“Мурувват уйи”нинг тунлари узун.
Узун тунларда Давлатмурод бобо узун-узун ўйлайди. Ўйининг тагига ета олмайди…
Кўзининг олдига қишлоғининг икки четида баланд тераклар ўсган кўчаси келади. Болалиги ўтган уй, чучмомалар терган Шомқочди дашти, гулдурамайдиган Гулдуртепа келади.
Кўзини очса, шундайгина Қозонариқ четида, бўтакўзлар ичида ётиб, тепасида чулдираётган муллатўрғайни кўрадигандек.
Кўзини бирпас очмай ётса, кимгинадир секингина қўлидаги қизғалдоқ билан юзини қитиқлайдигандек.
Кимгина Зарбуви бўлади. Зарбувининг ҳар кокили зар бўлади. Зарбуви сулув бўлади. Зарбувининг сўзлари мулойим бўлади.
Давлатмурод бобо кўзини очмай ётаверади. Зарбувини кутади.
Зарбуви келавермайди.
Давлатмурод бобо кўзини очади. Тепасида осмонни кўрмайди, муллатўрғайни кўрмайди.
Давлатмурод бобо тепасида “Мурувват уйи”нинг шифтини кўради.
− Эҳ, бургутдек ёшлик бирпасда ўтди-кетди, − пичирлайди Давлатмурод бобо.
2.
“Мурувват уйи”да кечроқ тонг отади.
Давлатмурод бобо ундан ҳам кеч туради. Ухламайди. Ўй ўйлайди. Эслайди. Эси тиниқ.
Москвани эслайди. Москванинг совуғини эслайди.
Киевни эслайди. Киев тутаб ётади.
Днепрни эслайди. Днепр одамнинг жасадига тўла бўлади.
Варшавани эслайди. Варшава вайрон бўлиб ётади.
Берлинни эслайди. Берлин ҳувиллаб ётади.
Ҳувиллаган уйларнинг биридан югуриб чиққан бир немис Давлатмурод бобонинг бўғзига ёпишади. Давлатмурод бобони буғади. Давлатмурод бобога нафас етмай қолади. Аммо немиснинг қўллари бирданига бўшашади. Лабининг четидан қон сизиб чиқади. Давлатмурод бобонинг ханжари ўз ишини қилади…
− Эҳ, энағар немис, умримнинг зўр йилларини увол қилдинг-а, − пичирлайди Давлатмурод бобо.
3.
“Мурувват уйи”нинг соатлари секин юради.
Аммо нонуштаси кечикмайди. Нонуштаси камбағалнинг тушлигича келади. Сутли ош, сарёғ, қаймоқ, сузма, қаҳва, шоколад, печенье, юмшоқ нон.
Юмшоқ-ки, тишнинг кераги йўқ…
Давлатмурод бобо урушдан кейинги йилларни эслайди. Ҳамма нарсасини урушга берган одамларга уруш ҳеч нарса бермаганини эслайди. Одамлар нон тополмай, зоғора еганини эслайди, кунжара еганини эслайди.
Давлатмурод бобо одамлар йўнғичқа ****, шишиб ўлганини эслайди.
Давлатмурод бобо одамлар деворларнинг тагида ўтириб, очликдан ўлиб қолганини эслайди.
Давлатмурод бобо Зарбувиси зоғор ёпганини эслайди. Зарбувиси кўмоч қилганини эслайди.
Давлатмурод бобо Зарбувиси ҳали Насимининг, ҳали Жовлисининг оғзига нон тутгани, аммо ўзи оғзига ушоқ солмаганини эслайди.
Давлатмурод бобо ўзи мажбурлаб, Зарбувисига бир бурда зоғора едирганини эслайди.
Ана шунда Зарбувиси бир кулиб қўйганини эслайди.
Давлатмурод бобо ўрнидан туриб кетади.
− Эҳ, Зарбуви, нимага ундай қилдинг? – пичирлайди Давлатмурод бобо. – Мендан олдин ўлмагин, деб эдим-ку?
4.
“Мурувват уйи”да кун ўтиши қийин.
Давлатмурод бобо одамларга аралашавермайди. Одамларнинг гапи ёқмайди. Ҳали тўқсонга бормаган “тирмизаклар” сиёсатдан гаплашади.
− Нимага ҳамма борган Москвадаги парадга Ўзбекистон бормади?
