Беняминлик бир одам жанг майдонидан қочиб, ўша куниёқ Шилўга етиб келди. У қайғудан кийимларини йиртган, бошига тупроқ сочган эди. Ўша одам Шилўга етиб келганда, Элах Худонинг Сандиғига бирор нарса бўлишидан хавотирланиб, йўл ёқасида курсида кутиб ўтирган эди. Ҳалиги одам шаҳарга кириб, бўлиб ўтган воқеаларни айтиб берган эди, бутун шаҳар аҳли дод–фарёд кўтарди. Элах шовқин–суронни эшитиб: — Нимага бунчалик шовқин? — деб сўради. Ўша одам, бўлган воқеадан Элахни хабардор қилиб қўяй деб, дарров унинг ёнига келди. Ўша пайтда Элах тўқсон саккиз ёшда бўлиб, кўзлари хиралашган, яхши кўра олмасди. Ҳалиги киши Элахга: — Мен жанг майдонидан келяпман, у ердан бугун қочиб келдим, — деди. — Нима бўлди, ўғлим? — деб сўради Элах. Хабар келтирган одам шундай деди: — Исроил лашкари Филистларнинг олдига тушиб қочди. Лашкар катта талафот кўрди. Иккала ўғлингиз — Хўфнах билан Финхаз ҳам ҳалок бўлди. Худонинг Сандиғи эса қўлдан кетди. Элах ҳали ҳам дарвоза ёнидаги курсида ўтирган эди. Хабарчи, Худонинг Сандиғини Филистлар тортиб олди, деб айтиши билан Элах курсидан орқаси билан йиқилди. Кексалиги ва семизлигидан бўйни синиб, ўша заҳоти жон берди. У Исроилда қирқ йил ҳакамлик қилган эди. Элахнинг келини — Финхазнинг хотини ҳомиладор бўлиб, яқин орада кўзи ёриши керак эди. “Худонинг Сандиғи қўлдан кетди, қайнатанг ва эринг ўлди” деган хабарни эшитиши биланоқ уни тўлғоқ тутиб қолди. У ерга чўнқайиб ўтириб, туғиб қўйди. Доя хотинлар унга ўлими олдидан: — Қўрқма, ўғил туғдинг, — дедилар. Лекин у эътибор бермади, бирор сўз ҳам айтмади. Худонинг Сандиғи қўлдан кетгани учун, қайнатаси билан эри ўлгани учун у: — Исроилдан улуғворлик кетди, — дея чақалоққа Ихабод деб исм қўйди. Кейин у яна: — Худонинг Сандиғи қўлдан кетди, Исроилдан улуғворлик кетди, — деди.
https://www.youtube.com/watch?v=hUb2o82PHIo #mudofaa #mudofaavazirligi #armiya #armiyauzbekistan #askar #harbiy
...Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев