Бу ҳаётий ҳикояни куни кеча бир қадрдонимнинг оғзидан эшитдим. Очиғи ҳикояни эшитгач шу қадар таъсирландим-ки , ҳали ҳануз унинг таъсир доирасидан чиқиб кета олмаяпман.
Бу гўзал воқеани сизлар яхшиларга ҳам илингим келди.
Айтмоқчиман-ки...
Дунёга келишимизнинг ўзи Мусаввир ва Қодир зот бўлмиш Аллоҳнинг бир мўъжизаси бўлгани каби ҳаётимизда ҳам ана шундай такрорланмас мўъжизалар бўлишига асло шубҳа қилманг!
~~~
- Маҳбуба ва Ҳикматиллага Ҳаж ибодатини бажариш учун йўлланма келибди !
Айтадиларки хушхабарнинг қаноти бўлармиш. Айниқса ҳар бир мусулмон бандасининг энг эзгу тилаги бўлмиш Ҳаж зиёрати ҳақидаги бундай чиройли хушхабарнинг овозаси зумда тилдан тилга кўча қолди.
Эр- у хотинга ҳаваси келганининг ҳам ҳаваси келди , ҳаваси келмаганнинг ҳам ҳаваси келди .
Ҳикматилла ва Маҳбуба улуғ сафарга бориш учун ариза ташлаганларида навбатлари бу қадар кутилмаганда келади деб ўйламаган эдилар . Тегишли идора вакилидан "Ҳурматли Эгамбердиевлар ! Аризангизга кўра навбатингиз етиб келди , энди қабулимизга келиб тегишли ҳужжатларни тахт қилишингиз сўралади" деган телефон қўнғироғи бўлгач Ҳикматилланинг ҳам , Маҳбуба ҳам аввалига қувончдан териларига сиғмай кетишди.
Аммо кўп ўтмай бир- бирларига мунғайиб тикилиб қолишди:
"Сафар учун пулни қаердан оламиз ?"
-Э онаси, сиқилма,- деди Ҳикматилла аёлига, шунингдек бир йўла ўзига ҳам далда берган каби,- сафар хушхабарини етказган Аллоҳ учун унинг ҳаражатларини йўлимизга чиқариб қўйиши ҳеч гапмас. Айтишади-ку "Худо-пошшо" деб?! Кел, биз ҳам сафарга тайёргарлик кўраверайлик, у ёғи Аллоҳдан. Қолаверса йўлга тушадиган вақтгача ҳали қанча вақт бор...
Эр-хотин яхши умидлар билан сафар учун ҳужжатларни тайёрлай бошлашди. Ўртада шифокор кўригидан ҳам ўтишди. Сафар учун бошланишига бир, икки сидра кийим-бош сотиб олишган бўлишди.
Вақт ўтган сари Маҳбубанинг юраги орзиқар эди: "Бу ёғи нима бўлади энди?"
Тўғри уларнинг пуллари йўқ эмас, бор эди.
У ҳам бўлса бир кишининг йўл ҳаражатини қоплар эди.
У ҳам бўлса Маҳбубанинг акасига берилган эди.
Яна...
Яна ўша пулни отасининг ўрнида ота, онасининг ўрнида она бўлиб қолган Маҳбубанинг Сарвар акага бера туриб:
- Ака, шу пулни эҳтиёжингиз учун ишлатиб туринг. Бизга ҳозир зарур эмас. Қачонки жиянларингиз мактабни битириб катта ўқишларга киришса ана ўшанда лозим бўлса қайтарарсиз,- тантилик билан лафз қилиб қўйишганди. Шунга бўла на Ҳикматилла, на Маҳбуба бу пул ҳақида ака тугул хатто бир-бирларига тиш ёриб бир сўз дея олишмайди.
Маҳбуба шаҳарда қўли енгил жарроҳ-шифокорлиги билан танилган эди. Унинг эри билан улуғ сафарга отлангани ҳақидаги хабар ҳузурига келган беморлар орасида ҳам тарқалиб улгурган эди. Ҳатто бир вақтлар Маҳбубанинг қўлидан дардларига малҳам топган ака-ука, опа-сингил, она- боладек бўлиб кетган инсонлар ҳам табрик учун ошиқиб келишар экан "Биздан нима ҳизмат? Тортинмай айтаверинг? " дея чин юракдан, астойдил сўрашар эди.
Маҳбуба қанчалар зориқмасин бу инсонлардан қандай пул сўрай оларди? Аввалам бор бошида эри бўлса. Эри бўла туриб аёл боши билан кўчадагилар билан олди-берди қилиш аёллик шаъни учун нақадар ножоизлигини ўзи ҳам яхши билади, қолаверса ўн беш йил шифокор бўлиб ишлаб бировнинг бирор сўмига таъма илинжида яшамаган, бунга одатланмаган ҳам. Бундан ташқари Ҳикматилланинг эркаклик ғурури аёли кўчадан олиб ("топиб") келган пулни қабул қилишга кўнармиди? Аксига олиб Ҳикматилла ишлайдиган мебель ишлаб чиқарувчи цех маҳсулотларининг ҳам бозори юришмай қолган...
Аммо бу юрак... Қани гапга кўнса? Қани ақлга бўйсунса? Қани улуғ сафатдан умид уза олса?
Ахир бўлмади. Бир куни ишдан қайтган Маҳбуба уйда ҳеч ким йўқлигидан фойдаланиб жойнамозни ёзди-ю, қўлларини дуога очиб Аллоҳга кўнглидагиларни борини тўкиб сочди:
- Аллоҳим... Мен сўрасам ўзингдан сўрайман. Ўзим каби бандалардан эмас. Дардларимни ўзинг- бош табибимга айтаман.
Дардларимни ўзинг- бош табибимга айтаман. Дилимга улуғ ибодат ишқини солган ҳам ўзингсан! Улуғ ибодат хушхабарини йўллаган ҳам ўзингсан. Шундай экан бу орзуимни амалга ошиши учун ўзингдан умидворман. Мен шу ондан бошлаб сафарга бориш учун сендан бошқа ҳеч кимдан ёрдам сўрамайман. Ваъда бераман, фақатгина сендан, ўзингдан ўтиниб сўрайман. Аллоҳим, ўзинг мушкулимни осон эт. Кўнглим кетган шаҳрингга жуфти ҳалолим билан қадамларимизни ҳам етказ.
Маҳбуба узоқ дуо қилди.
Йиғлай, йиғлаб дуо қилди.
Ўртаниб, умид билан дуо қилди.
У жойнамоздан турганида руҳининг енгил бўлиб қолганлигини ҳис қилди. У энди сафар учун ҳаражат ташвишини қилмасликка ваъдани Яратганнинг ўзига берганди.
Орадан икки ой ўтди. Маҳбуба ўз севган ишини сидқидилдан бажариб юраверди. Шунингдек қўли бўш қолди дегунча дуога жуфтлайди:
- Художоним, ноумид қилма. Дуога очилган кафтларимни қуруқ қайтарма... Мушкулларимни осон эт.
Бир куни Ҳикматилла ишдан ҳовлиқиб қайтди:
- Онаси, шу хафта ичи Ҳажга бориш учун пул тўловини қилишимиз керак экан.
Маҳбуба эрига бош ирғади. Ичидан зил кетди-ю, бироқ индамади: "Бир хафта қолибди-я"
Ҳикматилла ҳам аёлидан тайинли садо чиқмагач, лом-лим демай ичкарига кириб кетди.
Маҳбуба бироз вақт ўтиб унинг ортидан хонага кирганда эрининг мук тушиб пул тахлаб ўтирганининг устидан чиқди.
- Оғайниларимдан унча- мунча оларим бор эди,- деди Ҳикматилла ишида давом этар экан хўрсинганча,- бироқ бу пуллар сафар ҳақининг учдан бирига аранг етар экан.
Ҳикматилла шундай деб оғир ютинди:
- Маҳбу... Мабодо Сарвар акам индамадиларми? Пулларинг ўзларингга керакдир демадиларми?
Маҳбуба кўнгли бузилиб бошини чайқади:
- Йўқ... Индамадилар. Ўзим ҳам сўрай олмадим. Ахир "Қачон қайтарсангиз майли" деб катта гапириб қўйган ўзимиз...
- Ҳаа...
Ҳикматилла ҳам бу мавзуда бошқа оғиз очмади.
Зум ўтмай хафта ҳам охирлади.
Борган сари Ҳикматилланинг кайфиятида ҳам тушкунлик аломатлари сезила борарди.
Бироқ Маҳбуба нима қилсин?
Қўлидан келгани дуо қилиш бўлса.
"Бугун охирги кун, - ўпкаси тўлди Маҳбуба,- аммо..."
Эрта тонгдан Маҳбубанинг телефони жиринглаганди. Қараса акаси...
- Ассалому алайкум, ака,- деди юраги бежо потирлаганча Маҳбуба,- яхши юрибсизми? Келинойим...
- Ваалейкум ассалом, - гапни калта қилди Сарвар акаси,- нима бўлди? Ҳажга борадиган бўлдингларми?
- Билмасам...- лабини тишлади Маҳбуба.
- Нимага билмайсан? - ҳайрон бўлди акаси,- тавба шунақасиям бўларканми? Бугун тўлов қилишнинг охирги куни эмишми?
- Ҳмм...
- Ҳаа майли, ишларингизни ривожини берсин...
Акаси тармоқдан узилгандан сўнг Маҳбубанинг қўли анча вақтгача ишга бормади. Сўнг базўр отланиб ишга судралгудек бўлиб кетди.
Тушга яқин акаси яна қўнғироқ қилди. Ҳажга кетишяптими, йўқми қизиқди. Синглисидан "Йўқ" деган жавобни эшитиб 'Ҳаа" деди, қўйди.
Асрга яқин уйга қайтган Маҳбуба охири чидолмади. Яна қадрдон жойнамозидан жой олди-ю, тўкилиб-тўкилиб йиғлай бошлади:
- Аллоҳим. Ўзингдан ўзга нажоткорим йўқ. Нетай, бебош юрагим ақлимга бўйсунмаяпти. Ҳажга боргим келса нетай? Мана сўнгги соатларгача бошқа инсонлардан ёрдам истамадим. Ўзингга таваккал қилдим. Сенга берган ваъдамда собит қолдим. Илтимос, Аллоҳим... Илтимос, Художоним орзумга етказ... Муборак шаҳарга қадам ранжида қилиш бахтига муносиб кўр...
Маҳбуба йиғлайвериб хун бўлиб кетди. Бу алфозда қанча ўтирди, билмади. Қачонки эри баланд овозда чақиргандагина хуши ўзига келди.
- Онаси, қачондан буён қўнғироқ қилаяпман, кўтарай демайсан, -деди Ҳикматилла ҳовлиққанча,- бўлақол тезроқ, Сарвар акам пулимизни тайёрлаб қўйибдилар. Ёнига яна қўшимча пул ҳам қўшибдилар. "Тўлов вақти тугашига икки соат қолди, улгуришингиз керак" дедилар...
Маҳбуба эрига ўгирилди.
Ҳикматилла сўзлашдан тўхтаб аёлига тикилди:
- Йиғлаяпсанми, онаси?
Маҳбуба янада кучлироқ йиғлай бошлади. Фақат бу сафар унинг йиғиси қувончдан эди.
Кейинчалик маълум бўлишича акаси бир неча кундан буён синглисининг орзусини амалга ошириш учун елиб-югурган, охирги соатлардагина керакли сумма қўлига етиб келган экан. Унинг бизнес учун тикилган тегиши бир неча баробар кўп бўлиб қўлига қайтганди.
- Сингилжоним, куёв билан бирга сендан олган пулларни ўзингизни тенг шерик сифатида бизнесга тиккан эдим. Бу пуллар сизнинг ҳаппа-ю ҳалол ҳаққингиз. Улар сафар ҳаражатига ҳам, муборак шаҳарда бемалол кўнглингиз тусаганча сарф қилишга етади...
Маҳбуба акасининг елкасига эркаланиб бош қўйди. Шу топда унинг дилидан:
"Барчаси учун ўзингга шукр, Аллоҳим" деган ўйлар кечар эди.
Муаллиф: Гулбаҳор Рахматуллаева ( Хазонрезги)
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 9