Муаллиф: Наргиза УСАНБОЕВА
“ҚУЁШИМ”
Меҳр ҳақида
Киноқисса
Ёқимли мутолаа!
Эътиборингиз ва қимматли вақтингизни ажратаётганингиз учун ташаккур!
82-ҚИСМ
- Ҳа, шукр, - велосипедни тандирхона томон етаклаб кетаркан дейди Гавҳар. – Китоб ўқиб ётганмуш, дадаси. Умарнинг хотини китоб совға қилганди-ку.
- Анааа, кўрдинг! Тағин сен мени тожикчалаб сўкасан. Худойимнинг ҳар ишида яхшилик бор. Ўзи яхши кўрган машғулоти билан овора экан-ку, қизинг.
- Ҳа-а-а, шунга анча кўнглим ёришди. Жуда ёмон сиқилиб юргандим.
- Сиқилма, онаси сиқилма. Улар ёмон оила эмас...
Саид ҳовлида турган обдастадан сув қуйиб, қўл юва бошлайди.
* * *
Умарнинг уйи. Орадан вақт ўтган. Бир дунё китобларни олдига қўйиб, Меҳрона ўтириб олган. Ўзида йўқ хурсанд. Ҳали у китобни олиб кўради, ҳали бу китобни олиб кўради. Ичкаридан Гулифорнинг овози эшитилади:
- Нисо, опангга айт, овқат қилса, яхшилаб қовурсин!
Нисо эшикдан чиқиб келади. Энди гапирмоқчи бўлганида ичкаридан Гулифорнинг яна овози эшитилади:
- Нисо, яхшиси, “Оёқ”ни буёққа чақир.
Меҳрона ажабланади ва бақиради:
- Опа, нима дедингиз? “Оёқ” дедингизми?
- Ҳа, “Оёқ” дедим сени, - ичкаридан туриб Гулифор ҳам бақиради. - Исминг бирам қийин. Ҳалиям ўрганолмадим.
Меҳрона ўрнидан туриб эшик олдига келади. Гулифорга ажабланиб қарайди:
- Нега энди “Оёқ” эканман?
- Мен оёқсизман. Менинг оёғим сенсан-ку! Бошқа нима дей... – Гулифорнинг овози титрайди. Кўзлари ёшга тўлади.
Меҳрона жим бўлиб қолади.
- Овқат қилсанг, кўпроқ масаллиқ сол, - хўрсинганча гапни буради Гулифор: - Яхшилаб қовур, ширин бўлади.
- Хўп! Айтганча, опа, ҳар куни деразани очиб, қуёш тушадиган пайти сизни ўша томонга ўтказмоқчиман. Қуёш нурини ҳам кўриб туришингиз керак-ку. Кечга яна жойингизга қайтараман.
Гулифор унга ҳайрон бўлиб қарайди. Кўзларига ёш тўлиб гапиради:
- Чин дилдан айтяпсанми, “Оёқ”? Бундан сенга нима наф?
83-қисм
Муаллиф: Наргиза Усанбоева
Меҳрона келиб Гулифорнинг ёнига ўтиради:
- Сиз яхши аёлсиз, опа... Мени мажбурлаб узатишди. Унгача ҳеч ким менга рўзғорни ўргатмади, супир-сидир қилиб, китоб ўқиб юравердим. Рўзғорни ойим ўзи қиларди. Нимадир ўрганай десам, қўйишмади, кўнглимга қарашмади. Битта сиз, биринчи келган кунингизданоқ овқатимни мақтадингиз, ёлғиз ўтирмасин, деб Нисони ёнимга юбордингиз... Мен... сиз билан Кумуш ва Зайнабдек яшамоқчи эмасман. Зайнаб бўлмоқчи эмасман, тўғрироғи. Шунчаки... сиз билан яхши яшамоқчиман.
Гулифор беихтиёр уни қучоқлаб олади.
* * *
Кичкина фирма офиси. Умар фирма раҳбарининг хонасида, қабулида ўтирибди.
- Шаҳарда бирдан иккита филиал очяпмиз, - тушунтиради раҳбар. - Сен яхши тушунганинг учун биттасига раҳбарликка ҳамкорлар билан маслаҳатлашиб, сени қўйдик. Ўзинг борасан. Икки-уч ҳафтада ўша ёқда иш бошлайсан. Ҳозирдан тайёргарлик кўр. Балки ижарага уй топиш керакдир? Оилангни ҳам олиб кетарсан.
- Хўп, - дейди Умар. Аммо ўйга толиб қолади.
* * *
Умарнинг уйи. Бошқа бир кун. Меҳрона оппоқ қоғоз ва ручка олиб олган. Гулифорнинг ёнида ўтирибди. Гулифор ҳайрон.
- Пастига имзо чекиб беринг, - дейди Меҳрона.
- Нима қилишингни айт дедим.
- Айтсам, “сюрприз”лиги қолмайди. Бир нима ўйладим. Бўлинг.
- Мен қаёқдан биламан, битта имзом билан бор нарсамдан жудо қиларсан, балки...
Меҳрона кулади:
- Бўлинг, биласиз-ку, игнангизга ҳам тегмайман.
- Эримга тегдинг-ку!
Меҳрона баттар кулади
- Эрингиз ўзингизга сийлов!
- Менга қара, - Гулифор фурсатни бой бермай тушунтира бошлайди. Меҳронанинг бурни остига, оёқларига ишора қилиб гапиради: - Умар ака мана бунақа тукларни ўлгудай ёмон кўради. Сенга силлиқ бўлишни ўргатайми?
84-қисм
- Ёмон кўрса, жуда яхши. Сиз гапни бурмай имзо чекинг. Хурсанд бўласиз, дедим-ку!
- “Оёқ” чиндан айтяпман. Кел, сени чиройли қиламиз.
- Шарт эмас! Мени севадиган одам шу ҳолимда севсин!
Гулифор энса қотиради:
- Вой вуууу, ёнимга оқ отда келсин, демадинг ҳам.
- Ҳа, тўғри, оқ отса келсин! Э-э-э, опа, мени чалғитманг, имзо чекинг.
- Уф-ф-ф! Намунча эзма экансан? Умар сени нимангга уйланган?
- Эзмалигимга! – қиқирлайди Меҳрона! – Бўлинг, имзо чекинг! Қўрқманг, меросингизни тортиб олмайман!
- Ҳамма нарсамни олиб бўлдинг-ку! Нимам қолди? Олиб кел, қоғозингни! Нечта имзо керак?
Гулифор охири бўш қоғозга имзо чекади. Меҳрона чиқиб кетади.
* * *
Офис. Умар компюьтери олдида хомуш ўтирибди. Жуда ўйчан.
- Бошлиқ барибир мени шаҳарга юборадиган бўляпти. Гулифорга буни қандай айтаман. Ё... Меҳронага айтсаммикан? Агар мен шаҳарда яшайдиган бўлсам... Ош-овқатим, кир-чирим учун Меҳронани олиб кетишимга тўғри келади. Унда Гулифорнинг ҳоли нима кечади? У аниқ ота уйига кетиб қолади. Наҳот, шу билан йўлларимиз айро? Нега бунақа бўляпти? Худойим, нега Гулифорни мендан борган сари узоқлаштиряпсан?
Умар уҳ тортади. Сиқилиб кетганидан қўлларини ёстиқ қилиб, бошини столга қўйиб ётиб олади.
* * *
Гулифорнинг хонаси. Унинг ёнига Раъно чиққан. Иккаласи чақ-чақлашиб ўтирибди. Нисо ва Усмон ҳовлига ўйнагани чиқиб кетган.
- Анув... “Касов кундош”инг қани?
- Билмадим, қайгадир кетди, кийиниб. Касов деманг, Раъно опа...
- Нима дей? Парирўй, Соҳибжамол дейми?
- Аслида чиройли қиз, - жиддий туриб гапиради Гулифор. - Фақат ўзига қарамайди-да. Салгина бўянса, қошларини, юзидаги майда тукларини терса, шунақа қиз бўладики...
- Вой, вой, вой... Гулифор сени нима жин урди? – кўзлари косасидан чиққудек бўлади Раънонинг. - Кундошинг ҳақида гапираётганингни биляпсанми? Балки қош-кўзини бўяб, Умарга чиройли кўрсатарсан?
Гулифор хўрсинади.
- Опа, билмайман. Ўзимни ўзим тушунмаяпман. Мундоқ ўйлаб қарасам, бу қизда нима айб? Умарга келсак... билмайман... унга бўлган ҳисларим ўляптими, қизғанмай қўйяпман.
85-қисм
Муаллиф: Наргиза Усанбоева
- Ҳислар ўлмайди. Шунчаки мен Меҳронанинг ўзингга тенглашолмаслигини билдинг! Чунки ҳуснда ҳам, ақл-фаросат, рўзғор тутишда ҳам у сенга етолмайди. Сенга етгунича етти қовун пишиғи бор.
- Балки... Лекин кунимга шу қиз яраяпти-да. Зиёни тегаётгани йўқ. Беғубор, содда қиз. Оқкўнгил яна...
- Вай-вай-ей, синглингни мақтамаяпсанми, мабодо? – энса қотиради Раъно. – Эй, шу “Касов”инг келганидан буён Ҳамид ака айниб қолган. Иккинчи хотин олиш тараддудида. Ҳар гапида иккинчи хотинни гапиради. Яна юрагим сезяпти, ким биландир гаплашиб юрибди.
- “Қовун қовундан ранг олаётган” экан-да.
- Ҳа, роса ранг оляпти. Шунга ҳам бу сингилгинангни йўқот, деяпман-да.
- Йўқотсам... қандай яшайман? Умар билан ҳадемай қонуний ажрашаман, онамникига кетаманми? Онамни, болаларимни қийнашни истамайман. Шунинг учун мажбурман, опа, - хўрсинади Гулифор.
Раъно ҳам бир нима деёлмай, тилини тишлаб қолади.
* * *
Туман ижтимоий таъминот бўлими. Ичкарида Меҳрона ўтирибди. Гулифорга имзо чектирган қоғозига ариза ёзиб, Гулифорнинг ҳужжатлари билан бирга топширади.
* * *
Кечки пайт. Умар ётоқхонада ўғли Усмон билан ўйнаяпти.
- Дада, мен сизни йиқитдим, йиқитдим-ку, - бақиради Усмон.
- Сен полвон бўлиб кетибсан. Кучинг кўпайиб кетибди, - мақтиб қўяди Умар ҳам.
Шу пайт хонага Меҳрона секин кириб келади. Умар унга бир қарайди-ю, ўғлини қучоқлайди:
- Яна кураш тушасанми?
- Мен... – унинг гапини бўлади Меҳрона. – Эртага дадамларникига ётгани борсам майлими?
- Майли, - бепарво дейди Умар.
- Ҳалиги... кечки пайт... опамдан ўзингиз бир хабар оласиз-да, унда, - хижолат бўлиб дейди Меҳрона.
Умар Меҳронага савол назари тикилиб қолади.
86-қисм
Муаллиф: Наргиза Усанбоева
- Мен ҳар куни опамни дераза олдига қуёшга кўчираётгандим. Кечга яна жойига ўтказиш керак. Дераза олди эшик очилса, елвизак бўларкан. Салқин тушиб қолди-ку.
- Хўп, - дейди Умар иккиланиб.
Меҳрона индамай чиқиб кетади.
* * *
Ҳамид қассобнинг уйи. Қассоб битта хонага кириб олиб, телефонда пусиб гаплашяпти.
- Сиз манзил беринг, совчилар эртагаёқ боради. Нега ишонмайсиз, асалим? – эркалаб гапиради Ҳамид.
Эшик очилиб Раъно кириб келади. Ҳамид хотинини кўриб қотиб қолади. Раъно тўғри келиб, эрининг қўлидан телефонни олади. Қулоғига тутади. Нариги томондаги аёлнинг овозини аниқ эшитади:
- Ишонаман. Аммо хотинингиз бор, бир умр у билан уришиб ўтишга тоқатим йўқ.
- Уришиб ўтмаймиз, айланай, - авзойи бузилмай, яхши кайфиятда гапиради Раъно. - Келасиз, югуриб-югуриб хизматимни қиласиз. Киримни ювасиз, овқатимни қиласиз, сигирларимни соғасиз. Рўзғорни гуллатиб қўйсангиз, сизга нима дейман, айланай...
Ҳамид қулт этиб ютинади. Кўзларини катта-катта очиб, Раънога ишонқирмай қарайди.
- Нега индамай қолдингиз, айланай? – давом этади Раъно. - Манзилни беринг, ўзим совчингиз бўламан...
Ҳамид яна қулт этиб ютинади.
- Дадаси, имодан видеоқўнғироқ қилинг, бир кўрай қани кундошимни. Айланай, би-и-ир бир-биримизни кўриб гаплашиб олайлик.
Ҳамид индамай телефонни олиб, имодан теради. Камера қоп-қора бўлиб уланади. Нариги томон камерасини беркитиб олгани билинади.
- Уялманг, айланай, - кўз узмайди Раъно. - Камерадан қўлингизни олинг, бир кўришиб яхшилаб гаплашайлик.
Давоми бор
Реакция бу – менинг қувончим!
#usanboyeva
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 4