2.Ҳаёт қийинчиликлари
Онасининг вафотидан кейин йигирма икки ёшли Жавоҳир учун дунё бўшаб қолгандек,ҳаётнинг ҳеч қандай маъноси қолмагандек туюла бошлади.Ҳарбий хизмати тугашига олти ой муддат қолган эди.Хизматни ўтаб келганидан 4 ой ўтиб ўғли туғилди.Онасининг васиятига кўра ўғлини эрта вафот этиб кетган акасининг номи билан атади.Жажжи Шаҳриёр қуйиб қўйгандек марҳум амакисига ўхшар эди.
Бу орада Нигоранинг турмуши ўхшамай акасиникига қайтиб келди.Бу Ғайратнинг хотинига ёқмади.Муҳтарама опанинг вафотидан кейин у ўз уйига ўзи хўжайин бўлишни истарди.Табиатан камгап, бўш -баёвгина бўлган Ғайрат хотинига қаршилик қилишга ожизлик қилди.Янгаси Нигорани уч кун ҳам сиғдирмади.”Чиққан қиз чизиққан ташқари,-деди у Нигорага.-Эрингиз билан келишиб яшашингиз керак.Қайтиб борсангиз яхши бўларди”... Ноилож қолган Нигора қизчасини кўтарганча Жавоҳирникига келди. Жавоҳир қайтиб келган синглисининг оиласини тиклашга ҳаракат қилиб кўрди-ю,аммо куёвининг гиёҳванд эканлигини билиб,ҳафсаласи пир бўлди.Ўтган бир йил ичида синглисининг тиллаворларидан тортиб,кийимларига сотиб тугатган куёвни ота-онаси ҳам йўлга солишолмаётган экан...
Энди Жавоҳирнинг уйида ғиди -пиди гаплар бошланган, хотини Соҳибага Нигоранинг уларнинг уйида яшаши малол келаётган эди.Нигора уйда тиниб-тинчимас,овқат қилар,кирларни ювар,ҳамма жойни ораста қилиб, тозалаб ўтирса -да, янгасининг сира қовоғи очилмас эди.У кечаси билан эрини “ Ўзимиз икки хонали уйда сиқилишиб яшаяпмиз.Синглингиз ҳеч қаерда ишламаса.Бир умр биз билан яшайдими энди бу текинтомоқ?”-деб эговлаб чиқар, охирида Жавоҳирдан бир-икки тарсаки егач, йиғлаб ухлаб қоларди.Эртасига эса Соҳиба Нигоранинг Шаҳриёр тенги ширингина қизчаси Зарнигорани бирор баҳона топиб, жеркиб уришиб берар, куни билан тумтайиб юрарди.Охири у Шаҳриёрни олиб, онасиникига аразлаб кетди.
Нигора акасининг оиласи ўзиники сингари бузилиб кетишини истамай,ижарага уй топиб чиқиб кетди.Жавоҳир бошида бунга рухсат бермади.Аммо синглиси уни маҳкам қучоқлаб йиғлаганича “Акажон,илтимос мени қўйворинг. Кетишимга қаршилик қилманг.Сиз бахтли бўлинг,ҳеч бўлмаса.Оилангиз мен туфайли бузилиб кетишини истамайман.Тез- тез келиб тураман.Янгамни бориб олиб келинг,мени десангиз”-,деди-ю,қизини кўтариб чиқиб кетди.
Қайнсинглисининг уйдан чиқиб кетганини эшитган Соҳиба кечқурун ҳеч нарса бўлмагандай ўғилчасини кўтариб, жилмайиб кириб келди.
Шодмон ака фарзандларининг аҳволи,муаммолари билан қизиқмас,топган-тутганини сарфлаб, икки қаватли ҳовли қуриш билан банд эди.Жавоҳир ҳали талаба бўлгани сабаб,рўзғор тортишга анча қийналар,ўқишдан кейин темирйўл вокзалига бориб юк туширар, гоҳо акасига минг ялиниб машинасини ижарага олиб, киракашлик қилар,аммо топгани ўқиш ва рўзғор харажатларидан ортмасди.Аксига олиб хотини Соҳиба яхши еб, яхши кийишни севадиган аёллар тоифасидан бўлиб,эрининг қийналаётганини кўриб турса-да,бирор жойда ишлашни,эрига кўмаклашишни хаёлига ҳам келтирмасди.Бу ҳам етмагандек,ёш жувоннинг орзу - ҳаваслари ой сайин ортиб бораётганди.
Жавоҳир ўқишини сиртқига кўчириб, иш излай бошлади.Бу орада синглиси Нигорадан бир -икки бор хабар олган бўлди.Касалхонада фаррош бўлиб ишлайдиган синглисининг ижара уйига бориб,унинг яшаш аҳволини кўриб жудаям эзилди.Бир хонали,таъмирсиз квартирада яшайдиган Нигора акасини кўриб қувониб кетди. Жавоҳир оз бўлсаям пул бериб,синглисининг кўнглини кўтармоқчи бўлди.Аммо синглиси у берган пулларни олмади.
-Акажон,пулингизни янгамга беринг.Куним ўтяпти, қора қозоним қайнаб турибди,-деди у жилмайиб. -Худога шукур,амаллаб яшаяпмиз.Яқинда ишлаш учун Россияга кетмоқчиман.
-Қизингни нима қиласан? -сўради Жавоҳир юрак -бағри эзилиб.Ичини “Агар онам тирик бўлсалар,бундай бўлмасмиди?”-деган оғриқли ўй тимдалаб ўтди.
-Ҳозирча Мушарраф опамга ташлаб кетаман.Кейинроқ бир амаллаб олиб кетарман, -деди бироз ўйланиб синглиси.
Ўша кундан бошлаб,Жавоҳирнинг тинчи йўқолди. Охирги йилларда фарзандлари ҳақида бутунлай унутган отасидан синглиси учун ёрдам сўрамоқчи бўлди.Ғайрат акаси бўлса онаси вафотидан кейин укаси ва синглисининг ҳаёти билан қизиқмас,ўз оиласи,ишлари билан банд эди.Кейинги йилларда унинг ишлари анча яхшиланган,қандайдир қўшма корхонада бош муҳандис лавозимида ишларди.
Жавоҳир нима бўлса ҳам акасининг олдидан бир ўтмоқчи бўлиб унинг ишхонасига борди.Акаси уни хушламайгина қарши олди.Жавоҳирнинг Нигорага ёрдам бериш кераклиги ҳақидаги гапларини тинглаб “Илтимос,мени бу масала билан бошимни оғритма.Мен куёв билан гаплашиб,синглимизнинг оиласини тиклашга ҳаракат қилдим.Афсуски,эри ҳалиям ўша гиёҳвандлигини ташлагани йўқ.Нигорага ҳозирча бошқа ёрдам беролмайман.Мениям рўзғорим,фарзандларим бор.”-деди безрайиб.Жавоҳир акасини бўғиб ўлдириб қўйгиси келди-ю,ўзини зўрға босиб Ғайрат билан хайрлашмасдан унинг кабинетидан чиқиб кетди...Опаси Шаҳлонинг уйига борди. Яқинда фарзанд кўрган опаси бу муаммога аралашолмаслигини, ўз ғами ўзига етарли эканлигини ва энг ёмони ўзининг эри ҳам гиёҳвандлик деган балога учраганини айтиб йиғлади.Шундан кейин Жавоҳир Мушарраф опасининг уйига бориб ўтирмади.”Опам ҳам эрининг қўлига қарайдиган бир аёл бўлса...У Нигорани уйига олиб кетолмайди-ку, “-ўйлади у ўзича.
3.Бемеҳр ота
Энди биргина умид дадасидан эди.Шодмон аканинг ишхонасига борган Жавоҳир у ердан ҳам тарвузи қўлтиғидан тушиб қайтди. Шодмон ака савдо базаларининг фаолияти тугатилгач,ўзи мустақил равишда тижорат фирмаси очиб иш бошлаган бўлса-да, қизига ёрдам беришни истамади.Ота Жавоҳирнинг нима мақсадда келганини тинглаб,”Ўғлим,мени тинч қўйинглар.Сизларга етарлича қилиб қўйдим.Онанг сизларга қолдириб келган участкамни сотиб,уйли- жойли қилиб кетди. Яна нима истайсан мендан? Нигорага келадиган бўлсак,унга ёрдам беролмайман.Онанг ўз-ўзича ким-кимларни топиб қуда бўлди.Мен билан маслаҳатлашмади ҳам.Кўряпсан,янги уй қуряпман.Мени тўғри тушун.Ҳозир сен билан кўп гаплашиб ўтиролмайман.Мажлисим бор,узр”, -деганча гапини тугатди.Жавоҳир чиқиб кетаётган пайтда чўнтагига мажбурлаб пул тиқиб қўйди. .
Бир алами икки бўлган Жавоҳир ўзини зўрға босиб,отасининг корхонасидан чиқди-ю,тўғри шаҳар марказига борди.Ошхоналардан бирига кириб, отаси берган пулга тўйиб ароқ ичди.Кейин уйига бориб,ухлаб қолди.
Эртасига хотини Соҳибанинг овозидан уйғониб кетди.
-Туринг,синглингиз келди.Россияга кетармишлар,тавба.
Хотини шундай деб, лабини бурганча хонадан чиқиб кетди.Жавоҳир ўрнидан ирғиб туриб,унинг орқасидан чиқди.Кеча кўп ичганиданми,бош гаранг,кайфияти ҳам тушкун эди.Охирги пайтларда Соҳибанинг ҳар бир қилиғи унинг асабига тегадиган бўлиб қолган,синглиси ҳақида гапирганида эса уни ўлдириб қўйгиси келарди.Ваннага кириб совуқ сув билан юз-қўлини ювиб чиқди.
Ошхонада ўтирган Нигорани кўриб,унинг таранг тортилган асаблари бироз бўшашгандай бўлди.Синглисининг озғингина елкасидан қучиб кўришаркан, Жавоҳир ўзини ёмон кўриб кетди.”Қандай ака бўлдимки,синглимга ҳаётининг энг оғир дамларида ёрдам беролмасам?- эзилганча хаёлидан ўтказди у.- Э,худойим-ей,нима қилсам экан?”
-Акажон,мен эртага Москвага учяпман, -Нигоранинг товуши уни хаёллари бағридан тортиб олди.-Синфдош дугонам Ироданинг ёнига бораман.У икки йилдан бери ўша ерда ошпазлик қилади.Менгаям иш топиб бермоқчи.Менга чипта олишим учун пул ҳам жўнатди.
-Вой, Нигоржон эҳтиёт бўлинг.Дугонангиз ишончли одамми,ишқилиб?-гапга қўшилди чой қайтараётган Соҳиба ваҳимали оҳангда.-Ҳозир кўпчилик алданиб қоляпти. Иш излаб борганларни Россиянинг ўзида бошқа чет давлатларга сотиб юборишаётган экан...
Жавоҳир хотинига бир ўқрайиб қараган эди,Соҳиба дарров гапни суваб кетди.
-Кўнглингизга олманг,менам эшитганимни айтдимда,сингилжон...
-Нигора, кетишни ният қилган бўлсанг,мен нимаям дейман? Ўзингни эҳтиёт қил,синглим..Зарнигорни нима қилдинг? Опамга обориб бердингми? -сўради Жавоҳир.
-Ҳа, ака.Мушарраф опамни ўзлари боғча мудираси-ку.”Бир илож қиламан,болангдан хавотир олма”,дедилар менга.Ҳозир Зарнигорни уларникига ташлаб келдим.Хайрият,шу опам ҳам бор эканлар,бахтимга,-деди чой ҳўплаб Нигора.
Жавоҳирнинг назарида синглиси бу гапи билан “Мана эркак бўлиб,сиз менга ҳеч қандай ёрдам беролмадингиз.Опам аёл бўлса ҳам мендан кўмагини аямади,”-демоқчидай туюлиб кўнгли ёмон бўлиб кетди...Иложсизлигидан,синглисига мадад бўлолмаётганидан қўллари мушт бўлиб тугилди. Ўзини зўрға босиб, хотинига бирор яхшироқ овқат қилишни буюрди.
Соҳиба ош дамлади.Ўша куни Нигора акасининг уйида ётиб қолди.Тонгда Жавоҳир синглиси билан аэропортга бориб,уни Москвага кузатиб келди.
Нигора Россияга кетгач,икки ойча ундан ҳеч қандай дарак бўлмади. Хавотирга тушган Жавоҳир унинг синфдош дугонаси Ироданинг уйига бориб, онасидан Москвадаги рақамини олди-да,қўнғироқ қилди.Телефонни олган Иродадан синглисини сўради.
-Жавоҳир ака,ўзимиз бир -икки куннинг ичида сизга қўнғироқ қилмоқчи бўлиб тургандик,-деди у билан саломлашиб,сўрашиб бўлган Ирода. -Нигоранинг ҳужжатлари тайёр бўлишини кутдик.Ўзи иш бошлаганига энди икки кун бўлди.У ҳозир бошқа ошхонада ишлаяпти.Кечқурун сизга қўнғироқ қилади,хавотир олманг.
Ҳақиқатан ҳам ўша куни Нигора қўнғироқ қилиб,акасини хотиржам қилиб қўйди.Ишлари яхшилигини айтиб,Зарнигордан хабар олиб туришини илтимос қилди.Синглиси айтмасдан олдин табиатан куюнчак бўлган Жавоҳир 2 -3 марта Мушарраф опасининг уйига бориб,жиянининг ҳолидан хабар олиб келган эди.
Шундай сиқилиб юрган кунларида кўчада синфдош дўсти Комилни учратиб қолди. Комил анча йиллардан бери хорижга қатнаб ишлар, кўпдан бери кўришишмаган эди.Икки дўст кафелардан бирига кириб роса отамлашишди.Табиийки,спиртли ичимлик дастурхонни безади ва тилларнинг тушовини ечди.Комил Жавоҳирга қараганда анчайин қув,ишбилармон,киришимли йигит эди. Дастурхон устида бироз маст бўлиб қолган Жавоҳир Комилга юрагидаги дардларини айтди.
- Дадангдан ёрдам сўрамадингми? -сўради Комил.-Ахир унинг қўли ҳамма жойга етади -ку.Нега синглингга ёрдам бермади?
-Дадам бутунлай янги оиласи билан бўлиб кетган,- деди Жавоҳир алам билан.- Ёрдам сўраб борган эдим.Аммо мени ҳатто охиригача эшитгиси келмади.
-Даданг ҳалиям ўшандай бой-бадавлат яшайди-я?-сўради кўзлари алланечук чақнаб Комил. -Мен кеча янгангдан бир гап эшитдим.Дадангни хотинчаси одамларга фоизга пул бераркан. Гаров сифатида тилла буюмларини олиб қўяркан. Миямга бир фикр келди.Дадангни бир бопламаймизми?
-Қандай қилиб боплаймиз?- сўради Жавоҳир кўнглига хавотир оралаб.
- Дадангни пулларини бироз камайтирамиз,- деди Комил шунчаки оддий бир гапни айтаётгандай. -Қўйиб турайлик бу гапни. Ҳозир бизникига борамиз.Мен сен билан тонггача бир маза қилиб отамлашмоқчиман...
Жавоҳир эътироз билдирмади.Мастлиги,кайфияти тушкунлиги сабабми,ҳозир унинг яна бироз ёзилиб ўтиргиси келаётганди.
Иккиси Комилнинг уйига кириб боришди. Комилнинг хотини уларга гўшт қовуриб берди. Ўртоғи секингина нариги хонага кириб,коньяк олиб чиқди. Иккови оз-оздан ичиб ўтиришди.Кайфи ошган Жавоҳир Комилнинг қўлида ялтироқ қоғозга ўралган қанақадир кукун пайдо бўлиб қолганини сезмай қолди.
-Нима бу?- сўради Жавоҳир.-Нима қиласан уни?
-Қани,ўзинг топ-чи?-деди кўзларида бир шумлик ўйнаб турган Комил.
- Героинмасми,мабодо? Буни бир татиган одам ундан ажралолмай қолади дейишади- ку.-Жавоҳир кўнглидан кечган тахминини овоз чиқариб айтиб юборди.
- Бу дунёнинг лаззатларидан бири, -деди ишшайиб Комил. - Қўрқма. Бир марта чекиб кўрган билан ҳеч нарса бўлмайди.
Ўша куни илк бора гиёҳванд модда татиб кўрган Жавоҳир уйга келгач,тонггача ухлолмади.Унинг руҳиятида ғалаён бошланган,номаълум бир нотинчлик бутун вужудини маҳв этгандек туюларди.Саҳаргача ухлолмай чиқди. Соҳибанинг "Нима бўлди сизга? Нега ухламаяпсиз?" -деган саволларига жавоб бергиси келмас, тезроқ тонг отишини истарди.Азонга яқин зўрға кўзи илинди.
Аммо икки соатча ухлагач, ўзи учун нотаниш бўлган вужуд оғриғидан уйғониб кетди.Юк тушириш учун вокзалга бормоқчи эди. Аммо аъзойи бадани қақшаб оғрир,кўнгли ағдарилар, нимагадир Комилни кўргиси келарди.Соҳибанинг нонга чиқиб кетганини билиб, эшикни қулфлади-да,Комилнинг ёнига югуриб кетди.
4.Ўргимчак тўри
Комил уни кулимсираб қарши олди. Аҳволини кўриб "Ҳозир сени яхши қиламиз. Яъни,ўз ҳолингга келтирамиз.Бир минут..." -деди -да,ичкари хонадан яна ўша кукундан олиб чиқди.Кукунни ҳидлаган Жавоҳир бироздан кейин ўзига келгандай бўлди.
- Мана энди кеча гапимиз тўхтаган жойдан давом этсак бўлади,-деди Комил Жавоҳирга қараб ғалати илжайганча.-Дадангни пулларини бироз камайтирамиз, деганим ёдингдами?
- Нима, дадамни уйларига ўғирликка тушамизми? -овози титраб сўради Жавоҳир.
-Ўғирлик дема-е,-деди Комил.-Айтдим-ку, бу ўғрилик эмас, қурумсоқларнинг пулини камайтириш операцияси. Қўрқма,бундан дадангни давлати камайиб қолмайди.
- Билиб қолсалар-чи?- чўчиб сўради Жавоҳир.
-Билмайдиган қиламиз-да. -деди Комил.-Дадангни пулларини олиб синглингга бир хонали бўлсаям уй сотиб оласан.Сенга ёрдам бериш учун айтяпман,бу гапларни.Кейин ўзингга ҳам пул ортиқчалик қилмайди,ҳеч қачон.Хотинингни минғир-минғиридан қутиласан...
Гиёҳванд модданинг кайфида ўтирган Жавоҳирга Комилнинг сўзлари ўринлидек туюлди. Ўша куни икки дўст ўғриликнинг аниқ режасини тузишди.Режага кўра Жавоҳир Шодмон аканинг уйига бориб,шароитни ўрганадиган бўлди.Яъни, қаердан кириш ва яна қандай қилиб билдирмай чиқиб кетиш мумкинлигини билиши керак эди.Кейин уйга киришни режалаштиришди.
Эртаси куни уйқудан уйғонган Жавоҳир кечаги гаплар эсига тушиб,кўнгли алланечук бўлиб кетди."Мен нима қиляпман?- ўзича ўйлади у.Ахир бу иш нотўғри.Кечирилмас гуноҳ-ку. Ўз отамнинг уйига ўғриликка кираманми?”
"Сен гуноҳ қилмаяпсан,-деди ичида қандайдир овоз.-Даданг янги оиласини деб сизларни тақдирингизни ўйламасдан ташлаб кетди-ку.Ўшандан кейин оилаларингиз титкиланиб кетди.Онанг вафот этди. Синглингнинг турмуши бузилди.Сен ҳаммаси учун отангдан қасос олишинг керак..."
Жавоҳир аниқ қарорга келгунча вақт пешин бўлиб кетди.Охири у кўчага чиқди. Шаҳар кўчаларида пиёда кезиб кўп ўйлади.Кейин отаси яшайдиган маҳаллага борди.
Охири у кўчага чиқди. Шаҳар кўчаларида пиёда кезиб кўп ўйлади.Кейин отаси яшайдиган маҳаллага борди.
Отасининг ҳашаматли икки қаватли уйи олдига келгач,ўзини дадил тутиб қўнғироқ тугмасини босди. Бироздан кейин нақшинкор чўп дарвоза очилди. 35-38 ёшлардаги оқ- сариқдан келган,башанг кийинган аёл Жавоҳирни кўриб таниди шекилли,бирдан ранги оқариб кетгандай бўлди.Аммо тезгина ўзини қўлга олиб," келинг" -деди.Жавоҳир саломлашиб, дадасини сўради.
-Дадангиз ҳали ишдан қайтмадилар..-деди аёл аллақандай тараддудланиб.
-Майлими кутиб турсам?Дадамда зарур ишим бор эди,-деди Жавоҳир.
-Майли,уйга киринг. -Аёл ноиложликдан четланиб,унга йўл берди.
Жавоҳир ичкарига кираркан,оғзи очилиб қолди.Узун дарвозахонанинг икки томонида икки қаватли қилиб баланд иморат солинган,киришдан токи дарвозахона охиригача паркет пол устидан қип- қизил гилам тўшалган. Дарвозахона тугаб ҳовлига чиқадиган жой бежирим қилиб ойнаванд қилинган. Ҳовли юзасида ҳовузча ҳам бор.Иккинчи қаватда ҳам бир нечта хоналар борлиги кўриниб турарди.
Аёл уни пастдаги хоналардан бирига таклиф этди. Жавоҳир шу ерда биринчи марта ўгай укаларини кўрди. Ўн,ўн -икки ёшлардаги икки бола Жавоҳирга аллақандай хавотир билан қараб ўтиришарди. Қизиқ,уларнинг қаерларидир ўзларининг болаликдаги суратларига ўхшаб кетаркан. Буни ҳис қилган Жавоҳир кўнглида болаларга нисбатан қандайдир илиқликни сезди. Сўнг улар билан бироз гаплашиб ўтирди, ҳазиллашган бўлди, ўқишларини сўради.Кейин ташқарига чиқиб келиш баҳонасида ҳовлини обдон кўздан кечириб чиқди. Худди шу пайт дарвоза очилиб,Шодмон ака ҳовлига кириб келди.Жавоҳирни кўриб ҳайрон бўлиб қолди.
-Ҳа,бу ерда нима қилиб юрибсан?- деди тумтайиб ота.
-Ассаломуалайкум,-деди Жавоҳир.Кейин ўзи режалаштирганидек сўзлади.-Сизни бир кўриб кетмоқчийдим, дада.Хорижга кетмоқчиман.Билетимга бироз пулим етмай турибди.
-Менда пул йўқ,- баттар қовоғи осилиб деди Шодмон ака.-Ўзим эндигина қурилиш ишларини тугатган бўлсам...
-Майли,дада.-деди Жавоҳир асабийлашганини сездирмасликка уриниб.- Бизга қолганда сизнинг доим пулингиз бўлмайди.
- Мени тинч қўйинглар,-деди Шодмон ака. -Мени тўғри тушун.Қўлимдан келганини қилганман сизлар учун.Хафа бўлма-ю,ўз аравангни ўзинг тортишни ўргансанг яхши бўларди.Ишлашга кетаётган бўлсанг,оқ йўл.
Шу пайт уй бекаси ҳовлига чиқиб қолди. Шодмон ака унинг ёнида ўғлига ортиқча гапиришни ўзига эп кўрмадими, мажбуран уйга таклиф қилди.Аёл дастурхон ёзди.Аввал патнисда ширинликлар,нон-чой,кейин қовурдоқ келтириб қўйди.Шодмон ака Жавоҳирни укаларига таништирган бўлди.
-Бу сизларнинг акангиз Жавоҳир.Булар эса сенинг укаларинг Асилбек ва Асадбек.
-Биз аллақачон танишиб олдик,-деди жилмайиб Жавоҳир.
Укалари Жавоҳирдан бошида ётсираб туришган бўлса-да,кейин бироз қўшилишиб,гаплашиб ўтиришди. Шодмон аканинг ҳам қовоғи очилгандай бўлди. Бироз ўтириб Жавоҳир жойидан қўзғалди.
-Майли дада.Мана сизларни кўрдим.Энди мен борай...Хайрлашишга келгандим.Келинингиз ҳам мени кутиб қолгандир.
-Майли яхши бор. Омадингни берсин,-деди бегоналардек ота.У қачонлардир ўзи учун севимли бўлган фарзандини унутгандек таассурот қолдирарди.Четдан қараганда улар ота-ўғилга эмас,худди бегоналарга ўхшардилар.
Жавоҳир отаси уни ҳеч бўлмаса бағрига босиб хайрлашса керак, деб ўйлаганди.Таассуфки, бундай бўлмади. Ота телевизорга тикилиб ўтираверди. Ўгай онаси “Яна келинг,”-деб хайрлашган бўлди. Катта укаси Асадбек уни дарвозагача кузатиб чиқди.Йигитнинг кўнгли синиб, дарвозага қараб юраркан,юрагидаги нафрати яна жўш урганини ҳис қилди. Комилнинг уйига қараб юраркан, дўстининг берган маслаҳати тўғрилиги ҳақида ўйлади.Жаҳли чиққандаги одати-қўллари мушт бўлиб тугилди.
5.Қарор
Жавоҳир кеч бўлиб қолган бўлса-да,яна Комилникига борди.Комилнинг хотини болаларини олиб онасиникига меҳмонга кетган экан.Жўраси унинг гапларини жимгина эшитди. Сўнг ”Қўй,шу юракни сиқадиган гапларингни...Шу дунёнинг ғамларини бир зум унутсак,нима дейсан?”-деб жойидан туриб кетди.Кейин иккови яна гиёҳванд моддани ҳидлашди. Жавоҳирнинг бироз руҳияти енгил тортгандай, баданида қўзғалган оғриқлари тўхтагандай бўлди. Уйнинг ошхона тарафидаги кичик деразаси очиқ туриши,шу ердан ҳовлига кириш мумкинлиги,кундузи ҳовлида ҳеч ким бўлмаслиги ҳақидаги сўзлари Комилни сергак торттирди.
-Унда гап бундай,- деди тамаки тутунини пуфларкан Комил.- Дадангнинг уйига ўзинг кирасан.
-Ўзим? Сен -чи? -Комилнинг бундай дейишини кутмаган Жавоҳир қотиб қолди.-Сен кирсанг яхшироқ бўлардими?Мен ҳеч қачон қилмаганман,бундай ишларни.
-Нима мен қилибманми?Мен кўчада тураман. Сен кириб аввал пулларни ахтариб топасан.Кейин қўлингга тушган тиллаворларни ҳам "гум" қиласан. Тушундингми?
-Сен- чи?
-Мен сени кўчада пойлаб тураман дедим-ку. Сен олган нарсаларингни менга ўша ўзинг айтган деразадан ташлайсан.Мен олиб кўздан ғойиб бўламан.Кейин орқадан секин чиқиб келаверасан.
Кайфнинг таъсириданми, ёки кеча отасига нисбатан кўнглидаги нафрат ғазабга айланганиданми,Жавоҳир Комилнинг гапларига рози бўлди. "Нега биз азобда яшашимиз,синглим бечора олисларда мусофирчиликда қийналиб юриши керак? Дадамга бу ҳам кам..Худди жўрам айтганидай қиламан..."
Эртаси куни саҳардан уйқуси қочди.Соҳиба тайёрлаган нонуштага қарагиси ҳам келмади. Хотинининг ҳар доимги сўроқларига жавоб бермади. Бутун вужуди қақшар,кўзининг олдидан Комил берадиган кукун кетмай қолган эди.Юз -қўлини ювиб келди -да,яна жойига кириб ғужанак бўлиб ётиб олди.
Соҳиба унга бироз қараб турди-да," Рўзғорда деярли ҳеч нарса йўқ.Онамнинг уйидан ташийвериб,юзим қолмади.Сиз бўлса,неча кундан бери ҳеч нарса билан ишингиз йўқ. Ишга ҳам чиқмаяпсиз.Ўзгариб қолгангиз.Касал десам касалга ўхшамайсиз.Нима бўлган сизга ўзи?" -деб тўнғиллаганча чиқиб кетди.
Жавоҳир сўкинганча жойидан турди.У ўзини жуда ёмон ҳис қилаётганди. Ҳеч нарса емаган бўлса-да,негадир кўнгли ағдарилиб келаётганди. Соҳиба Шаҳриёрдан аламини олиб уришиб-уришиб,кийинтирди-да, боғчасига олиб кетди.
(Давоми бор,эртага)
Моҳигул НАЗАРОВА
Комментарии 7