26-қисм
Муаллиф: Наргиза Усанбоева
Кечки тирбандлик нафақат ҳайдовчиларнинг, ҳатто йўловчиларининг ҳам тоқатини тоқ қиларди.
- У-ф-ф, ярим соат қоламиз энди шу ерда, - деди рулга асабий уриб ҳайдовчи.
Бу гап Севаранинг миясида чақмоқ чаққандек таъсир қилди.
“Шошганингда доим шундай бўлади... – ичида деди у. – Қачон уйга бораман, қачон манов устимдаги рўдаполарни ечаман? Устимдан бир сув қуйиб, сал пардоз қилмасам ҳам бўлмайди. У-ф-ф, бунинг устига уй ҳам тўзиб ётибди...”
Севаранинг ичини ит тирнай бошлади. Неча кундирки, ётган ўрнини ҳам йиғиштиришга вақт топа олмаётганди. Эрталаб тура солиб, юзини ювиб бозорга югуради, кейин кела солиб таппа ташлаб ухлайди.
Пойтахт кўчаларида бўладиган ҳар кунги кечки тирбандлик бугун Севарани адо қилмаса эди. Сал бўлса-да, унга хотиржамлик бераётган бир нарса бор. У ҳам бўлса, Зоирнинг доим кеч келиши...
“- Бугун ҳам ишқилиб кеч келсин-да. Унгача мен ўзимга қараб оламан, - деди ўзига ўзи. Кейин яна ўйланиб қолди. – Мен... ўз ўзидан Зоирга ўзимни бағишлашга тайёр бўлиб қолдим-а, тавба... Лекин Зоир қиламан деган ишини қилади-да. Бугун келаман, дедими, келади. Соғиндим, дедими, соғинчини босади. Менга қулоқ ҳам солмайди. Шунинг учун бошқа йўлим йўқ. У олов! Аббосга ўхшаб судралиб юрмайди. Балки, уйни унга Зоирнинг ўзи оберар...”
Севара хаёлида ўзини оқлашга уринди. Аммо ичида тирбандлик тезроқ тарқашини, машина юришини, уйига етиб бориб, Зоир учун пардоз қилишни истарди.
27-қисм
Муаллиф: Наргиза Усанбоева
Ҳайдовчи айтганидек ярим соатча сабрлари синалгач, улар манзил сари йўл олишди. Ниҳоят, Севара уйига кириб келди. Кира солиб, югуриб шкафдан чиройли либосларларини олди-ю, ўзини ваннага урди.
- Вай, Аббос акага “Рита холаникидаман”, деб смс юбориб қўймабман-ку. Эсимдан чиқмаслиги керак, шу... Ювиниб чиқай, юборарман, - деди у ванна эшигини ичкаридан ёпаркан.
Худди шу тезликда ювиниб-тараниб чиққач, уйни саранжомлашга киришди. Бирдан яна Аббосга хабар йўллаш ёдига тушди-ю, югуриб телефонини олди.
- Янги хабар... Зоир хабар юборибди-ку... “Шаҳардаман, Ёнаркўз, сиз қаерда?” – Севара смсни ўқирган юрак уриши тезлашди. Яна ўзига ўзи деди: - Ана айтдим-ку, Зоир айтганини қилади. Тезроқ уйни йиғиштиришиб керак.
Севара телефонини қўя қолиб, қўлига пилесосни олди. Аббосга хабар юборишни унутди.
🍃
Зоир машинасини йўлнинг четига қўйди-да, харидорнинг эътиборини тортиш учун турли чиройлари ял-ял ёниб турган қатор тизилган дўконлар томон юрди.
- Ёнаркўзга нимадир олишим керак. Уни хурсанд қиладиган нимадир, - деди ўзига ўзи. – Ўтган гал кўнглини ололмай қайтгандим. Ота-онасини рўкач қилиб, ёнига яқинлаштирмаганди. Энди ота-онаси билан ҳам топишиб олибди. Ўртамизда муаммо йўқ. Эрга тегдим, дейди. Уям баҳона. Иккита болали жувонни ким ҳам оларди?
Зоир биринчи дўконга кириб расталарга боқди. Идиш-товоқлар, рўзғор буюмлари бор экан. Қайтиб чиқиб кейингисига кирди: эсдалик буюмлари, сувинирлар... У бир қур кўз югуртирди. Ёқадиган нарса топмади. Ноилож кейингисига ўтди: атир-упа...
28-қисм
Муаллиф: Наргиза Усанбоева
- Аёлларга ёқадиган атирларингиздан кўрсатинг, - деди Зоир жонланиб.
- Кўпроқ мана булардан ҳарид қилишади, - деди сотувчи иккита-учта атирни бирдан олиб келиб.
Зоир атирларни айлантириб қаради. Кейин ўзича ўйлади:
“Ўзимга ёққан атирни олсам-чи? Фақат ўзим ҳидлайман. Фақат мен келганда сепинг дейман...”
Миясига келган фикрдан хурсанд бўлиб кетди.
- Буларнинг ҳидини қандай билсам бўлади? – деди хаёли таъсирида.
- Синов пробиркачаларимиз бор. Сизга қанақа ҳидлар ёқади: ширин, денгиз, гуллар, ўткир...
- Гулларни беринг-чи?
Қиз унга энг биринчи жасмин исли атирнинг синов пробиркачасини тутқазди.
- Воҳ, - деди Зоир ҳидлагани заҳоти. – Ўлдирадиган ҳид экан-ку.
- Бунисини кўринг.
- Бу атиргул экан. Зўр буям.
- Энди битта кофе ҳидлаб олмасангиз, ҳидларни фарқлолмай қоласиз, - қиз унга энди қаҳва кукуни тутқазди.
- Яхши. Беринг, энди бошқасини, - деди Зоир кофени ҳидлаб оларкан.
- Бу – настарин...
- Оҳ! Буям зўр. Лекин менга... атиргул... йўқ, майли жасмин ҳидлисини бера қолинг.
- Хўп.
- Чиройли қилиб совғабоп қилиб беринг.
- Хўп.
Зоир ўзига ёққан атирни олгач, кейинги дўконларга кириб биридан, вино, биридан шоколад олди. Сўнг кўнгли тўлиб, йўлга тушди...
🍃
Саломат хола келинининг оппоқ юзларига, кўз ёшларидан намланиб жипслашган киприкларига, узун қошларига қараб севинди.
29-қисм
У шундай чиройли қизни келин қиламан деб ўйламаганди. Тўғри, кўринишидан бироз эркага ўхшайди. Лекин очиққина. Хурсанд бўлса ҳам, хафа бўлса ҳам айтаркан. Мана ҳозир ҳам дардиҳол қилиб ўтирибди.
- Нақ етти марта телефон қилдим, ойижон. Кўтармадилар ойим... – Гулюзнинг тиниқ ва Чиннинг қимматбаҳо чиннисидек ялтираб турган юзига кўзидан марвариддек кўз ёш думалаб тушди.
- Шунга йиғлаш керакми, қизим? – жилмайди Саломат. – Матлуба ишларкан-ку. Ишда бўлса керак.
- Ҳеч бўлмаса, хабар юбориб қўйса бўлади-ку, - ҳиқиллади Гулюз. Аслида нимага кўз ёш тўкканини қайнонасига айтгиси келмади.
- Биламан, уйингни, ойингни соғингансан. Лекин сал нарсага бунақа асабийлашма, чиройлигим. Ҳали асабларинг болаларинг йиғлаганда, кечаси ухламай чиққанида, кундузи хархаша қилганида керак бўлади.
Гулюз уялиб кетди.
- Хўп, - деди бошини эгиб.
- Мансур хафа қилмадими, ишқилиб?
- Йўқ.
- Ҳа, биламан у хафа қилмайди. Айниқса, ўзи узоққа кетаётган вақтида сени хафа қилиб кетишга кўнгли бўлмайди, - деди Саломат хола.
Бу Гулюзнинг қулоғига “Кўз ёш тўкаверма, барибир Мансур кетади, сен қоласан”, дегандек эшитилди. Хўрлиги келди. Тезроқ онаси билан боғланмаса бўлмайди. Тезроқ ҳал қилмаса нақ юраги тўхтаб қолади Гулюзнинг.
- Ойи, мен уйга кира қолай, - деди Гулюз онаси билан боғланишни ўйлаб.
30-қисм
Муаллиф: Наргиза Усанбоева
- Майли, кирақолинг. Аммо йиғламанг, - деди Саломат хола Гулюз туриб келгач, арғимчоқ-ўриндиқни секин чайқатаркан.
🍃
- Ойи, яхшисизми? – деди Матлубанинг қўлларини уқалаб ўтирган Гулранг.
- Яхшиман. Ишхонадан бирдан бошим қаттиқ оғриганидан уйга қандай келганимни ҳам билмайман, тавба... – умуман ҳеч нарсани эслай олмаётганига ҳайрон бўлиб деди Матлуба.
- Шунинг учун мен сенга ишлама, дедим-да, - деди қўлида чашкада кофе тутиб олганча кириб келган Аббос. – Ўзи кўзинг кўрмаса. Қандай ишлайсан, мен ҳайрон қоламан. Қайси аҳмоқ боради, сендан маслаҳат олишга...
- Менданми? – ўрнидан туриб ўтирди Матлуба. – Мижозим кўп жуда. Психология фанининг назарияси эсимдан чиқиб кетгандир, лекин... шунча йиллик ҳаёт кўп нарсани ўргатди. Олдимга келган одам гап бошлаши билан дарди нима ҳақдалигини биламан. Шунга қараб савол беравераман. Таскин, тасалли топиб кетаётганлар кўп.
- Гулюз телефон қилди, боя, - деди Аббос кофесини хўплаганча. – Бирам инжиқ шу қизинг. Куёв Америкага кетаётган экан, бу қолаётган экан. Йиғлаб ётибди, уйга бораман, деб.
- Нима? - қўрқиб кетди Матлуба. – Уйга келармуш. Куёв нега олиб кетмайди?
- Билмасам, гаплашасан-да, ўзинг. Мен бугун уйга келмайман. Водийга “товар”га кетамиз. Бўпти, яхши ўтиринглар... – Аббос шундай дея уйдан чиқиб кетди.
🍃
Уй саранжом, ўзи пардозли, кийимлари чиройли... Яна нимадир қилиши керак эди? Нима-я?
Севаранинг нимадир эсидан чиққандек бўлар, аммо эслай олмаётганди.
31-қисм
Муаллиф: Наргиза Усанбоева
- Ҳа, эсладим, - деди ўзига ўзи шивирлаб. – Овқат қилишим керак. Қилсаммикан, йўқмикан?
Севара бироз ўйланиб турди. Деразадан ташқарига қаради. Тун гўё улар қилмоқчи бўлаётган гуноҳни беркитмоқчи бўлгандек, ўзининг сиё пардасини атрофга ёйиб бўлганди.
- Кеч тушибди, энди овқат пишармиди? – тўнғиллаб қўйди, ўзига ўзи.
Шу пайт унинг телефони жиринглади. Севара дераза олдидан телефони томон учиб келди: Зоир!
- Ало?
- Ёнаркўзим! – Зоирнинг эҳтиросли овозини эшитиб, Севаранинг юраги дукиллаб кетди.
- Яхшимисиз? – ишва билан жавоб берди Севара ҳам.
- Мен келдим, подеъзддан киряпман. Эшикни очиб турарсиз...
- Келманг, дедим-ку! Нега бунақа қиляпсиз? – пўписа қилган бўлди Севара.
- Бунинг иложи йўқ. Келаман дедим, келдим. Тамом. Очинг эшикни... – Зоирнинг сўзлари баробарида эшик ҳам жиринглади.
Севара югуриб бориб “глазок”дан мўралади. Зоир ҳам худди шуни пойлаб тургандек, “глазок”ни беркитди. Севара унинг қилиғидан кулиб юбораркан, эшикни очганини билмай қолди.
- Адашмай келибман-а? Сиз бор манзилларни сира адашмай топаман-да! – Севарга еб қўйгудек бўлиб тикиларкан деди Зоир.
- Сизга келманг, дегандим... – Севара ҳам ундан кўзини ололмади.
- Қулоқ соладиган аҳволда эмасман. Соғинчдан ўлай деб турибман, - деди Зоир ичкарига аланглаб: - Ким бор?
- Болалар “сезон” бошлангандан буён Рита холаникида. Мен саҳар бозорга кетиб, кеч қайтяпман.
32-қисм
Муаллиф: Наргиза Усанбоева
- Булар сизга! – деди Зоир қўлидаги ҳадяларни Севарага тутқазаркан.
- Нима бу?
- Очиб кўринг.
Севара чиройли қилиб ўралган совғани оча бошлади. Бу ўша Зоир танлаган жасмин ҳидли атир эди.
- Вой раҳмат, - деди Севара ҳидлаб кўраркан.
- Сизга ҳиди ёқиши шарт эмас! Мен келганимда сепиб кутиб оласиз, бу атирнинг ифори бошимни айлантирди, - Зоир шундай дея атирни Севаранинг қўлидан олиб, унинг бўйнига, кийимларига сепа бошлади.
- Ёмонсиз, Зоир! – қиқир-қиқир кулди Севара.
- Ёмонлигимни энди билдингизми? – Зоир шундай дея уни куч билан бағрига тортди...
🍃
- Ойи, ой-и-и! – эшик очилиб Умид кувноқ кайфиятда кириб келди.
- Ҳа, болажоним, - ётоғидан секин чиқиб кела бошлади Матлуба.
- Келинг, сиз яхши кўрган шашликни олиб келдим. Қовурғали шашлиқ...
Уларнинг суҳбатини эшитиб ошхонадан Гулрангнинг боши кўринди:
- Ие, мен мастава қилай деб, гўшт тўғраётгандим.
- Чой дамланг, опа, - деди Умид Гулранга. – Тўғраган гўштингизни қайтариб солиб қўйинг, эртага овқат қиласиз. Бугун шашлик еймиз!
Умид Матлубанинг қўлтиғидан олиб ошхона сари етакларкан, бир қўлидаги пакетни Гулрангга узатди:
- Манг опа, пиёзи ҳам бор. Ликопчаларга солсангиз бўлгани.
- Хўп, - деди Гулранг ҳам хурсанд бўлиб.
У чаққонлик билан пакетни стол устига қўйди-да, ликопларни олиб, дарҳол майдаларига пиёз, битта каттасига шашликларни жойлади. Ўзининг, онаси ва Умиднинг олдига эса ўртача тарелка қўйди
33-қисм
- Нега учта тарелка олдингиз? Дадам емасмикан?- ҳайрон бўлиб сўради Умид.
- Дадам “товар”га кетди, - деди Гулранг чой дамлаш учун чойнакни тайёрларкан.
- Бугун учаламиз экан-да, унда... – Умид онасига қаради.
Матлуба аллақандай паришон ўтирарди.
- Ойи, яхшисизми?
Матлуба эшитмагандек ўтираверди.
- Ойи? – қўрқиб кетди Умид.
- Ҳа! Ол, ол ўғлим е, - шошиб жавоб берди Матлуба. Кейин Гулрангга қаради. – Гулранг, опачангга телефон қилмадик-ку.
- Сиз олаверинг, мен қўнғироқ қиламан, - деди Умид ва дарҳол ўртанча опасига телефон қилди.
- Опа, ассалому алайкум!
- Яхшимисан, Умид? – Гулюзнинг тантиқлик, гина-кудурат уфуриб турган овози эшитилди.
- Яхшиман? Ўзингиз яхшими?
- Ойим нега олмайди? Миллион марта телефон қилдим.
- Ойимнинг мазаси бўлмади. “Тез ёрдам” чақирдик. Телефонга қарайдиган аҳволда эмасди, - изоҳ берди Умид.
- Нима қилди? Қон босимлари чиқдими? – энди Гулюзнинг овозини хавотир эгаллади.
- Билмадим, хушидан кетди.
- Вой, ҳозир яхшими?
- Яхши. Нега миллион марта телефон қилдингиз? Тинчликми?
- Тинчликмас! Поччанг ўзи кетяпти Америкага. Мени олиб кетмаяпти, - йиғламсирайди Гулюз.
- Нима? - бирдан сергак тортади Матлуба ва беихтиёр суҳбатга қўшилди: – Нега олиб кетмайди, сени? Саломат холам мени алдаган эканми?
Онасининг гапидан сўнг Умиднинг ҳам қошлари чимирилади.
🍃
Аббос уйдан чиққач, машинасида ўтириб, бугунги савдодан тушган пулларини санади. Чўғи кам.
34-қисм
Цех ёпилди, ишлаб чиқариш тўхтади, улгуржи савдо ўлди. Тирикчилик ўлмасин деб Аббос чакана савдога ўзини урганди, буям суст.
- Энг биринчи “оптом”дан мол олиб бўлган қарзларимни узишим керак, - деди Аббос ўзига ўзи. – Кейин яна “товар” учун пул ажратишим керак. Лекин... бугун Севаранинг ёнига ҳам қуруқ бора олмайман. Нима қилсам экан? Бугунги савдодан тушган пулларни доллар қилдирсаммикан?
Аббос бир қарорга келгандек бўлди. Машинасини Севаранинг ижара уйи томон жилдираркан, йўлда қаерда банкомат борлигини ҳам эслашга ҳаракат қилди. Ҳеч бўлмаганда уч юз доллар оволмаса бўлмайди. Шундоқ ҳам Севара хафа. Аслида уч юз доллар ҳам кам. Қани, беш юз доллар олиб бориб, “Кам-кўстингга, уйингнинг ижарасига ишлат”, деса... Афсус, ҳозир ўзи савдони юрғизиб олмаса бўлмайди.
Аббос хаёллар оғушида бозор яқинида тўхтади. Бозор дарвозани ёнига қўйилган банкоматдан уч юз доллар олди. Яхшиям, баъзи харидорлар нақд пули етмаса пластигига ташлайди. Пластикда пул бўлмаса, доллар қайда эди?
- Бозордан ҳам нимадир олсаммикан? – машинаси томон юраркан иккиланиб қолди Аббос. – Кейин чиқиб келарман. Кеч бўлмасдан бориб олай..
У машинасига ўтириб, Севаранинг уйи томон йўл олди.
🍃
Икки кишилик хонадан жой олган Гулҳаёнинг ёнидаги каравот бўшлиги сабаб, олдида Шаҳзод бемалол ўтирарди. Гулҳаёнинг ранги оппоқ, оғриқнинг зўрлигидан букчайиб олган, томирига уланган томчи бир маромда томчиларди.
Давоми бор
Ёндирмачоқ бу – қувонч! Босиб ўтинг!
#usanboyeva
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 14