Давлатмурод бобо юзга кирди. Бу “ёшлар”нинг олдида сипороқ тургиси келади.
− Сиёсатга аралашманглар, сиёсатнинг эгаси бор, катталар бир иш қилса, билиб қилади, − дейди-ю, хонасига кириб кетади.
Давлатмурод бобо хонасига кириб, ўнгига ёнбошлайди. Ёнбошлаб, ўй суради. Ўйининг охири бўлмайди.
Насими сиёсатга аралашди. Депутат бўлди. Катта бўлди. “Уруғимиздан катта чиқмаган, қўй шу ишингни”, деган Давлатмурод бобога қулоқ солмади.
Насимини катталик майиб қилди.
Қишлоққа қайтиб келиб, кўкрагини захга бериб, қирқ кун ётди. Катталарнинг бирови ҳам сўраб келмади.
Нурмат пиён сўраб келди. Насимига шу Нурмат пиён дўст бўлди. Насимига шу Нурмат пиён душман бўлди. Насими Нурмат пиёнга қўшилиб, Насим пиён бўлди.
− Эҳ, улим-а, улим-а, кимларга тортдинг-а? – Давлатмурод бобо чапига ёнбошлайди. – Уруғимизда бундай ичгич йўқ эди-ку?
5.
“Мурувват уйи”нинг шоми узоқ.
Ҳар пешин бир ҳомий келса, ҳар шом бир томоша келади.
Гоҳ театр қўйиб беришса, гоҳ кино кўрсатишади. Худонинг берган куни қайсидир артист концерт беради.
Давлатмурод бобога эндиги ашулачилар ёқмайди.
Давлатмурод бобога ёқадиган қўшиқчилар ўтиб кетди.
Давлатмурод бобо секин туриб, хонасига йўл олади.
− Давлатмуродбобо, сиз ҳам бошқаларга ўхшаб қўшиқ эшитинг, рақсга тушинг, мана, қанча момолар бор, биронтасини рақсга тортинг-да бундай, − деган директор Саид аканинг гапига парво қилмайди.
− Биз ўйнаб бўлдик, улим, − дейди. – Момоларингни тортишга етадиган куч йўқ энди.
Давлатмурод бобога ўзининг хонаси бир олам, бир дунё. Шу хонада ўзининг “киносини кўриб” ўтиради. Бу оқшом қизларининг “киносини кўради”.
Дилороми туғилганда бир севинган эди, Гулороси туғилганда икки севинган эди.
Зарбувиси ҳам Дилоромни узатганда бир кучанган эди, Гулоросини узатганда икки зўриққан эди.
− Куёв ҳам ўғил бўлади, − деган эди Зарбувиси.
Икки куёв икки ёв бўлди. Икки қиз Зарбувиси “ана кетди, мана кетди” бўлиб ётганида бир келди, кетганида бир келди.
Икки қиз Давлатмурод бобонинг ҳолидан бир хабар олмади. Икки ёв қўймади уларни.
Икки қиз “Мурувват уйи”га навбати билан келади: бир Ғалаба куни биттаси, кейингисида иккинчиси.
Икки қиздан бирови “Юринг, ота, бу ерда ётманг, уят бўлади”, демайди. Икки ёв қўймайди.
Икки куёви ҳам катта. Катталар уйида юздан ошган қайнатани сақламайди. Уялади.
− Эҳ, қизларим, қизларим-а, энангга тортмадиларинг, − пичирлайди Давлатмурод бобо. – Икковингдан бировинг ҳам…
6.
“Мурувват уйи”нинг кечалари олис.
Олис кечаларда Давлатмурод бобо олис-олис хотираларни ёдга олади.
Ҳамма хотираларини Насимининг ҳунарлари ювиб кетади.
Насими ичишга пул тополмаса, Давлатмурод бобонинг олдига келади.
Авваллари сўраб оларди, кейин сўраб ўтирмайдиган бўлди. Пулнинг жойини билса, отаси йўқ демаса, сўраб нима қилади. Қўлини тиқиб, керагича олиб кетаверадиган бўлди.
Насими кейинроқ бошқа ҳунар чиқарди, қўлини тиқиб, қўл тиққан жойини қуритиб кетадиган бўлди.
Давлатмурод бобо саксондан ошганида пулини беркитадиган бўлди.
