МАНА ҚАЙНОНА.... 🌹
(воқийлик асосида ёзилди.)
Бисмиллаҳир Роҳманнир Роҳийм....
Ассалому алейкум дўстларим...
Соғ саломатмисизлар....
Эркин кўчадан қовоғини уюб уйга кирди. Торга кир илаётган Маъсума ишини ташлаб, эрини, ёнига ошиқди. Айланиб ўргилиб сўрашиш асносида қўлидаги халталарни олди. Кейин Эркинни ортидан кирди.
-- Овқат олиб келайми... қорнингиз очми?
-- Тўқман!- у хотинига қарамай гапирди.
Сўнгра хонтахта атрофида тўшалган кўрпачага ёстиқни олиб ёнбошлади.
-- Пульт қаниии?
Маъсума югуриб бориб ўғилчаси ўйнаб, хонани бир бурчагига улоқтириб кетган қурилмани олиб эрининг қўлига тутқазди. Бироз кутиб эрига тикилиб турди. Эркиннинг иккала кўзи телевизорда эканлигини кўриб, ҳовлига қилаётган ишини давом эттириш учун чиқиб кетди. Эркиннинг кўзи телевизордаю хаёли бошқа жойда эди. *Шуни нимасига уйландим... яна отаси бир йил ялинтиргандия қизини бермай. Беш йилда кампир башара бўлиб қолди. На ўзига қарайди, на уст бошига. Озиб кетганидан кўзи ичига кириб қўрқинчли бўлиб қолди. *
У яна Лайлони ўйлади... ана уни гўзал деса бўлади. Кийинишни қотириб қўяди... қандай улгураркин бўлмаса униям бола чақасии оиласи бор. Бир гапириб ўн кулади.... ҳамма ишга улгуради. Хонамизга бир кирса кечгача атирини ҳидидан бошимиз айланади.
У очиқ сочиқ кийинадиган ҳамкасби билан хотинини солиштирар экан... хотинини баттар ёмон кўриб кетди.
Маъсума кичигини аравачага солиб, катта болаларини боғчадан олиб келганда, эри телефон титкилаб ўтирар эди. У ҳам аёл сифатида эрининг ўзгаришларини пайқаган аммо нима қилишни билмасди. Бир пайтлар қандай гўзал эди. Турмушга чиқиши билан ҳомиладор бўлдию, сочи, тиши тўкила бошлади. Бирирчи фарзанди туғилдию ҳали юзига қон югурмасдан иккинчисига ҳомиладор бўлди. Катта рўзғор, тинимсиз меҳнат уни анча ҳолдан тойдирди. Иккинчиси эсини танимай учинчисини туғди. Озиб тўзиб кетди... у кейинги пайтларда тўйиб ухлашни орзу қиларди. Қани эди кечгача мазза қилиб ухласа... ҳеч ким уйғотмаса. Кийимларининг ҳам оҳори тўкилди.... бир пардоз буюмларини ҳам болалари тўкиб адо қилди.
У болаларини овқатлантириб ўтириб ҳам эридан дакки эшитди. Овқат емай кичкинасини йиғисига катталарининг тўполони қўшилиб қий чув бўлиб кетди.
-- Битта болани эплолмайсан! - ўшқирди Эркин кўзини чақчайтириб.
Маъсума гап қайтармайди.... ичида *қанақа битта учтаку * деса ҳам сиртига чиқармади. Секин ўрнидан туриб, индамасдан болаларини бошқа хонана етаклаб ўтиб кетди. Қишлоққа синглисиникига кетган қайнонасини тезроқ қайтишини Худодан сўрарди.
Эртаси куни ишхонада ҳамма ходимлар ўз иши билан эрталабдан машғўл эди. Айнан Лайло ходимлар ишлаётган хонага кириб келганида, Эркин компютерини титкилаб ўтирган эди. Аёлнинг қўнғироқдек овозидан ўзига келди.
-- Нималарни хаёл суряпсиз? - шунчаки сўради.
-- Сизни ўйлаяпман! - Эркин бу гапни қандай айтиб юборганини ҳам ўзи билмай қолди ҳатто. Аёл ҳозир уришиб беради деб ўйлаб турганида, аксинча... хандон отиб кулганини кўриб енгил тортди. Шу тариқа апоқ - чапоқ бўлиб қолишди.
Эркин ишдан кейин уйга келиб кечки овқатни тановул қилиб бўлгач, хотинига эртага - якшанба куни тоққа боришини айтиб барвақт ухлашга ётди.
Маъсума куни бўйи рўзғор ишлари, мол ҳолга қараш билан чарчаган бўлса ҳам кўзига уйқу келмади. Кўнгли негадир ғаш эди... ўзидан ўзи юраги сиқилиб кетаверди. Болаларини устига енгил чойшаб ёпгандек бўлиб, ҳовлига чиқди. Қайнонаси ҳалиям уйга кирмабди.... супада хаёл суриб ўтирарди. Келинини ёнига келиб қолганини кўриб :
-- Чарчадингиз- а болам? - дея гапида давом этди унга боқиб. Ҳозир шунақа қийин йилларингиз.... уч тўрт йил ўтсин ҳаммаси изига тушиб кетади. Болалар катта бўлишади... тўйиб ухлашга бемалол вақтингиз бўлади. Учта ўғилни орқасидан учта келин келиб қўлингизни совуқ сувга урдирмайди. - деди қайнонаси.
