Тонг отди. Кечаги жанжалдан кейин қандай ухлаб, қандай турганимни билмайман. Кўп йиғладим, шунданми, бошимга оғриқ туриб, анчагача ухлолмай ётдим. Турмуш ўртоғим бизнинг жанжалларимизга ўрганиб кетган, ёки қаттиқ чарчаганигами қотиб ухлаб ётибди. Нариги хонадан ўн етти ёшга кирган қизимнинг хўрсингани эшитилди. Бизнинг ғалваларимиз униям жонига тегди. Охирги пайтда қайнонамга кўп гап қайтарадиган, бетгачопар, жиззаки бўлиб қолди. Йиғлаганимга юраги ачийди. Ўғилларим ҳали ёш, аммо улар ҳам бувисини кундан кун ёмон кўриб боряпди.
Хўрозлар пайдар-пай қичқира бошлади. Ҳадемай бу хонадонда иш қайнайди. Ишдан чарчамайман. Бошқа нарсадан қийналиб кетдим
Мана етти йил бўлдики, қайнонам мен билан гаплашмайди. Салом берсам ошкора юзини буради. Жуда зарур гапи бўлса, овсинимгами, эримгами
—Анавинга айт, томорқага қарасин, ҳаммаёқни ўт босиб ётибди, эрта-индин қизига совчи келади, мен айтмасам, шунгаям фаросати етмайди, —деб гап бошлайди. Кейин меники тутади.
—Ўзим ҳаром, меҳнатим ҳалол, нега шу гапларни ўзимга гапирмайсиз! Қайнонам юзини буради. Бошқа пайт умуман гаплашмаймиз. Менга бу хонадонда атиги иккита хонага кириш мумкин. Бири ётоқхонам, бири, бири болаларимнинг хонаси. Хатто овқат тайёрлашимга ҳам рухсат йўқ. Уялиб, бошимни кўтармай овқатланаман. Ўзимни текинтамоқдек ҳис қиламан
Ўшанда нимадан жанжал чиққанини ҳозир эслолмайман, аммо мана етти йилки азобдаман. Бир уйда яшаб икки аёлнинг гаплашмаслиги жудаям уят эканлигини биламан
Онамга кўп бор айтдим. Бечорагинам узоқ ўйлаб:
—Болам, оёғига ётиб кечирим сўраб кўр, сен ёшлик қилиб нимадир деган бўлсанг, кўксидан кетмаётгандир. Ялин, ёлвор, балки кечирар, бундай яшаб бўлмайди, орадаги музни эритиш керак,- дедилар. Ўша куни эмасу икки кундан кейин саломимга алик олмай юз бурган қайнонамнинг оёғига ўзимни отдим
—Ойижон, кечиринг, ўшанда нима деганим ёдимда йўқ, аммо сизни хафа қилганимни биламан, илтимос, кечира қолинг. Жон ойижон, мен аҳмоқни бир марта кечиринг! Қийналиб кетдим, ойижон! Йиғлаб, ёлвориб кечирим сўрадим. Қайнонам эса тепгандек қилиб, оёқларини тортиб олди
—Ҳали бу кунинг ҳолва. Тур йўқол, кўзимдан!-деди!
Кейин ҳам ярашиш учун ким нима деса, шуни қилдим, аммо муз қалблар эримади...
Эрталаб мактабга кетаётган қизим
—Ойижон, шу уйдан кетайлик,-деди, кейин дадасига қараб
—Бизни бу уйдан олиб чиқиб кетинг, барибир, бувим ўлмагунча бизга тинчлик йўқ, —деди.
Қўрқиб кетдим Хўжайиним кўзлари олайиб, қизига бақирди
—Ҳали, сен ўз бувингга ўлим тилайдиган бўлдингми? Онанг ўргатдими? Иккаланг ҳам икки қулоғинг билан эшитиб ол! Битта онам учун дунёдаги ҳамма одамдан воз кечишим мумкин. Сенлардан ҳам. Чидаб яшасанг яша, яшамасанг—катта кўча!
Ҳаммаси тушунарли эди. Сабрдан бошқа йўлим йўқ. Шу суҳбатдан кейин қизим баттар асабий бўлиб қолди.
Ўша куни шом ораси сигир соғаётгандим. Қизим бузоқни ушлаб турарди. Бир гап айтиб қолди.
—Ойи, эшитдингизми, бувим Умрага кетаётган экан.
—Йўғе? Ким айтди?
—Амаким билан дадам жўнатаётган экан. Боя Зулайҳо айтди. Бувим менга Маккадан соат олиб келадилар,-деди.
Зулайҳо—овсинимнинг қизи. У ёлғон гапирмайди. Мен шўрлик ўшанда росса қувондим. Ўн беш кун бўлса ҳам тинчгина яшар эканман, деб!
Овсиним, қайнисингилларим қайнонамнинг йўл халтасини тайёрлаяпти, мен ташқарида ғимирлаб юрибман. Биламан, кирсам шарманда қилиб ҳайдайди, аммо шунчалик улар билан ўтиргим, ора-орада янграб қоладиган кулгиларга қўшилгим келяпди-ки, буни тушунтириб ҳам беролмайман.
Қайнонамни Умрага кузатиш ҳам каттагина маросим бўлди. Ҳамма билан бир-бир хайрлашиб чиқдилар, навбат менга келганда эса ҳаяжондан титраб, қўлимни узатдим
—Ойи, яхши бориб келинг...Қўлларим ҳавода қолди.
Қайнонам ҳар доимгидек юзини буриб кетиб қолди...
Кимдир лабини тишлади, кимдир кўрмаганликка олди. Қизим кўзда ёш билан югуриб уйга кириб кетди.
Мен улғайиб бораётгандим. Қизимнинг бўйи етиб қолган, қандай қилиб муроса қилишни билмаётгандим.
Шунда истиғфор айтишнинг фойдалари ҳақида кичиккина мақола ўқиб қолди.
Ўшанда умримда биринча марта саждага бош қўйдим. Намоз ўқидим. Аллоҳдан ёлвориб гуноҳларимга истиғфор айтдим. Қалбдан, юрагимнинг туб-тубидан дуо қилдим.
—Эй, Яратган Эгам, Парвардигорим. Мен гуноҳкор бандангни кечир. Қайнонам билан орамизга муҳаббат сол, мени турмуш ўртоғимнинг онасига чиройли кўрсат. Тинч, хотиржам ҳаёт бер!
Ўн беш кун ибодатларимда, дуоларимда фақат шуни сўрадим.
Ўн беш кун умид билан яшадим.
Қайнонамнинг шундоқ муборак жойлардан ўзгариб келишига умид қила бошладим.
Ва ниҳоят қайнонам ва қайнимнинг келиш хабари аниқ бўлди. Дастурхонларни тайёрлаб, меҳмонларни чорлаб, оппоқ поёндозлар ёзиб, тайёргарлик кўрдик.
Пешинга яқин машиналарнинг қувноқ, шодон, сигнали эшитила бошланди. Келишди! Ҳамма ўрнидан туриб, кутиб олмоққа ҳозирланди. Юрагим қаттиқ ура бошлади. "Кўзига кўринмай тура қолай, яна кўришмаса, шарманда бўлиб қолмай!" Бир пайт қизимга кўзим тушиб қолди. Жавдираб турган икки кўзи менда эди. "Дод!" деб йиғлаб юборай дедим.
Қайним қайнонамни авайлаб машинадан олиб тушди. Қайнонам оппоқ поёндозни босиб йўлакка кириб келаркан, кўзи билан кимнидир излай бошлади. Бир пайт нигоҳи менга тушди. Кейин бор овозда
—Мадина, бери кел, болам! —деди. Ҳамма ялт этиб менга қаради. Хатто онасининг қучоғига отилмоқчи бўлган қизлари ҳам тўхтаб қолди.
Мен эса ҳайкалдек қотиб турардим. Ёнимда кимдир
—Мадина, боринг, сизни чақиряпдилар,-деди. Шундагина ўзимга келдим. Чопиб бордим, шамолдек елиб, қушдек учиб бордим. Маҳкам қучоқлаб олдилар.
—Мени кечиринг, ойижон, зиёратларингиз қабул бўлсин!
—Сен кечир мени болам, кўп озор бердим. Анча қучоқлашиб турдик, роса йиғладик... Ойижонимнинг қучоғидан чиқиб қарасам, ҳамма йиғлаяпди. Ортимдан қизалоғим келиб, бувисини қучоқлаб олди.
Мана шу воқеаларга ҳам бир йилдан ошди. Одамларнинг муборак шаҳарларга интилиши бежиз эмас экан. Қаердадир эшитгандим. Умра, Ҳаж зиёратларига борган кишиларнинг ўша шаҳарларга оёғи етиши билан нафси ечиб олинаркан. Бизни ёмонликка йўллайдиган нафс кибр, манманлик каби иллатларни ҳам олиб қўяркан. Ойижоним Умрадан бутунлай бошқа одам бўлиб қайтган эдилар. Энди бизнинг суҳбатларимиз тугамасди.
Қизим ҳам қувноқ, дастёр, меҳрибон бўлиб қолди. Ҳар замонда бувиси Маккадан олиб келган соатни қўлига тақиб, узоқ томоша қилади.
Мен эса узоқ йиллик қўрқувларим, азобларим чекиниб, умид билан яшаяпман.
Ҳар тонг бомдод намозида бошланиб, таҳажжудга сўрайдиган дуоларимнинг аввалида ҳамиша битта нарсани сўрайман.
—Аллоҳим, мени ҳам муборак Байтингга чақир!
(тугади)
Феруза Салходжаева
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 7