Муаллиф: Гулбаҳор Рахматуллаева (Хазонрезги)
Раҳима хола бугун Матлубадан онаси Қундуз опоқининг тоби йўқлигини эшитиб бир девор дармиён қўшнисидан хабар олиш пайига тушди. Кун чошгоҳга яқинлашганда эрталаб тандирда ёпган иккита зоғора нонини кичикроқ дастурхонга ўраб ёнига баҳорда пиширган тут шиннисидан бир коса солиб қўшнисиникига отланди.
Кўчага чиққанда уч дарвоза нарида тугун қўлтиқлаб келаётган Баҳри дояни кўрган Раҳима хола қўлидагиларни ариқ бўйидаги пастак супачага қўйди. У қаддини ростлаб доя аёл етиб келиши билан айланиб ўргилиб сўраша кетди:
- Ассалому алайкум, Баҳри опа!? Соғ- саломат, бардам- бақувватмисиз? Укаларимдан хат-хабар келиб турибдими?
- Ваалейкум ассалом, - деди Раҳима холани кўрган доянинг тунд чеҳрасига нур ёйилиб,- Аллоҳга шукр, мен яхшиман. Искандар билан Самандар болаларимдан ҳам хат-хабар келиб турибди. Искандардан ўтган хафта хат олгандим. Командирлари "Ота-онангга раҳмат" дейишгани ҳақида ёзибди ўзидан кўпайгур болам. Самандарим эса тўрт ой хабар ёзмай бир қўрқитса десангиз. Ундан ҳам тўрт кун олдин хат келди. Халиги қуршов деганларига тушиб қолганмиш. "Энди ҳавотир олманг, ойи. Немисларни онасини учқўрғондан кўрсатгани кетяпмиз" деб ёзибди хатида.
Баҳри доя шундай деб Раҳима холага синчковлик билан боқди:
- Ўзингизда нима гап Раҳимаой!? Абдужаббор боламдан хабар борми? - Раҳима хола унга жавобан "йўқ" деган каби бош чайқади. Баҳри доя дарровда таскин беришга шошилди,- мана мени айтди дейсиз, Абдужабборингиздан ҳам ҳадемай хабар келиб қолади. Худди менинг Самандаримга ўхшаб. Дуо қилаверайлик-чи!? Ахир дуо тақдирни ўзгартиради дейишади-ку? Ноумид фақат шайтон.
- Тўғри айтасиз, опа! - жилмайишга ҳаракат қиларкан Раҳима хола,- очиғи болам ҳақида ўйласам ичимдан офтоб чиқиб келаётгандек кўнглим ёп-ёруғ бўлиб кетади. Шунга болажонимни соғ-саломат деб ўйлайман. Мен сизга айтсам боламга бошим қоронғи бўлганда ҳам тўққиз ой шунақа кўнглим ёришиб юрган. Шунинг учун Абдужабборим омон-эсон туғилиши, яшаб кетишига ишончим баланд бўлган. Худойимнинг ўзи ҳам бандасига билдириб қўяр экан-да! Аввалги нобуд бўлган гўдакларимда нуқул ичимга чироқ ёқса ёришмас, дилим ҳира бўлиб юрардим.
- Мен сизга айтсам Абдужабборингизни тоълеи баланд бўлади. Мана мени айтди дейсиз. Ҳа! У туғилганда юзи билан битта нур бўлиб, жилмайиб дунёга келганди. Мен ўттиз йилдан ортиқ доялик қилган бўлсам умрим давомида фақат битта гўдакнинг ўз киндигини ушлаб туғилганига гувоҳ бўлганман. У гўдак бизнинг Абдужабборимиз эди. Бунга нима дейсиз?!
- Боламга доялик қилганингиз ҳамон ёдимда, опа. Ўшанда энди доячилик қилишни бошлаган йилларингиз эди. Бирам кўзга яқин эдингиз-ей? Ўзим не аҳволда дард чекиб ётибман-у, орада кўзимни сиздан ололмайман денг. Қошингизга ўсмани шунақа ярашиқли қуюқ қилиб қўйиб олардингиз-ки, бир кўрган яна кўрсам дерди
- Ўша қош қани десангиз ҳозир? "Ўтди карвон, кетди даврон. Энди давронлар қайдадир?" деган экан машойихлар. Майли бу гаплар бир тараф. Ўз йўлига. Ҳозир ҳаммамизнинг дардимиз бир. Насиб қилса болаларимиз урушдан эсон-омон қайтади. Ҳали бир этак набираларнинг қуршовида шовқиндан бошимиз айланиб ўтирадиган вақтларимиз ҳам бўлади, Раҳимаой.
- Тилингизга шакар, опа, илойим айтганингиз келсин. Вой, бу нима кўчада туришимиз? Юринг, уйга кирайлик. Бир пиёла чой устида бемалол гурунглашамиз.
- Келаси сафар, Раҳимаой. Ўзим эрта-метан уйдан чиқиб кетгандим. Эчким яқинда болалаганди. Улоқчаси оч қолиб кетди.
- Ўзим ҳам этувдим-а? Доя опам эрталабдан кимларгадир қувонч улашиб келяптилар деб?
- Кошки бари сиз айтгандек бўлса, Раҳимаой,- афсус билан бош чайқади Баҳри доя,- бироқ бу сафар бундай эмас.
- Тинчликми, опа?- зумда ташвишга тушди Раҳима хола,- кимгадир бирор гап бўлдими?
Баҳри доя бир муддат "Айтсамми, айтмасамми" дея твраддудланди-ю, гапнинг буромади бошлангани учун ахири айтишга қарор қилди:
- Ҳозир Қумрихонларникидан келяпман. Келини ҳомиладор экан, боласини чала туғиб қўйибди.
- Воой бечорагина,- астойдил куйинди Раҳима хола,- кўз тикиб, кун санаб туғилишини интизор кутган гўдакдан ажралиш қанақа аламли бўлишини мендан сўранг. Келин шўрлик ҳам бор умидидан айрилгандек кўзига ҳеч нарса кўринмай ғам чекиб ўтиргандир. Ҳаҳ, ҳозирги ёшлар-а!? Ўзларини бундоқ аяшни билишмайди. Буям кучига ишониб у, бу оғир нарсаларни кўтариб қўйган бўлса керак-да?
Баҳри доя Раҳима холага алланима лемоқчи бўлгандек оғиз жуфтлади-ю, аммо тезда шаҳдидан тушди. Аста сокин овозда тилга кирди:
- Билмадим, Раҳимаой. Бу ҳақда сўраш ноқулай бўлди. Билганим шуки қиз шўрлик қаттиқ дард чеккан, кўп қон йўқотган. Ўлик ҳомиласини ҳам бир амаллаб туғдириб олдик. Илойим кўрмагандек бўлиб кетсин.
- Илойим, илойим,- очиқ кўнгил билан унга қўшилди Раҳима хола,- ҳеч бир жумлаи мўминни супрасидан қуруқ қўймасин.
- Бирам кўнглингиз тоза-я Раҳимаой!? Бу қиз Абдужаббор боламизга бўлишиб қўйилганди. Сиз унга гина сақламай чин дилдан дуо қилиб ўтирибсиз-а?
- Тақдирнинг ишларига кўнмай иложимиз қанча, опа!? - чорасиз қўлларини ёйди Раҳима хола, - Барно қизимга қолса уруш бўлсин-у, ўғлим жанггоҳга кетсин дебдими? Униям шу уруш туфайли орзу-ҳаваслари ер билан битта бўлди. Раисга келин бўлган бўлса ноиложликдан келин бўлгандир. Ўзи далада ишлаётганди. Бу вақтда даладан
қанчаям даромад бўларди дейсиз? Топган тутганлари қўш қўллаб фронтга жўнатаётган бўлишса. Битта Эътиборхонни ойлиги нимаям бўлсин? Ман Барнодан хафа эмасман. Унинг ўғлим билан фотиҳаси бўлган эди холос. Кўряпсиз-ку, жангоҳда жон олиб жон бериб юрган не-не азаматларнинг баъзи бировларини хотинлари эрлари урушга кетиши билан ола юришни бошлаганини.
- Ҳаа, - надомат билан бош чайқади Баҳри доя, - гуруч курмаксиз бўлмас экан-да.
-Шуни айтаман-да. Ўшанинг учун Барнонинг қилмишидан оғринмадим. Тўғри бошида дилим бироз оғриган бўлди, аммо кейинчалик ўзимни босдим. Ўғрилик-гуноҳ, ғарлик- гуноҳ. Аммо элга маълум қилиб никоҳ ўқиттириб оила қуриш гуноҳ эмас. Мен Барнога бахт тилайман. Худойимдан эса болажонимни эсон-омон бағримга қайтишини сўрайман. Болам бағримга қайтса
бўлди. Унгаям ўзига яраша жуфт-ҳалол учраб қолар. Яратган эгамнинг карами кенг.
- Жонингиз соғ бўлсин, Раҳимаой. Айтганча, қаергадир кетаётибмидингиз?
- Ҳаа,-Раҳима хола ўриндиқдаги тугунга ишора қилди, - Қундузхоннинг тоби қочган экан. Боя Матлуба қизим мендан хабар олишга чиққанда шунақа деб қолганди. Шунга менам эгачимдан бир хабар олай деб отланган жойим эди.
- Унда Қундузхонга менинг ҳам саломимни етказиб қўйсангиз. Илойим соғайиб кетсирлар. Мавридини топиб ўзим ҳам хабар оларман.
- Хўп бўлади, опа. Ўтган кетганда бизникига ҳам кириб кетинг, опа. Бир дилдан гурунглашамиз
- Иншааллоҳ, Раҳимаой. Иншааллоҳ...
Барно шу ётганча аср вақтигача бошини кўтармади. Кун оғганда Баҳри доя хабар олишга келган вақтда у тирсакларига таяниб базўр ўрнидан қўзғала олди холос.
- Ётавер, қизим, - Баҳри доя Барнони қорнини аста эзиб текшириб кўра бошлади,- бу ерингда оғриқ йўқми, бу ерингда-чи? Ҳаа яхши...
Баҳри доя бу сафар Қумрихонга эргашиб ўчоқ бошига бориб ўзи дамлама тайёрлаб келди ва Барнога зўрлаб ичира бошлади. Бу галги дамлама нимтатир ширин бўлиб ичган сари иштаҳани очар эди. Барно дамламани оҳиригача ичиб ёстиққа бошини беҳол ташлади.
Баҳри доя Барнонинг бошида яна бироз куймалангач уй эгалари билан хайрлашиб уйига отланди.
Қумрихоннинг бахтига Баҳри доя кетиши билан ичкари уйдан Ҳаким уйғониб чиқиб қолди. Қумрихон ювуқсиз юзларидан нур қочиб, сочлари пахмайиб чиқиб келган ўғлига ижирғаниб кўз ташлади:
- Бошингдан сув қуйиб, покланиб кел.
Ҳаким онасига жавоб қайтармай ҳовли этагидаги ҳожатхонага ўтиб кетди. Қайтишда ариқ бўйида сув тўлдириб қўйилган челакдаги илмилиқ сувни олди-ю бошидан биттада шариллатиб уст-бошлари устидан қуйди.
Ҳаким дордаги тоза кийимларини олиб ўчоқбоши ёнидаги ҳужрахонада алмаштириб олгач дастурхон ва кўрпачалар тўшалган кенг каловатдан жой олди:
- Ойии!? У, бу нарсангиз борми? Қорним пиёзнинг пўсти бўлиб кетди-ю?!
Қумрихон бир оғиз сўз демай катта сопол косадаги шавлани олиб келиб дастурхонга дўққилатиб қўйди. Ҳаким ундаги ноҳуш кайфиятга парво қилмади:
- Ҳаа келинингиз кўрпа-тўшак қилиб талтайиб ётиб олди?! Яна касалмишми?! "Йиғиштир жийда-халтангни, ўт буёққа!?" демадингизми у қирчанғига!
- Демадим! - кўзлари чақчайди Қумрихоннинг.
- Айтиш керак эди?! - беписандлик билан таъкидлади Ҳаким,- бунақада иззатини билмай бошингизга чиқиб олади.
- Бошимга чиқиб олса тепкилаб-тепкилаб тушириб берадиган сен борсан-ку, болам!? -лаблари титради Қумрихоннинг,- худди тепкилаб болангни жувонмарг қилганинг каби.
- Нимааа!?- ранги гезарди Ҳакимнинг,- ўзингизча нималар деяпсиз, ойиии?!
- Нималар деяпман?!- бўғзидан сўз эмас, олов отилди Қумрихоннинг,- туни билан нима каромат кўрсатдинг, худобехабар?! Юкли аёлниям шунақа қийнайдими!? Қоп-қора қонига белаб ташлабсан-ку, шўрликни!? Ҳеч бўлмаса туғилажак болангни ўйламадингми, беюз? Эссиз-а эссиз...Ўғил бола экан!? Новзаниндек бўлиб қолган экан-а?- Қумрихон шундай деб жаҳл билан ортига ўгирилиб кета бошлар экан сўнгги сўзларини ўзигагина эшитарли қилиб шивирлади,- бебисмиллоҳ туғилган сендек боладан яна ниманиям кутиш мумкин...
Ҳаким онасининг сўзларидан ўзича нималарнидир чамалади, кечаги тунни эслашга уриниб айрим нарсаларни, айниқса Марвариднинг ҳиёнатини ҳотирлашни уддасидан чиқди ҳам. Бундан асаби янада бузилди, ўзини боса олмай барига жаҳл билан қўл силтаганча қўчага йўл олди.
Бўлиб ўтган воқеадан кечга томон хабар топган Шермат раиснинг ҳам зумда кайфияти бузилди:
- Битта боланиям эплаб туғолмаган пандовақи бу келининг?!- деди жаҳли чиққандан унинг чап бети учиб,- ошга-ўртоқ, бошга-тўқмоқ! Яхшики уни биров қўшга қўшиб омоч торттирмабди. Ўзи шунақа аяган кўзга чўп тушади деганлари шу... Қайнона келин икковингни бирингни олиб бирингга урадиган! Ҳе оналарингни...
Қумрихон эрига гап уқтириш бефойдалигини сезгани бир тараф, унга жавоб беришга қуввати етмагани бир тараф тилини ичига ютди.
Барно уч кун деганда ҳовлида бемалол юра бошлади. Бу орада Қумрихон ётиб қолди. Ҳаким эса ҳеч нарса бўлмагандек "Чидасанг шу!" дегани қабилида нари бориб, бери келиб юраверди.
Тўртинчи куни қаддини бир амаллаб кўтариб ҳовлига чиққан Қумрихон қўлида тугун-терсагини йиғиштириб кўча эшик тарафга йўл олган Барнога кўзи тушиб, бор кучини тўплаб келинига овоз берди:
- Қизииим... Барно...
Барно қайнонасининг овозини эшитиб йўлида таққа тўхтади, бироқ ортига қайрилиб қарамади.
- Барно?! - деди ҳансираганча келинини айланиб ўтган Қумрихон унга илтижоли тикилиб,- қаёққа? Йўл бўлсин, болам?!
- Уйимга,- бўғиқ овозда жавоб қайтарди Барно ерга қараганча, - ортиқ бу ерда бир кун ҳам қололмайман.
- Жон қизим, ақлингизни йиғинг. Эл-юртнинг олдида бошимизни маломатга қўйманг.
Барно жавоб қайтариш ўрнига тугунини маҳкамроқ қучди.
Шу пайт кутилмаган ҳолат юз берди. Қумрихон келинининг оёқлари тагига тиз чўкди:
- Илтимос,- деди у титраб қақшаганча,- илтимос, жон қизим мени ташлаб кетманг. Мен... Менга раҳмингиз келсин. Мен ҳам бу хонадонга сиз каби ўз ҳоҳишим билан келмаганман. Мен ҳам келин бўлганимда... Худди сиздек мажбур бўлганман. Шунча йил... Шунча йил дардим ичимда бўлган.Бир куни ёруғликка чиқарман деб умид қилгандим. Билсангиз, мени сиртимгина одам... Шунча йил ўз эримдан бир оғиз ширин гапга зор бўлиб яшаб ўтдим. Сиз келгач бағримга бироз шамол теккандек бўлганди. Сиз ҳам мени ташлаб кетсангиз кимга суяниб яшайман? Эл-юртни олдида ким деган одам бўламан ?! Одамларнинг юзига қандоқ қарайман? Хали Ҳакимнинг яхши одам бўлиб кетишидан умид бор. Аммо сиз кетсангиз бу умиддан ҳам мосуво бўламан. Жон болам, ҳеч бўлмаса бир ойгина сабр қилиб туринг. Бир ойгина муҳлат беринг... Бир ойги...
Қумрихон Барнонинг этагига қўл узатди-ю, сўзини тугата олмай ҳушидан кетиб йиқилди.
- Ойиии... Ойиии- қўлидаги тугунини ташлаб Қумрихонга қараб интилди Барно, - кўзингизни очинг. Илтимос мени қўрқитманг.
Барно Қумрихонни бошини қучоғига олганча атрофга аланглади:
- Ҳайдарали, қаердасиз? Сув! Сув олиб келинг! - унинг кўзларидан икки томчи чирт этиб узилди,- ойиии, - деди у бемажол овозда, - хўп кетмайман... Кетмайман... Фақат кўзингизни очсангиз бўлди...
- Хушхабар дейсанми? - ичаётган суви томоғига тиқилиб энтикди Абдужаббор
Алена унинг елкасини беозор қоқди:
- Ҳа Абдужаббор, нима бўлди?
- Бу ерда "хушхабар" деган сўз эриш туюлар экан-да?! - ҳайратини яширмади Абдужаббор,- эшитганим рост бўлса нима ҳақида эди ўзи ўша хушхабар?
- Нотўғри эшитганинг йўқ, Андрей. Хабарга келсак у ҳақиқатда ҳам хушхабар дейишга арзийди. Хуллас, бу ерда менинг бир дўстим бор. Номи Оскар. У билан танишганимга олти ойча бўлди. Гапни чувалаштирмай лўндасини айтаман. Қисқаси Оскар ўзига тўқ немис саноатчиси. Освенцимга бир неча ой илгари шу ердаги маҳбусларни текин ишчи сифатида ўз фабрикасида ишлатиш учун олиб кетиш мақсадида ташриф буюрган. Оскарнинг фабрикасида эмаль идиш-товоқлар, қозонлар ва нацистлар учун энг аҳамиятлиси снярд қопламалари ҳамда бошқа ҳарбий жиҳозлар ишлаб чиқарилади. Шу сабабдан нацистлар Германияси Оскар Шиндлерни (унинг фамтлияси шундай) давлат эътиборига молик инсон дея тан олган. Мен сенга айтсам даставвал Оскар ҳақиқатдан ҳам маҳбуслардан ўз мақсади йўлида фойдаланишни режа қилган эди. Бироқ Освенцимга келгач бу ерда маҳбусларга қилинган зўравонлик, шавқатсизлик, ҳунрезлик, оммавий геноцид саҳналарини кўриб фикри ўзгара бошлайди. Эндиликда Оскарнинг мақсади бутунлай бошқа ўзанга бурилган. У фабрикада ишлатиш ниқоби остида имкони борича кўпроқ маҳбусни бу жаҳаннамдан олиб чиқиб кетиш пайига тушган.
Абдужаббор...- Алена маҳзун жилмайганча Абдужабборнинг исмини илк бор тўғри ва тўлиқ талаффуз қилди,- энди сенинг ҳам бу ерлардан кетадиган вақтинг бўлди. Эртага сен Оскарнинг Deutsche Emailwarentfabrik (DEF) фабрикасига йўл оладиган икки юз кишилик маҳбуслар составида ишчиларга ёрдамчи тиббий ходим сифатида ҳамроҳ бўлиб бу ғурбатхонадан холос бўласан.
- Сен-чи? - шошилиб сўради Абдужаббор
- Менми? - жилмайди Алена,- менинг бу ерда ҳали қиладиган ишларим кўп. Бу ёғига йўлингни ўзинг менсиз босиб ўтишинг керак. Албатта ишончли ҳамроҳлар сафида. Сендан энди кўнглим тўқ.
- Йўқ, Алена! Сенсиз ҳеч қаёққа кетмайман! - тихирлик қилди Абдужаббор,- бу ёғига ҳам пешонада борини бирга кўрамиз!
- Абдужаббор... Азизим...Сени ўз укам қаторида, ҳатто ундан ҳам кўпроқ яхши кўраман. Яхши укалар опалари нима деса "ҳўп бўлади" дейиши керак. Тушунарлими? Агар хўп бўлади демасанг, демак яхши укамассан. Билиб қўй, сен ҳақда Ўзбекистондаги ойимга "Укамни бағрингизга саломат етказаман" деб тушларимда ғойибона ваъда берганман. Илтимос мени ёлғончи қилма,- Алена Абдужабборнинг елкасига эркаланиб бош қўйди,-
бу иккимизни ушбу камерада кечираётган сўнгги тунимиз. Эртага сен Освенцимнинг инсон таналари қуйиндилари билан тўйинган рутубатли ҳавосидан холос бўлиб, тоза, мусаффо, озодлик эпкини билан сийланган оламга кетасан.
Абдужаббор ... Учрашганимиздан буён сендан бир нарсани сўрадим. Хайрлашув онларида ҳам сўровим-шу! Ўзингни асра! Урушдан сўнг дунёни қайта қуришда сен каби пок кўнгилли инсонлар жуда керак бўлади. Янги дунё поқлик устига қурилиши керак!
- Алена... - қизнинг елкасидан маҳкам қучди Абдужаббор, - насиб қилиб узоқ умр кўрсам фарзандларимга "Мени қирғинбарот урушда бир фаришта асраб юрган" дея ҳикоя қилиб бераман.
- Майли руҳсат,- кулимсиради Алена,- фақат оширворма. Тағин болаларингни онасини рашки қўзғаб кетмасин.
Абдужаббор ва Алена оғизларини қўлларини беркитганча кулиб юбордилар. Улар тўйиб-тўйиб кулар ва... тўйиб-тўйиб йиғлар эдилар...
Эртаси куни 204 маҳбусни ўз бортига ортиб олган саккиз нафар "Opel Blitz" юк машинаси йўлга тушган вақтда Алена санитар кийимини кийиб ҳар кунги иши Менгеле тажрибаси остида тиғ остидан чиққан беморларнинг имкон борича жонини асраб қолиш учун ҳизматга киришган эди. Саноқ бўйича еттинчи рақамли юк машинасида ўлим лагери номини Аушвиц Биркенау- Освенцим концентрацон лагерини тарк этаётган Абдужабборнинг юрагини қарама-қарши ҳислар қамраб олган эди. Абдужаббор бу лагерда минглаб инсонлар ҳокини қадоқлади, айтиш жоиз бўлса (балки бўлмаса!) сўнгги йўлга кузатди, юзлаб бемаъни тиббий тажрибалар остида вужуди мислсиз қийноққа учраган беморлар олдида қўли калталик ва чорасизликдан эзилди, яна юзлаб эркак, аёл, ўспирин, болалар дардига дармон бўлишда ўзида куч топди, саноғини ўзи чамалаб кўрмаган бир неча инсонлар у туфайли омон қола олди. "Инсонийлик" деган номга асл муносиб, тенгги ва қиёси йўқ инсон Алена билан маслакдош бўлди. Освенцимга кечирган ўн ойнинг олти ойини у билан бир камерада ўтказди. Аленанинг матонати олдида бош эгди, ўзида ҳам куч, сабр, тоқат, бардош, ваъфо, меҳр каби туйғуларни янада кучлироқ ривожлантира билди.
Абдужаббор юк машинаси бортида Аушвиц Биркенаунинг асосий дарвозасидан чиқиб кетар
экан кўзи пештоққа маҳкамланган немис тилидаги “Arbeit macht frei” иборасига тушди, бу “Меҳнат сизга озодлик беради" деган маънони билдирар эди. Абдужабборнинг кўнгли бузилди. Ичкарида қолаётган қисматлари ўлимга бичилган минг- минг инсонларни ўйлаб кўзларига беихтиёр ёш қалқди. Улар орасидаги жигаридек азиз, энг яқин дўсти бўлиб қолган Аленани эслаб оҳиста шивирлади:
- Сен ҳам ўзингни асра... Сен кабилар борлиги учун ҳам эртанги кундан ҳали умид қилса бўлади ...
🔳 🔳 🔳
1943 йил сентябрь...
Оскар Шиндлернинг корхонаси Польшанинг Краков шаҳрида жойлашган бўлиб, Освенцим билан оралиқ масофаси 66 километр эди. Юк машинаси бу масофани бир соатда босиб ўтар эди.
Маҳбусларни Оскар Шиндлернинг асосий ёрдамчиларидан бири Ханс Штокер кузатиб келди.
Маҳбуслар белгиланган манзилга етгач аввал енгил тамадди қилиб олишларига шароит яратиб берилди. Орадан бир соат вақт ўтгач барчаларининг соч ва соқоллари қиртишлаб олиниб ҳаммомга киритилдилар. Ювиниб, тараниб покиза бўлиб чиққан маҳбусларга янги ва тоза кийим-бош берилди. Озода, шинам хоналарга жойлаштирилди. Шундан сўнг маҳбуслар, эндиликда Шиндлер корхонасининг ишга қабул қилинган янги ишчиларига кечки иссиқ овқат берилди. Овқатдан сўнг дам олишларига руҳсат этилди. Освенцим билан солиштирганда Deutsche Emailwarentfabrik (DEF) роҳат- фароғат диёрининг ўзгинаси эди.
Эртаси куни Ханс Штокер ишчиларни корхона фаолияти билан таништирар экан, уларнинг истиқболига бениҳоя кўркам, очиқ чеҳрали ва барваста бир эркак чиқиб келди.
Бу корхона эгаси Оскар Шиндлер эканлигини Абдужаббор кўнгли билан ҳис қилди. Кўп ўтмай Абдужаббор ўз ҳисларида адашмаганига амин бўлди. У яна шу нарсага ҳам қатъий қарор қилдики, бир гуруҳ инсонлар жамоаси учун бутун миллатга баҳо бериб бўлмас эквн. Абдужабборнинг назарида аслида дунёдаги инсонлар гўёки яҳлит бир жамоа ва улар икки хил: яхши ва қабиҳ инсонларга бўлинардилар.
Аушвиц Биркенаудаги Йозеф Менгеле, Ирма Гразе, Мария Мандел каби қаттол ва ваҳший инсонлар билан бир қаторда DEF корхонаси бошлиғи Оскар Шиндлер, унинг ёрдамчилари Юсеф Ланг, Амунд Кокс, Ханс Штокер каби олийжаноб, саҳоватпеша ҳамда бағрикенг инсонлар ҳам немис миллатига мансуб кишилар эди.
Оскар Шиндлернинг корхонаси 1939 йилда Польшанинг Қраков шаҳрида ташкил топган ва нацистлар учун ҳарбий таъминот буюмлари ишлаб чиқарувчи объект сифатида рўйҳатдан ўтказилган эди. 1942 йилдан бошлаб эса ўзининг инсонпарварлик ҳаракатларини амалга ошира бошлаган эди. 1944 йилда Қизил Армия фронтга яқинлаша бошлаганда Шиндлер ўз корхонасини Чехославакиянинг Брененец шаҳрига кўчиришга муваффақ бўлди. Бу вақтга келиб Оскар Шиндлернинг Освенцим- ўлим лагеридан ҳаёти сақлаб қолишга эришган маҳбуслар сони 1200 дан ортиб кетган эди.
Гарчи Абдужабборни концлагердан олиб чиқилаётган вақтда рўйҳатда ёрдамчи тиббий ходим сифатида қайд этилган бўлса-да, у корхонага келган вақтдан бошлаб оддий ишчи сифатида ишлай бошлади. Абдужабборнинг иши у қадар оғир эмас эди, шунингдек усти бут, қорни тўқ ҳамда яшаши учун қулай бошпана ҳозирланган эди. Абдужаббор шу тариқа Шиндлер қўл остидаги корхонанинг идишларни эмаллаш цеҳида бир йилдан ортиқ ишлади. Унинг учун корхонадаги яаолияти давомида кўнгилни хира қиладиган бир тарафи бор эди холос. У ҳам бўлса ўзининг тирик, соғ-омонлиги ҳақида оиласига икки оғиз хат ёзиб, хабар беришнинг имкони йўқлиги эди.
Бу давр ичида Освенцимда қолган Алена ҳақида, унинг жасоратлари ҳақидаги хабарлар Абдужабборнинг кўнглини кўтариб турди.
1944 йилнинг августидан бошлаб Қизил армия аскарлари Польшани озод қилиш учун қарши ҳужумга ўта бошладилар.
Куни тугаётганини ҳис қилаётган нацистлар Германияси Польшани бой бериш ўзлари учун мисли кўрилмаган талофат бўлишини англаб жон-жаҳдлари билан қаршилик кўрсата бошладилар.
Ваниҳоят 1944 йилнинг октябрида Шиндлер ўз корхонасини Чехославакияга кўчираётган вақтда Абдужаббор икки нафар шериги билан фронт чизиғини ёриб ўтишга муваффақ бўлди ва бир қатор текширувлардан ўтиб яна совет армияси сафига қабул қилинди.
#Хазонрезги
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 1