--
УЧ МУХИМ НАРСА..
--
Жаъфар айтади: «Менга отам бобомдан Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг бундай деганларини ривоят қилган: “Кимга Аллоҳ бир неъмат берса, Аллоҳга ҳамд айтсин! Кимнинг ризқи кечикса, Аллоҳга истиғфор айтсин! Кимнинг бошига кулфат тушса: “Лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳ”, десин!» (Байҳақий).
Ушбу ҳадисда Пайғамбаримиз (с.а.в.) мўминларни дунё ҳаётига оид уч муҳим иш – неъматга эришганда, ризқининг келиши кечикканда ва мусибатга учраганда қандай йўл тутиш лозимлигини таълим бермоқдалар.
“Кимга Аллоҳ бир неъмат берса Аллоҳга ҳамд айтсин!” Қайси бир банда Аллоҳнинг неъматига эришса, Аллоҳга ҳамду сано айтсин. Шунда у неъматнинг ҳаққини адо этган, куфрони неъматдан сақланган ва ўша неъматнинг кўпайиши ҳамда давомли бўлишини таъминлайдиган ишни қилган бўлади.
Бир ўйлаб кўрайлик, қайси банда ҳар куни, ҳар соат, ҳар бир дақиқа ва сонияда Аллоҳнинг неъматларидан фойдаланмайди?! Биз неъмат деганда, асосан, кўп миқдордаги бойлик, юқори мансаб кабиларни тушунадиган бўлиб қолганмиз. Аслида, бу ҳаётга келиш, имонга мушарраф бўлиш, ер, сув, ҳаво, бадан ва тўрт мучамиз бутлиги – ҳамма-ҳаммаси Аллоҳнинг неъматлари саналади. Ким буни инкор қила олади?! Демак, мўминлар берган неъматлари учун доимо Аллоҳ таолога ҳамд айтиши ва ўша неъматларни У Зот рози бўладиган тарзда ишлатиши лозим.
“Кимнинг ризқи кечикса, Аллоҳга истиғфор айтсин!” Қайси бир банданинг ризқида танглик пайдо бўлса, ризқининг келиши маълум сабабларга кўра кечикса, у банда Аллоҳ таолога ихлос билан кўп истиғфор айтсин. Шунда Аллоҳ уни машаққатлардан чиқариб, ўзи ўйламаган тарафдан ризқлантиради.
“Кимнинг бошига кулфат тушса: “Лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳ”, десин!” Қайси бир банда мусибатга учраса, иши оғирлашса, машаққатлар гирдобига тушиб қолса, ушбу калимани кўп айтсин. Шунда Аллоҳ унга енгиллик беради.
Мазкур калима “Аллоҳдан ўзгада куч ва қувват йўқдир” маъносини англатади. Ҳадисга мувофиқ ушбу калиманинг маъносини қуйидагича ифодалаш мумкин: “Ё Аллоҳ, Сендан ўзга куч ва қувват эгаси йўқ. Сен барча нарсага қодирсан. Менинг бошимга тушган ғам-андуҳлар ва муаммоларни кетказиш, уларни даф қилишга ҳам қодирсан. Ё Аллоҳ, мени қийинчиликлардан қутқар, нажот бер. Мен фақат Ўзингдангина мадад сўрайман!”
Ушбу калималар банданинг мусибатлари енгиллашишига сабаб эканини ҳаётий воқеа мисолида кўриб ўтамиз.
Ибн Аббос (р.а.) ривоят қилади: «Авф ибн Молик Ашжаъий келиб: “Ё Расулуллоҳ, душманлар ўғлимни асир олишди. Онаси эса ўзини қўярга жой тополмаяпти!” деди. Шунда Расулуллоҳ (с.а.в.): “Сен билан хотинингга “Лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳ”ни кўп айтишни буюраман”, дедилар. У иккиси мазкур калималарни кўп айтишди. Натижада ўғли асирликдан қутулди. Устига-устак отасининг олдига бир тўда қўйларни ҳайдаб келди”
(Ибн Мардавайҳ ривояти).
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев