Муқаддас Умиджон билан бир - бирига кўнгил қўйиб турмуш қуришди. Янги оила, янги вазият. Албатта ҳар бир қиз янги хонадонга қадам қўяр экан, авваламбор шу хонадонда ейилиб - ёзилиб, турмуш ўртоғи билан бахтли хаёт кечириб, бир этак фарзандларнинг ота - онаси бўлиб, севиб - севилиб бирга қўша - қариш бахтига муяссар бўлишни ният қилса ажабмас. Муқаддас ҳам мана шундай ниятлар билан хонадонга келин бўлди. Ўзининг хушмуомилалигию -одоби , пазандалигию - саранжомлиги билан уйдагилар билан тез тил топишиб ,қайнона - қайнотасини, шунингдек тўртта қайнсингилни хам кўнглига йўл топа олди. Хаётлари биров хавас қилгудай даражада тинч - тотув кечарди. Муқаддас бирин - кетин икки фарзандли бўлди .Қизи Мохира туғилгач Муқаддасни иккита қайнсинглисини фотиха қилишди. Катта қайнсинглиси Нигора Тошкентда яшайдиган акасини уйида бир йилдай яшаб уйга келди. Нигора шундан кейин хар нарсага асабийлашиб йўқ ердан жанжал қиладиган одат чиқарди. Бир куни Нигора жанжалдан кейин ўзини осмоқчи бўлиб оғилхонага киради. Синглиси опасидан хавотир олиб, келавермагач ортидан чиқиб ховлига қараса, Нигора хеч қаерда йўқ. Кўнгли бир нимани сезиб оғилхонага кирса Нигора ўзини осмоқчи бўлиб ипни бошидан ўтказаётганди. Синглиси Малика жон холатда югуриб келиб ипни опасини қўлидан суғуриб тортиб олади. Онаси Нигорани бу ишидан хафа бўлиб: " Бизни ўйламадингми? Бу нима қилганинг? Сенга бир гап бўлса отанг билан мен қандай яшайман. Фарзанд доғини бизга раво кўрма болажоним. Бошқа бундай қила кўрма. Бизни тириклайин гўрга тиқма " ,- дея онаси зор - зор йиғлади.
Орадан бироз вақт ўтди. Нигора яна навбатдаги мажорони бошлаган эди. Бу сафарги мажорасининг сабаби синглиси Малика эди. Муқаддас бу галги мажорага аралашди. Нигорани ўз хонасига бошлаб кирди. Қизи Мохира беланчакда ширингина уйқуда ётарди. Улар Мохирага қараб, ассалигини буни, **** қўйгинг келади - я деб аста шивирлаб айтишди.
— Нигора бугун - эрта турмушга чиқадиган қизсиз. Хадеб жанжал қилаверманг. Хали турмушга чиқсангиз кўрасиз. Синглингизни, уйдагиларни соғинасиз. Соғинган пайти кўролмайсиз. Бу кунларни қадрини билинг.
— Мени камбағал бир оилага узатишмоқчи, синглимни эса бой оилага.
— Нигора бу жанжал қилиш учун бир баҳона эмас. Бундай олганда бахт бойликда эмас, пешонага берсин Аллох. Мен акангизга турмушга чиққанимда у ҳам бой эмасди. Мана мени бойликларим, -деб беланчакда ётган Мохирани имлаб, бундай ўйлашингиз нотўғри, -деб Нигорани юпатди.
Қиш ойи. Хаво совуқ. Бу гал Нигора акаси Умид хамда Муқаддас билан жанжал қилди. Бу мажорани навбатдагиси бўлса керак деб уйдагилар бундай мажораларга ўрганишган эмасми, эътибор қилишмади. Нигора бу сафар оғилхонага кириб ўзини осади. Уйдагилар оғилхонага кирганда Нигорани тани совуб қолган, бу дунёни тарк қилганди. Ўшанда бу оилани қай аҳволга тушганини тарифлаб беришга қаламим ожизлик қилади. Эндигина ўн тўққиз бахорни қаршилаган, хали хаётга келиб хаёт нималигини билмай, ўз жонига қасд қилган қизини, қора ерга қўйиш ота - она учун фарзанд доғини кўриш осон эмас . Нигора нега мажора жанжал бошлайди- ю, кейин ўз жонига қасд қилишга ошиқади, бу мен учун жумбоқ азиз ўқувчим. Илк маротаба ўз жонига қасд қилмоқчи бўлганида синглиси хаётини сақлаб қолган эди. Балки ўшанда синглиси кириб қолмаганда ўша куни бугунги воқеа содир бўлармиди. Муқаддас Нигоранинг ўлимига сабабчи бўлмасмиди. Нигорани ерга қўйиб келгандан кейин синглиси Малика Нигоранинг ўлимида Муқаддасни айбдор деб билиб, Муқаддасни тилга олиб бўлмас сўзлар билан хақорат қилади. Муқаддас ўзининг айбсизлигини, Нигорани ўзи акаси билан тортишганини қанча айтиб тушунтирмасин файдоси бўлмади. Малика шунда Муқаддасга қараб: " Илохим сени хам фарзандинг ўлсин, мана шу қўлингдаги қизинг опамни ёшига кирганда сени юрак бағрингни доғлаб, сени фарзанд доғида қўйиб кетсин . Онамга ўхшаб қизингни ўлигини қуч ",- деб қарғайди.
Муқаддас кўзларидан ёш тўкиб: " Жон Малика қарғишингизни қайтиб олинг. Болажонимда нима айб, қанча қарғишингиз бўлса мана мени қарғанг, аммо боламни қарғаманг. Болам ўлса мен куйсам акангиз мендан ўн чандон ортиғи билан куяди. Қарғаманг Мохирам сизни жиянингиз, қонингиз. Мана мени қарғанг илтимос ",- деб Маликага ёлвориб зор - зор йиғлаб қарғишини қайтариб олишини сўрайди. Мени айбим йўқ, Нигорани хафа қиладиган, ўзини осишга мажбур қиладиган гап хам айтмадим, хеч нарса қилмадим ...
Икки йилдай Малика Муқаддас билан орани очиқ қилиб гаплашмай юрди. Қайнонаси хам Муқаддасни айбларди Нигорани ўлимида. Муқаддасни ўғли билан ажратаман деганида Муқаддас қайнонасининг оёғига бош қўйиб қўйиб кечирим сўраб ёлворди. Ойижон мени кечиринг гунохкор ожиз бандаман. Қанчалик гунохкор эканлигимни фақат Аллох билади. Аллохим хам гунохкор бандасини кечиради. Жон ойижон фарзандларим невараларингиз хаққи мен ожизани кечиринг. Айбимни тан оламан. Нигора жанжал бошлаганида мен эътибор қилмай уйдан чиқиб кетишим ёки хонамга кириб ўтиришим керак эди. Ишонинг ойижон Нигорани ўзи бошлади. Мен фақат бу жанжал нимага керак сизга. Хар нарсага жанжал қилмай нега тинчгина гаплаша олмайсиз дедим. Айтган гапим шу ойижон. Шу гапни айтмай мен ўлай эдим, бундай бўлишини билганимда умуман хеч нарса демасдим ",- дея ўксиб - ўксиб йиғлади.
Орадан йиллар ўтди. Муқаддасни учинчи фарзанди ўғли дунёга келди. Малика хам турмушга чиқди. Оилали фарзандли бўлди.
Вақт оқар дарёдай ўтар,ўртадаги дил хираликлар унутилди . Мохира мактабни аъло бахоларга тугатиб, коллежда ўқий бошлади. Иккинчи курсга ўтганда озиб тўзиб рангида ранг қолмади . Тез - тез чарчаб қоляпман деб коллежга бормай хам қўйди . Мохирадан хавотир олган Муқаддас билан Умиджон Мохирани олиб бормаган доктори, кўрсатмаган шифокори қолмади . Докторлар Мохирани касалини аниқлаб тўғри ташхис қўя олмай, хар доктор ўз билганича даволашарди. Бундай кўр - кўрона даволанишлар натижасида Мохиранинг буйрагидан биопси учун олинган бир бўлак гўшт Мохирани ахволини оғирлаштиради. Мохира шунча дард чакиб жони оғриса хам, Аллохнинг берган бу дардидан нолимади шукур қилди, сабр қилди. У ақилли қиз, онасини, отасини унинг учун жон олиб, жон бераётганини юрак - юрагидан хис қилиб, уларни қийнаб қўймаслик учун жони оғриса хам чидади. Муқаддас билан Умиджон эса ёлғизгина қизининг кўз олдида сўлиб бораётганини кўриб адои - тамом бўлишарди. Мохирани холидан хабар топган қўни - қўшни, қариндош - туққанлар Мохирани кўргани келар, яратгандан Мохирани дардига даво тилашарди. Малика ҳам жияни Мохирани кўргани келади. Жигар эмасми, Мохирани сўлиб қолган юзларига қараб ичидан бир нима узилгандай бўлди. Хаёллари унитилиб кетган ўтмишга олиб кетди. Опасини ўлимида Муқаддасни айблаб қарғагани, Муқаддасни кўзларидан дув - дув ёш тўкиб " қарғишингизни қайтиб олинг " ,- деб худони зорини қилганини эслаб тани жимбирлаб кетди. Ўша куни аламда айтган гапларига ,қарғаганига пушаймон бўлиб виждони қийналди. Жияни Мохиранинг, акасининг кўзига қарашга ўзида куч тополмади. Агар Мохирага бир гап бўлса, мен қандай яшайман. Ўша куни мен нега норасида фариштага ўлим тиладим. Ахир у менинг жияним ,жоним, қоним эканлигини, унда гунох йўқлигини нахотки ўшанда тушуниб етмадим. Аммо чин юракдан айтмагандим, фақат аламдан айтган эдим. Аллохим қарғишимни қайтиб олдим, жиянимни биздан олиб қўйма, уни дардига дармон шифойи комил бер, - дея ич - ичидан унсиз йиғлади .
Ўлим хақ. Ўн етти бахорни қаршилаган Мохира гул ғунчадай очилмай сўлди. Ота - онасини ,яқинларини юрагини доғлаб бу дунёни тарк қилди. Ёлғиз қизидан айрилган Муқаддас Мохирани совуқ баданини қучиб доду фарёд қилди. Сен ўлгунча мен ўлсам бўлмсмиди жон қизим.
Мени юрак бағримни доғлаб, ёнар ўтга ташлаб кетма жоон болам. Ҳали ўн гулингдан бир гулинг очилмай сўлдингми болам. Тенгдошларинг қатори юрсанг бўлмасмиди , хамма сиғган кенг дунёга сен сиғмадингми жон болама .Келин кўйлак ерига, кафан кийиб қора ерга лойиқ бўлдингми жон болам. Дардингга дармон бўла олмаган муштипар онангни кечир болам. Докторларга ишониб хаётингни топширгандим, уларга ишониб адашибман. Жон болам. Билганимда ўлсам хам икки дунё қарши турса хам, ўша бигиздай игнани санчдириб, буйрагингдан гўшт олдирмасдим. Хом сут эмган бандамизда. Сенсиз ахволимиз не кечади. Қизалоғим беғуборим ўзимми, фариштам онасининг дастёри. Сени соғинсам қора ерними қучай қизим. Бўйларингга ўзим бўйтумор бўлай. Турақол кўзларингни оча қол болажоним . Айрилиқ дардига чидай олмайман - деб нола қилиб юракларни ўртаб йиғлади. Умиджон эса унсиз - унсиз йиғлади .
— Онаси ,- дея Муқаддасни бағрига босди. Аллохнинг иродаси экан. Банда бўлганнинг иложи йўқ Аллохнинг олдида ,- деб Муқаддасга кўнгил берар, аммо ўзи эса айрилиқ азобидан дунёларга сиғмасди.
— Хаммасига ўша синглингиз Малика сабабчи, - деди бирдан Муқаддас Умиджонни қўлини силтаб ташлаб. Ўша куни қарғаманг деб шунча ёлвордим, худони зорини қилдим. Мана ниятига етди. Қизим ўлди. Синглингиз байрам қилсин энди . Айтиб қўяй эртага жанозага ўша синглингиз келмасин. Қизимни ўлимини тилаган, қарғаган синглингизга менинг уйимда, қизимнинг жанозасида ер йўқ.
— Онаси , Малика чин юракдан қарғармиди ўз жиянини. Келганида кўрдингку, виждон азобида қийналаётгани ,қарғагани учун пушаймонлиги ахволидан шундоқ хам кўриниб турганди. Агар Маликага келма десам оиламиз бузулади, борди - келди қариндошлик иплари узилади. Қизимизнинг тақдирига шу битик ёзилган экан. Бизга эса бу синов.
— Барибир ўша синглингизни қарғиши бўлди. Мана Нигоранинн ёшига етиб - етмай қизим ўлди. Чидолмаяпман дадаси. Нима қилай? ...
Мохирани жанозаси бутун маракалари бўлиб ўтди. Муқаддас хар куни қизини эслаб кўз ёш тўкар . Кийимларини хидлаб - хидлаб, соатларча суратини бағрига босиб ўтирарди. Умиджон эса хеч ким кўрмасин деб оғилхонага кириб йиғларди. Умиджон фарзандлари ичида Мохирани бошқача кўрарди. Бор мехрини ёлғиз бўлгани учунми ,ёки қиз фарзанд бўлгании учунми Мохирага берганди.
Фарзанд доғи ота - онани тоғдек қаддини букиб қўяркан.
Муқаддас хам Умиджон хам фарзанд доғида адои - тамом бўлишди. Вақт хар нарсага даво дейилади. Аммо ўша вақт уларга даво бўлиш ерига кундан - кун юрак - бағрини доғлаб, вақт ўтиши билан соғлиқларига путур етиб бир кун Муқаддаснинг қон босими кўтарилса, бир кун Умиджоннинг қон босими кўтариларди. Бир кун Муқаддаснинг юраги санчса бир кун Умиджоннинг юраги санчадиган бўлди. Халиям икки ўғли бор. Ўғиллари билан алданишарди. Муқаддас Умиджонга қиз фарзанд туғиб бериб унинг дардига озгина дармон бўлиб кўнглини тўлдириш истайди. Афсуски ,соғлиги тўғри келмай бачадонини олдирди . Хохласада Умиджонга қиз тугул, бошқа фарзанд туғиб бераолмайди.
Муқаддас кейинги пайтларда шу кунларда қизи Мохира билан ҳаёлан суҳбат қилар, хеч нарса кўнглига сиғмас, дунёга бефарқ қарар. Муқаддас билан кўпинча суҳбатлашиб тураман. Бир куни "Қизим Мохирани ўйлаб сўнгги кунларда хеч нарса кўнглимга сиғмаяпти қизимни доғига чидай олмаябман Кунда эслаб йиғлайдиган бўлиб қолдим . Хеч кимни кўргим келмай қолди .Ёлғиз қолсам қизим билан гаплашаман . Энди бу ёғига қандай яшайман билмайман " ,- деб ёздилар.
Мен эса " Ношукур бўлманг, ўғилларингиз учун ўзингизни қўлга олинг. Сиз уларга кераксиз. Сизга бир нима бўлса фарзандларингиз нима қилади. Сабрли бўлинг "- деб кўнгил бердим. Аммо фарзанд доғида куйган онага қандай кўнгил берсангиз хам ярим кўнглини тўлдира олмайсиз. Ота - она ўлиш мерос. Лекин ҳеч ким болам демасин экан.
Болам,болажоним,сен ўлмай,онанг ўлса бўлмасмиди.
Яшаб юрсанг хаётда,ғариб кўнглим тўлмасмиди.
Тирик бўлсанг ёнимда,отанг сени суймасмиди.
Агар тирик бўлганигда, менинг бағрим куймасмиди.
Кўз ёшларим дарёдек,оқиб бормоқда...
Хар куни тонг отиб,куёш ботмоқда.
Рухингга парвона,онанг йиғлайди..
Онангнинг умри хам,ўтиб кетмоқда.
Ох болажоним,сени кўрмок қайдадур.
Хар бандани яратиб,олгувчи хам худодур.
Майли қабринг тинч бўлсин,жойинг жаннатда бўлсин.
Сен эдинга меҳмоним,қабринг нурларга тўлсин...
Хотима ўрнида шуни айтиб ўтмоқчиманки , инсоннинг тақдирини яратган эгам уни дунёга келмасидан олдин ёзган бўлади.Олаётган нафасамизнинг хар бир сони саноқли. Шундай экан Аллох берган умрни яшаймиз. Аллох ўлимга хам, бахтсиз ходисаларга хам бир сабаб яратади холос. Нигорани қисматига шундай ўлим ёзилган экан, бунда Муқаддасни айбдор деб Малика норасида гўдакга ўлим тилаб тўғри қилмаган. Норасида гўдакда нима гунох бор ...
Сизнингча Мохира қарғиш қурбони бўлдими?
Барчангизни оилангизга соғлик омонлик тилаб Само юлдузи (Дилфуза) шахсий ижод . 31.01.2018.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 4