийди Гулюз.
- Нега? Қаёққа отландинг? Мени ҳам олиб кет! – Мансур унинг тиззасига бош қўйиб ётиб олди. – Негадир сенинг умуман кайфиятинг йўқ. Кечадан буён бошқачасан. Қани, менга дардингни айт-чи?
Гулюзнинг бирдан эркалаги тутди. Қовоғини осиб, лабларини чуччайтириб олди.
56-қисм
Муаллиф: Наргиза Усанбоева
- Ойинг билан даданг опа-синглингни ҳам эмас, Умидни ҳам эмас, фақат сени эркалатганми дейман? Жуда эркасан... – кулди Мансур унинг оппоқ юзларини силаркан.
- Қаёқда? – кўзлари ёшга тўлди унинг. – Ҳеч ким мени ўйламайди. Кеча айтгандим, “Мен Америкага кета олмаяпман”, деб. Мана, бирортаси келдими? Келиб, суриштиришса, югуришса бўларди-ку.
- Гулюз, улар билишади ҳозир ҳеч нарса қилиб бўлмаслигини. Келиб ўзларини ўтга-чўққа урганининг фойдаси йўқ. Битта сен тушунмаяпсан. Тушкунликка тушаяпсан.
- Туринг, - жаҳли чиқди Гулюзнинг. – Ҳатто сиз ҳам ёнимни олмайсиз.
Мансур туриб ўтирди.
- Кетаман! – деди кутилмаганда Гулюз. – Яшамайман, сиз билан.
- И-и-и, бу нима деганинг? – кулгидан ўзини тия олмади Мансур. – Наҳот, ҳужжатлар тайёр бўлишини олти ой кута олмайсан? Ахир уруш йилларида одамлар эрини йиллаб кутган.
- Уларни эри урушга кетган хўпми? Америкага эмас! – тутақди Гулюз ва индамай яна нарсаларини йиғиштиришда давом этди.
Мансур ҳайрон бўлганча уни кузатарди.
🍃
Шаҳар бўйлаб қатнайдиган автобусларнинг анчагинаси қўним топадиган катта бекатда салкам бир соатдан буён Малик ўтирарди. Кўзлари келган ҳар битта яшил рангдаги автобусга интиқ тикилади. Гулранг тушармикан, деб умидвор қарайди. Лекин қиздан дарак йўқ. Охири тоқати тоқ бўлган йигит унга телефон қилди.
- Ало? Ассалому алайкум, - қизнинг қўнғироқдек овози эшитилди.
- Ва алайкум ассалом. Мен ҳалиям кутиб ўтирибман, - тушкун овозда деди Малик.
57-қисм
Муаллиф: Наргиза Усанбоева
- Айтдим-ку, бормайман деб.
- Бормайсанми, боролмайсанми? Ўзингни келгинг келмаяптими ё имконининг бўлмаяптими?
- Боргим келмаяпти, - деди Гулранг дангалига кўчиб.
- Оҳ кўнглим! Қанчалар жароҳат олганини биласанми? Вайрон бўлди! Бир кўнгилни вайрон қилиш – Каъбани бузишдек гап.
- Айнан сизнинг кўнглингиз вайрон бўлгани – Каъбани вайрон қилгандек бўлмайди, - деди қиз ҳозиржавоблик билан.
- Тўғри айтасан, - тан олди Малик ҳам. – Бирам ақлли қизсанки! Ақлли эканлигингни менга атай кўрсатасанми ё чиндан ақллимисан?
- Билишингиз шарт эмас!
- Оббо, гапинг тайёр, а? Яна қанча ялинтирасан, мени?
- Ялинманг! Кетинг уйингизга!
- Шаҳардан қувяпсанми, мени? – кулди Малик. – Хуллас... яна қанча кутишим керак, айт?
- Кутманг, бормайман дедим-ку.
- Ҳа-а-а, майли. Ўқиш бошланишини интиқлик билан кутарканман-да. Овозингни эшитдим-ку. Шунисига ҳам шукр! Бўпти, омон бўл, пучуқ!
Малик алоқани узиб, ўрнидан турди. Бир томондан кўнглининг бир чети ёришди ҳам. Сал имо билан учрашувга югуриб келадиган қизларни ўзи ёмон кўрарди. Мана шунча ялинса ҳам Гулранг келмади. Бу йигитни хурсанд қилди. Ўрнидан туриб опасининг уйи томон кетди.
🍃
- Миянгиздан жароҳат олганмидингиз? – Матлубага қаради шифокор.
- Ҳа, автоҳалокатга учраганман, - деди Матлуба бошини эгиб.
Шифокор МРТ қоғозига синчиклаб қаради. Ёзилган хулосани ҳам ўқиди. Сўнг қўлидаги қоғозни қўйиб деди:
- Бошингиз оғриб турадими?
- Ҳа.
58-қисм
Муаллиф: Наргиза Усанбоева
- Кўзингизнинг кўриши қанақа?
- Кўрмасдим, аста-секин кўряпман. Ҳозир хира кўраман.
- Жиддий даволанишингиз керак. Миядаги жароҳат олган жойнинг астрфоида атрофия – яъни қуриш жараёни бошланган. Унинг кенгайишига йўл қўймаслик керак. Шу ҳолда ушлаб қолишга ҳаракат қилишимиз керак.
- Қуриш... бу ёмон-ку, тўғрими? – қўрқиб кетди Умид.
- Албатта, яхши эмас. Шу ҳолатни ушлаб қолиш, касалликни кучайтирмаслик ҳам катта натижа. Бунинг учун ҳар доим ўз вақтида даволаниб туришингиз керак.
- Касаллик кучайса нима бўлади? – сўради яна Умид.
- Ҳар нима бўлиши мумкин. У мия! Биласиз, мия ҳамма аъзоларимизни бошқаради. Касаллик кучайгани сари бошқа аъзоларнинг ҳам ишдан чиқиши кузатилади.
Умиднинг ҳам, Матлубанинг ҳам кайфияти тушиб кетгани шундоқ сезилди, иккиси ҳам жимиб қолди.
🍃
Севара ваннадаги сувнинг ҳаммасини сидириб, хўл бўлган нарсаларни ёйиб, ҳамма нарсани саранжомлагунча тушлик вақти ҳам бўлиб қолди.
- Энди бозорга боришдан фойда йўқ! – деди у ўзига ўзи кайфияти тушиб. – Мол ҳам ололмадим. Етти миллион қўшнининг уйи таъмири учун қулоғини ушлаб кетди. Бир кунда шунча йўқотиш! Нақ бир ярим миллионча даромаддан қолдим, бугун. Бир кунлик бозор ўлди. Яхшиси, энди бориб болаларимни кўраман.
У шу хаёлда кийимини алмаштириш учун ётоқхонасига кирди. Шкафдан кийимларини оларкан, каравот устига қўйилган Зоирнинг камарига кўзи тушди.
59-қисм
Муаллиф: Наргиза Усанбоева
- Оббо, боя қўшни тўполон қилганида камарини тақишни унутибди-ку! – кулди Севара ва Зоирга қўнғироқ қилди. – Ало...
- Ҳа, Ёнаркўз, ёмонам тез соғинасиз-а, мени, - қаҳ-қаҳ отди Зоир.
- Мен-ку соғинарман, аммо сиз “Яна келай”, деб ирим қилиб нарса ташлаб кетибсиз-ку!
- Нимам қолибди?
- Камарингиз... Шимингиз тушиб кетмаяптими? – кулди Севара.
- Э-э-э, боя ваннани сувини олаётганимда ҳалал берганди, ечгандим. Шу билан қолибди-да. Бораман-ку, ҳали...
- Ишонч билан бораман, дейишингизни-чи.
- Бораман, дедимми, бораман, тамом!
Иккаласи ҳам қаҳ-қаҳ отиб кулди.
🍃
Алвон гуллар билан безалган ҳовли ўртасида катта сумка билан турган Гулюзга қайнонаси Саломат хола худди ўзга сайёралик жонзодга қарагандек ҳайрат ичида қараб турарди. Гулюзнинг ёнида онасига жавдираб турган Мансурнинг юзида эса хавотир зоҳир. Бир гина ва алам билан турган келинчагига қараса, бир онасига қарайди.
- Нега кетмоқчиман дединг? – қайта сўради Саломат хола.
- Мен қишлоқда яшолмайман барибир... шунга... – қовоқлари осилди Гулюзнинг.
- Нега яшолмайсан? Бинойидек ҳамманинг ҳавасини келтириб яшаб юрибсан-ку. Бутун маҳалла сени мақтаяпти, чиройлигим. Шаҳарлик бўлса ҳам ҳамма ишнинг уддасидан чиқаркан, деяпти, асалим. Бу ерда бошқа гап бор? - Саломат хола Мансурга қаради: - Сен бирор нима демадингми? Ростини айт.
- Мен нима дейман, ойи? Менам ҳайронман, нега кетяпсан, деб...
60-қисм
Саломат хола Гулюзга яқин келиб бағрига босди:
- Жоним болам. Сен ўзимнинг жиянимнинг қизи бўлгани учун жуда яқин оламан, яхши кўраман, боламдек кўриб сенлайман ҳам. Сенам мени ўз онангдек кўр. Нимадан хафасан, очиғини айт болам. Уйингни соғиндингми? Ота-онангни кўргинг келяптими? Агар кўргинг келаётган бўлса олиб бориб келамиз.
- Йўқ, - ҳамон қовоғи очилмасди Гулюзнинг. – Ўзим кетмоқчиман. Бутунлайига кетмоқчиман.
- Худо асрасин, қизим. Бутунлай кетишдан Худо асрасин. Менимча, уйларингда жуда эрка бўлгансан, бу уйда ҳам эрка қиз бўлиб, эркаланиб юравер. Эркаликларингни кўтарамиз. Бу эркалигингни ҳам кўтарамиз. Сени яхши кўрамиз, қўйиб юбормаймиз, - Саломат хола Гулюзнинг қўлидан секин сумкасини олиб, Мансурга тутқазди. – Қани, уйга олиб кир. Гулюзнинг ҳам қўлидан ушлаб ол, уяти йўқ, ўзингники у.
- Барибир кетаман! – тўнғиллаб қўйди Гулюз.
Мансур онасига бўйсунди. Гулюзнинг қўлидан етаклаб уй томон одимлади. Саломат хола эса Матлуба билан гаплашиш учун ҳовлининг четроғига йўл олди.
🍃
Кечаги висол, бугунги суҳбат туфайли Зоирнинг кайфияти аъло. Ишда ҳам ҳамма билан ҳазил-ҳузул қилиб, қаҳ-қаҳ отиб юрди. Қўли ишдан бўшаши билан Севара ҳақида ўйлади.
- Мени деса ўзини томдан ташлайди, - деди ичида у. – Ростдан ҳам эрга теккан экан. Аммо қўрқмай сени уйга киритди. Ўзи ҳам соғиниб кетган экан-да. Эри келиб қолганида ростмана қўрқдим. Ёмон бўлди, лекин.
Давоми бор
Ёндирмачоқ бу – қувонч! Босиб ўтинг!
#usanboyeva
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 7