Ака-ука орасидан гап қочди. Ҳаммаси арзимаган нарсадан бошланганди, аммо иккисининг арази бир ойга чўзилиб кетди. Охири ука чидолмади. У жигарини соғина бошлаган эди. Истамаса ҳам ҳар куни бир марта шуурига урилаётган ёмон хотира яна ёдига тушди.
—Хотинингни тарбиялаб ол, эркакмисан, ўзи?!—ўдағайлади Қобил.
Аслида, акасининг ўзи янгаси чизган чизиқдан ҳатлаб ўтолмайдиганлардан.
—Қўйинг ака, аёлларнинг ишига аралашмайлик! —деди у ҳам овозини баландлатиб.
—Сен ҳали ўзингни эркакман деб юрибсанми?!
У ёғи эса эшитишга арзимаганидек, ёзиш учун ҳам ачинарли... Неварали одамларга бундай жанжаллар уят, аслида. Инчунун ёши олтмишдан ошиб Ҳақнинг олдига кетаётган одамларга!
Негадир, овсинлар ярашиб кетди-ю, жигарлар гаплашмай қўйди.
Меҳриддиннинг тоби қочиб қолди, акага хабар бердилар.
—Амаки, дадамни бир кўриб кетасизми? Сизга илҳақ бўлиб ётибдилар,-деди жияни бошини эгиб.
— Мен отангга ҳеч нарса демадим. Мана, ноҳақ эканки, Худо уни жазолабди!
Жияни йиғлаб қайтиб кетди...
Ука бетоб ётаркан хаёлида амаллаб туриб олишни ўйларди.
"Акамдан кечирим сўрашим керак!"
У иситмалаб ётиб ҳам алаҳсирарди. "Ака, кечиринг!"
"Қобил ака, кечирдизми?"
Бир тонг яхши уйғонди. Хатто бир коса қайноққина сут ичди. Руҳи тетик эди.
Ўғлини чақирди.
—Мени амакингникига олиб бор!
Аёли кўзига ёш олди. Ўғли чопқиллаб бориб машинани ўт олдирди, кейин отасини қўлтиқлади.
Дарвозани янгаси очди
—Келинг, келинг, яхшимисиз Меҳриддин?
Уйга бошлади.
Қобил меҳмоннинг саломига ўрнидан турмай қўл узатди.
—Мани кечиринг, ака! Ўша куни сизни қаттиқ хафа қилдим. Кичикдан хато, каттадан узр. Мен аблаҳни кечиринг.
—Сенга қанча яхшилик қилганимни унутдинг, худойим ўзи кўрсатиб қўйди. Энди ўзингдан кетма!
—Хўп бўлади, ака, тўғри айтасиз!
—Бўпти, чойга қара!
Ука ўша куни тинч ухлади. Туш кўрибди. Тушида етмиш минг фаришта унинг ҳақига истиғфор айтаётганмиш.
—Сизлар кимсиз? —сўрабди у.
—Биз то Қиёматгача сенинг ҳақингга истиғфор айтишга буюрилган фаришталармиз!
—Бу мукофотлар қайси амалим учун?-сўрабди яна у кўзларига ишонмай.
—Ҳақ бўла туриб, кечирим сўраганинг учун, жанжални тарк этганинг учун! —дебди фаришталар.
Эрталаб уйқудан барвақт турган Зубайда қўрқиб кетди, кейин тез юриб ҳовлига тушди.
Обдаста тутганча таҳорат олаётган турмуш ўртоғини кўриб, енгил тин олди.
—Хайрият! Аллоҳим ўзингга шукур!
Кечира олиш ҳам бир неъмат экан. Аллоҳ қалбларимизни ўзи ислоҳ қилсин.
Феруза Салходжаева
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 4