Ҳикоя
Шавкатжон, шу хорижга кетиш фикрингдан қайт. Оиланг, фарзандларинг қаровсиз қолади, – дея Гулшан ая жавради. Чет элда ишлаш учун йўлга отланган ўғлидан кўнгли чопмаётган она. – Ахир, мен ҳам қариб қолдим. Менга тиргак керак болам. Шу ерда ҳам яхши ишинг бор. Бу уйни ҳашаматли қилиб таъмирлаш, мошина олиш каби орзуларингни ўзимизда ҳам меҳнат қилиб топсанг бўлади-ку. Фақат, бироз сабрли бўл...
– Онажон, ўзимни ҳам сизларни ёлғиз ташлаб кетгим келмаяпти. – Шавкат волидасининг сўзларини ишонч билан кесди. – Лекин сиз оиламизга бош бўлиб турсангиз, хотиржам бориб ишлаб қайтаман. Икки йил ҳаш-паш дегунча ўтиб кетади. Ҳали ҳаммаси яхши бўлади.
Гулшан аянинг насиҳатлари жигарбандининг қулоғига кирмас. Унинг ўй хаёли тезроқ чет элда кутаётган дўстининг олдига бориб, ишни бошлаш. Ва шундай бўлди ҳам. Россиянинг Южни-Сахалинск шаҳрида биродари Абдулазиз билан бирга бир фирмада ишлай бошлади. Шу пайтга қадар ҳали ҳеч қаерда бўлмаган Шавкат учун бу ернинг тоғли ва денгиз об-ҳавоси жуда ёқди. Ҳар ҳафта уйидагилар билан қўнғироқлашар экан соғинч ҳиси, юрт ва оила қадри нечоғли эканлигини англарди у. Раҳматли отаси “Мусофирлик нони ейиш осонмас!” дерди. Шавкат отасининг панд-насиҳатларини бод-бод эслади. Тўхтасин ота гарчанд мусофирлик кунини кўрмаган, нони емаган бўлсада, уларнинг ҳаёти унга яхши таниш эди.
– Эй, дўстим оёғинга бақувватроғини кийгин. – дея Абдулазиз дакки берганча ярим йўлдан қайтарди Шавкатни.
– Ахир ҳар куни шундай кетяпман-ку...
– Бугун ўрмонга чиқиб ишлар эканмиз. Бунақада касал бўлиб қоласан. Бу ер сенга Ўзбекистон эмас. Ҳавоси енгил кўрингани билан нам жуда юқори. Агар Россияда бошинг ва оёғингни иссиқ тутсанг, ҳеч қандай докторга бормайсан. Ҳозир сенга билинмайди-да. Эртага, афсусланиб юрасан...
Шавкат ичи жунли этигини олдию, кийишга улгурмади. Автобус келиб, ҳамма бирма-бир чиқа бошлади. Этигини қўлтиғига урганча у ҳам автоуловга илиниб олди. Аёқ кийимни алмаштириш эсдан чиқиб, шу туришда ишга шўнғиди. Совуқ, нам ҳавода оёқлари музлаб, белига санчиқ бермагунича ишлайверди. Календарь бўйича аллақачон баҳор кириб келган. Март ҳам охирлаб қоляпти, бироқ Россия табиатининг календарьи бўйича ҳануз қиш ҳукумрон. Бу ерда апрель ойининг охири май ойининг бошларидан сўнг ҳаво ҳарорати тушиб, қорлар эришни бошлайди. Атроф сўлимлашиб, баланд тоғлар яққол кўриниб туради. Денгиз қирғоқларидаги музлар эса июнь ойига келибгина буткул эрийди. Бу рус мамлакатидаги ягона орол, Сахалинск вилоятининг муҳитига хос.
Шавкатнинг ишлари асталик билан юра бошлади. Ҳар ой оиласи учун маошини узатиб турар. Жуда камхарж, қолаверса, ташаббускорлиги сабаб бир жойда ўтирмас. Дам олиш кунларида ҳам қўшимча иш топарди. Унинг бу шижоатидан Абдулазизнинг завқи ошар, дўсти бу ердагиларни у қадар яхши билмаганлиги учун ҳам яккалаб қўймасди. Ахир ухлатиб кетадиганларни қадамда учратиш мумкин.
Шу зайл бир йиллик мавсумни омадли якунлашди. Яна қиш фасли ҳукмронлиги бошланди. Совуқ кунлар, изғирин шамол гўё тўфондек бош кўтарди. Кучли ер силкинишлари... Бунинг ҳаммаси шу ернинг табиатига хос. Шавкат юртини яқинларини соғина бошлади. Айниқса, 4-5 нафар шериклари оиласи бағрига қайтганидан сўнг у ҳам бетоқат бўла бошлади. Лекин кета олмайди. Чунки яна бир йил ишлаши керак. Бориб келиш харажатлари ҳам анча қиммат. Қолишга қарор қилди. Аммо негадир ҳафта ўтар ўтмас иштаҳаси бўғилиб, ошқазони оғриб қолишидан шикоят қила бошлади. Бу ҳолат уни тўшакка михлаб қўйди. Ўн-ўн беш кун жойидан қимир этгани йўқ. Абдулазиз унинг бетоблиганидан бетоқат бўлиб шифокор ҳузурига олиб борди. Текширувлар натижасида унинг ички аъзолари қаттиқ шамоллаганлиги аниқландди. Маълум вақт даволанишига тўғри келди.
