Асар ҳақида...
Номи:
#СЎНГГИ_НАФАСГАЧА
Воқелик:
Асар реал воқеалар асосида ёзилишни режа қилинди
Дилимдагилар:
Ва ниҳоят... Ўзим бир неча йиллар давомида ёзишни истаган асарни ёзишга аҳд қилдим. Бунга жазм қилиш осон иш бўлмади рости...
Асар:
Яқин тарихдан ҳикоя қилади
Тарихий томондан маслаҳатчи:
Тарих методикасини ўқитиш йўналиши бўйича мутахассис: Ниғматов Шерзод - ЧДПУ битирувчиси
Тилагим:
Ёқимли мутолаа ҳамроҳингиз бўлсин...
Хазонрезги
🔥#янги_асар🔥
Муаллиф: Гулбаҳор Рахматуллаева (Хазонрезги)
#СЎНГГИ_НАФАСГАЧА...
Бисмиллаҳир Раҳмонир Роҳийм
Аллоҳ манфаатли қилсин...
-Матлуба, ҳов, Матлуба,- Абдужаббор азим балҳ тут дараҳтидан қўшнисининг деворига осилганча, теварак-атрофга аста аланглаб паст овозда ҳуштак чалди,- фшуув!
Эндигина ранг ола бошлаган эртаки гилоснинг соясида кир ювиб ўтирган ўн тўрт ёшлардаги сочлари майда ўрилиб учига паҳтадан пилик тақилган, бошига қирмизи гилам дўппи кийиб олган, оппоқ кулча юзли қиз бир чўчиб овоз қаердан келаётганини билмоқчи бўлгандек атрофга аланглади. Ҳар икки қўшнининг ҳовлилари қуюқ мевали дараҳтларга бой бўлганлиги учун Матлуба ўтирган жойдан Абдужабборнинг сояси у қадар кўзга чалинмас эди.
- Матту, ҳей?!- тут шоҳини силкитди Абдужаббор,-бу ёққа қарагин! Мен бу ердаман.
Матлуба Абдужабборни энди кўрди. У нозик қўлчалари билан мижиётган кирларини тоғорага ташлади-ю, кулимсираб Абдужабборнинг ёнига келди:
-Ассалому алайкум, Абдужаббор ака!? Уйга келганмидингиз?
-Ваалейкум ассалом,-илжайди Абдужаббор ҳам,-қалайсан, пучуқ?
-Яхши,-кўзлари кулиб боқди Матлубанинг
-Уйингдагиларинг яхшими? Амаким кўринмайдилар?
-Ҳаммалари далага кетишган. Далада иш қайнаб ётибди-ю ҳозир.
-Ҳмм, шундай дегин? - у ёқ, бу ёққа кўз ташлаб олиб қизга термулди Абдужаббор,- менга қара, сенга бир иш бор эди.
-Биламан қанақа ишингиз борлигини,-муғамбирона кўз қисди Матлуба,- майли тезроқ бўлақолинг, ҳозир уйдагилар даладан қайтиб қолишади.
Абдужаббор кўкрак чўнтагидан буклолиғ қоғоз чиқариб қиз тарафга ташлади
Матлуба уни чаққонлик билан илиб олди.
- Қўлинг хўлмасмиди ишқилиб?-безовталанди йигит,-сиёҳлари чапланиб кетмасин яна?
- Қўлимни этагимга артиб олганман, Абдужаббор ака, - этагини силкитиб қўйди Матлуба, -майли бўлмаса хатни жавоби келса шу деворнинг ковагига тиқиб қўяман.
- Матту...
-Яна нима? - ортига норозиланиб боқди Матлуба.
-Барнони яқин ўртада кўрганмидинг? Ўзи яхши юрибдими? Йигитлар ҳиралик қилишмаётганмиди?
Матлуба кетаётган жойида бирдан таққа тўҳтади.
- Абдужаббор ака , -деди у ортига ўгирилиб кўзлари олайганча,- Барно опамга-чи Ҳаким найнов совчи қўйганмиш?
-Ҳаким найнов?! Анови савдо техникумида ўқийдиганми?.
-Ҳудди ўзи! Фақат ўқийдиган эмас, -бўшашганча ерга қаради Матлуба,-ўқишини аллақачон битириб бўлибди. Раис дадаси унга дарров клубни ёнидаги дўконни топшириб қўяқолган ҳозир.
-Дўкони бўлса нима қилибди? Барно барибир мени дейди,- ўзича керилган бўлди Абдужаббор, -ўша Ҳаким найнов мени олдимда ип эшиб бўбти.
- Ҳадеб ўзингизга ишонаверманг,- пўнғиллади Матлуба,- югурганники эмас, буюрганники. Сиз шаҳардан бери келмайсангиз. Ҳаким найнов бўлса кунда сочини силлиқ тараб Барно опамнинг кўчасидан ҳуштак чалиб ўтгани ўтган.
- Мениям ҳадемай ўқишим битиб қолади,- деди кайфияти тушиб Абдужаббор,-ҳа майли сен боравер. Барно билан вақт топиб ўзим гаплашиб оламан.
- Хўп... Ҳа айтганча Барно опамнинг совчиси шу баҳордан буён роса кўпайган. Отингизни тезроқ қамчиламасангиз опамдан қуруқ қоласиз бунақа лаллайиб юришингизда...
Матлуба ўзига ўзи гапиргандек жавраб-жавраб кўздан узоқлашди.
Абдужабборнинг юрагига олов тушганди. У бўшашганча тутдан тушиб сал наридаги ўртага хонтаҳта қўйиб атрофига кўрпачалар тўшаб қўйилган катта темир калавотга бориб ўтирди.
Унинг онаси эрта сахарлаб тугунини қўлтиқлаб қўшни маҳалладаги холасиникига келин саломга кетган эди.
Абдужаббор хонтахта устидаги турган чойнакдаги совуб қолган чойдан пиёлага тўлдириб қуйди-ю, бир нафасда оҳиригача симириб ичди. Сўнг ёнбошида турган ёстиқни бошига қўйди-ю, кўрпачага чўзилиб хаёлга толди.
"Барно... Шу топда нима қилаётган экан-а бу қиз?" Абдужаббор қизни эслаши билан юрагидан офтоб чиқиб келгандек бўлди
Барно ўзларидан уч уй нарида, паст кўчада турарди. Қизнинг отаси мактабда математикадан дарс берар , маҳалла-кўй уни Азизжон домла деб ҳурматини жойига қўярди.
Онаси Эътиборхон эса туман марказидаги шифохонада ҳамширалик қилар эди. Оилада Барно ва икки ўғил фарзанд бўлиб уларнинг одобига қишлоқда ҳавас билан қарамаган инсон йўқ эди.
Барно Абдужаббордан икки ёш кичик бўлиб бу йил баҳорда ўн саккизни қаршилаганди. Қиз ўтган йили мактабни тугатгач Абдужаббор каби Тошкент тиббиёт институтига ўқишга кириш учун ҳужжат топширган, аммо натижаларга кўра арзимаган балл етмай талабалар сафига қабул қилинмаган эди. Мана Барно бир йилдир-ки вақт ажратиб онаси ишлайдиган шифохонада Эътиборхонни ишини кузатиб кўзини пиширади, асосий вақтини эса кириш имтиҳонларига тайёрланиш учун ажратган.
-Во-ей, кўча бирам ланғиллаб кетди-ки, ёндираман дейди-я!? Майдан шундай бўлса ёз келса нима бўлар экан-а?
Абдужаббор онаси Раҳима холанинг овозини эшитиб дик этиб ўрнидан сакраб турди.
- Ойи, келаётган экансиз дарвозадан ҳай демайсизми? - деди у онасининг қўлидаги тугунни олар экан унга чин дилдан ачиниб кетди,- қаранг пишиб кетибсиз-у?
- Э болам-а? Уйда бормисан, йўқмисан дедим-да сени,-деди онаси ҳаллослаганча,- ўзи ўқишдан келишинг билан кўпинча ўртоқларингни кўришга кетиб қолардинг-ку?
Раҳима хола тўлачадан келган, гавдали шу билан феъли ҳалимгина аёл бўлиб, оппоқ юз, қоп-қора қош, кўк кўзлари Абдужабборга айнан онасидан ўтган эди. Раҳима ҳола ҳам, Абдужаббор ҳам бозиллаб турган турган кунга чиқишса бир зумда қип-қизариб кетишар, аммо таналаридан иссиқ қайтиши билан яна аслидек оппоқгина бўлиб қолишар эди. Айниқса Абдужабборни илк бор кўрганлар уни сира ўзбекка ўхшатишмас, балки украинми, белорусми, ҳар ким ўз билгича истаган миллат вакилига ўхшатишарди
Абдужабборнинг дадаси Абдуқаюм ака ўзи қорачадан келган бўлса-да, якка-ю ёлғиз ўғли ҳақида бот-бот "Тарихий китоблардан маълумки, асл ўзбеклар ана шунақа оқ юз, кўк кўздан келишган" дея такрорлашни хуш кўрар эди.
- Мен ҳам кўча дим бўлганига уйдан чиқишга эриниб кечга томон кўча айланарман деб ётувдим-да, ойи.
Абдужаббор қўлидаги тугунни каловат панжарасидан ошириб қўйиб ўзи онасини зинадан чиқишга кўмаклашиб юборди
- Ойи, чойдан ичинг, -деди у онасига чой тутиб,- ҳозир тўртта тараша билан самоварни ланғиллатиб юбораман.
- Ҳой болам, чойинг керакмас, бери кел,- Раҳима хола куймаланиб тугунини ечишга уринар экан.
- Ойи, сизни баҳонангизда менам қайноқ чой ичмоқчиман,- онасига қулоқ солгиси келмади Абдужабборнинг, -ўзи самовар ҳалиям иссиқ, битта қайнатиб юборсам бўлди.
У рост гапирган экан, кўп ўтмай қўлида қайноқ чой дамланган чойнак билан каловатга яқинлашди:
- Айтдим-ку, ойи, бирпасда қайнайди деб,- деди у ўз жойини эгаллар экан,- барибир қайноқ чойнинг ўрни бошқача-да, бахтимга самовардаги чўғларни дами ўлмаган экан. Устига тўртта чўп ташашим билан гуриллаб ёниб кетди. Боя дамлаган чойимни бир ўзим ичишга ҳафсала қилмагандим.
-Ҳа, болам, тўғри айтасан! Қайноққина чойга нима етсин? Ол манави қовурма чучвара, қатламалардан ол. Парвардани кейин ейсан, болам, шираси иштаҳангни бўғиб қўяди. Анави патир ҳам бирам мазали экан. Олақол.
- Келинсаломга яхши бориб келдингизми, ойи? Кеча тўй ҳам зўр бўлганди. Тўй тугаб ҳамма ёқни йиғиштириб бўлгунча ярим кеча бўлди ўзиям. Шунинг учун зрталаб қотиб ухлаб чиқиб кетганингизни билмай қолибман. Холам ҳам роса ҳурсанддирлар а?
- Ҳурсанд бўлганда-чи? Келган меҳмонларни ўтказишга жой топа олмаяптилар. Опамниям, поччамниям оғзилари қулоғида. Уларга бирам ҳавасим келди-ки. Кела-келгунча менам бир нарсага қатъий аҳд қилиб келдим.
- Тинчликми, ойи? - Абдужаббор чойдан ҳўплар экан онасига саволомуз тикилди,-нимага аҳд қилдингиз?
- Шу йилдан қолмай сенинг ҳам бошингни икки қиламиз. Агар ўқишингда кўз остингга олган қизинг бўлса тортинмай айтавер. Келаси якшанбагача Розия холангни ҳам чарчоғи босилиб қолади. Бир шаҳарга тушиб келардик.
Абдужаббор кулимсиради:
- Адамлар билан маслаҳат қилмай тўй бошлаб юборяпсизми, ойи?
- Аданглар нимаям дердилар, болам? Аслида тўй қилиш таклифи улардан чиққанди. Аҳмаджон аканг куёв сарполарини кийиб, от миниб тўйга айтиб келганда айтгандилар "Биз ҳам шу йилдан қолмай тўй қилиб юборайлик" деб. Сени бахтингни кўриш икковимизни ҳам орзуимиз ахир.
- Ҳаа,шунақами, ойи? Маслаҳат оши аллақачон пишган денг?
- Шундоқ, болам. Фақат қиз топилса бўлгани. Қани энди ўзингни олиб қочмай жавоб берчи? Шаҳарда кўнгил қўйган қизинг борми? Бор бўлса айт?
- Йўқ, ойи. Шаҳарда фақат ўқиш билан овораман мен. Жуда келин қилгингиз келса ўзингиз таниган, билган шу қишлоғимизнинг қизларидан қидирақолинг.
- Вой тилингга шакар-а, болам?-юзи ёришиб кетди Раҳима холанинг, - ўзим ўргилай сендан. Ўзим ҳам қишлоғимиз қизларидан уч-тўрттасини кўз остимга олиб қўйгандим
-Оббо ойи-ей, сира бўш келмайсиз-а? -Абдужаббор Раҳима холага шундай деди-ю, кўнглидан "У қизларни рўйҳатида Барно ҳам бўлсин-да ишқилиб" деган хаёл кечди.
-Ҳа-да болам, энг аввал кўнглингга қўл солмоқчи эдим. Сўнг ҳар эҳтимолга қарши яхши ният билан совчиликни бошлаб юбормоқчи эдим. Ҳолбуки кўз остингга олганинг йўқ экан совчиликни энг аввало Азиз муаллимникига боришдан бошлайман.
- Қайси Азиз муаллимни айтяпсиз, ойи? - сўради Абдужаббор юраги дупурини онаси сезиб қоладигандек базўр ўзини босиб
-Нимага довдираяпсан, болам?-ажабланди Раҳима хола соддадиллик билан, қишлоғимизда ўзи битта Азиз муаллим бор-ку? Паст кўчада турадиган?! Шу муаллимнинг қизи Барнохонни айтаяпман. У қиз сенлардан бирми, иккими класс қуйида ўқиган?
- Ҳаа, -деди Абдужаббор ўзини базўр эслагандек кўрсатиб,-гапираверинг, ойи, ёдимга тушгандек бўляпти у қиз.
-Хуллас, ўша Барнохон бир қиз бўлган, бир қиз бўлган. Сочлари нақд тақимини ўпади. Тилини ширинлигини айтмайсанми? Ҳар кўришганда қўнғироқдек овози билан шунақа салом беради, шунақа салом беради, бутун жонинг эриииб битади,- Раҳима хола сўзини тўхтатиб ўйланиб қолди-ю, сўнгра яна орзумандлик билан сўзлай кетди,-агар бу қиз бўлмаса нариги кўчадаги Одил қассобнинг қизини ҳам мақташаяпти. Борган жойини тиндирадиган қиз дейишяпти уни. Ундан кейин Наби устанинг ҳам ўзи бир жаҳон, ҳусни бир жаҳон қизи бор эмиш.
-Бўлди, ойи, ҳозирча шу жойда тўхтайлик. Тўғрисини айтсам бошим айланиб кетди,- онасига оғир ботмайдиган қилиб кулимсиради Абдужаббор,-келинг яхшиси совчиликни шу қизларнинг уйи энг яқинидан бошлай қолинг. Ҳарна бир қадам бўлса ҳам яқин яхши-да, нима дедингиз?
-Жонинг соғ бўлсин-а, болам,-деди кулимсираганча Раҳима хола,-сен нима десанг шу. Ўзи кўнглим ҳаммадан ҳам шу қизга чопиб турганди.
- Ойи, дастурхонга бир фотиҳа қилиб юборинг. Юсуф даладан қайтган бўлса бир суҳбатини олиб келай.
Раҳима ҳола мўлгина кенг кўйлагининг енгини шошилмай шимариб дуога қўл очди:
- Қани овмин. Илойим тинчлик, омонлик, ҳотиржамлик доимий ҳамроҳимиз бўлсин. Ман ҳам аданглар билан сени роҳатингни кўрайлик. Илойим чиройли гўшангаларга куёв бўлгин. Ўқишларингни беш баҳоларга битириб олгин. Эл-юрт корига ярайдиган каттакон дўҳтир бўлгин. Аданглар иккимиз қариган чоғимизда невара, эвара,чевараларини чувур-чувуридан бошимиз ачиииб юраверайлик. Овмин, аллоҳу акбар...
Абдужаббор кафтларини юзига суртди-ю, дастурхонни йиғиштиришга тутинди.
- Ҳай, ҳай, болам. Сен дўстингникига боравер. Мен ўзим йиғиштириб оламан дастурхонни.
Абдужаббор Раҳима холага жилмайди:
- Ойи, сиз бироз чўзилиб дамингизни олиб олинг. Ўзи неча кундан буён холамларникидаям тўйни чоп-чоплари билан тинимингиз бўлмади. Мен кечга барвақтроқ қайтиб ўзим қулинг ўргилсин шўрва пишириб бераман.
Раҳима хола Абдужабборга "хўп, болам"деди-ю, ўзи зимдан ўғлининг бўй-бастига қараб юраги орзиқди.
. " Туф, туф, туф,- ўйлади онаизор ўғлига гўёки бегона кўзларнинг назари тегадигандек,- илойим назардан, нафасдан, ўт балоси, сув балоси, туҳмат балосидан ўзи асрасин. Аллоҳим, ўзи шу ёлғизгина боламни кўрар кўзларимнинг қувончи қилиб бердинг. Илойим омонатингга ҳиёнат қилмагин. Болажонимни тоълеини ёруғ қилгин. Бахти камолини адаси иккимиз кўриб юрайлик"
Раҳима хола аста калавотдан тушиб ичкари уйга йўл олди. Хона шинам ва сариштагина. Тўрда иккита сандиқ, уларнинг бирини устига кўрпа, иккинчисининг устига кўрпача ва ёстиқлар тартиб билан тахланган, хонанинг чап тарафи деворига бўйдан-бўй тахмон ишланган бўлиб у ерда турли рўзғор ашёлари чиройли жойлаштириб қўйилган эди.
Раҳима хола енгил ҳаракатлар билан кўрпалар тахланган сандиқ устини бўшатиб унинг ичидан тушадиган келин учун орзулаб олиб қўйган матолар тугилган тугунларни олиб очиб кўра бошлади. Бир зумда хонани нафталин ва қуриган ёнғоқ баргининг енгил ачимтир ҳиди тутди.
Раҳима хола набватдаги сандиққв энгашганида унинг бурчагида турган тугунчага кўзи тушиб меҳр билан қўлига олди.
Бу Абдужабборнинг уч-беш ёшлик чоғларида кийган кийимчалари эди. Тугуннинг энг бошига икки дона дўппи тахлаб қўйилибди. Раҳима хола тугунчадан бир-бир чиройли нимча, булутларнинг расми туширилган чит кўйлак, беқасам тўнча ва энг оҳирида ичига ғарч солинган этикчани олиб жилмайганча томоша қилди.
"Илойим болагинамнинг боласига насиб қилсин бу кийимчалар... - энтикканча ўйлади Раҳима хола,- илойим ёлғизгинам ўзидан кўпайсин.Ортимизда қолишсин барчалари... Ризқи-насибамиз узилиб дунёдан ўтганимизда тепкилаб, тепкилаб кўмишсин илойим. Дарди доғини кўрмайлик"...
Раҳима хола эри Абдуқаюм ака билан Абдужаббордан аввал туғилган уч ўғлининг дарди доғини ҳўпам тортганди.
Фароғат опоқи Раҳимани келин қилганда қиз ўн саккизни эндигина қаршилаган нозик-ниҳол, хушбичим қиз эди. Фароғат опоқи тўиғич ўғли Абдуқаюмни аёли Раҳимани бош келин бўлгани учунми айрича суяр эди. У келинини ер-у кўкга ишонмас, айниқса тўйларидан уч ой ўтиб ҳомиладорлиги маълум бўлгач авайлагани авайлаган эди. Халқда" Асраган кўзга чўп тушар" деган гап бежизга айтилмаган экан-да.
Вақти соати билан кўзи ёриган Раҳиманинг тўнғич ўғли икки кун яшади. Пойқадами билан уйга бир олам файз олиб кирган гўдак иккинчи куннинг адоғида онасини эма туриб "ғийқ" этиб ўқчиди-ю, онаизори нима бўлганини тушунгунча жон таслим қилди, қўйди.
Ўшанда биров у деди, биров бу, бироқ ҳеч ким гўдак ўлимининг асл сабабини топа олмади. Раҳима ҳам, Абдуқаюм ҳам, оиланинг бошқа аъзолари ҳам тақдир олдида чорасиз қолгандилар.
Фарзанд қандай ширин неъматлигини ота-она бўлганлар яхши биладилар.
Вақти келиб иккинчи, учинчи фарзанди ҳам тўнғичи каби нобуд бўлгач Раҳима Абдуқаюмга "Жавобимни беринг, кетаман" га тушиб қолди. Маҳалла-куйдаги аёл-жувонлар Раҳимани кўришса йўлни терс олиб кетишлари, боёқишнинг хаёл билан кўришгани қўл узатиб қолса узатган қўли ҳавода муаллақ қолиб кетган пайтлари жувоннинг ҳаётдан безиб ўзини барчага нокеракдек ҳис қилиб қолишига сабаб бўлганди.
Ўғли билан келинининг ўртасига биринчи бўлиб Фароғат опа тушди:
- Мангина ўлай жон, болам,- деди у кўкрак бурма кўйлагини ёқасини йиртгудек бўлиб ўзини муштлаб,- барчамизни бир олам умидсизлик гирдобига ташлаб кетмоқчимисан? Мангина нима қиламан кейин? Ўзи шундоғам одамларни гап-сўзлари юрагимни бурда-бурда қилиб ташлади-ю? "Бу келин қайнонасининг иссиқ ўрнига ўтириб қўйган, Фароғатойнинг бутун зиён-заҳмати келинига уриб кетган. Фақат Фароғатойнинг қиз фарзандлари нобуд бўлган бўлса, келинининг ўғил фарзандлари нобуд бўляпти" деган сўзларни ҳар сафар эшитганда ўзимни ҳуддики ўша набираларимнинг ўлимларига сабабчидек ҳис қилаяпман. Ўзимга боғлиқ бўлмаган айбдорлик ҳисси мени адои тамом қилмоқда, болам. Жоним қизим... Ҳеч ким Худоимнинг қадаридан устунмас... Сен бу кунларни ўзинг тилаб олмагансан. Мен ҳам бу шўришларни бошимга ўзим тилаб олмаганман. Буларнинг бари Худованди каримнинг синовлари болам...
давоми бор.
#ХАЗОНРЕЗГИ
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 7