Махзун қалбим бу тонг тўлғониб,
Юрак, сенга тилади тилак.
Ҳаёт билан курашиб, толиб,
Енгилишга шошилма юрак !
Кузлар санаб, бармоқлар хаста,
Аммо, қалбда ҳамон бор эртак.
Эшик қоқар кексалик аста,
Сен очишга шошилма юрак !
Йиллар ўтар, турна қатори,
Сен ҳам елиб аҳволинг халак.
Митти жисминг кетиб мадори,
Хорғинликка шошилма юрак !
Умр асли, сенга дўст эмас,
Бир сония бўлолмас тиргак.
На дардингу, оғриғинг сезмас,
Сен ортидан югурма юрак !
Муҳаббатсиз кимсан, нимасан..?!
Хижронларсиз яшаш не керак..?!
Хис туйғусиз бир парча этсан,
Ишқсизликка шошилма юрак !
Бўлди дема, чарчадим дема,
Дук, дук уриб, бериб тур дарак.
Хаёт уммонида сен алвон кема,
Елканларинг туширма юрак !
Қўй гапирма, ўтмиш ишини,
Мен биламан, бўлма жонсарак.
Санчса, санчар ўша нишини,
Сен чокингдан сўкилма юрак !
Ғамларни қўй, аламни ҳам қўй,
Иккимизга улар не керак.
Қара, эртам чўзаяпти бўй,
Сен эртамда, кулиб тур юрак !
Гул Баҳор
Бекобод.13.03.2023.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 57