#НАСТАРИН_ҲИДИ
МУАЛЛИФ: САИДА АЗИЗ
#78
КУНДАЛИКДАН
Бироқ... дадамдан бошқа бир муносабатни кўрдим. “Тўртта боланг бор. бир куни юзага чиқасан! Кўзинг билан кўрмаган бўлсанг, қўлинг билан тутмаган бўлсанг, яшайвер! Эртага болаларинг катта бўлса, бошингни қайси деворга уришни билмай қоласан! Мен ҳам ёнингда бўлмайман... ўз ёғингга ўзинг қовриласан! Ҳамма нарсанг тайёр, яшаб юравер!”
Менинг мотиваторим деб билган падарим мени шу гаплар билан уйга қайтарди. Тўғрироғи, на қайнонам, на эрим олиб кетишга келишмади. Қайнонам овсинини юборди. Ва мен сўзсиз қайтдим. Яна бир олам ғурбатлар сари қайтиб келдим!
Бу воқеага ҳам тўққиз ой ўтибди. Ўшандан кейин ҳам Даврон акам билан неча тортишиб, неча ярашдик.... Лекин болаларим учун яшаб юрибман! Баъзан ўзга аёл билан гаплашаётганини сезсам ҳам, ичимдаги ҳиссиётларни босишга уринаман!
Қолаверса, асосий диққатимни фарзандларимга қаратишга қарор қилдим. Психологияда бир қоида бор: диққат қаерга қаратилса, ўша жой катталашади. Мен ҳам бор меҳримни, муҳаббатимни, диққатимни болажонларимга қаратаман.
Бугун болаларим ҳақида ёзгим келди.
Очиғи, мен у даражада яхши она эмасман! Асабий, серзарда бўлиб қолганим учун қизларимни кўп урушаман, уриб юбораман! Сўнг эса ўзим ҳам уларга қўшилиб йиғлайман. Тунда бошларини силаб, узр сўрайман! Нега бу қадар асабий бўлиб қолганимни ўзим ҳам тушунмаяпман. Шу хонадонга келганимда бунчалик серзарда эмасдимку... бир гапириб, ўн кулувчи Сабрия эдим. Ҳамма нарсага жавоб топиб турадиган, ҳозиржавоб эдим. Бироқ... қайнонам ва эрим томонидан қилинган муносабатлар, ҳаракатлар мени шу кўйга солдимикан-а?..
Робиям менинг биринчи қувончим, бахтим, шодлигим! Оналикни ҳис қилдирган тўнғичим! Уни еру кўкка ишонмай яхши кўраман! Бироқ инжиқлигини, эркалигини кўтаролмай кўп урушаман! Бу ишим ўзимга ҳам ёқмайди. “Сиз мени кўп урасиз. Сизни яхши кўрмайман!”, деб қолади ўзича исён қилиб беш ёшли қизим. Аммо унинг кулишини яхши кўраман. Феъли очиқ, менга ҳам ўхшайди. Аммо кечирим сўрамаслиги отасига тортган. Бироз қўрқоқроқ. Ўйлашимча, бу болаларга хос хислат.
Нуриям! Иккинчим, ширин орзуим менинг... У туғилганида, қўлимга олиб негадир йиғлаб юборганман. Докторлар турли фикрларни айтишганди... Уни одам қилгунча юрагим қинидан чиқай деганди. Бугун эса қақажон, урушқоқ, ўжар қиз бўлган. Дадасига ўхшаб кетади. Иззатталаблиги бор. Қайсаргина... йиғлоқилиги менга тортган. Бир йиғласа, тўхтамайди. Чидолмай уриб юбораман. Яхши гапгаям кўнмайди. Яхшигина феъли бор, ўз менига эга. Опаси нима қилса, албатта таакрорлайди. Бир гапни эшитиб қолса, хўп демагунингча қўймайди.
Илоҳим, қизларимнинг бахтини бутун қил, Аллоҳим!
Ўғилларим – Ҳасан ва Ҳусаним! Икки дунё орасини англатган шодликларим. Уларни жарроҳлик йўли билан дунёга келтирдим. Ҳозирча феъллари номаълум. Аммо Ҳасан дангаса, Ҳусан эса ҳаракатчан!
Фарзандларим менинг тиргагим, суянчим, ишончим! Илоҳим, бу суянчдан айирмагин, Аллоҳим!
#7
Сабрия Иброҳимовна марказ остонасидан қадам ташларкан, ичкарида табассум билан қарши олган Манучеҳрни кўрди. Йигитнинг қўлларида настарин гулларидан ясалган катта гулдаста турарди. Унинг кайфияти чоғлиги, юз-кўзидан сезиларди.
- Ие, қандай хайрли учрашув? – деди Сабрия Иброҳимовна йигитни кўриб.
- Опажон, бу сизга, - деганча йигит меҳрла гулдастани узатди.
- Ташаккур, - деганча гулларни олиб, ҳидлаб, сўнгра котибага тутқазди психолог. Сўнг Манучеҳрни ичкарига таклиф қиларкан, сўзлай кетди: - Келаман, деб келмай кетдингиз... Қўнғироқ қилайлик, десак, рақамингиз ҳам йўқ...
Ичкарига киришди. Жойлашишди. Аёл қўлидаги сумкасини стол яқинидаги тумба устига қўйди.
- Ҳа, шунақа бўлиб қолди. Бироз ўзимга келишим керак эди, - дея гап бошлади Манучеҳр!
МАНУЧЕҲРНИНГ ҲИКОЯСИ
Ўша куни ёнингиздан чиқиб, онамнинг ҳузурига шошилдим. Нимани сўрашни, нимадан гап бошлашни билмасдим. Лекин сўрайдиганларим кўплигига амин эдим. Супермаркетдан бозорлик қилдим. Онам ёқтирган оқ атиргуллардан бир даста олдим. Тўлиб-тошиб кириб келишимни кўриб, онам ҳайрон бўлди. “Сизни хурсанд қилай онажоним”, дедим. Кечки таомдан сўнг онамнинг тиззасига бош қўйдим.
-Ойи, ҳозир сизга бир нарсани айтаман, фақат мендан ранжимайсиз, хўпми? – дедим волидамнинг нигоҳларига боқиб. Онам бошимни силаркан, маҳзун жилмайди.
- Мен ҳеч қачон сендан ранжимайман. Сен мени ранжитадиган иш қилмагансан!
- Йўқ, мен қилган ишни... агар билсангиз, балки мени ёмон кўриб қолишингиз мумкин! – ўрнимдан туриб ўтирдим. Бошим эгилган. Бир нафасда айтишни истардим. – Ойи, ўша куни, дадам ўлган тунда мен уйда бўлганман. Ухламаган эдим. Дадам ёрдамга чақирганида, бормаганман. Боргим келмаган. Ҳеч кимни ёрдамга чақириб келмаганман ҳам.
Гапирдиму, онамнинг чеҳрасига қарадим. Кўз ёшларини кўриб, қўрқиб кетдим.
-Ойи, мен атайин қилмадим. Шунчаки, мен... мен у одамни сизни урушини истамасдим. У ёмон одам эди мен учун. Сиз ҳар куни йиғлардингиз... қандай ёрдам беришни билмай қийналиб кетардим. Кейин эса...
-Буни билганман болам... – кутилмаганда онамнинг гапидан сергакландим. Юзига тикилдим.
-Билгансиз? Қандай?
-Юрагим сезган. Чунки сен зийрак ухлардинг. Ухлаб қолмаслигингни билардим... атайин кўмакка шошилмаганингни ҳам пайқаганман. -Онамнинг қўлларидан тутдим. Ўпдим.
-Мендан ранжимадингизми? Мени айбламайсизми?
-Йўғе, болам... инсоннинг ўлими банданинг қўлидамидики, сени айбласам. У ўз ажали билан ўлди. Шунчаки даданг ўз севганига уйланомагани учун аламда юрарди. Қайнотам унинг севган қизини келин қилишни истамай, мени олиб берганди. Айтишларича, у қиз бир енгилтабиат аёлнинг қизи бўлган экан. Шу боис қайнотам келин қилишни истамаган экан. Негадир даданг шу ҳақиқатни ҳазм қилмасди. Уни тушунишга уринардим. Аламини мендан оларди. “Сен бўлмаганингда унга уйланардим”, деб қайта қайта гапирарди. У қиз эса бошқа бир олифта бойвуччага тегиб кетганди. Хуллас, муҳаббат инсонни шу қадар нодон қилиб қўяркан. Мен эса кетолмасдим. Сабаби, акам ва келинойимнинг ёнига қайтиб боришни истамасдим. Қайнотам атайин ҳовли олиб, бўлак чиқарганди. Балки яхши бўлиб кетишимизга ишонгандир у ҳам. Бироқ... Сен буларни ўйлама, болам. Муҳими, сен ва синглинг саломатсизлар... Ва яна бир гап, истайсанми, йўқми, ўша одамнинг наслидансан! Бир калима Қуръон билан эслаб қўйишингни хоҳлайман! У ҳам бир бандаи ожиз эди, холос.
#80
Онамнинг шу гапларидан сўнг кўнглим ёришди. Ўша куни уч ойдан буён илк марта тиниқиб ухладим. Мана шу ерим шунақа хотиржам эди, - деди Манучеҳр кўксини кўрсатиб. -Сизга катта раҳмат! Миннатдорчилик билдириш учун келдим. Ва яна бир илтимос, онамни ҳам сиз билан таништирмоқчиман. Меҳмоним бўлсангиз, жуда хурсанд бўлардим.
Сабрия Иброҳимовна йигитнинг самимий нигоҳига табассум билан жавоб қайтарди.
-Албатта, сиз таклиф қиласизу, мен рози бўлмайманми? Сиз учун хурсандман. Ўша куни айтдимку, ҳар дарднинг давоси, ҳар саволнинг жавоби ўзи билан бўлади!
Манучеҳр психолог билан илиқ хайрлашиб чиқиб кетди. Сабрия Иброҳимовнанинг кайфияти кўтарилди. Яшил дафтарни очиб, ёза бошлади: “Қачонки ўзингдан узоқлашсанг, муаммолар гирдобига ғарқ бўла бошлайсан. Ўзинг томонга юрсанг, бирин-кетин ечимларни топасан!”
КУНДАЛИКДАН
2009 йил, май...
Яратган эгам, Ўзингга беҳисоб шукрлар бўлсин! Ҳаёт ўзанидан тошиб кетай деб оқаётган дарёга ўхшайди. Тўлқинлар ваҳима билан қирғоққа урилади-ю, аммо секинлик билан ортига қайтади. Менинг ҳаётим ҳам шу тарзда давом этмоқда. Эҳ, ёзай, десам гап кўп...
Умр йўлдошим билан деярли гаплашмаяпмиз!
Бу галги жанжалимизга Барно сабаб бўлди!
Хуллас, Даврон ака биринчи аёлидан бўлган болаларини ўқишга киритди. Иккисига шаҳар марказидаги уйда яшашларини айтди Табиийки, уларнинг рўйхати ҳам ўша уйга қўйилди. Шу орада мен ҳам шунчаки “Менинг “пропискам” ҳали отамнинг уйида... меникиниям ўша уйга қўйсангиз бўларди”, деганим ҳамон, эрим қутуриб кетди. Оғзига келган гап борки, ҳақорат қилди. “Шунчалар ичи қора аёлсанки, юзингга ҳам уриб кетади яқинда... Биламан сенинг ниятинг ўша уйда яшаш! Лекин мен икки дунёда ҳам сен билан у уйда яшамайман! Эшитиб ол! Сен онамнинг хизматидан қочишни ўйлайсан, дафтарингга ҳам ёзгандинг... бекорларни айтибсан!” Э, воҳ... шунча таъна маломатлар остида қолишимни билганимда, гапирмасдим. Юрагим оғриди. Мен нима ёмон гап айтганимни тушунолмадим... Ахир эримнинг ўша уйда рўйхатда тургандан кейин, мен ҳам у билан бирга бўлишим керакмасми? Қандай хато гапирдим... Ахир саккиз йилдан буён бирга яшаймиз. Аммо мен ҳалиям ота уйимдаги рўйхатдан ўчмаганман. Бошида паспорт алмашилганда, “Бир йўла марказдаги уйга қўямиз, ҳозирча ўзингникига қўйиб туравер”, деганди... орадан йиллар ўтди. Тўрт фарзандли ҳам бўлдим... Бироқ...
Ё, Аллоҳ, нега мен бундай танлов қилдим?! Менинг энг катта хатоим, айбим шу одамга, уйланиб ажрашганга текканим! Ўша пайтда биздан бир курс юқорида ўқиган Феруза опанинг ҳам ажрашган йигитга текканини кўрган эдим. Назаримда, у жуда бахтиёр яшарди. Мен ҳам шунақа бахтиёр яшайман деб ўйлаб, адашибман, хато қилибман! Айб ўзимда! Нега бу одамга бунчалар ишонганимни ҳам билмайман. Қайси гапига лаққа тушдим, уни ҳам эслолмайман! Суюкли рафиқа бўлиб яшаш пешонамга битмаган чоғи... бу инсонни на соғлигим, на орзуларим, на ўй хаёлим қизиқтиради. Бу қадар совуқлик... кўнгли йўқ экан, нима қилади яшаб...
Тунда ёстиққа бош қўйишим билан, кўз ёшларим қуйилиб келади. Бўғзимга аччиқ фарёд тиқилади. “Э, мен ҳам аёлман! Мен ҳам ёшман! Ақали ўзингиз истаб, бир марта ўпинг... қучоқланг”, деб бақиргим келади. Тошдан садо чиқиши мумкин, аммо ундан...
Болаларимнинг кун бўйи қилган қилиқларини, гапларини айтгим келади, елкасига бош қўйиб, ҳидини туйгим келади. Аммо...
Шу “аммо”лар мени серзарда, асабий, жанжалкаш аёлга айлантириб қўйди. Ичимда бошқа бир Сабрия пайдо бўлган, гўё! Бир гапириб, ўн кулувчи, оптимист, қувноқ, ҳаётдан завқ олиб яшовчи Сабрия йўқ!!! Йўқолди, изсиз ғойиб бўлди!
#81
КУНДАЛИКДАН
Аммо охирги жанжалдан кейин дарз кетган кўнглим синиб тушди бирйўла.
Ҳамма нарсамдан айб топавериши, уни қилмайсан, буни қилмайсан, деявериши... рости жонимга тегди. Имконим борича тўрт боламдан ортиб, ҳаракат қилаяпман ахир... нега фақат уй ишига ёпишиб қолган. Сал дунёқарашини кенгайтирса бўлмайдими-я... Билмайман, биров ўқитиб, иссиқ совуқ қилганми? Кўзига балодек кўринаман! Э, Худо, қачон яхши бўламиз!
Бизнинг жанжалларимиз болаларимга ҳам таъсир қилаяпти.
“Ойи, дадамни алмаштирайлик, сизни кўп урушаяпти”, дейди Робиям.
“Ойи, дадамнинг кийимини дазмол қилманг. У сизга бақирди!” дейди Нуриям менинг ёнимни олиб.
Ўзим ҳам асабийлашиб, қизларимдан, ҳатто икки ёшли эгизакларимдан ҳам алам оламан! На шўхлигини, на эркалигини кўтаролмай бақириб, уриб юбораман! Бу кетишда аҳволимиз нима бўлади? Шундаям қизларим мен томон доим...
Роббим, фарзандларимни меҳру муҳаббатли қилгин! Ўзинг моҳир чеварсан! Ҳаётимни гўзал қилиб бичиб қўйгин!
Деярли беш кунда гаплашдик. Ўзим гапирдим. Аммо яна қўрс муомала... Аламидан тушмаганини кўрсатмоқчи чоғи...
2010 йил, январ...
Аллоҳим, Ўзингга шукр!
Мана яна бир йил ортда қолиб, бир ёшга қаридик. Янги йилни кутиб олдик бугун. Соат миллари айни пайтда тунгги иккини кўрсатмоқда. Илоҳим, янги йил янгиликларга, яхшиликларга бой бўлсин! Негадир шу тобда йиғлагим келаяпти. Ўтган йил давомида жуда кўп нохушликлар бўлди. Аммо ношукрлик қилишдан чўчийман, Аллоҳим.
Муҳими, фарзандларим соғлом.
Бироқ... Даврон ака ўша аёлга ростан уйланганини, бир фарзандлик бўлганини билиб қолдим. Яна телефондаги ёзишмалардан...
Яна тан олмади. Аксинча, “Нега телефонимга тегасан!” деб ўшқирди росса... Йиғладим, бу гал мен ҳам бақир-чақир қилдим. Бизни ажратишга кирган қайнонам жанжалдан ўзини ташлаб юборди. Унга баттар жазаваси қўзиган эрим бўралатиб сўкди. Қизларим, ўғилларим йиғлашди... Мен эса... нега бунчалар азобга гирифторлигимни билмай ҳалакман.
Бу одам мени бу дунёнинг жаҳаннамида ёқаяпти, гўё! Бир томонда биринчи турмушидан қолган болалар билан ғалвалар, иккинчи томонда эса Муҳайё ва унинг боласи... Икки ўт орасида ёнаётганга ўхшайман, худди... Ёниш азоби ёмон. Бутун вужудинг куяди, аммо на бир малҳам йўқ, на дори... Аламдан қоврилиб яшайверасан...
Баъзан “Сингилларим эрга тегсин!” деб, ўзимни қурбон қилишим керак эмасди, деб ёзғираман! Дадамдан хафа бўламан. “Нега уларга совчи чиққанда, мендан аввал уларни узатишга рози бўлмадилар...” Нега ҳар кимнинг ёнида мен ўзимни айбдордек ҳис қилавераман.
Аввалига сингилларим, кейин эрим, кейин ўзимнинг ёнимда айбдорман! Айбим - ҳаммани ўйлаб, рози бўлганим....
#82
Муҳайё ҳақида билганимнинг эртасига эса Даврон ака қўлимга даста пул тутқазиб, кийиниб келишимга рухсат берди. Ўзича синган кўнгилни пул билан бутласа бўлади, деб ўйлади нодон эрим. Эҳ... неча бор синди, ямалди, синди...
Мен ҳар гал кетаман, деб кетолмаяпман. Болаларимни ўйлаб, остонадан қайтаман! Лекин қачонгача бундай яшайман, билмайман!
Ҳартугул бу йил Янги йилни жанжал билан қарши олмадик. Мана саккиз йилки ҳар йили соат миллари ўн иккидан кейин Даврон аканинг қовоғи солинади. Ўзи бир кун аввал келмайди. Ҳар гал 30 декабрда нимадир иши чиқади. Эртаси куни кечга томон келади. Ҳар йилги одат бу... авваллари ҳайрон бўлардим. Энди билдимки, балки... ўша аёлнинг ёнида бўлишни истар...
Хўп, ўша билан яшашни хоҳласа, нега менга айтиб қўя қолмайди. Йўлимни очиб қўймайди. Мен ҳам тинчгина яшардим...
Суйилмаган аёл бўлиб яшаш осон эмас.... Худди Қодирийнинг Зайнабидекман! Нега Зайнаб Кумушга заҳар берганини энди ҳис қилаяпман. У севилишни, ширин туйғуларни истаган. Унга жавобан ҳеч нарса берилмагач, аламидан шу ишни қилган. Чиндан ҳам ҳис қилинмаслик туйғуси ёмон бўларкан! Ёнингда ётса-ю, қўлини теккизмаса... эркаламаса, суймаса, изҳори дил қилмаса... Ҳеч йўқса, аҳволингни сўраб қўймаса... Бефарқлик, беқадрлик жуда оғир экан...
***
Очиқ турган деразадан майнинг ёқимли ҳавоси ичкарига мўралади. Шабода ҳарир парда билан ўйнамоқчи бўлгандек, гўё. Ёзув столида қандайдир суратни турли акварел бўёқлар билан бўяётган психологнинг хаёли шабода ва парда жуфтлигига қаратилди. Ҳарир парда шабодага эркалик қилаётганга ўхшайди, худди. Гоҳ у томонга, гоҳ бу томонга ҳилпирайди. Бири аёл, бири эркакдек... ўзаро жуфтлик. Бу шунчаки, ўхшатишмиди, ё Сабрия Иброҳимовнанинг тасаввурими, билиб бўлмасди.
Беихтиёр эшик тақиллаб, ичкарига икки ўспирин ёшидаги йигитчалар кириб келишди. Бири 14 ёшлар чамаси, иккинчиси эса 12 ёшлар атрофида. Аёл ўрнидан турди.
-Бу ерда нима қилаяпсизлар? Ўқишда бўлишингиз керакмасми? – болаларнинг пешонасидан ўпиб қўяркан, сўради аёл.
-Дадам сизга шу гулларни етказишимизни айтдилар. Бугун дарслар кам эди. Биз ҳам Ҳасан акам билан рози бўлиб, дарров келавердик. – деди ёши кичиги.
-Раҳмат, - дея бир қучоқ алвон атиргулни уларнинг қўлидан олди психолог.
-Ойи, биз сизни жуда, жуда яхши кўрамиз. -деди каттароқ ўсмир онасига бағрини очиб, қучоқларкан. Иккинчиси ҳам онасини қучоқлади.
-Мен ҳам... энди боринглар, уйда кўришамиз. Гул юборганга миннатдорчилигимни билдириб қўйинглар, - деб кулимсиради аёл.
- Гул эгасининг дил изҳори гул орасида, - деб кўз қисди иккинчи бола. Сабрия Иброҳимовна жилмайиб қўйди. Болалар чиқиб кетишгач, деразадан пастга назар ташлади. Кўчада қора рангдаги хориж автомобили бошқаларидан ажралиб турарди. Болалар машинага ўтиришаркан, қўл силкитишди. Машинадаги ҳайдовчи ҳам ичкаридан тепага бир қараб, қўл силкиб қўйди.
#83
-Ана, сенга романтика, Сабрия... – деди у ўзига ўзи. Аёлнинг кўзларида қувонч ёғду сочарди. Кутилмаган гулдаста унга хуш кайфият улашганин сезиларди. Алвон атиргуллар орасида турган кичик қоғоз ўрамидаги номани олди. Ўқий бошлади. – “Яхшиям борсан, Азизам! Ҳаётимнинг нури, чироғи ўзингсан. Сени жуда яхши кўраман! Сени менга учратган Аллоҳга қанчалар ҳамд айтсам шунча кам... Борингга шукр, онаси!”
Сабрия кулимсиради. Хатни ҳидлаб, ўпди. Эшик тақиллаб, ичкарига гулдон кўтарганча котиба қиз кирди.
-Вой, опа... бунча чиройли гуллар...Ўғилларингиз дам-бадам гул опкелишади-я, - деди ҳавасини яширолмай котиба қиз.
-Гулни юборган инсон ичкарига кирмайди-да, - жилмайди психолог.
-Э-ҳа, бу гулларни умр йўлдошингиз юборадиларми? Қандай романтик инсон? - деганча гулдастани гулдонга жойлади қиз. Сўнг бошлиғига юзланди: - Опа, настариннинг ёнига қўяйми? – сўради қиз.
-Йўқ. Настариннинг жойи шу ер. Атиргулларни фойега қўйинг. Кўрган кўзлар завқланади... - деганча яна сурат бўйяшга диққатини қаратди аёл.
-Хўп. -гулдонни кўтарганча чиқаётган котиба нимадир эсига тушгандек, ортига ўгирилди: - Опа, Гуллола деган дугонангиз келибди. Кираверсинми?
-Гуллола! - исмни эшитиб, котибага бир қаради психолог. - Ҳа, албатта, таклиф қилинг. – деганча стол устидаги бўёқларни йиғиштиришга тутинди.
Саноқли дақиқалардан сўнг ичкарига Гуллола кириб келди. Икки дугона қучоқ очиб сўрашишди.
-Қандай шамол учирди, Гули? Ҳеч келмасдинг-ку... Психологларга ишонмасдинг-ку... – деди Сабрия Иброҳимовна хурсандлигини яширмай. -Аммо кўриб қувондим.
- Психолог эмас, дугонамнинг ёнига келдим. Ёрдаминг керак бўлиб қолди, - деди бироз тўлачадан келган, паст бўйли, шаҳло кўзли, ранглари буғдойрангга мойил аёл. Бўйнида ва билакларида тилла буюмлар тақилган, қўлидаги соати ҳам анчайин қимматлиги сезилиб турарди. Бармоқларида ялтиллаб турган бўёқ унинг замонавий аёл эканига ишора берарди.
ГУЛЛОЛАНИНГ ҲИКОЯСИ
- Амакимнинг иккинчи хотини укасига келин қилишини айтганида, аввалига шунчаки ҳазил деб ўйлагандим. “Гулини укамга беринг. Бундан яхши номзод тополмайсиз!” дея, отамнинг қулоғини қоматга келтириб юрди келинойим. Дадам қаршилик билдирди. “Йўғе, қайчи қуда бўлишни истамайман!” деб эътироз билдирди. Аммо келинойим нима қилди, билмайман. Икки кундан кейин дадам рози бўлди-қолди. Мен ҳайронман. Эндигини ўн тўққизга кирган қиз. Жамол ака билан ҳам бир ё, икки марта учрашдик. Хуллас, тўйимиз тезлашиб кетди. Қўш келиннинг кенжаси эдим. Овсиним мендан икки ёш катта эди. Худди туш кўраётгандек бўлдим. Ҳаммаси кўз очиб юмгунча амалга ошди.
Ўзга хонадон, бегона одамлар. Жамол акам камгап эди. Лекин яхши инсонлиги билиниб турарди. Оилада тўрт ўғил бўлсада, аммо асосий назоратни келинойим, тўғрироғи қайнопам қўлига олганди. У дам бадам келар, биз келинларнинг ишларимизни кўздан кечириб кетарди. Амакимнинг иккинчи хотини бўлгани учун, бу аёл ҳақида кўп ҳам билмасдим. Фарзандсизлиги сабаб биринчи оиласи ўхшамаган экан. Кейин хотини ўлган амакимга турмушга чиқди. Биз билан яшаётганига эндигина бир йил бўлган эди. Қарабсизки, мени укасига келин қилиб олди.
Иккита катта овсиним бўлак бўлиб кетишган, уйда Нодира опа иккимиз эдик.
Хуллас, тўйимдан бир ой ўтиб, ҳомиладорлигим аниқ бўлди. Эрим билиб, жуда хурсанд. Не ажабки, ўша пайтда қайнопам ҳам ҳомиладор бўлгани маълум бўлди. Негадир у мени худди кундошдек кўра бошлади. Бу орада амаким билан жанжаллашиб, уйга қайтиб келди. Қайнопамнинг қайтиши мен учун ҳақиқий азобли кунларнинг бошланиши бўлди.
ДАВОМИ ЭРТАГА
#Saida_Aziz
Бир нарсани алоҳида таъкидламоқчиман. "НАСТАРИН ҲИДИ" қаҳрамонлари айни дамда атрофимизда, атрофингизда яшаётган инсонлар. Уларнинг дарду кечинмалари, муаммоли вазиятлари, ростмани айтганда ҳаётлари акс этмоқда. Улардан бири балки Сиздирсиз!
Психологнинг тавсиялари, мижозлар билан ўзаро суҳбатлари ва энг муҳими, унинг ҳам ўз ҳаёт йўли сизни бефарқ қолдирмайди, деган умиддаман. Ўйлайманки, сиз ҳам қисса орқали нимадир хулосалар ола биласиз!
#Саида_АЗИЗ
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 8