Маъсума секин келиб қайнонасини ёнига ўтирди. Беозор қучди ва бошини секингина қайнонасининг елкасига қўйди.
-- Ойижон. - деди секингина... Ўғлингиз эртага ким биландир тоққа кетаёпти. Телефондаги хабарларини ўқидим. - дея йиғлаб юборди.
-- Ўзи ухладими? Ҳеч қиси йўқ болам... хавотир олманг ҳаммаси жойига тушади. -дея келинини бироз овутишга ҳаракат қилди.
Хўрозлар тонгдан бутун дунёни ўз қичқириқлари билан ларзага солиб уғотиб тонг отганини баралла айтаётгандек уйғотишарди. Эркин ҳам уйқудан уйғониб, бир кўзини қисиб телефонини текшираётиб ўрнидан туриб кетди. Лайлонинг *Мен тоққа боролмайдиган бўлдим*деган хабаридан кайфияти тушиб кетди. Сигаретини олиб ҳовлига чиқди. Ҳовлидаги чорпоя устида Онаси ўтирганини кўриб шошиб қолди.
-- Она.... нима қилиб ўтирибсиз?
-- Тоққа кетсанг кузатиб қўяй дегандим.
-- Бормайдиган бўлдим.
-- Бормайдиган бўлдингми ёки боролмайдиган бўлдими?
Онасининг бу гапидан кейин Эркиннинг ичига ўт тушди.... *нимадир бўлган*
-- Маъсумани жавобини бер... анавининг ҳам эридан ажрашсин. Ўзингни болаларингни қайнотангникига олиб бориб қўйгинда, уни болалари билан олиб кел... сени ўшанингга уйлаб қўяман! Бир қучоқ ўтинга топилган харидор, хотининггаям топилади. -деди Онаси.
-- Нималар деяпсиз Онажон...
Худди шу пайт остонада Маъсума кўринди. Эркин эса баттар жахли чиқиб унга ўдағайлаб кетди.
-- Телефонимни титкиладингми?
Аёли эса ҳеч нарса демади. Шунда Онахон келинига қараб:
-- Болам нарсаларингизни йиғиштиринг... мен сиздан розиман. Тарбия берган ота онангизга раҳмат. Сизга оҳорлик кийимлар олиб беролмадим... пардоз буюмлар олиб беролмадим. Қўлингизга бир сум пул бермадим... шунда ҳам беш йил хизматимни қилдингиз, биз эса сизни қадрламадик. Энди борақолинг. - дея Онахон ўрнидан туриб келинини қучоқлаб олди. Кейин эса невараларини етаклаб таксига миндириб юборди.
Бу ёқда эса Эркин бошини эгиб нима қилишини билмасдан жим ўтирарди. Маъсума кетди.... Онаси эса у билан гаплашмай қўйди.
Эртасига яъни душанба куни Эркин ишхонасига ишга борди. Ишхонасига кираверишда Лайло билан дуч келиб қолди. Шунда Лайло кутилмаганда салом ҳам бермасдан гап бошлаб қолди.
-- Сен ҳам эркакмисан...- деди сенсираб. Онангни нима ҳаққи бор эримга қўнғироқ қиламан дейишга... у ким бўпти мени шарманда қиладиган. Мени шарманда қиламан дейишдан кўра латта боласини эплаб олсин! Аёлнинг оғзидан боди кириб шоди чиқар, башараси эса хунук бўлиб кетганди. Унинг ёқимсиз овозини эшитиш учун тепа ва паст қаватлардан деразалар биринма кетин очила бошлади.
Эркин шарманда бўлди ўз коллективи олдида. Тезгина ортига қайтиб ишхонадан чиқиб мошинасига ўтирдида, боши оққан томонга жўнаб кетди. Бироз хаёли жойига келиб, ён атроф қаради.... аллақачон шаҳардан ташқарига чиқиб кетганди. У мошинасини тўхтатиб, сигарет чекди. Лайлони оғзидан тупиргичи сачраб гапираётган турқи кўз олдига келиб дили оғриди. Беш йилда кўзига тик боқмаган аёлини кўз олдига келтирди. Ўз ўзидан кўзига ёш келаверди.
Болаларини бир кундаёқ соғиниб қолганини ҳис қилди. Кейин эса шартта ўтирдида, уйи томон жўнади. Уйига етиб келгач, машинадан тушибоқ ҳовлисига бақириб кирди.
-- Она юринг Маъсумани олиб келамиз!-деб.
-- Нима қиласан уни?-сўради Онахон.
-- Хотинимку у.... соғиндим. - дея ҳазиллашишга уринди.
-- Бунинг қарангга...... Маъсумахон қизим... манави даловча сизни соғинибди, бир қараб юборинг!- деди Онахон ошхонага қараб.
Ичкаридан эса бугун қайнонаси олиб берган оҳорли кўйлакларда салгина пардоз билан гулдай очилиб кетган Маъсума бир туп атиргулдек очилиб турарди.
-- Ассалому алейкум...
Эркин хотинини илк бор кўргандек тикилиб қолди.
-- Қани юринглар сизларга банан олиб бераман.- дея невараларини қўлидан тутган Онахон эшикка қараб юрар экан, беш йилда қизидек бўлиб қолган келинига кўзини қисиб қўйди.
Ана шундай қайноналар кўпайсин... вақтингизни аямасдан ўқиганингиз учун ўз миннатдорчилигимни билдираман.
Крикдуши //Шухрат.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев