Чегара пости Васила учун ҳамиша ваҳимали бўлган. Гарчи баъзида ўн дақиқада Ўзбекистондан Қозоғистон томонга ўтиб олса-да, негадир ҳозир йўл ёпилиб қоладигандек ошиқаверади. Бугун ҳам минг ҳаракат қилиб юкларини қисқартириб йўлга чиқди. Чегара постига яқинлашаркан ёшгина жувоннинг "Арава! Арава бор!" деган овози асабига тега бошлади. Аёл энди Василанинг ёнгинасида бақирарди.
—Арава! Арава!
У шунчаки сўради:
—Неча пулга ўтказяпсизлар?
—Сўмда олтмиш минг. Ўтиринг, опа, юрасизми қийналиб, ўзим ўтказиб қўяман. Оёғингиз ҳам оғримайди.
Васила етмишга яқинлашиб қолган бўлса ҳам сира оёқ оғриғидан шикоят қилмаганди. Меҳнат, ҳаракат билан ўтаётган умри ўлароқ озғин, чаққон, тенгдошларига нисбатан соғлом эди, аммо ҳозир аёлга раҳми келди. Олтмиш минг сўм қаерда қолиб кетмайди, савоб бўлар.
—Майли, келақол, оёғим бироз оғрияпди. У шу гапларни айтаркан, аёл тутиб турган ногиронлар аравачасига жойлашиб олди. Жувон "Қочинг, арава келяпти!", деганча бировни туртиб, бировни итариб, ҳужжатларни навбатсиз текширтириб, уни осонгина манзилига етказиб қўйди.
Васила жувонга аталган пулни узатди-ю ўрнидан турди, халталарини қўлига олганча бир қадам босди. Шунда бирдан оёғида қаттиқ оғриқ туйди. Умрида бу қадар азобни ҳис қилмаганди.
У оқсоқланиб кетиб бораркан ўз-ўзига пичирлади.
" Ўша олтмиш мингни шундоқ бериб юборсам бўларкан. Аравага ўтирган одамларнинг бор оғирлигини ўзимга олдим, шекилли, ёки ўзгаларнинг ҳақига, вақтига хиёнат қилдимми?! Балки соппа- жонимни оғриди деб ёлғон гапирганим учун Аллоҳнинг қаҳри келдимикан? "
Феруза Салходжаева
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 1