Шавкат соғая борди. Яна ишга чиқди. Шавкатни соғинч ўти қийнарди. Волидаси, меҳрибон аёли ва опаларини жуда-жуда соғинган эди. Айниқса, қизалоғи Маржонанинг бийрон сўзлашлари қўлоқлари олдида жарангларди. У 30 ёшга яқинлашибтию, лекин шу кунга қадар оиласи бағридан бир ойдан ортиқ айро бўлгани йўқ. Мана шу бир ойда дарров онасини қўмсаб қоларди. Иродасизликдан ичкиликка берилди. Абдулазиз дўстининг бундай ўзгаришларидан ҳайратда қолмади. Чунки бу ерга келганларнинг кўпчилиги мана шундай ҳолатга тушиш муқаррар эди.
– Дўстим тушунаман, бу ерда ҳеч кимга осон эмас, – Шавкатнинг ичкиликка ружу қўйганидан кўнгли хира бўлган Абдулазиз насиҳат солди. – Ҳамма ўз оиласи, севимли гўшасидан узоқда... Лекин ҳар нарсага тушкунликка тушаверсанг, аламингни ичкиликдан олаверсанг, ўзингни хароб қиласан-ку. Қўй шуни ичма-а-а!
Хонадаги бўш идишларни йиғиштириб чиқиб кетар чоғи ўксиниб қаради дўстига. Шавкат эса яна ичади. Биров билан тортишиб, томоша кўрсатмасада Абдулазиз ундан доим хавотир олади. Унинг олдинги шижоати, хушчақчақлиги йўқолиб қолган. Барчасига балки қишнинг қаҳратонли кунлари сабабдир. Боз устига иш ҳам жуда сусайиб қолди. Икки кун ишлашса, 4-5 кун дам. Ҳаво ҳарорати тушиб, ҳамма ёқ муз билан қопланган. Шавкат қачонки уйидагилари билан гаплашар экан жажи қизалоғи “Қачон келасиз?” деб тинмай сўрайверади. Гулшан ая ҳам нуқул шу саволни беради. Қолганлар эса бунга қўшилади... Унинг учун соғинч ҳиси кучли. Лекин тез орада ишлар юришиб, яна катта бинода қурилиш бошланиши ваъда қилинган. Бу пайтда кетиш... Яна қайтиб келиш. Бира тўла шу йил ҳам ишлашга аллақачон аҳд қилган-ку, ахир. Янги йилда ҳамма байрам кайфиятида юрган кезларида ҳам у ичикликдан бошини кўтармади. Унга алам қилди. Илк бор қувончли кунларда оиласи бағрида эмас. Бу тушкунлик узоққа чўзилмади. Март келиши билан ишлар бошланди. Яна аввалгидек, ишга шўнғиди. Лекин шу қурғур бодапарастлиги қолмади.
– Шавкат мендан хафа бўлсанг ҳам айтаман. Энди ичишни камайтир. Умуман йиғиштирсанг ҳаммасидан яхши.
– Нима сенга оғирлиги тушяптими ёки ёқмаяптими? – деб дўстининг қайғуришига жавобан зарда билан жавоб қайтарди.
– Тушунсанг-чи, ичишингнинг менга ҳеч қандай оғирлиги ёки зарари йўқ. Аммо соғлигингни ҳам ўйла. Бу кетишда бир дардга йўлиқасан. Бу ҳаром ичимликлардан ҳали ҳеч ким наф кўрганини кўрмадим. Агар бирор бир муаммо қийнаётган бўлса, айт. Бундай чуқур стрессда юришинг менга ёқмаяпти. Рангингда ранг қолмаган. Нима бу ерга ичкиликдан аламингни олиш учун келганмидинг?!..
У дўстининг бу жовдирашларига миқ этмади. Аммо тунлари ичида ғалаён кўтарган дард безовта қилишини сир тутди. Бунинг барчаси оиласини қўмсаш, соғинч ўти деб баҳоларди. Лекин бу дард уни тўшакка яна бир бор михлаб қўйганидагина жиддий қабул қилди. Бу сафарги текширувлар унга шунчаки шамоллаш деб ташхис қўймади. Шифохонада қолиб даволашмади ҳам. Зудлик билан юртига қайтишини маслаҳат беришди. Мутахассиснинг бу сўзлари Абдулазизнинг қўлоқлари остида черков қўниғроқлари бонг ургани сингари жарангларди. Наҳот...
Зудлик билан кетиш учун блетларни бронь қилдирди. Афсуски, шундай тиғиз вазиятда маблағ томонлама тўрт девор орасида иложсизликда қолди. Сўрамаган, суриштирмаган дўст, таниш ва нотанишлар қолмади. Шавкат эса кун сайин тўшакда нимжонлаша борарди. Иштаҳаси йўқ, еганини фақат қўсаверганидан туришга мажоли ҳам қолмади унинг. Ниҳоят бир ҳафта ўтибгина шошилинч чипта олинди. Шу бир ҳафта Абдулазиз учун бир йилдек машаққатли ва азобли ўтди. Аэропортда келганидан сўнг енгил тортди. У қўл телефонини олиб таниш рақамларни терди ва Шавкатга узатди.
– Ало... Онажон, Шавкатман, – дедию волидасининг овозини эшитгач кўзларида ёш думалади. – Она.. Онажон мен уйга қайтяпман. Мана ҳозир аэропортдаман тез орада уйда бўламан...
Шу сўзларни айтишга ўзида куч топди. Сўнг дўстига телефонни қайтариб, кўз ёшларини артди. Ортиқ волидасига “Ҳаммаси яхши хавотир олманг!” деб алдай ололмасди. Лекин аҳволини айтиб, уларни ваҳимага солишни ҳам истамади. Ҳозир, бир неча соатдан сўнг уларни кўриш бахтига муяссар бўлади. Унга айни дам шу муҳим... Отасининг мусофирлик ҳақидаги сўзларини эслади. Шу тоб у падари бузургворини қўмсаб, уни нечоғлик соғинганлигини англади. Балки у тирик бўлганида уни баъзи бир нотўғри қарорлардан қайтарган бўлармиди.
Гулшан ая бу хушхабардан сўнг келинига тараддуд кўришини тайинлаб, қизларини бу янгиликдан бохабар этиш учун шошилди. Йўлда кетар экан онаизор ич-ичида Яратганга шукрона ўқирди. Бутун хаёлини қамраган ёмон ўйлардан соқит бўлди. Ахир Гулшан ая у хорижга кетганидан буён кўнгли бетоқат эди. Ўғли билан қачон гаплашмасин доим сиҳат-саломатлигини суриштирар. Эркатойи болалигидан нимжонроқ ўсгани учун ҳам кўнгли ҳаловатсиз эди. Худди Шавкат сингари тунлари бедор. Аммо бугун у жигарбандини бағрига босади. Унинг дийдоридан кўксига хотиржамлик шамоли урилгач, азобли ўтган кунларни буткул унитиб юборади. Аэропортда Шавкат учун ҳам бу ҳислар тўлқинланар. Самолётга чиқиш учун қолган икки соат унинг учун жуда узун туйилар. Ҳар 5 дақиқада дўстига имларди. Унинг юзларида ҳадик яққол намоён эди. У нимагадир улгуролмаслигидан чўчиб тургандек.
– Мана самолётга чиқиш вақти бошланди. Юр дўстим.
Шавкат узоқ юролмасди. Уни темур қушга аравачада олиб чиқди. Шавкат осмонда гуё қуш каби парвоз қилаётгандек енгил нафас оларди. Уни дард тарк этгандек. У яқинлашиб борар эди... Хаёлларга шўнғиди. Абдулазиз ўтган бир ярим йил мобайнида ишда бўлиб ўтган қизиқ воқеалардан гапирар. Унинг кайфиятини кўтаришга уринарди. Бироқ ҳеч қайси бир гапи қулоғига илинмас. Гўё қулоқчин тақиб олган-у, унда фақат битта мусиқа янграб ўтаётгандек.
“Фақат ҳозир эмас... Шундоғам СЕНга яқинроқ жойдан боряпман. Уларни кўришим керак. Гўзал рафиқамнинг қўлидан бир пиёла чой ичиб, бағримга фарзандларимни босганча онам дийдорини кўрай. Опаларимнинг ширин суҳбатини эшитай! Оёқларим уйимизнинг ўнқир-чўнқир бўлиб ётган йўлакларидан яна юрсин! Деворлари нураган, замонавий пардоз кўрмаган ўша уйимизда яна тонг оттирай! Булардан мосиво қилма!..”
Шавкат, биз қўндик. Энди қишлоғимизга етиб боришимиз қолди холос. – дея дўстининг елкасига қоқиб қўйди. Шу пайт Шавкат самолётнинг дарчасидан нигоҳини дўсти томонга буриб, бемажол унга имлади. У жуда паст ва секин сўзлай бошлади.
– Юртимиздамиз, шукр... Мендан рози бўлсинла-а-ар... – дедию калимасини қайтарди. Бир зум қотиб қолган Абдулазиз дод солиб стюардессага тез ёрдам чақиришларини айтди.
– Дўстим, Шавкат, Шавка-а-ат... Мен сени уйинга елкамда кўтариб боришга ҳам тайёрман. Лекин тобутингни эмас... Уйғон.
Шифокор келиб кўрди, сабр тилаб чиқиб кетди. Абдулазиз ҳамроҳлигида Шавкатни олиб чиқишди. Ҳамма йўл бериб, ўз жойида қайта ўтирди. Ҳали эндигина 30 ёшни қаршилаган бу йигитнинг нотаниш сиймоси, қисмати барчанинг дилини ларзага солди. Абдулазизнинг кўзидаги ёш, кўксидаги фиғондан миллати ўзга стюардессалар қорачиғида оби равон шашқатор бўлди.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 6