Насимининг тиққан қўли қуруқ чиқдиган бўлди. Насими қуруқ қўл билан уйдан чиққиси келмади. Насими Давлатмурод бобонинг ёқасидан олди:
− Пул бер, бобой, пул! Бундай паст кетма, бобой, пулни яширма!
− Ундай деманг, Насимбой, ундай деманг, − сенлаган ўғилни сизлади Давлатмурод бобо. – Пулни яширмадим. Пул бўлса, сиздан яширармидим?
− Давлат ветеранга отнинг калласидай пенсия беради, бобой, алдама, пулдан чўз!
− Пул тугаб қолибди-да, Насимбой, пул тугаб қолибди.
− Мана, пул тугаган бўлса!
Насими Давлатмурод бобонинг кўкрагига калла қўйди.
Давлатмурод бобо чалқанчасига йиқилди.
Давлатмурод бобо ўзига келганида Насими аллақачон кўчага чиқиб кетган эди.
Кейинги сафар Насими Давлатмурод бобонинг соқолидан тутамлаб, пул сўради. Ростдан ҳам пули қолмаган Давлатмурод бобо пул бера олмади. Юзига мушт тушди. Кўзининг ости кўкарди.
− Йиқилиб тушдим-да, йиқилиб тушдим, − деди Давлатмурод бобо ажабланган маҳаллақўмга. – Қарилик қурсин.
Ҳали ўнг бети билан, ҳали чап бети билан йиқилиб тушавериб, Давлатмурод бобонинг мудом кўзи кўкариб юришига шубҳаланди маҳаллақўм. Пойлайдиган бўлди. Пойлаган ушлайди.
− Қўлинг синсин! Қўлинг акашак бўлсин! – сўкди Насимни. – Давлатмурод бобо менинг отам бўлганида елкамдан пастга туширмай, кўтариб юрган бўлардим. Ахир, … ахир отанг уруш қатнашчиси, герой-ку, номард! Ҳаҳ, қараб тур сен!
Насими қараб турди. Маҳаллақўм Давлатмурод бобони “Мурувват уйи”га топшириб келди.
− Ўғли келса, киритманг, отасини кўрмасин, − деб тайинлаб келди директорига.
Маҳаллақўм Давлатмурод бобони қаерга қўйиб келганини бировга айтмади, ўзи ойда бир келиб турди.
Икки йил деганда қизларига айтди. Икки йил деганда Давлатмурод бобони кўргани катта қизи келди. Кейинги йил кичкинаси…
− Эҳ, Насим-а, Насимжоним-а, кимларга ўхшадинг-а, болам? – ингради Давлатмурод бобо. – Мен отамни норози қилмаган эдим-ку?
7.
“Мурувват уйи”нинг қуёши кеч чиқади.
Бугун эртароқ чиқибди.
− Бобожон, директорнинг кабинетига борар экансиз, чақираяптилар, − деди меҳрибон ҳамшира Насиба. – Қизингиз билан куёвингиз кепти, сизни олиб кетар эмиш, суюнчи беринг!
− Қизим? Куёвим? – ажабланди Давлатмурод бобо.
– Наҳотки? Йигирма йил деганда-я?
Давлатмурод бобо директорнинг кабинетига яқинлашди.
Ичкаридан эшитилаётган куёвининг овозини таниди:
− Энди, гапни кўп қилманг, Саид ака, икки миллион сўм кўчада ётмайди. Давлат бу йил отамизга икки миллион бераяпти, келаси йил ўнмиллион берса ҳам ажаб эмас. Қолаверса, навбатсиз енгил машина олиши мумкин деган жойидан фойдаланиб, биттагина “Каптива” олсак деган ниятимиз бор.
Отамизнинг шарофати билан биз камбағаллар ҳам “Каптива”ли бўлиб қолайлик. Жуда қўймасангиз, байрамлар ўтгандан кейин келтириб қўярмиз яна.
Давлатмурод бобо секин хонасига қайтди.
− Ҳа, Давлатмурод бобо, нега қайтиб келдингиз?
− Нарсаларимни йиғиштириб бер, қизим. Девордаги момонгнинг сурати эсингдан чиқмасин, − чопонини кийди Давлатмурод бобо.
– Борсам борай, бир камбағал “Коптувак”ли бўлса бўлсин.
Қизим ҳам минар-ку…!!!
Хулоса узингиздан хикоя тугади.
Каримберди Турамурод.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 3