Ёз фасли бўлишига қарамай, негадир ҳавонинг авзойи айниган. Бирдан шамол туриб, дарахт шохларини у ёқдан бу ёққа важоҳат билан силкита бошлади. Шу пайт “қарс” этган овоздан чўчиб тушдим. Нақ юрагим ёрилай деди. Ўзи шундоқ ҳам ваҳима чулғаган қалбимни қандайдир нотаниш қўрқув эгаллаб олди.
Ингроқ овозда нафас олишингизга тикилиб ўтириб, узоқ ўйга чўмдим. Бўлиб ўтган бу воқеалар ҳақида ҳали ҳеч кимга гапириб бермаганман. Тўғрироғи, қилаётган ишимнинг хато эканини энди англаб етяпман. Сизнинг олдингиздаги гуноҳларимни қандай ювар эканман, деган савол ич-этимни кемираяпти. Бунинг иложи бормикин ўзи, ҳайронман.
Эндигина келин бўлиб тушган дамларим ҳанузгача ёдимда. Орзу-ҳавас билан ўғил уйлантириб, келин туширганингиздан қувончингиз ичингизга сиғмас эди. Елиб-югуриб ҳовлида иш қилиб юрган кезларим, қўни-қўшниларни йиғиб келиб мен билан мақтанмоқчи бўлардингиз. Гарчи буни билдирмасликка уринсангиз-да, барини шундоққина сезиб турардим. Дастурхонга овқат олиб келганимда эса ҳали татиб улгурмай, мақтовни келтиришни бошлардингиз.
— Мастурахон қўлингиз дард кўрмасин, овқатингиз бирам ширин чиқибдики, — деган сўзларингиз мен учун оддий ҳолга айланиб қолганди.
Бора-бора хонадоннинг эрка келинига айланиб олдим. Оилада ўз ўрним ва мавқеим бор эди. Ҳамма ишларни ўзим қилганим боис, сизнинг баъзан келиб “ундай-қилинг, бундай қилинг”, деб ақл ўргатишларингиз малол кела бошлади.
Бир куни қайнотам ва ўғлингизни ишга кузатгач, ошхонага кириб, идишларни юваётган эдим. Ҳолсизгина олдимга келиб, эшикка суянганча:
— Болам мана шу кирларимни ювиб берсангиз-чи, ўзимни сал тобим бўлмай турибди-да, — деб менга илтижонамо тикилиб турганингиз ҳали ҳам кўз ўнгимдан кетмайди. Мен-чи, мен нима қилдим. Шайтоннинг измига кириб:
— Вой-бў, шунча ишим турибди-ку, ташлаб қўйинг, юварман —деб зарда билан жавоб қилдим. Жуда ғўр бўлган эканман ўша пайтларда. Инсон қадр-қиммати нима эканини энди тушуна бошлаяпман.
Шу-шу сиз ҳам менга ортиқча иш буюрмай қўйдингиз. Лекин мен ўзгара бошлагандим. Секин-аста тобингиз бўлмай, тўшакка михланиб қолдингиз. Эҳ, ўшанда ичим торлик қилгунча, хизматингизни қилиб дуо олсам бўлмасмиди-я. Иккимиз ёлғиз қолган вақтларимиз, сизни жеркиб-жеркиб гапирадиган одат чиқардим.
Бир куни тушликка мастава қилдим. Ўзим ошхонада ўтириб ичиб олгач, косада сизга ҳам олиб кирдим.
— Ойи, туринг овқат олиб келдим, ичинг.— Аввал “ойижон” деб сайраган тилларим, энди “ойи”ни базўр тилга оларди.
Жон болам, бир пиёлагина кўк чой дамлаб келсангиз бўларкан-да, она-бола ўтириб овқатланардик. Бу дамларимиз ҳам ғанимат.
Э, мен овқатланиб бўлдим. Ўзи суюқ овқат бўлса, чойнинг нимага кераги бор, — деб ғўлдираганча чиқиб кетдим.
Уйга бирор ким келиб қолган вақтларда эса ўзимни меҳрибон қилиб кўрсатишга уринардим. Бу гапларнинг ўғлингиз ёки қайнотамнинг қулоғига етиб боришидан чўчирдим ҳам.
Энди эса мана ўша ҳунарларим учун афсус-надоматлар чекиб ўтирибман. Лекин кеч, жуда кеч.
Вақт ўтиб фарзандли ҳам бўлдим. Унга бор меҳру-эътиборимни бериб улғайтира бошладим. Лекин у сизни мендан кўра кўпроқ яхши кўрарди. Уни эркалаб қўлларига тутқизган нарсаларингизни шарт юлиб олардим-да, уни чинқиратганча, олиб қўярдим. Сизга зарда қилиш учун ўғлимни калтаклардим. Ўшанда кўнглингизни қаттиқ оғритган бўлсам керак-а?
Аҳволингиз кундан-кунга оғирлашиб бораётганини кўриб қайнотам кичик ўғлингизни уйлантиришга қарор қилди. Ўғлининг тўйини кўриб қолсин дедими? Келинни қидириб овора ҳам бўлмадик. Ўзининг учрашиб юрадиган қизи бор экан. Орқаваротдан суриштирсак, институтнинг охирги босқичида ўқир экан. Ҳа, роса ўйнатадиган келин экан-да, деб кўнглимдан ўтказдим. Лекин хато ўйлаган эканман, ҳаммаси аксинча бўлиб чиқди. Кўнглимдагиларни унга билдирмасликка уринсам-да, ич-ичимдан унга қойил қолардим. Келин бўлиб тушганининг эртасигаёқ, ҳовлидаги юмушларга киришиб кетди. Атрофингизда эрта-ю, кеч парвона эди.
Ҳали овқат олиб кирган, ҳали алламбало пишириқлар пиширади. Чойни айтмаса ҳам бўлади. Соатига янгилаб турарди. Бир қараса сизни ювиб-тараган, уст-бошингизни алмаштирган. Уни узундан-узун дуо қилардингиз. Шу дуоларингиз туфайлими, бугун сира кам бўлмаяпти.
Овсиним бу каби ҳаракатлари билан менга ойна тутгандек бўлди. Қўшнилар кирганда, ёқтирмай бир-икки ўқрайиб берганимдан кейин қадами узилиб кетган эди. Янги келиннинг мулозаматли эканини кўргач, яна серқатнов бўлиб қолишди. Бири кетса, бошқаси кириб келарди. Сизнинг бир одатингиз яхши эсимда, қўшниларингизни жуда яхши кўрардингиз. Тўшакда инграб ётган бўлсангиз-да, улар келиши билан жонланиб қолардингиз.
Ўша куни ҳам Карима опа билан анча тетик гаплашиб ўтирган экансиз. Ўғлимни боғчага ташлаб уйга қайтдим. Қия очиқ дарвозадан уйга кириб кетаётиб, бехос сизларни гапингиз қулоғимга чалинди.
Садоқат опа бу иккинчи келинингиз жуда шинаванда чиқди-да а?
Нимасини айтасиз.
Каттангизни ортда қолдириб кетдими дейман-да.
— Ие, бу нима деганингиз. Она ҳам болаларини ажратар эканми? Уларнинг иккиси ҳам фарзандларим бўлса, бирини кам, бирини кўп кўриб бўладими? Каттаси ҳам кичиги ҳам менга бирдек меҳрибон.
Бу сўзларингиз юрагимга ханжардек санчилди. Ўшанда менинг қилгиликларимни айтиб, ёмонлаб-ёмонлаб ташласангиз бўлмасмиди? Ахир мен сиз учун мақтовга лойиқ бирор иш қилганим йўқ-ку. Фарзандим дедингиз, фарзанд бўлиб нима қилиб бердим.
Кичик келиннинг ҳаракатлари-ю, сизнинг бу сўзларингиз кўзимни мошдек очди. Лекин бир савол менга тинчлик бермасди сира. Сизнинг дуоларингизни олишга, хизматингизни қилишга кеч бўлмадимикин?
Охирги вақтларда тез-тез шифокор чақирадиган бўлиб қолдик. Бир куни қон босимингиз ошиб кетади. Яна бир кун этим қақшаяпти, дейсиз Шундай вақтларда кунингизга кичик келинингиз яради. Ҳали у шифокорга телефон қилган, ҳали бунисига. Дориханага чопган ҳам ўша. Кундуз кунлари эркаклар ишга кетишарди. Малоҳат эса ўқишга боришдан аввал сиздан ҳол-аҳвол сўрарди. Агар бироз тобингиз йўқлини кўрса, уйда қоларди.
Ҳамма хатоларимни тушуниб етган, кўзим очилган бўлса-да, лекин энди сизга меҳрибончилик қилишга Малоҳат изн бермасди. Нима бўлса ўзи югурарди. Мени ҳаракат қилишимга имкон қолмаганди.
Ҳолатингиз оғирлаша бошлагач, ўқишидан бутунлай жавоб олиб келиб, тепангиздан бир қадам ҳам жилмай ўтирди.
— Келинойижон, ойижонимиз бахтимизга омон бўлсинлар-да. Бунақа меҳрибон, кўнгли очиқ аёлни учратмагандим. Бундай инсонларнинг дуолари ҳам ижобат бўлади. Шундан доим бизни дуо қилинг деганим деган, — деб ярамга қайта-қайта туз сепарди Малоҳат.
Бугун уни алдаб-сулдаб, имтиҳонлардан қолиб кетманг, деб аранг ўқишига жўнатдим. Тўғрироғи, сиз билан бироз бўлса-да ёлғиз қолгим келди. Мана ҳозир тепангизда ўтирибман. Ухлаб ётганингизга термулиб, ҳақиқатан яхши инсон эканингизни тушунаяпман. Ўрнингизда бошқа қайнона бўлганида сизга қилган муомалаларимга сира ҳам тоқат қилмасди. Бир кунда жавобимни бердириб юборарди. Сиз-чи, сиз ҳалигача ўғлиларингизга “Меникидек тилла келинлар ҳеч кимда йўқ”, дейсиз.
Кўзларимга ёш тўлиб, юрагим беҳузур бўла бошлаяпти. Ўзимни тутиб тура олмаяпман. Аччиқ-аччиқ йиғлаб ичимдаги аламларни чиқаргим келаяпти. Шу пайт ингроқ овозда
— Мастурахон, — деганингиз менга бир қувончли хабардек бўлиб янгради.
Кўзёшларимни апил-тапил артиб,
Лаббай, ойижон — деб ёнингизга ўтирдим.
Тинчликми болам, нега йиғладингиз?
Ҳўрлигим ошгандан-ошиб, унсиз инграшим қаттиқ йиғига айланиб кетди.
— Ойижон илтимос мени кечиринг, кўр бўлган эканман. Илтимос ойижон.
Бола ҳам онасидан кечирим сўрар эканми? Бу нима деганингиз. Ундай деманг, кечирим сўрайдиган ишнинг ўзи йўқ, — шундай деб мени юмшоққина бағрингизга босдингиз. Келин бўлиб тушганимга олти йил бўлиб, биринчи марта сизни маҳкам қучоқладим. Энди сира қўйиб юбормайман. Илойим, менинг бахтимга, бизнинг бахтимизга узоқ умр кўринг ойижон.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 3