— Бу сенга, — Акобир қўлидаги пакетни аёлига тутқазди-да, оёқ кийимини ечиб, ичкарига кирди.
— Вой, булар ҳаммаси мен учунми? — ёш боладек қувонди Лазокат. — Ўрик шарбати жуда мазали-да!
Хотинининг қувончдан сакрашини кўрган Акобир мийиғида жилмайди.
— Бу ҳали ҳолва, — деди сўнгра пичирлаб. — Ҳали сенга шунақа кутилмаган совғаларим борки, оғзинг ланг очилиб қолади.
— Яхши келдингми, ўғлим? Чарчамадингми?
Акобир иккинчи қаватдан тушиб келаётган қайнотаси — Сарвар акани кўрди-да, юзидаги табассумни жиддий қиёфага алмаштирди.
— Раҳмат, Худога шукр.
— Муаммоларингиз йўқми?
— Йўқ…
— Ҳа, энди, — Сарвар ака қаддини ғоз тутди, — мендек қайнотангиз бўлганидан кейин муаммо қаердан ҳам бўлсин… Тўғрими?
Акобирнинг ич-этини ит тирнагандек бўлди. Лекин кўнглидагиларини ташқарига чиқармади. Шундай бўлса-да, қайнотаси унинг кўнглидагиларни сезди.
— Зўрға чидаяпсиз, а, таъналаримга? Унда нега ҳалиям бу ердасиз? Нега ичкуёвлик деган тамғани кўтариб юрибсиз?! Очиғи, сизни жон деб ҳайдаб юборган бўлардим-у, аммо қизимнинг тақдирини ўйлайман-да. Тўғри, унга нега уйланганингизни биламан. Мана шу, — дея Сарвар ака қулочини ёйди, — ҳашаматли уй учун. Бойликлар учун. Мен олиб берган машина учун. Аммо қизим бу дунёдан ёлғиз ўтмаслиги учун сиздек куёвга ҳам рози бўлдим. Майли, сизниям бошингизни оғритиб юбордим. Хонангизга бора қолинг. Чарчагандирсиз?!
Акобир бу каби гапларни деярли ҳар куни эшитарди. Шунинг учун парво қилмади. Қайнотасига қараб:
— Нега бунақа дейсиз, дадажон, менга уйингиз эмас, қизингиз керак, сизни ҳам жуда ҳурмат қиламан, — деганча хонасига кириб кетди.
Лазокат ўрик шарбати тўлдирилган стаканни қўлига олганча ўйланиб ўтирарган экан, эрини кўрди-ю, шартта ўрнидан турди.
— Дадам яна гапирдими? — деди эрига ҳамдардона тикилиб.
— Қўявер, дадангни биласан-ку! Ҳар кўрганда нимадир демаса, кўнгли жойига тушмайди.
— Хафа бўлмадингизми?
— Йўқ, ўрганиб кетганман. Бу уйга сен учун келдим. Чунки биласан, меҳрибонлик уйида катта бўлганман. Шунинг учун бошимни эгиб бўлса-да, сен қийналмаслигинг учун шу қисматга розиман.
Акобир ўзига ёш болалардек тикилиб турган аёлининг юзини силаб қўйди.
— Мен ҳеч кимга ҳеч қачон ҳисоб бермайман! Ҳеч кимдан қарзим ҳам йўқ! — бор овози билан бақирарди Сарвар ака. — Ўша одамингизга ҳам айтиб қўйинг. Фирмам доим ўз шартномасини вақтида бажаради.
— Биламан, жаноб, шунинг учун ҳам собиқ шеригингиз даъвосини суддан қайтариб олибди. Фирмадан ҳеч қандай улуш олмайман, дебди.
— Бошқа иложи ҳам йўқ эди-да… Менга қара, бир нарсани билиб қўй ва ўша одамга ҳам шу гапимни етказ. Мен ўзим ёмон кўрган одамларни, ўзимга душман деб билган одамларни аяб ўтирмайман. Уларни тавбасига таянтириш учун ҳамма нарсага тайёрман, ҳатто ўз жигарларимга озор беришга ҳам…
Сарвар ака икки йил олдин бўлиб ўтган воқеага ишора қилганди. Яъни ўшанда рақобатчилари унинг акасини касодга учратишган, у эса акасига ёрдам беришни истамаганди. Чунки бу унга қимматга тушарди. Шу боис гарчи акаси ялиниб-ёлворса-да, ёрдам бермади. Акасини уйидан қувиб солди…
Сарвар ака телефоннинг қизил тугмачасини босди-да:
— Сени ҳам туғилганингга пушаймон қиламан, куёв! — деди нафрат аралаш. — Қизим менга меросхўр набира туғиб берсин, кейин баҳрингдан ўтаман. Шундай қиламанки, қандай бадном бўлганингни сезмай ҳам қоласан! Чунки менинг уйимда тиланчиларга жой йўқ!.
Негадир безовта бўлиб, Лазокат ярим тунда уйғониб кетди. Хонасидан чиқди-ю:
— А-а-а-а-а-а! — деб бақириб юборди.
Унинг овозини эшитган Акобир хонадан югуриб чиқди-да, залнинг чироғини ёқди. Кейин ерга ўтириб олганча йиғлаётган хотинининг ёнига келди.
— Нима бўлди сенга? Тинчликми? Нимадан қўрқдинг?
— Қандайдир махлуқ, эшик олдида қандайдир махлуқ ўтирганди, — деди Лазокат зўрға нафас олганча ҳожатхона эшигини кўрсатиб.
— Қанақа махлуқ, Лазокат?! — хотинини тинчлантиришга уринди эркак. — Ахир у ерда ҳеч нарса йўқ-ку!
Аёл ҳеч нарса демади. Эрига йиғидан шишиб кетган кўзларини тикди. Акобир:
— Бўлди, хотиржам бўл, кўзингга кўрингандир, энди юр, ухлаймиз, — деди-да, хонасига кириб кетди.
Акобир ишдан қайтаркан, яна юрагига ғулғула тушди. Ичкарига кириши билан йўлидан чиқадиган қайнотасининг нималар деб таъна қилишини тахминан чамалади. Бироқ, барибир, уйга кириши шарт. Шунинг учун чуқур нафас олди-да, дарвоза қўнғироғини босди. Бироздан кейин эса дарвоза очилиб, қаршисида Сарвар ака пайдо бўлди.
— Ие, келинг, қани, ичкарига киринг-чи, — деди пичинг аралаш. — Нималар қилиб юрибсиз?
Акобир ҳайрон бўлди.
— Нималар қилиб юрибман? Нима қилибман?
— Қизимни сенга ақлдан озиши учун турмушга берганманми? — ғазабини сочди қайнота.
Лекин Акобир пинагини ҳам бузмади.
— Йўқ, нимайди?
— Кеча кечқурун нима бўлди? Нима қилдинг уни?
— Э, гап бу ёқда денг. У хонадан чиққанида кўзига махлуқми-ей, ажинамией, шунга ўхшаган нарса кўринибди. Мен ҳам бақирганидан кейин уйғониб кетдим. Наҳотки унинг овозини эшитмаган бўлсангиз? Отасиз-ку, қулоғингиз том битган экан, майли, аммо қизингизнинг қийналганини қалбингиз ҳис қилмадими? Ёки Худо қалбдан ҳам қисганми, а?
Сарвар аканинг ранги оқариб кетди. У доим бошини эгиб, таъналарни индамай эшитиб турадиган куёвидан бунақа гапларни кутмаганди.
— Менга қара, — деди эркак кўрсаткич бармоғини ниқтаб, — агар қизимга бир нарса бўлса, сен жавоб берасан! Ўзи шундоғам касалманд. Қолаверса, яккаю ёлғиз фарзандим у.
— Сиз ҳам бир нарсани эсингиздан чиқарманг, Лазокат сизнинг қизингиз бўлса, менинг турмуш ўртоғим. Менинг ҳам бу дунёда ундан бошқа ҳеч кимим йўқ. Мен ҳам у ҳақда сиздан кам қайғурмайман! Энди эса хонамга борсам.
Акобир, аслида, бу гапларни айтмоқчи эмасди. Бироқ бошини эгиб туришга ортиқ бардоши чидамади. Шунинг учун ичидагиларни тўкиб солди. У хонага кириб келганида Лазокат шифтга термилганча ётарди. Аёл турмуш ўртоғининг келганини кўрди-ю, ўрнидан қўзғалди.
— Яхши келдингизми? — деди ҳорғин овозда.
Акобир хотинини ўрнидан тургани қўймади.
— Ётавер, ўзингни уринтирма. Аҳволинг яхшими?
— Раҳмат, ўзингиз чарчамадингизми?
— Йўқ. Фақат дадангнинг гапларини ҳисобга олмаганда…
Лазокат синиқ жилмайди.
— Биласиз-ку, дадамни. Ҳам бугун аҳволимни кўриб, анча сиқилди. Сизни айбдор қилди. Мен тушунтирдим, лекин…
— Хижолат бўлма, ўзим ҳаммасини тушунтириб қўйдим.
Акобир ўзи олиб келган шарбатдан бир стакан қўйиб аёлига узатди.
— Ич, бунда витамин кўп, сенга қувват бўлади. Менга қара, шу уйдан кўчиб кетсак, дегандим…
Лазокатнинг пешонасида чуқур чизиқлар пайдо бўлди. Кўзлари каттариб кетди.
— Қаерга борамиз?
— Ишим юришай деб турибди. Озроқ пул жамғарганман, биласан. Ўшанга бирорта уйни ижарага олсак. Кейинчалик алоҳида уй ҳам сотиб оламиз.
— Лекин дадам-чи?.. Унинг ўзини қандай ташлаб кетамиз?
— Ёш бола эмас-ку! Бир кунини кўрар!
— Йўқ, бундай қилолмаймиз. Дадамнинг мендан бошқа суянадиган одами йўқ, биласиз-ку!
Акобир каравотни асабий муштлади. Кейин хотинига қараб, аччиқ кулди:
— Майли, сен айтгандек бўла қолсин.
Кутилмаган янгилик Сарвар акани қувонтириб юборди. Ниҳоят, орзуси амалга ошишини, қизининг ҳаётини ўзгартириб юбориши мумкинлигини билгач, ҳамма нарсани унутди. Ҳозиргина суҳбатлашган ёрдамчиси билан алоқани узаркан:
— Ана энди лаънати боқиманда куёвимдан қутуламан. Уни нега ёмон кўраман, билмайман, билганим унга қизим эмас, бойликларим керак.
Сарвар аканинг ёдига бундан олти ой олдин содир бўлган воқеа келди.
— Дада, танишинг, бу — Акобир ака.
Сарвар ака қизи билан бирга келган йигитга бир муддат қараб турди. Йигит ҳам ундан кўзини узмади. Ерга қарамади, тик қараб тураверди.
— Яхш йигитга ўхшайди, — деди кейин уларга ўтиришга жой кўрсатиб.
— Ҳа, — кулганча мақтади Лазокат, — жуда яхшилар. Дадажон, биз турмуш қурмоқчимиз…
Лазокат Сарвар аканинг яккаю ёлғиз қизи эди. Шу боисдан ёшлигидан эрка, отасига ҳамма гапни очиқ айтадиган қиз бўлиб улғайди. У қандай гап айтмасин, тўғрими ёки нотўғри, отаси қизини койимасди. Шу боисдан ҳозир ҳам кўнглидагиларни айтаверди.
— Турмуш қурмоқчисиз? — ҳайрон бўлди Сарвар ака. — Хўш, мулла йигит, қаерда яшайсиз?
— Ётоқхонада, — деди Акобир, — университетда ўқийман.
— Курсдошмисизлар?
— Ҳа…
— Ота-онангиз нима иш қилади?
Акобир бошини эгди. Унинг ҳолатини сезган Лазокат эса:
— Дада, унинг ота-онаси ёшлигида ўлиб кетишган, — деди.
Сарвар аканинг юзифодаси ўзгарди.
— Етимман, денг…
Акобир ялт этиб қаради. Кўзларида ғазаб учқунлари пайдо бўлди.
— Бу нима деганингиз, дада? — дея отасига гина аралаш қаради Лазокат.
— Нима бўларди, қизим? Сен олдимга кимни бошлаб келдинг? Шу келиб чиқишининг тайини йўқ йигитними?
Сарвар ака бу йигитни куёв қилишни истамади. Аммо қизи қарорида қатъий туриб олгач, унинг раъйига киришга мажбур бўлди. Аслида, касалманд қизига тўрт мучаси соғлом, ақлан етук куёв топилганидан қувонса-да, Акобирга нисбатан қалбида, барибир, илиқлик уйғонмади. Кейин ўзича мақсад қўйди: «Қизим меросхўр туғиб берсин, бу куёвни йўлини қилиб уйдан ҳайдаб юбораман». Шундан бери Сарвар ака Акобирни уйдан бездиришга, қизига эса куёвини ёмон кўрсатишга ҳаракат қилади.
Лазокат доимгидек чанқади. Эрини уйғотмоқчи эди, Акобир уйғонмади. Кейин аёлнинг ўзи ташқарига мўралади. Ошхонага кириб, энди музлаткични очганди, ичкарида ўзига кўзлари ёнганча термилиб турган махлуқни кўриб, қўрқиб кетди.
— А-а-а-а-а-а-а-а! — дея бақириб юборди жонҳолатда.
Шу заҳоти ошхонага Акобир югуриб келди.
— Нима бўлди сенга?! — деди бошини чангаллаб олган рафиқасига қараб. — Нима гап?
— Музлаткичда, — дея қўли билан музлаткич томонга ишора қилган аёл, — махлуқ!
— Қанақа махлуқ? — деганча Акобир музлаткичнинг эшигини очди. — Ҳеч нарса йўқ-ку! Чарчабсан, ҳозир деразани очаман, тоза ҳаво киради.
Акобир энди деразани очганди ҳамки, ошхонага Сарвар ака кириб келди.
— Тинчликми, қизим?! — дея ҳамон бошини чангаллаганча ўтирган қизининг ёнига чўкди. — Нима бўлди?
Аёлининг ўрнига Акобир жавоб қайтарди:
— Кўзига аллақандай махлуқ кўринибди. Қарадим, ҳеч нарса йўқ. Қизингиз қаттиқ чарчаган кўринади.
— Сен…
— Нима мен? — қайнотасининг гапини бўлди Акобир. — Мен айбдорманми? Ахир мен сиздан кам қайғураётганим йўқ!
Сарвар ака қизини маҳкам бағрига босди:
— Қўрқма, қизим, ҳали ҳаммаси ўтиб кетади. Бир ҳафтадан кейин сени аммангникига жўнатаман, дам олиб келасан. Биз эса куёв билан ишдаги муаммоларни бафуржа ҳал қилиб оламиз.
Бир ҳафта ичида Лазокат ҳар куни ўша кўзи ёнадиган махлуққа дуч келаверди. Бу орада эси кирди-чиқди бўлиб қолди. Сарвар ака эса бунда куёвини айблар, уни уйдан йўқотишнинг йўлларини изларди.
Кунларнинг бирида куёвининг юкларини йиғиштираётганини кўриб қолди.
— Йўл бўлсин?! — деди нарсаларини сумкасига солаётган куёвига қараб. — Қаерга отландингиз?
— Кетяпман.
— Кетяпсиз? Наҳотки?! Қизим энди сизга керак бўлмай қолди, шундайми? Эси кирди-чиқди бўлиб қолди, шунақами? Пуллар-чи, бойлигимни ташлаб кетасизми?
— Ҳа, шундай…
— Сабаб?
— Чунки ўз вазифамни бажариб бўлдим.
— Вазифа?
— Ҳа, менга пуллар керак эмасди!
— Унда нима керак эди?
Акобир сумкасидан қандайдир қўғирчоқни олдида, қайнотасига узатди.
— Мана бу.
— Нима бу? — деди Сарвар ака ҳеч нарсани тушунмай.
— Ҳозир тушуниб оласиз.
Акобир хонанинг пардаларини ёпди, кейин чироқни ўчирди. Хонага ғира-шира қоронғилик чўкди. Сўнг қандайдир тугмачани босди.
— Қаранг.
— Нимага? — деди куёвидан кўз узмаётган эркак.
— Қўлингиздагига!
Сарвар ака қўлидаги қўғирчоққа қарадию, сесканиб кетди. Қўғирчоқнинг юзи жуда бадбашара, кўзи эса йилтираб турарди. Шундагина Сарвар ака ҳаммасини англади.
— Демак, мақсадинг қизимни…
— Ақлдан оздириш эди, — дея қайнотасининг гапини давом эттирди Акобир, — Жинни қилиш!
— Ўв, — Акобирнинг ёқасини чангаллади Сарвар ака, — сен бола нималар деяпсан?! Агар хоҳласам, бошингга итнинг кунини солишимни биласанми, тирранча?!
Акобирнинг қайнотасининг қўлларини силтаб ташлади.
— Қиладиганингизни қилиб бўлгансиз! Бундан ҳам ортиғини қилгансиз! Эсланг, сизнинг ҳийлангизга учиб, сизни севиб қолган Жамилани эсланг! Сиз қоп-қоп ваъдалар бериб, кейин итдек хор қилиб ташлаб кетган Жамилани эсланг! Ифлос ишларингизга чидай олмай, номуссизликка чидай олмай, ақлдан озган Жамилани эсланг! Бошқа оилангиз борлигини, қизингиз
борлигини билганида не кўйга тушган Жамилани эсланг!
Ҳалиям шукр қилинг, қизингиз тирик! Мен эса онамнинг жонсиз жасади устида қон-қон йиғлаганман! Кейин мени меҳрибонлик уйига элтиб ташлашган! Онадан эрта айрилиш азобини сиз қаердан ҳам билардингиз?
Сарвар аканинг лабларититради, киприклари пирпиради. Бояги важоҳатидан асар ҳам қолмаган, ўрнини айбдорлик ҳисси эгаллаганди. Чунки у ҳаммасини эслаганди…
— Демак, демак, сен Жамиланинг ўғлимисан?!
— Ҳа!
Сарвар ака чўккалаб қолди. Акобир эса сумкасини елкасига осди-да, эшикни қарсиллатиб ёпганча чиқиб кетди.
Эртаси куни мудҳиш хабар тарқалди: Сарвар аканинг қизи касалхонада вафот этибди..
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 3