Муаллиф: Наргиза УСАНБОЕВА
“ҚУЁШИМ”
Меҳр ҳақида
Киноқисса
Ёқимли мутолаа!
Эътиборингиз ва қимматли вақтингизни ажратаётганингиз учун ташаккур!
75-ҚИСМ
Меҳрона чиқиб кетгач, Маҳфуза Гулифорга қарайди:
- Мана, буйруқ бериб, ўтирибсан-ку, жоним, гўзалим... Мендан хафа бўлма. Ўша гапимни унут... Мен қизни ота-онасини яхши билганим учун келин қилдим. Сизларга зиёни тегмаслигини билардим.
Маҳфуза Гулифорни қучоқлайди. Гулифор елкалари силкиниб йиғлай бошлайди.
* * *
Орадан вақт ўтган. Умарнинг ишхонаси. Компюьтери ёнида ишлаб ўтирибди. Хўрсиниб қўяди.
Ёнидаги ҳамкасби сўрайди:
- Аёлингиз билан гаплашдингизми?
- Йўқ. Негадир ёнига киришга журъатим йўқ.
- Нега?
- Ким билсин, уйланганим учун виждоним қийналадими? Ё... касал ҳолида шу қисматни раво кўраганимга юзим чидамайдими... Хуллас, ёнига кира олмаяпман, - дардини ёради Умар.
- Балки кириб гаплашиб олишингиз керакдир?
- Кўзларига қандай қарайман? Келган куни кирмаганимга пушаймонман. Шунча вақт ўтиб, энди кириш... Билмадим...
- Барибир у ҳам аёлингиз...
- Қани эди у мени аввалигидек кўрса... – хўрсинади Умар. - Гулифор қанчалар шўх, қанчалар очиқкўнгил бўлмасин, гинаси шунчалар қаттиқ. Мени кечирмайди, биламан...
- Нега? – Умарнинг ҳамкасби ҳайрон бўлади. – Аввал қаттиқ уришганмисизлар?
- Уришмаганмиз. Ўзининг бир қариндоши - холасининг ўғли шаҳарда ишлаб, бир аёлга илакишиб қолди. Хотинига севиб уйланганди. Гулифор мана шу хиёнати учун холаваччаси билан гаплашмай қўйганди. У хиёнатни кечира олмайди.
- Вой вууу, холаваччаларини хотинига қилган хиёнати учун гаплашмай кетган бўлса... сизнинг юзигизга ҳам қарамаскан-да...
- Ҳа... мана шунинг учун унинг ёнига киришга юрагим йўқ. Ёнига кирсам-у, “Кўзимга кўринманг”, деса адо бўламан. Ундан кўра ўша нафратли юзини кўрмай ва сўзини эшитмай юрганим афзал, - уҳ тортади Умар.
* * *
Умарнинг уйи. Орадан анча вақт ўтган. Гулифор ётган хонанинг эшик-деразаларни очиб Меҳрона супуради, чангларини артади. Гулифорнинг ҳам, Меҳронанинг ҳам кайфияти чоғ.
76-қисм
Муаллиф: Наргиза Усанбоева
- Йиғиб бўлганимдан кейин тушликка овқат қиламан. Нима пишириб берай, опа?
- Овқатинг жуда бемаза эканлигини биласанми, Меҳрона? – кўзларини қисиб қувлик билан сўрайди Гулифор.
Меҳрона ялт этиб Гулифорга қарайди.
- Нима? Вой тавба! Шу пайтгача мақтаб еётган ким эди?
- Мақтаганим йўқ.
- Нисо “ойим бирам ширин овқат бўлибдики-и-и”, деб айтди дерди-ку!
- Кесатардим! Нисо пичингни тушунармиди? Сенга чиқиб айтиши тушимга кирибдими?
- Тавба, мен сизни яхши аёл деб юрибман-а!
Гулифор кулади:
- Қайтариб олақол, гапингни.
- Менга овқат қилишни ўргатинг, - чин дилдан сўрайди Меҳрона. - Мен уйда фақат тозалаш ишларини қилардим, кейин китоб ўқирдим, ҳечам овқат қилмаганман. Ойим қиларди.
- Тозалаш ишларингга гап йўқ. Лекин овқатинг...
- Бўлди, ўргатасиз, - эркалангандек дейди Меҳрона.
- Хўп. Китоб ўқишни яхши кўрасанми?
- Жудаям.
- Мен олти ёшимда қўғирчоқларимга кўйлак тикиб берардим. Ўн ёшимдан овқат қилишни бошлаганман, - кўзлари ёниб гапиради Гулифор.
- Мен беш ёшимдан китоб ўқишни бошлаганман.
- Дадам раҳматли менга ўзининг бир дунё китобини берганди, “Ўқи, ўқитаман”, деганди. Мен ўқишга қизиқмадим.
- Мени эса дадам ўқитмади.
- Сенга ўша дадам менга берган китобларни совға қилайми?
Меҳрона хурсанд бўлиб кетади:
- Совға қиласизми, ростдан?
- Ҳа, истасанг совға қиламан. Акамга қўнғироқ қиламан, машинасига ортиб олиб келади.
Меҳрона югуриб бориб Гулифорни қучоқлаб олади.
* * *
Кундуз. Қассобхона. Ҳамид қассоб сариёғдек эриб ўтирибди.
- Бир кўрмаган бўлсангиз ҳам бирам эркалатасиз, Ҳамид акооо!
- Акооо, деган тилларингиздан, гўзалим.
77-қисм
Муаллиф: Наргиза Усанбоева
- Гўзаллигимни қаердан билдингиз?
- Ошиқ кўнглим сезяпти. Битта расм юборинг, асалим, - ялинчоқ овозда дейди Ҳамид.
- Бир ойдан буён ялинасиз. Майли, сазангиз ўлмасин, ташладим.
- Йўғе-ее-! Ҳозир телеграмга кирай-чи... Кейин қўнғироқ қиламан.
Ҳамид шошиб, ҳаяжонланиб телеграмга киради. Расмни очади. Расмда 27-28 ёшлардаги лўппигина, жувоннинг расми туради. Ҳамиднинг кўзлари чақнаб кетади.
- Алдамабди. Чиндан ўзи айтгандек йигирма етти ёшга ўхшайди. Дўмбоқлиги учун совчиси кам бўлиб, эрга теголмаганмиш. Мана мен совчи қўяманда, сизга дўмбоққинам! Раънодан беш ёш кичкина. Ёш, ёшда барибир...
* * *
Гулифорнинг қизлик уйи. Онаси Гулнор опа дарвоза олдида турибди. Юзида хавотир бор. Мурод уйдан китоб олиб чиқиб машинасига жойлаяпти.
- Мурод, сен билан менам бирга бориб келсаммикан? – дейди охири бетоқатланиб Гулнор опа.
- Майли ойи, бирга борамиз. Гулифорни кўргингиз келяптими? – сўрайди Мурод.
- Кўргим ҳам келяпти, кундошига китоб сўраганига хавотир ҳам оляпман.
- Нега хавотир оласиз?
- Менимча, Гулифор эзилиб, йиғлаб ўтиргандир? Шу китобларни ҳойнаҳой Умар сўратган. Гулифорнинг кундоши Умарни роса авраганми дейман-да.
Мурод кулади.
- Ойи, қизиқсиз-а? Гулифор эзилиб, йиғлаб ўтирган бўлса, китобларни олиб келинг, дермиди?
Гулнор опа баттар ваҳимага тушади.
79-қисм
Муаллиф: Наргиза Усанбоева
- Сиқилманг, ойи. Ўйланманг. Нисо бор-ку, катта бўлиб қолди. Усмон ҳам тушунади, “Чиқиб тур болам”, десам чопқиллаб чиқиб, эшик орқасида туради. Кейин Нисо дарров туваакни олиб чиқиб кетяпти. Ўзи... уй шиптир сасиб кетмаганми? Сийғоқ боласи бор уйдек бўлиб ётгани йўқми?
- Йўқ, йўқ, - ўзим ҳам кирганимдан шунга аҳамият бердим. – Ҳид-пид йўқ. Шунга сал хотиржам бўлдим. Ҳалиги... келинни кўрдингми? Сенга зуғум қилмаяптими?
- Зуғум қиладиган қизмас...
- Мен бир қарай-чи? Ўзи у нималар қиляпти экан, уйингда? – Гулнор секин ўрнидан туради.
* * *
Умарнинг уйи. Меҳрона Гулифорнинг акаси ва онаси келгани учун ош қилмоқчи. Ошхонага шошиб сабзи тўғраяпти. Эшикдан аста мўралаб Гулнор опа кириб келади. Меҳрона уни пайқамайди. Гулнор опа томоқ қиради.
- Вой, келинг хола, келинг... – бироз шошиб, ҳаяжонланиб қолади Меҳрона.
- Келдим... Сен... куёвимни нима деб авраяпсан? Гулифорга қарши қайраяпсанми? – дабдурустдан дейди Гулнор опа.
- Йўқ, - қўрқиб кетади Меҳрона.
- Билмайди, деб ўйлама. Қизим мени қийналмасин, деб шу ерга кеволди. Унга зуғум қилишингга жим қараб турмайман. Бир томчи кўзидан ёш оқса, сени қон йиғлатаман, тушундинг?
- Хўп... – елкалари қисилади Меҳронанинг.
Гулнор опа ошхонага бир қур кўз югуртиради. Кейин яна паст овозда вишиллаб гапиради:
- Бу рўзғорни ўзимники деб ўйлама! Ҳали қизим тузалади! Тузалсин, сени Умар бир дақиқа ҳам ушлаб турмайди. Афтингни қара!
80-қисм
Муаллиф: Наргиза Усанбоева
Гулнор опа чиқиб кета бошлайди. Эшикка етганида ортига қарайди:
- Гапларимни Умарга ҳам, Гулифорга ҳам етказмагин!
Меҳрона унга ёш тўла кўзлари билан қараб қолади.
* * *
Кўча. Раъно секин дарвозасидан чиқади. Қассобхона томонга бир қараб олади. Кўчада одам йўқ ҳисоби. У секингина қассобхона томон юради. Йўл четидан Ҳамидни кўзи тушмайдиган томондан секин боради ва қассобхонанинг ёнида туриб қулоқ тутган бўлади. Ичкаридан қассобнинг овози эшитилади.
- Яна озгина гаплашайлик. Зерикиб ўтирибманда, мен. Қассобхонадаман дедим-ку. Меники бўлсангиз, еганингиз гўшт бўлади. Ҳеч нарсадан камингиз бўлмайди. Менга қаранг, камерани ёқиб, бир-биримизни кўриб гаплашайлик... Уялманг энди, уялманг...
Раъно ортиқ чидаб тура олмайди. Шартта қассобхонага кириб боради. Ҳамид ҳам чаққонлик билан телефонини ўчиради.
- Ҳа, ким у сиздан уялаётган?
- Ким? Нима? – довдирайди қассоб.
- Дадаси, мен билан ўйнашманг! Агар ўша мегажин кимлигини билсам, нақ сиз билан гаплашган тилларини узиб оламан-а?
- Раъно, қизиқмисан? Ким билан гаплашаман? – тинмай гапиради Ҳамид: - Синфдошларга овозли хабар юбордим. Чойхонага боришга уялманглар деб. Сен ўзи нега келдинг? Гўшт керакми?
Раъно унга ғазаб билан бироз қараб туради. Кейин ўзини босиб дейди:
- Дадаси, кўзингизга қараб юринг. Лекин ушлаб олсам, ёмон қиламан.
- Нега мени тергаб қолдинг? Ундан кўра, уйга бориб овқатингни қил!
- Лаҳм гўшт беринг, манти қиламан дегандим.
- Ана, бор экансан-ку, Раъно. Асабни бузмай, шунақа гаплардан гапир. Ма, ўзим сенга гўштнинг асал жойидан бераман, - у гўштнинг лаҳм жойидан кесиб, Раънонинг қўлига тутқазади. Раъно жаҳл қилиб чиқиб кетади. Ҳамид қассоб енгил нафас олади.
81-қисм
Муаллиф: Наргиза Усанбоева
* * *
Орадан вақт ўтган. Тун. Умар ётоқхона бир ўзи ётибди. Қовоғи осиқ. Бир девор наридаги хонадан келаётган Гулифор ва Меҳронанинг овозини эшитиб хўрсиниб қўяди.
* * *
Тун. Гулифор ётган хона. Гулифор болалари билан ётибди. Уларнинг ёнида Меҳрона ўтирибди. Улар кулишиб гурунг қиляпти.
- Опа, ўзингизни сал эҳтиётламайсизми? Бузилаётган девор олдида сизга нима бор эди? Ҳамма ишга аралашиб, бурнингизни суқиб юришни яхши кўрганмисиз, дейман, - ҳазиллашади Меҳрона.
- Ҳа, уйимдаги ҳамма нарсага қўлим тегишини истардим, - маюс жилмаяди Гулифор.
Меҳрона унинг гўзаллигига маҳлиё бўлиб сўрайди:
- Агар Аллоҳим шифо бериб оёққа туриб кетсангиз, энг биринчи қиладиган ишингиз нима бўлади?
Гулифор Меҳронага қувлик билан қарайди. Тим қора қошларини учириб жавоб беради:
- Сенинг думингни тугиш бўлади!
Меҳрона бир зум қотиб қолади. Кейин қаҳ-қаҳ отади.
- Думим бўлмаса, нимани тугасиз?
- Чин айтяпман, сени ҳайдайман, - кулади Гулифор.
- Ҳайдашингиз шарт эмас, ўзим ўзимдан билиб-билиб кетаман...
Улар биргалашиб кулади.
* * *
Кўча. Саид велосипедини миниб даладан қайтади. Унга Гавҳар пешвоз чиқади.
- Ол, “жип”ни.
- Ассалому алайкум.
- Ва алайкум ассалом.
- Яхши келдингизми?
- Шукр...
- Қуда опа ҳам яхшими? Кўриб турибсизми?
- Нечук қуда опалаб қолибсиз?- ҳайрон бўлади Саид.
- Қудани қуда дейди-да.
- Қизинг тинчмикан?
Давоми бор
Ёндирмачоқ - меҳр!
#usanboyeva
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 3