Шошилинч жаррохлик бўлими арининг уясидек тўзиди.
Катта айланма йўлда даҳшатли автохалокат содир бўлган. Тўрт йўловчидан
атиги биттаси тирик қолган, ўттизга ҳам кирмаган йигитнинг ахволи эса ўта оғир эди.
Тўрт ярим соат давом этган мураккаб жаррохлик амалиётидан сўнг бемор жонлантириш бўлимига ўтказилди.
Бугун Гулора Иззатовна навбатчи эди. У наркоз таъсирида ётган Қорабоевни бир қур текширгач эшик ортида турган отаси билан очиқчасига гаплашиб олмоқчи бўлди.
-Сиз отасимиз?- юзланди ўрта бўй, сочлари оппоқ мўйсафидга
.-Ха дўхтиржон.
Отасиман- деди мўлтираб ,- Ахволи яхшими?
- Оғир! Кутилган аммо ўта совуқ жавобни олган ота бироз каловланиб қолди.
- Қизим ахир..
-Гулоро Иззатовна!
Навбатчи шифокор ўзига опа, болам, қизим, синглим деб мурожаат қилишларини ёқтирмасди.
-Узр, Гул...Гуларо Иззатовна . Қанақа хизмат бўлса тайёрмиз. Болам омон бўлса бас! Рози қиламиз...
Унинг чеҳраси ёришиб, керакли дори-дармонлари ёза бошлади. Рўйҳат анча чўзилди.
-Дорилар қиммат, аммо топмасангиз бўлмайди. Ўғлингизнинг ички аъзоларига анча шикаст еткан. Операцияни чўзилганидан ҳам тушунгандирсиз буни. Энди ҳаммаси ўзларингга боғлиқ. Дориларни топиб келсангиз яхши. Бўлмаса ҳар сонияда ғанимат.
Беморнинг отаси пастга югурди...
Ўн дақиқа ўтмай чол дориларнинг деярли ҳаммасии олиб топиб келиб врачнинг кўзига қараб жавдираб турарди . Касалхона ташқарисида дорихона кўп. Улардан одам жонидан бўлак истаган дорингни топиш мумкин. Ўзимизники, яқин ва олис хорижники ҳаммаси бор. Фақат пул бўлса бас. Аммо шунда ҳам, биттаси ҳеч қаерда йўқмиш. Гулоро Иззатовна буни биларди. Аммо сир бой бермай қошларини уйди.
-Охиргиси йўқку!
-Шунисини ҳеч қаердан топа олмадим. Учта ёзган экансиз. Бир дона ҳам йўқ!
- Энг зарури ҳам шунисида амаки. Ташқарида бўлмаса, шаҳар каттаку! Яқинда бизда биттаси ётганди. Унинг эри бу доридан топиб олиб келган. Хохласангиз ўша дорихона манзини ҳам бераман. Қуриб кетгурни томирдан юборсакгина ўғлингиз тирик қолади. Бўлмаса...
.Мўйсафиднинг елкалари силкиниб йиғлаб юборди. Дўхтирга ёлғиз нажоткордек термулиб, қўйнидан қоғоз қалам чиқариб узатди.
-Мана қизим, ёзиб беринг.
- Гулоро Иззатовна ! -
-Гул...Гуларо Иззатовна! Ернинг тагида бўлса ҳам топиб келаман. Ботиржон ёлғизим. Ўзининг ҳам икки фарзанди бор. Набираларим отали ўссин илоҳим!
Гулора Иззатовна керакли манзил ёзилган қоғозчани узатиши билан беморнинг отаси зинадан чопиб тушиб кетди.
Мўйсафиднинг орқасидан қараб қолган аёл ёлғизлик нималигини яхши биларди. Отаси
Гулоро бешикдалигидаёқ қазо қилган. Онаси бечора бошқа эр қилмай биттагина қизи
билан ўтди. Қисматни қаранг, унинг турмуш ўртоғи ўлмадию, бошқасига эргашиб ташлаб кетганига ҳам мана беш йил бўлди. Тўғри у буткул ёлғиз эмас. Олийгоҳда ўқиётган ўғли ва мактабни якунлаётган қизи бор. Бўйлари ўзидан баланд. Ақл-хушлари жойида. Хуллас ҳаётидан нолимаса ҳам бўларди.
Уч соат деганда беморнинг халлослаб, тили осилиб қолган отаси қаршисида турарди.
-Мана Гул..Гулроро Иззатовна. Айтган жойингиздан олиб келдим. Тезроқ томчилашни буюринг!
Дорининг атиги биттасини Қорабоевнинг томиридан юборишди. Қолганини қуйишга
ҳожат қолмади.Ўзига келган беморни эрталаб бўлимга ўтказишди. Ўғлини асраб қолгани учун дўхтирни яхшилаб рози қилган мўйсафид кафтини очиб астойдил дуо ҳам қилди:
-Барака топинг Гул... Гулоро Иззатовна ! Сизни ўқитган ота-онангизга минг раҳмат.
Навбатчиликдан аъло кайфиятда чиққан Гулоро Иззатовна дугонасининг ишхонаси томон йўналди. Қўйлиқ томонларга бориш анчайин малол келади-ю аммо арзийди. Автобусда эмас, шахсий “Лассетти”сида борадику.
Врачларнинг ярмида машина бор, ярмида эшак арава ҳам йўқ. У биринчи ярмига кирганидан баҳтиёр эди. Тер хиди буруқсиган жамоат транспортига осилиб ишга келмайди. Қолаверса обрў ҳам мол-дунё билан ўлчанар экан. У топишни билмайдиган ҳамкасбларини яшашни билмайдиган “дуб”лар деб, одам ўрнида кўрмасди.
Тўғрида, маошга яшайдиган мирқуруқлардан кўра, Раънога ўхшаган дугоналарининг ўлса ўлиги ортиқ! У катта дорихонанинг хўжайини. Йўқ, бир эмас уч-тўртта дорихонаси бор. Гулоро
Иззатовна келса ўтқазгани жой топа олмайди.
Икки дугона ҳар галгидек обдон сўрашиб, ичкаридаги хос хонага ўтишди. Хаво совутгичли , чарм қопланган юмшоқ мебеллар қўйилган хонада бемалол, яйраб гаплашса бўларди. Гулора Иззатовна дугонаси учун одий, Гул ёки Гуляга айланарди.
Шоколад,коньяк ва дудланган гўштдан дан иборат мўъжазгина стол меҳмонга мунтазир экан. Биллур қадахчаларга қуйилган қирмизи шароб тилларни сайратиб юборди. Анча валақлашгач, Гуля сумкасидан иккита шишадаги суюқликни олиб , стол устига қўйди. Шишалар устидаги ёрлиқни ўқиган Раъно ёйилиб илжайди:
-Буларни ҳам ичсак ортиқчалик қилмайдими Гул?
Унга хазил мойдек ёқсада муддаога ўтди.
-Йўқ ўртоғжон, буларни касалларим ичади. Қулт-қулт қилиб, фақат томирдан.
Узуууууун, ингиииичка “система” орқали Сен эса сотиб берсанг бўлди!.
Раъно қах-қах отиб кулди. Идишларни қўлига олиб дугонасига айёромуз сузилди.
-Роса ишни кўзини биласана Гуля?! Битта дорини камида икки марта айлантирмасанг кўнглинг ўрнига тушмайди.
Гулоро Иззатовна эшик томонга хавотирли назар ташлаб ёлғонтакам пўписа қилди:
-Ўлей Раънош, секиииин! Деворнинг ҳам қулоғи бор.
- Хеч ким эшитмиди, хавотир олма! Кечаги чол борку, ўғли аврия бўлган. Буни нархини эшитиб капалаги учиб кетди. Кейин ташқарига чиқиб кимгадир телефон қилиб анча гаплашди. Мен “ фоизга бўлса ҳам топиб ке!” деб буйруқ берганини эшитдим холос. Пул келгунча зўрға ўтирди ўзиям. Нима,биттасини қуйдинг холосми? Гулоро қўлидаги қадаҳ билан чайқалди. Иккала шишани олиб бир-бирига уриштириб сузилди.
- Ха, биттасини қуйдим холос! Етди! Отдек қилиб бўлимга чиқариб юбордим. Яхши қилиб юбоганим учун ҳам ортганини сотишга хаққим бордир?
-Бор, бор! Сенинг хаққинг бор! Хали ўғлингни уйлаб, қиз чиқаришинг керак! Бошингда эринг йўқ! Бошимизда эримиз йўқ! Ёёёёёлғизмиз!- сўнг дугонаси томон энгашиб, кўрсаткич бармоғини юқорига бигиз қилди.
- Ундан қўрқмасанг ҳам бўлади. Ёлғизнинг ёри ким? А? Баракалла! Худо! Демак у, биз тарафда! Қани ёлғизлар учун яна биттадан ичайлик. ..
Яқингинадаги масжидда номозга чорловчи азон янграганида иккаласининг кайфи анча таранг эди. Дорихонадан бир- бирини суяб аранг ташқарига чиқишди. Ижирғаниб, улар томонга қарамасликка ҳаракат қилаётган эркаклар номозга шошилишарди. Иккаласи Гулоронинг машинасининг орқа ўриндиғига жойлашишди. Дорихонада ишловчи йигитга “хайдовчимиз бўласан.Ишингни йиғиштир! “ деб буйруқ беришганди.
Йигит машинани ўт олдирди аммо телефони ичкарида қолиб кетганини
билиб тўхтади. Узр сўраб, дорихона томон чопиб кетди. Гулора ёйилиб ўтирган Раънога оломон масжид томон олиб кетаёт тобутни кўрсатиб, юзини буриштирди:
- Ана яна биттаси Арши аълога учииииб кетяпти. Ўзи ўлганми, касалми, балки авария бўлиб жони чиққандир! Балки дори топилмагандир-а, ўрто нима дединг?
Ғишт бўлиб қолган Раъно у кўрсатган томонга қарамай калласини лиқиллатди. Сўлаги оқиб ғудраниб ҳам қўйди. Гулора уни мазахлаб кулар экан давом этди:
-Ўзи ўша учта дорини ким берганини билгинг келмаяптими ўрто?
-Йўўў!
- Майли, билгинг келмаса ҳам айтаман.... Бир бойвачча хотини учун нақд Москвадан топтириб келганди. Аммо хонимчасига қуйишга ҳам улгурмадик. Ўлиииб қолди. Крутой эри дориларни олмади! Нима деди дегин? “Буларни энди бизга кераги йўқ. Бирорта зориққан беморга ишлатарсиз. Хотинимнинг хаққига дуо қилса бўлди!” миш. Э, ахмоқ
эмасманку Раънош. Касалларни давола, қиммат дорисини қўшқўллаб текинга бер! Унақада эртага остонамизга ётиб олишмайдими? Ўша бойваччани хотинини ўзим ҳам эплаб дуо қип қўяпман. Данғиллама уйим, тагимда мошинам бўлса ҳам хали иккита тўй қилишим керак.
Сўнг у ҳам бармоғини юқорига бигиз қилиб шанғиллади:
- Тўғрими Худо! Тўғрими деяпман?!
Яратган меҳрибон! Яратган саҳий! У жавобга махтал қилмади. Тормози ишламай қолган юк машинаси катта тезлик билан Ласеттининг орқасидан келиб урдию, иккаласини ҳам жаханнамга равона қилди.
М. Иброҳимова
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 8