----
Муғийра розияллоҳу анҳу ривоят қилади:
«Набий алайҳиссалом: “Албатта, Аллоҳ сизларга оналарга оқ бўлиш, қизларни тирик кўмиш, ман этиш, бахилликни ҳаром қилди. Шунингдек, сизларга миш-миш, кўп савол бериш ва молни исроф қилишни ёмон кўрди”, дедилар» (Имом Бухорий ва Имом Муслим).
Ҳадисда “оналарга оқ бўлиш” деб айнан она хосланган бўлса-да, аслида ота-она назарда тутилмоқда. Арабча “оқ” сўзи луғатда “ёриш” ва “кесиш” ҳамда “озор бериш”, “осий бўлиш” ва “қарши чиқиш”ни ифода этади. “Оқ” сўзи “бирр”, яъни “яхшилик”нинг зиддидир.
Фарзанд ота-онасидан хабар олмай қўйса, уларга меҳр кўрсатмаса, озиқ-овқат, кийим-кечак ва бошқа нарсалар билан таъминламаса, оқ бўлади. Бунинг учун отаси одамлар олдида: “Гувоҳ бўлинг, ўғлимни оқ қилдим, қизимни оқ қилдим” дейиши шарт эмас. Уларни ташлаб, хабар олмай, зориқтиришнинг ўзи оқ бўлишга етарли сабаб.
Ор-номусини ўйлаб ёки боқишни истамай қиз фарзандларни тириклайин кўмиш ҳам улкан гуноҳлардан. Чунки бу қабиҳ жиноятни тақдирга рози бўлмаган, Аллоҳнинг Раззоқ сифатига ишонмаган, Парвардигор ҳаром қилган жонни ўлдиришдан тап тортмаган нодон кимсагина амалга оширади.
Жоҳилият даврида ушбу жиноят араблар одатига айланган эди. Ҳомиладор аёлнинг туғиш вақти яқинлашганда чоҳ қазиб қўйиларди. Аёл ўша чуқур ёнида боласини дунёга келтирарди. Агар қиз туғилса, ҳали онаси қўлига олмасидан туриб, кўмиб юборишарди. Тарихда бу ишни биринчи Қайс ибн Осим қилган. Унинг қизини душманларидан бири ўғирлаб, асир олади.
Сўнг ўзига хотин қилади. Вақти келиб ўрталарида сулҳ тузилади. Шунда Қайс қизига танлаш ихтиёрини беради. У эрини танлайди. Дарғазаб Қайс бундан буён туғилажак қиз фарзандларни тириклайин кўмишга қасам ичади. Кейин жоҳиллар унинг бу қилмишини ўзларига одат қилишди. Сўнг молимга, нонимга шерик бўлмасин деб фарзандларини тириклайин кўмиб юборадиган гуруҳ пайдо бўлди. Машҳур Фараздақнинг бобоси Соъсоа ибн Ножия Таймий тириклайин кўмиладиган қизларни сотиб олиб, қутқарган илк шахсдир.
Ҳадисда аввал ота-онага оқ бўлмаслик, кейин қизларни тириклайин кўмиб юбормаслик ҳақида огоҳлантиришнинг сабаби, ота-она инсониятнинг асли, фарзанд эса наслидир. Ушбу гуноҳи кабираларда наслнинг йўқ бўлиб кетиш эҳтимоли мавжуд.
Ҳадисдаги “ман этиш” киши бериши лозим ҳақни бермаслиги, ўзига тегишли бўлмаганини эса сўрашидир. Исҳоқ ибн Мансур раҳимаҳуллоҳ Имом Аҳмад ибн Ҳанбалдан: “ман этиш”, “миш-миш”, ҳақида сўраганида, “Ўзингдаги нарсани ҳеч кимга бермай, садақа қилмай сақлаб ўтиришинг. Одамларнинг молларидан олиш учун қўл чўзаверишингдир”, деб жавоб қилган. Қарз олиб бермаслик ўзганинг ҳақини ботил йўл билан ейишдан ҳам оғирроқ. Чунки бу ишда бировнинг молини ноҳақ ейиш билан бирга, яхшилик қилган инсонга нисбатан ёмонлик, нонкўрлик, инсофсизлик қилиш ҳам бор.
Яна бир гуноҳи кабира турли давраларда “фалончи бундай, пистончи ундай”, каби асоссиз гапларни тарқатишдир. Бироқ ишончли ва керакли гапни айтиш, масалан: “Фалон олим бундай деди”, деб илмни ёйиш ҳадисдаги қайтариққа кирмайди. Баъзи олимлар “миш-миш”дан мурод “ғийбат ва чақимчилик”, дейишади. Одамлар орасида чақимчилик ва ғийбат тарқатиш жирканч иллатлардан саналса, уларга қулоқ солиш ундан-да ёмон. Айрим олимлар “миш-миш”ни умумий маънода “ортиқча сўзлаш” деб айтишган. Чунки гапи кўпнинг хатоси кўп.
Миш-мишлар – ёлғон, фитна, кишилар ўртасида ўзаро нафрат уйғотиш, фойдали ишлар қолиб, кераксизлари билан шуғулланишга ундайди. Қолаверса, кўп ҳолларда ғийбат, чақимчилик, туҳмат каби гуноҳи кабиралардан саналган тил офатларига йўл очади.
Баъзиларга ўз ҳаётидан кўра ўзгаларнинг ҳаётига аралашиш муҳимроқ. Айниқса, ҳозирги ахборот технологиялари ривожланган давр мана шундай инсонларнинг тегирмонига сув қуймоқда. Бундай кимсалар ёлғон маълумот, кераксиз, манфур видеолардан тортиб, ҳатто Аллоҳ ва расулига туҳмат қилинган хабарлар ва тўқима ҳадисларни ҳам тарқатишмоқда. Улар ҳеч ким бизни бу ишимиз учун жавобгарликка тортмайди, деб ўйлашмасин. Зеро: «Бас, кимки (дунёда) зарра миқдорида яхшилик қилган бўлса, (қиёмат куни) уни кўрар. Кимки зарра миқдорида ёмонлик қилган бўлса ҳам, уни кўрар» (Залзала сураси, 7–8-оятлар).
Ўзгалар ҳаётини тафтиш этиш, гапириб юриш норозиликка сабаб бўлади. Шундай хабарлар борки, кимнингдир ҳаётини издан чиқариб юборади. Биргина “деди-деди” билан инсонлар ўртасида адоват урчийди. Биргина, биргина…. билан оғир гуноҳлар содир бўлади.
Ҳадисда кўп савол беришдан қайтарилишнинг сабаби ўша вақтда одамлар Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан кўп сўрайверишлари оқибатида амаллар фарзга айланиши эҳтимоли бўлган. Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилади: «Эй имон келтирганлар! Сизларга (жавоби) аён қилинса, сизларга хуш келмайдиган нарсалар ҳақида (савол) сўрамангиз!» (Моида сураси, 101-оят).
Кераксиз нарсаларни сўрайвериш ҳам ҳадисдаги қайтариққа киради. Айрим инсонлар фарздан хабари йўқ, лекин билишлари шарт бўлмаган ва охиратда ҳисоб-китоб қилинмайдиган нарсалар ҳақида сўраб юришади. Масалан, “Иброҳим алайҳиссалом сўйган қўйнинг гўштини ким еган?”, “Фалон олимнинг онасини исми нима?”, “Юнус алайҳиссаломни ютиб юборган балиқнинг жинси қандай?” каби саволлар мутлақо ножоиз. Қуръони каримда ўтган умматларнинг кўп савол беравериб, ўзларига қийинлаштириб юборишгани, аянчли якуни каби воқеаларни фақат тинглаш билан чекланмай, балки улардан ибрат олиб, ҳаётимизни беҳудага совурмаслигимиз даркор.
Чиройли ва ўринли савол бериш – илмнинг ярми. Илм – хазина, калити – савол. Илмини бошқаларга ўргатмаганлар шу хазинани кўмган одам кабидир.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев