ФАҚАТ АЛЛОҲ ДЕЯ УРГИН ЮРАГИМ
Журабек НАРЗИЙ
Баъзан ёлғиз қолсам, овутмас ҳеч ким,
Қалбимда иймоним, Яратган Ҳоким,
Аввал, Бисмиллоҳир Роҳманур Роҳим,
Кўтардим дуога икки билагим-
Фақат Аллоҳ дея ургин юрагим!
Нур кетмасин дейман отам кўзидан,
Бол томиб туради онам сўзидан,
Эртага не бўлса, фақат Ўзидан,
Ўрик гулларидек оппоқ тилагим-
Фақат Аллоҳ дея ургин юрагим!
Ким паноҳ, ким гумроҳ, қайдан биламан?!
Жонимни азоблаб нима қиламан?...
Ҳар кунимни кулиб қарши оламан!
Минг шукур, кўпларга бордур керагим-
Фақат Аллоҳ дея ургин юрагим!
Мендан олганини менга сотишар,
Роса мот қилдик деб, хандон отишар,
Синиб кетишимни интиқ кутишар,
Нокас-у, номардга келмас қарагим-
Фақат Аллоҳ дея ургин юрагим!
Эзгулик қилганим, энг бахтли вақтим,
Шундан кулса керак, бир куни бахтим,
Фаросат нелигин кеч бўлмай уқдим,
Кўнглим ойнасидек тиниқ фалагим-
Фақат Аллоҳ дея ургин юрагим!
Нега таъсирчанман, ўзим ҳам хайрон?!
Алғов-далғов бўлди, ҳисларим вайрон,
Севилиш бахтини ҳис қилдим бир он!
Бир лаҳза товланди гулгун малагим-
Фақат Аллоҳ дея ургин юрагим!
Кимга ўлжа бўлар, юрагим бу гал?!
Энди юрагимга ким берар сайқал?!
Мақсади нелигин айтишар лоқал?...
Ҳовлиқиб чалғимай тургин юрагим-
Фақат Аллоҳ дея ургин юрагим!
Ҳақорат кўзида дўстлик ҳурмати,
Билдим, тугамоқда меҳмон иззати,
Маҳлиё этмоқда ҳаёт лаззати,
Кеттик, гулзорларга ҳур капалагим-
Фақат Аллоҳ дея ургин юрагим!
Дўстларим юзимга ёпдилар эшик,
Қулоғим тагида барҳаёт қўшиқ,
Мен асли ўзимга ўзимман ошиқ,
Таскин берар қалбимдаги Зийрагим-
Фақат Аллоҳ дея ургин юрагим!
Машаққат келганда қайғурма сира,
Қиммат вақтинг зоя, кетмасин Жўра,
Эй Нарзий, сўрасанг Худодан сўра,
Ўздан сўраб, тугамайди сўроғим-
Фақат Аллоҳ дея ургин юрагим!
📝📚@Jurabek_Narziy📚📝
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев