Муаллиф: Гулбаҳор Рахматуллаева (Хазонрезги)
🔳 🔳 🔳
Январнинг қорга бурканган, қирчиллама совуқ забтига олган тонггида Фаровон Турмуш қишлоғига қайноқ хабар оралади.
Қундуз опоқининг овози раста бўлиб қолган ўспирин ўғли Риҳсивойнинг:
- Суюнчи берингла-а-а-а-а-а_р!!! Суюнчи-и-и! Абдужаббор акам тирик эканла-а-а-а-р! Абдужаббор акамдан хат келди-и-и-и! Акам соғ ва саломат эканла-а-а-р! Уларнинг "Ҳадемай ғалаба қозониб уйга қайтамиз!" деб ёзганларини ўз кўзим билан кўрдим! -деган сўзларини эшитган ёш-у қари бор-ки барчалари қишлоқ кўчасини тўлдириб Раҳима холанинг уйига оқиб кела бошлади.
Қалин жун рўмол билан кўкрак ва белини танғиб олган Барно Риҳсивойнинг овозини дарвозахонада туриб эшитди. У йигитчанинг сўзлари маъносини дастлаб англамади. Англаганда эса ўчоқбошига деб олиб кетаётган сув тўла ҳар икки челаклари қўлидан бир-бир тушиб ағдарилиб оёқларини жиққа хўл қилди.
Аммо Барно ҳозир буни англайдиган аҳволда эмас эди. У турган кўйи ўксиб-ўксиб йиғлар эди.
Оппоқ кулча юзлари янада оқариб кетган ёшгина масъума жувоннинг кўз ёшларида чексиз соғинч, мислсиз армон, чегарасиз муҳаббат қоришиқ эди...
Бу пайтда бир вақтлар Абдужабборнинг фотиҳа тўйига жой қилинган узун очиқ айвон қишлоқ одамлари билан лиқ тўлиб тошганди. Айвонга сиғмаганлар ҳавода учқунлаб турган қорга парво қилмай ҳовлини тўлдириб турар эдилар. Раҳима хола билан тенгдош аёллар издиҳомни орасини дадил ёриб ўтиб Раҳима хола томон интилишар, онаизорга яқинлашгач бор овозлари билан йиғлаб, кулиб уни бағриларига маҳкам босганча ҳурсандчиликларини бирга бўлишишга ҳаракат қилишар эди.
Орада айвон четида турган Матлуба ҳар янги ташриф буюрувчи келиши билан юзлари ёришганча Абдужабборнинг хатини нечанчи бор ўқиётганининг саноғидан адашиб яна жон-дили билан дона-дона қилиб ўқий бошлар эди. Матлуба Абдужабборнинг хатини "Ассалому алайкум..." дея ўқий бошлаши билан йиғилганларнинг бари нафасларини ичларига ютиб жим қолишар, ораларида кимлардир бу хатдаги сўзларни бир неча бор тинглаганига қарамай берилиб эшитишар, қизнинг сўзларига паст овоздаги пиқ-пиқ йиғи товуши жўр бўлиб турар эди...
"Ассалому алайкум. Ушбу хатим гўзал Тошкент областининг Калинин районига етиб бориб маълум бўлсинким, мен ўғлингиз Абдужаббор тўрт мучам соғ ва саломат.
Ада, ойи... Сизлар ҳам саломатмисизлар ? Иккингизни ҳавотирга солиб вақтида хат ёза олмаган ўғлингизни авф этинг. Бунинг ихтиёримга қарши ўзига яраша сабаблари бор эди. Ҳозир Польшадаман. Фашист газандаларини ўз уйида узил-кесил тор-мор қилиб келиш учун жангга киришганмиз.
Насиб қилса яқин ойларда кўришиб қоламиз. Фронт узра ғалабанинг иси келиб қолди.
Мени сўраганларнинг барчаси- Сабоҳат ойим, жиянларим, қишлоқдошларимга номма-ном саломимни етказинг.Амаким ва Абдулатиф акам, Муҳаммаджондан хабар борми? Барчангизни ўпиб, қучиб қоламан.
Абдужаббор ўғлингиз ёзди.
11 ноябрь 1944 йил... "
- Болаааммм,- ёшли кўзлари билан жилмаярди Раҳима хола,- жоним болажоним. Ўзим ўргилай сендан. Ойи деб хат ёзган қўлларинг илоё дард кўрмасин...
Художоним... Ўзингга шукр. Минг қатла шукр... Эл-юртнинг олдида юзимни шувут қилмаганингга шукр... Боламни чивиндек жонини жанггоҳларда омон-эсон асраганинг учун шукр... Шу кунларга етказганинг, шу кунларни кўрсатганинг учун шукр.
Художоним... Карами кенг Яратган эгам... Ҳар бандаи мўминнингни боласини ўз паноҳингда асрагин. Жумлаи мўмин қаторида кўз қорачиғим Абдужабборгинамни соғ-саломат бағримга етказгин... Художоним... Кўрсатган кунингга шукр...
Матлуба Абдужаббордан келган хатни ўқир экан, унинг орасидан чиққан, ҳозирда духоба нимчасининг ички чўнтагига маҳкамлаб беркитилган иккинчи- Барнога аталган хатни ора-орада пайпаслаб қўяр эди...
Абдужабборнинг тирик экани ҳақидаги хабарни эшитган Шермат раиснинг ранг-қути ўчди:
"- Падарингга лаънат, -ғижингганча сўкинди у,- бунчаям жони савил экан бунинг?! Мен эт-устихони аллақачон чириб битгандир деб юрсам, тегирмондан бутун чиққаниничи буни? Қизиқ, икки йил давомида дом-дараксиз қайси ковакда нима пўқ еб юрган экан бу?!"
Шермат раис бозиллаган танчага оёғини тиқиб шулар ҳакда ўйлаб турган вақтда хона эшигини очган Қумрихон бўшашибгина ичкарига кириб келди.
- Ҳаа, аммамнинг лаллайган бузоғи?! Яна нима гап?!
- Барно...- ерга қаради Қумрихон
- Нима Барно?! Онанг чала туққан сен хотинни?! - тутақиб кетди Шермат раис,- гапинг ҳам ўзингга ўхшаш чала! Ярмини айтсанг, ярми бижғиб ичингда қолади. Ўша қолган ярмини мен кетимга қараб фол очиб билиб оламан! А? Гапир, товуқмия?!
Қумрихон беихтиёр ортига тисралди:
- Барно ҳеч қаерда йўқ!
- Нега йўқ?-асаби янада бузилди Шермат раиснинг,- яхшилаб қарадингми у ёқ, бу ёқни?!
- Ҳаа қарадим! Аммо ҳеч қаердан тополмадим. Менимча анави...-чайналди Қумрихон
- Гапир чайналмай?! Ҳе асабимни ўйнаган сени онангни...
- Менимча у анави Раҳима холани ўғли тириклигини эшитиб уйдан чиқиб кетган...
Шермат раиснинг ранги гезариб ўахарханда кулди:
- Шунақа дегин? Нима уйига бориб сочини тараб ўтирса Абдужаббор келиб ўша ит теккан қовунни никоҳига оларканми?
Менга қара?!- хотинига ўткир нигоҳларини қадади Шермат раис,- мабодо ўша симрай келининг қайтиб келса ҳам уйга киргизма! Мени тушундингми? Агар киргизсанг ҳар икковингни оёқларингни уриб синдираман,- Шермат раис шундай деб жаҳд билан ўрнидан қўзғалди,- мен ўзи шу келинингни қуритишга яримта баҳона излаб юргандим. Боламга эплаб битта фарзанд туғиб бермаган бунақа ношуд келинни боридан йўғи яхши. Аллазамон думига бўш челак боғлаб ҳайдаш керак эди бу қисир сигирнинг?
Ойни этак билан ёпиб бўлмайди. Орадан бир ҳафта ўтгач Фаровон турмушда "Раиснинг келини уйини ташлаб шаҳарга кетиб қолибди" деган гап тарқалди.
Барно ҳақда эшитганларнинг барчаси бўлган ҳодисани ўз билгичича шарҳлади, кўпчиликнинг фикри эса деяли бир жойдан чиққан эди:
"Барно Абдужаббор ҳақидаги икки йил аввалги гап-сўзларга ишониб раиснинг ўғлига турмушга чиққанига пушаймон бўлган. Абдужаббор урушдан қайтиб келса унинг кўзига қандай қарайман?" дея номусига чидай олмай уйдан чиқиб кетган".
Бўлиб ўтган асл воқеалардан эса фақат раиснинг уйидагилар, Барнонинг онаси Эътиборхон ва... Норпошшагина хабардор эдилар.
Барно ўша Абдужаббордан хат келган куни Норпошшаникига борганди. Норпошша аввалига тезлигига бориб уни эшитишни истамаган, бироқ Барно ялиниб, ёлвориб дугонасини ўзини тинглашга базўр кўндирганди. У икки йил аввалги воқеалар хақида гапириб бериб, Норпошшанинг қўлига бир вақтлар Абдужаббор ўзига совға қилган Раҳима холанинг зиракларини тутқазди:
- Буларни вақти келиб ўз эгасига қайтарсанг. Бу мени сендан охирги илтимосим.
Барнодан эшитганлари таъсирида ғазаби чандон ошиб кетган Норпошшанинг қўллари мушт бўлиб тугилди:
- Мен ўша сассиқ раисниям, уни қирчанғи ўғлиниям ўлдираман. Сенга қилганларининг жавобини ортиғи билан олишлари керак улар!
Қўй ўрто,- ҳазин жилмайди Барно,- мен бу ишни аллақачон энг қудратли зот ҳукмига ҳавола қилиб бўлганман. Аминманки, Худоимнинг жазоси ҳаммасидан шиддатлироқдир. Илтимос, улар ўз жазоларини Яратган эгам ҳукми билан олишларига қўйиб бер. Ўртага тушма... Мен улар учун бундан ортиғини истамайман.
- Хўп... Сен нима десанг шу...- дугонасининг кайфияти Норпошшага ҳам юқиб дарровда мунғайди,- ўзинг энди нима қиласан?!
- Менми? - хўрсинди Барно,- бир вақтлар Абдужаббор ака билан бирга қилган орзуларимизни энди ўзим амалга оширишга уриниб кўраман. Шаҳарга кетаман. Дастлаб ишлайман, келаси йили ўқишга киришга ҳаракат қилиб кўраман...
- Ниятингга ет, ўртожон...
Норпошша Барнони маҳкам бағрига босди...
🔳 🔳 🔳
1945:йилнинг 27 январь куни қизил армия қўшинлари Освенцимни озод қилдилар. Бу вақтга келиб Освенцимда қочишга тушган нацистлар ўлдиришга улгура олмаган 7000дан ортиқ маҳбус бор эди.
Освенцимдаги маҳбусларни озод қилганлар орасида Абдужаббор ҳам бор эди. У дарҳол ўзига таниш корпусга бориб Аленани излай бошлади. Маҳбуслар Аленани кеча тонгда ҳам тирик ҳолда кўрганликларини айтиб, афтидан уни лагердан қочиб озодлик учун курашаётганлар ҳаракатидагилар сафига қўшилган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги таҳминни айтиб ўтдилар. "Менгеле ўз тажрибаларига тирик гувоҳ бўлганларни ўлдириш пайига тушган эди,- деди маҳбуслардан бири, - шу сабаб" Нажот фариштаси"- Алена энг оҳирги кунгача бизни ҳимоя қилди. Айтишларича уни отувга олиб чиқиб кетишаётган вақтда бирдан ғойиб бўлибди. Биз у ҳақда бошқа хабар эшитмадик. Демак, Аленамиз тирик"
- Ҳайрият, - енгил нафас олди Абдужаббор,- Аленам тирик. У яшашда ва яхшилик қилишда давом этмоқда. Менга бундан ортиқ ҳеч нарса керакмас...
1945 йил 12 июль.
Кунда хушхабар эшитишга одатланиб қолган Фаровон турмуш қишлоғи аҳолиси тонгни янги яхши хабар билан қарши олдилар:
- Юқори кўчалик Баҳри доянинг ўғли Самандар фронтдан тўрт мучаси соғ, буст-бутун қайтиб келибди.
Пешинга яқин яхши хабарлар сони яна биттага кўпайди:
- Абдужаббор урушдан қайтибди!
Раҳима хола хушхабарни бригадир Ортиқалининг ерида ўртаки сабзи ўтоқ қилаётган жойида эшитди.
- Болааам! -хушхабарнинг ҳаяжонидан ўрнидан шитоб билан турган Раҳима хола жўяк ичида мункиб кетди. Аммо ўз ҳолига парво қилмай яна олдинга талпинди. Раҳима хола ва у билан бирга ишлаётганлар баб-бараварига кенг дала ва қишлоққа олиб борувчи йўлни ажратиб турган катта ариқ томон отилдилар. Улар асосий йўлга яқинлашган вақтда йўлнинг у бошида Абдужаббор кўринди. Абдужаббор елкасидаги қопчиғини ерга ташлаганча шаҳд билан югура бошлади.
- Ойиии...
- Болааам...
Раҳима холанинг тиззаларидан мадор қочган, айни дамда сал аввалги шижоатидан асар ҳам қолмай бир қадам ташлашга-да мажоли қолмай турган ерида дағ-дағ қалтирар эди...
- Болааам...- бемадор қўлларини Абдужаббор томон чўзди онаизор.
- Ойиии...
Абдужаббор онасини кенг қучоғига олди. Ўтган йиллар давомида ғам-аламлар таъсирида муштдек бўлиб қолган Раҳима хола ўғлининг басавлат қучоғига сингиб кетди...
Шу кун кечгача ва эртаси кун бўйи Абдужабборларнинг уйидан одам оёғи узилмади. Отасининг вафотидан хабар топган Абдужаббор эртаси куни тонг сахардагина мозор бошига чиқиб қуръон тиловат қилиб келди.
Шу бўйи яна уни йўқлаб келгувлар ва уларнинг саволлари тўхтамади:
- Қаерларда жанг қилдинг?
- Нечта немис ўлдирдинг?
- Нега икки йил дом-дарагинг бўлмади?
- Яккатут маҳалласидаги Сотволдини кўрганинг йўқми?
- Немис тилини анча тушуниб қолгандирсан?
- Энди шаҳарга кетиб онангни ёлғизлатиб қўйма, бечорани шунча кўрган-кечиргани етар...
- Раҳматли амакингни ўғли Муҳаммаджон бирам дилкаш, суҳсурдек йигит эди-я, ота-бола ҳар икковларини жойлари жаннатдан бўлсин. Бечоралар қайси шаҳарда ҳоки тупроқ бўлиб қолиб кетдилар экан?!
- Яхшики, Сабоҳат ойингни бахтига бир қўлсиз бўлса ҳам Абдулатиф омон қайтди.
Абдужаббор қишлоқдошларининг барча саволларига оғринмай батафсил жавоб қайтарар, "Икки йил нима учун домдараксиз кетдинг?" деган саволга "Маҳсус топшириқ билан Беларуссия партизанлари сафида жанг қилдим" дея жавоб бериб қўя қоларди.
Абдужаббор асирга тушгани, ўлим лагери Освенцим, у ерда кўрган кечирганлари ҳақида қишлоқларига гапиришни ҳоҳламади. Зеро у ердаги воқеаларни эслашни Абдужабборни ўзи ҳам истамас, қишлоқдошларини инсон ақлига сиғмайдиган, киши шуури ҳазм қила олмайдиган ҳикоялари билан дилларини поралашни ўзига эп кўрмас эди.
Абдужаббор Барно ҳақидаги хабарни кеча ярим тунда синфдоши Юсуфдан эшитган эди.
- Тақдирга тан бермай иложинг йўқ, Абду... Бу уруш деганлари енгилни оғирдан, ҳўлни қуруқдан ажратиб асл башарасини очиб қўйди. Қишлоққа "Бедарак кетди" деган хат келгач, сен тўғрингда бўлар-бўлмас гаплар урчиб кетди. Бу гаплар босилмай туриб Барнонинг Ҳаким ҳайвонга турмушга чиққанини эшитдик.
Кел қўй, оғайни. Бир сўз билан айтганда у қиз сенинг тенгинг эмас экан. Ўзига мосини топди кетди. Мени айтсанг, шундай белафз қиздан қутилганинг учун очиғи ҳурсандман. У ёғини сўрасанг сени тириклигинг ҳақидаги хабар келгач, Барно бир кечада қишлоқдан бош олиб чиқиб кетибди. Ўзича номусга чидай олмаган қилиб кўрсатди-да ўзини. Менимча у кўзи кўзингга тушишидан чўчиган бўлса керак.Тағин билмадим. Шармандага шаҳар кенг деган гапларам бор. Бу ёқда Ҳакимнинг ҳам мияси айниб қолган дейишяпти. "Бир кам жинни бўпқопти" дейишяпти у билан икки оғиз суҳбатлашганлар...
Мана шунақа гаплар, оғайни.
- Ҳаа...- деди Абдужаббор ўйчанлик билан,- шу сабабдан Барнога ёзган хатларимга жавоб қайтмаган экан-да.
- Кўпам, сиқилаверма, оғайни. Мана бошинг омон қолди. Бош омон бўлса дўппи ҳамиша топилади. Сен фақат ўзингни қўлга ол. Яна енгиллик қилиб Ҳакимнинг кекирдагидан олмагин. Сен уруш кўрган, оқ-қорани таниган инсонсан. Ўзингни идора қилиш қўлингдан келади. Шундоқ бўлса ҳам яна бир эслатиб қўяпман-да. Бу қўлларинг Ҳакимнинг ёқасидан тутиб булғанишга нолойиқ.
- Тўғри айтасан,- чуқур тин олди Абдужаббор, - ҳамма гапинг тўғри.
Абдужаббор шундай деб ой ёруғида қўлларини бир-бирига ишқалади.
Бу қўллар қанчадан қанча инсонлар майитини ортмоқлаган, минг-минглаб инсонлар ҳокини саранжомлаган, юзлаб беморлар дардига дармон бўлишга воситачи бўлган...Саноғини ўзи ҳам билмайдиган аллақанча фашистларни жойростонига жойлаган...Бу қўллар аллақандай бебурд, ғаразгўй, номард кимсанинг ёқасидан тутишга муносиб эмас...
Ҳаа! Муносиб эмас!
🔳 🔳 🔳
Келган кунининг эртасига Шермат раис Абдужабборни йўқлаб келди. Ўғлининг ёнида юз-кўзларидан шукроналик туйғулари ёғилиб турган Раҳима хола ўртада бўлиб ўтган шунча дилсиёҳликларга қарамай раисни гўёки ҳеч нарса бўлмагандек очиқ чеҳра билан кутиб олди.
- Келинг, Шерматжон! Айвонга ўтинг!
Ҳовлида Абдужаббор билан бағир бериб кўришаётган Шермат раис қўлини кўксига қўйди:
- Келаси сафар, опа! Ҳозир жуда вақтим зиқ. Бир соатда райкомда партбюро бошланади. Биласиз партбюрога кеч қолиш мумкин эмас. Аммо лекин геройимизни бир кўриб кўтмасам бўлмасди. Оббо азамат-ей?! Шундай қилиб тегирмондан бутун чиқибсан-да?! Яша, шоввоз?!- Шермат раис Абдужабборнинг елкасига дўстона қоқиб қўйган бўлди,- эндиги режаларинг қандай?
Абдужаббор "Билмасам" дегандек елка қисди.
- Бу фронтовик одамнинг жавоби эмас,- деди раис унга синчковлик билан тикилиб,- агар ҳали аниқ режаларинг бўлмаса сени эртага колхоз правлениясида кутаман. Қолган гапларни ўша ерда гаплашамиз.
Шермат раис хайрлашиб чиқиб кетгач Абдужаббор онасига маъноли тикилди. Унинг қарашларини ўзича, тушунган Раҳима хола ўғлига далда берган бўлди:
- Қўявер, болам... Яхшиниям, ёмонниям- ҳаммамизнинг Худойимиз бир. Сен Худо дегин-у қолган барчасини Яратганнинг измига ташлаб қўявер. Яратган эгам чевар зот. Бандалари учун нима хайрли эканлигини ўзи билади...
Шундай қилиб Абдужаббор Қизил деҳқон колхозида кетмончилик қила бошлади.
Ишга чиққанининг эртасига у далада Норпошшани учратиб қолди.
- Норпошша , ўзингмисан?
- Ассалому алайкум, Абдужаббор ака. Ўзимман ака, ўзиммман. Мен бўлмай ким бўлсин?
- Ваалейкум ассалом, синглим. Узр анчадан буён кўрмаганимга танимай қолибман. Ундан кейин ўзинг ҳам анча ўзгарибсан.
- Яхши тарафгами, ишқилиб? Йўқ дея кўрманг, нақд хафа бўламан-а? - шарақлаб кулди Норпошша .
-Албатта яхши тарафга-да, -майин жилмайди Абдужаббор,- гапим рост. Қалай юмушлар билан чарчамаяпсанми, Пошшахон?
- Чарчаш йўқ, ака. Мана кетмонни қурол қилиб ернинг додини бериб ётибмиз.
- Ҳафсалангга балли, синглим! Фақат ернинг додини бериш эмас, тилини топиш керак. Ерга меҳр берсанг, ер сени боқади
Норпошша жиддийлашди:
- Гапингиз рост, Абдужаббор ака. Ҳақиқатда ҳам шу ер уруш вақтида бизни едирди, ичирди, кийинтирди.
Норпошша билан Абдужаббор дала юзида яна бир муддат гаплашиб қолдилар. Суҳбат орасида Норпошша Абдужабборга бир неча бор Барно ҳақида гапиришга чоғланди-ю, бироқ ўзини босди. Орага Барно мавзуси қўшилмай уларнинг ҳар иккиси хайрлашиб ўз йўлларига кетдилар.
Кузга бориб Раҳима хола Абдужабборни уйлантириш тараддудига тушди.
- Болам, кўзим рчиқлигида тўйингни кўрсам,- деди Раҳима хола орзумандлик билан,- мени ҳам келин кўргим, набира суйгим келади. Биламан, Барнода кўнглинг бор эди. Биооқ минг афсус-ки...
Абдужаббор онасини кўп интиқ қилгиси келмади.
- Ўзингизни қийнаманг, ойи. Сиз нима десангиз шу. Кўнглингизга ёққан бир қизни танланг, мен унга уйланаман.
Раҳима хола жонланди:
- Вой болам, ўзимга ёққан қизни аллазамон танлаб қўйганман. Ҳмм!
-Дарров-а, ойи? - ҳайрон бўлди Абдужаббор,- бунчалар тез?
- Ҳа-да, болам. Мен у қизни анчадан буён кўз остимга олиб юргандим. Уни сен ҳам танийсан.
- Мен ҳам танийман?! - кулимсиради Абдужаббор,- демак у қиз қишлоғимиздан? Тўғри топдимми?
- Тўппа-тўғри топдинг! У қиз кўз ўнгингда ўсган. Синашта. Мен Қундузхоннинг қизи Матлубани айтяпман. Ўзимизнинг Матлуба бор-ку ўшани?!
Онасининг сўзларидан Абдужаббор бирдан бўшашди:
- Вой, ойи., Матлуба ҳали ёш эмасми?! Ундан кейин...
- Сираям ёш эмасда, ўғлим. Ўтган хафта ўн тўққизга тўлди.
Абдужаббор. Болажоним. Билсанг сен урушдалик вақтингда мана шу Матлуба коримга яради. Сен ҳақингда ёмон хабар тарқалганда ёнимга кириб далда бўлди. Узоқ хафталар бетоб бўлиб ётиб қолганимда қиз бола боши билан мени оқ ювиб, оқ таради, кечалари билан бошимда бедор ўтириб чиқди, оғзимга бир қошиқ иссиқ тутган ҳам шу. Абдужаббор. Сен йўғингда Матлуба сен бўлди. Мен Матлубани ўз қизимдек яхши кўраман. Ўзимча уни оғир кунларимда Яратган эгам юборган "Нажот фариштаси" бўлса керак деб ўйлаган пайтларим кўп бўлган.
Раҳима холанинг сўнгги сўзларидан Абдужабборнинг кўзлари тиниб кетди...
Нажот фариштаси...
Аҳир Абдужабборнинг ҳаётини сақлаб қолган фидокор Алена ҳам ўзидан яхшилик кўрган инсонлар томонидан шу номни олган эди.
Бу ёқда эса Матлубани онаси шу ном, билан сийлабди. Демак, Матлуба ҳам Аленадек чин инсон бўлиб етишибди-да?!
- Ҳа болам, ўйланиб қолдинг? - ўғлига ташвишли тикилди Раҳима хола,- ё танловим сенга маъқул келмадими?
Абдужаббор бош силкиди:
- Ундай эмас, ойи. Сиз нима десангиз шу. Фақат Матлубангиз рози бўлса бўлди.
- Нага рози бўлмас экан, болам? - эрка овозда ўктамлик билан жавоб қайтарди Раҳима хола, -мени боламнинг кимдан кам ери бор экан?
- Шуни айтинг, ойи?! -кайфияти кўтарилди Абдужабборнинг ҳам,- сизнинг ўғлингиз қандоқ-ки?
🔳 🔳 🔳
Раҳима холанинг овсини Сабоҳатни ёнига олиб совчиликка чиқиши Қундузхонни шошириб қўйди. У Абдужаббор учун қизлари Матлубани сўрашлари мумкинлиги ҳақида сира ўйлаб кўрмаган экан. Аммо тезда ўзини қўлга олиб "Менга қолса қизимни берсам сиздек инсонларга бераман-да. Бироқ уни бошида отаси бор. У кишининг юзларидан ҳатлаб ўтиб бирон сўз айтолмайман. Қолаверса Матлубанинг кўнглига ҳам қарашимиз керак. Турмуш ўртоғи билан бир умр муроса-ю мадора қиладиган унинг ўзи" деди.
Матлуба эса...
Қизгина эса бу вақтга келиб Абдужабборга аллақачон кўнгил қўйиб улгурган, бироқ ҳисларини юрагини туб-тубида ҳаммадан пинҳон сақлар эди. Унинг юрагидаги муҳаббат куртаклари илк бор ўша Абдужаббордан "Бедарак кетган" деган хабар келганда ва орадан кўп ўтмай Барнонинг Ҳакимга турмушга чиқиши ҳодисаси билан бошланган эди.
Орадан икки йил ўтиб Абдужабборнинг дараги чиққанида дунёларга сиғмай қувонган ҳам шу Матлуба эди. Йигит фронтдан қайтганда эса Матлубанинг оёқлари Раҳима холаникидан тортилди. Қиз Абдужабборга дуч келса кўзлари юрагининг тўридаги ҳисларни ошкор этиб қўйишдан қаттиқ чўчир эди.
Раҳима холанинг совчи бўлиб чиққанини эшитган қизнинг отаси гапни чўзиб ўтирмади:
-Қизим нима леса шу...
Матлуба эса "Ўзларингиз биласизлар" деган чиройли жавоб орқали Абдужабборга турмушга чиқишга розилигини билдирди.
Орадан ўн кун ўтиб сентябрнинг илиққина хушҳаво оқшомида Абдужаббор ва Матлубанинг тўйлари бўлиб ўтди.
Чимилдиқда Матлуба билан ёлғиз қолган Абдужаббор қизнинг юзидаги рўмолини кўтариб илк бор унга зимдан разм солди.
- Ииеее? Бу нимаси?!- сўради Абдужаббор ҳайрон бўлган овозда.
Матлуба ўтирган ўрнида бир сапчиб тушди:
- Ҳа менга бир нарса бўлибдими?
- Ҳаа,- кўзларини тўлдириб қаради Абдужаббор,- мен билган пучуқ қиз қани? Унинг ўрнида сочлари қирқкокил ўрилган, юзлари сутга чайиб олингандек оппоқ, қош-кўзлари пиликдек, лаблари ғунча бир пари қиз ўтирибди.
- Ёқмадими? - кулимсираб бурнини қийшайтирди Матлуба
- Ёқди,- жавоб қайтарди Абдужаббор ҳам жилмайганча ,- айниқса мана шу бурнини қийшайтириши. У менга пучуғимни эслатиб юборди.
Абдужаббор шундай дея туриб жиддий тортди:
- Матлуба! Сенга катта раҳмат. Мен йўғимда ўрнимни босиб онамга қиз бўлиб турганинг учун. Синовли кунларида ёнларида далда бўлганинг учун. Барча-барчаси учун раҳмат. Сен... Сен менинг фариштамсан... Дунёдаги энг кўнгли тоза фаришта...
Матлуба Абдужабборга жавоб қайтармади. Унинг юзлари бахтдан лов-лов ёнар эди.
1946 йил февраль
Четдан қараганда гўё барчаси ўз измига тушган, ҳаёт бир оқимда давом этаётгандек эди.
- Такасалтанг ўғлинг қани? - нонушта вақти қаҳр билан сўради Шермат раис,- яна туни билан кўчама кўча алаканинг итидек сандироқлаб юрибдими? Қачон одам бўлади бунинг ? Эл-юртни олдида мени қиа-қизил шарманда қилди-ку бу палакат! Сендан сўраяпман ўғлинг қани?
- Ич... Ичкарида... Хонасида. Ухлаяпти,- безиллабгина жавоб қайтарди Қумрихон.
- Ҳмм...- юзларидан қон қочди Шермат раиснинг,- сас-и-и-и-б ётибди дегин? Ҳей она бўлиб сен ҳам шу болага бир насиҳат қилсанг бўлмайдими бундоқ? Ё шунақа қўнқайиб у ёқ билан бу ёққа шип-шип бориб келаверасанми ?-Шермат раис ғижиниб афтини буриштирди,- туғдим деган билан ҳаммаям она бўлиб қолавермас экан-да? Туғишни ит ҳам билади!
Қумрихон нималардир деб эрига эътироз билдирмоқчи бўлди-ю, бироқ шунинг орқасидан бошига яна бир дунё гап тилаб олишини билиб тилини ютди
Шермат раис эса бас қилай демас зди:
- Сен бунақа бўзрайиб ўтирмасдан бу шўртумшуқ ўғлингга битта қиз топ. Мана бир йилдан бери сўққабош. Хотин кўрган эркак индамай кўниб юради дейсанми? Айтса, айтмаса бунинг ҳам шундоқ юргани йўқдир? Қаерда бева-бечорани кўрса сўлаги оқиб югураётган бўлиши аниқ. Ҳали шу бебилиска юришлари орқасидан битта палакатни бошламаса эди бунинг?!
Шермат раис "Ҳее ўлаа ҳамманг!" деганча эшикни бир тепиб чиқиб кетди. Унинг юраги нимадандир ҳижил, ўша ҳижилликнинг боисини топа ололмай бадтар ҳуноби ошар эди.
Шермат раис шу кетишда тўғри колхоз омборига борди. У омборхонадаги уруғлик картошкани совуқ уриб қўйишидан хавфда эди.
Ҳайриятки Ортиқалининг звеносидаги тўрт нафар йигит уруғлик картошкани қуруқ тупроқ билан яхшилаб кўмиб қўйишган экан.
Омборхонадан кўнгли тўлиб чиқиб кетаётган Шермат раиснинг йўлини қоровул Бунёд тоға тўсди:
- Шерматбой иним, сизни бир минутга мумкинми?
-Тинчликми? -қошлари чимирилди Шермат раиснинг,- нима гап?!
- Шу десангиз,- атрофга ўғринча бир аланглаб олиб овозини пасайтирди Бунёд тоға,- биласиз сиз билан неча йиллик қадрдонлигимиз бор. Шунинг ҳурмати юзасидан...
- Мақсадга ўтинг, Бунёд ака,-деди Шермат раис "Вақтимни олманг" деган маънода,- биласиз ҳар бир дақиқам ҳисоблолиғ.
- Биламан, биламан, иним. Аммо шоҳига болта урса туёғи зирқирайди деганларидек сизнинг шаънингизга келадиган ҳар бир гап мениям, четлаб ўтмайди. Хуллас гап шундаки, кеча бу ерга ишлашга келган йигитларнинг ўзаро гапларининг бир учи қулоғимга чалиниб қолди. Улар биргалашиб райком бовага боришмоқчимиш.
- Нима учун?!- Шермат раиснинг диққати жамланди.
- У йигитлар райком бовадан сизни раисликдан олиб ўрнингизга Абдужабборни қўйиб беришни сўрармишлар.
- Шунақа денг?!- ғазаби қайнаб кетди Шермат раиснинг,- нима мен уларнинг чучварасини хом санабманми? Ё оналарини талоқ қилибманми?! Айбим нима экан?
- Улар "Ҳозир чиройли муомала билан иш юритадиган замон. Бу раис ўз кўнглида Амир Олимхон. Ҳаммага боқиб олган боласидек баланддан келади. Энди бунақа муомалани замон кўтармайди.Бизга уруш кўрган, қон кўрган Абдужаббордек фронтовик одам маъқул . У ёш бўлсаям ўзини босиб олган. Кекса-ю ёшни кўнглини бирдек ола билади. Колхозимиз ҳам унинг қўл остида гуллаб яшнаши аниқ" дейишди.
- Зўр гап бўлибди! -кўзлари совуқ йилтиради Шермат раиснинг,- майли Бунёд ака, қўяверинг. Ўзим ҳам "Раисликдан бўшасаммикан" деб юргандим. Ит тинади, қуш тинади, менда тиним йўқ. Ҳамма хотинини қучоғида иккинчи уйқуни уриб ётганда мен бутим бичилиб райкомда ҳисобот топшириб, камига гап эшитиб ўтирган бўламан.
Йигитлар тўғри ўйлашибди. Амал курсиси билан тобутнинг эгаси бўлмайди дейишади. Менгаям бу амални боғлаб қўйган жойи йўқ. Керак бўлса райкомга боришларига ҳам ҳожат йўқ. Ўрнимни Абдужабборга ўзим жон-дилим билан бўшатиб берганим бўлсин.
- Йўғ-ей, ундай қилманг, Шерматбой?! Бу фикрингиз ярамайди. Қайтинг бу фикрингиздан?!
Шермат раис Бунёд тоғанинг елкасига дўстона қоқиб қўйди-ю, ортиқча бир сўз демай шаҳдам қадамлар билан омборхонани тарк этди.
У ташқарига чиққач афти буришиб оёқ остига чирт этиб тупурди:
"Кўнгиллари раис бўлишни тусаб қолибдими бу жинқарчани!?-ўйлади у нафрат билан,- э нотовон кўнглингга қўтир жомашов. Сен лакалов ким билан ўйнашаётганингни билмаяпсан шекилли. Кетим билан битта боссам қайтиб ўнгланмайдиган бўлиб инжириғинг чиқиб кетади. Ҳали Шермат раисни ўзингга тенг кўрадиган бўлиб қолдингми, мишиқи?! Шошмай тур... "
🔳 🔳 🔳
Бир неча кундан буён Матлубанинг тоби йўқ. Ҳали дағ-дағ қалтираб танасига иссиқ ўтмайди, ҳали бошидан оёғигача ёниб лоҳас бўлиб қишнинг кунида эшик-деразаларини бараварига очиб бутун уйни музлатиб юборади. Бугун эрталабдан қаддини қўтара олмай тушликка овқат солишгаям ярай олмади.
-Матлуба, сенга ўзим бир қайноққина мастава пишириб берай,- деди Раҳима хола келинининг оппоқ оқариб кетган юзларига ачинганча қараб, - қатиқ, мурчлаб ичиб дув-дув терласанг ўзингга келиб қоласан.
- Ойижон, овора бўлманг,- инқиллади Матлуба,- овқат ичгим келмаяпти. Овқатни ўйласам кўнглим айниб кетяпти. Ундан кўра икки дона шўртаккина қурт бўлса қанийди?!
#Хазонрезги
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 5