Август оёқламай туриб, осмонга булут чиқа бошлади. Куз яқин! Ҳадемай деҳқонларни шошириб, ёмғир сепаласа ажабмас.
Узумзорнинг қоқ ўртасига икки қаватли қилиб чайла қурганмиз, атроф кафтдек кўринади. Туш пайти бобом келиб, токзорни кўздан кечирди.
- Маккорлар узумни ғўжала қип кетибди-да?
Тулкини маккор деймиз. Тулки узумга ўч. Бир одати ёмон, қорни тўйса ҳам атайлаб қилгандай анча узумни узиб, топтаб кетади.
- Оқшом келган.
- Олапарни опкелмадингми?
- Бугун опкеламан.
- Қани, чайладан туш. Бир жойга бориб келамиз.
Чайладан тушиб сўрадим.
- Қаерга борамиз?
- Умматникига. Битта қўчқори бор экан, шуни сотиб оламиз.
Жойимда таққа тўхтадим.
- Бобо, у қўчқорни кўрганмисиз ҳеч? У қўчқормас, тирриқ чумоли. Касалманд, баъзур юради. Ўғли даштга эшакка ортиб келади. Ўзига қолса келолмайди. Бир оёғи чўлоқ ҳам. Даштда юриб, бир чимдим ўт еганини кўрганим йўқ.
- Юравер.
- Нима қиласиз у қўчқорни?
- Боқамиз.
- Э, у семирмайди.
Бобом индамай қадам ташлади. Уммат аканинг уйига етай-етай деганимизда бобом менга синчиков қаради.
- Шу қўчқорни олишим шарт. Миқ этма.
- Хўп.
Уммат ака қўл учида кун кечирарди. Ўзи касалманд. Топгани дори-дармонга кетади. Болалари ҳали ёш, катта ўғли саккизинчи синфда ўқийди. Ҳовлисида битта шу қўчқордан бошга бирорта туёқ йўқ.
Бобом у билан қуюқ сўрашди. Уммат ака самимий инсон эди. Бели оғрияпти шекилли, ҳар-ҳар замон афтини буриштириб оларди.
- Буйрак қандай?
- Қийнаяпти.
- Худо шифо берсин. Мачитдаги чоллардан эшитдим, қўчқор сотмоқчи экансан?
- Ҳа. Касалхонага бормасам бўлмайди, аҳволим чатоқроқ.
- Қани қўчқор?
- Қўрада.
Қўрада мушукдан сал каттароқ қўчқор дорда турган дорбоздай қалтираб турарди. Бизга эътибор бермади. Афтидан, калласи ҳам кетганга ўхшайди. У шу қадар жонсиз кўринардики, уни қўчқор дейишга истиҳола қиласан.
- Нечпул дейсан?
- Кўнглингиздан чиқариб бирнима бераверинг. Бу қўчқор пулига талашадиган қўчқор эмас.
- Кўнглингдагини айт. Айтавер. Буни эти бўлмаса ҳам жони борку.
Уммат ака ўйланиб қолди.
- Икки юз беринг, бўлди.
- Икки юз?
- Қиммат айтдимми?
- Бир миллион бераман.
- Ҳазиллашманг.
Бобом белбоғидан бир тахлам ўн мингталик олди.
- Бир миллон. Баракасини бер.
Уммат ака бир қўчқорга, бир бобомга қаради.
- Буни бозорга опчиқсам уч юзга кетиши даргумон. Сиз...
- Олавер. Мен буни боқиб, бир ярим миллонга сотаман.
Уммат ака олмайман деб оёқ тираб олди. Бобом унинг чўнтагига бир тахлам пулни тиқди.
- Барака?
- Бобо...
- Барака деяпман.
- Б-барака...
Қўчқорни кўчага етаклаб чиқдим. Юргиси йўқ. Оз юрмай ҳолсизланиб ётиб қолди. Кўтариб олдим. Тўғри чайлага олиб бориб, қозиққа боғлаб қўйдим.
Бобом анча орқада қолиб кетганди, келгунларича қўчқор ҳаром қотди. Тепада ётиб уни ўлганини сезмай қолибман. Бобом роса уришади деб юрак ҳовучладим. Аммо бобом миқ этмади. Қўлига пичоқ олиб, қўчқорнинг терисини шилди, гўштини нимта-нимата қилди.
- Олапарга берасан. Мен уйга кетдим.
Бобом жуда хотиржам эди. Ҳайрон қолдим. Бир миллион ҳавога учиб кетдику.
Кечқурун бобомдан сўрадим.
- Қўчқорнинг ўлиши аниқ эди, нега сотиб олдингиз? Қўчқор ўлди, бу дегани бир миллионга куйдингиз, сиз ҳеч нима содир бўлмагандай қувноқ юрибсиз?
- Қўчқорни ўлишини бир қарашда сезгандим. Одамлардан эшитдим, Уммат бозорга опчиқиб, икки бозордан бери сотолмаётган экан. Мазаси йўқку. Биласан, у бироз қайсар одам, пул берсанг олмайди. Шу бечорага ёрдам берай дедим-да. Муҳими ёрдам бердик унга, қўчқори ўладими йўқми, бу менга қизиқ эмас.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 1