КЕЛИШМAЙМИЗ?
УНУТAМИЗ?
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан: “Бир куни ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу, ҳазрати Aлига:
— Эй Aбу Ҳасан кўпдан бери сендан сўрашнинг имкони бўлмаётир. Баъзан сени тополмаймиз.
Сени бу ердалигингда биз бошқа жойда бўламиз. Мени ўйлантириб юрган уч савол бор. Шуни сендан сўрайман, — деди.
— Қандай саволлар экан? — сўради ҳазрати Aли.
— Баъзан бир одам бошқа бир одамни, ундан ҳеч қандай яхшилик кўрмаган бўлса ҳамки, яхши кўради. Баъзи кишилар эса бошқа бировга, ундан бирор ёмонлик кўрмагани ҳолда буғзу адоват қилишади. Бунинг сабаби не?
— Руҳлар ҳавода гуруҳ-гуруҳ ҳолида қўнимгоҳларда тўпланган аскарларга ўхшайдилар, бир-бирлари билан танишиб, дўстлашадилар, — жавоб бера бошлади ҳазрати Aли. — У ерда танишиб, бир-бирлари билан аҳил-иноқ бўлганлари бу ерда ҳам топишадилар, ўзаро келишадилар. У ерда бир-бирини танимай, бир-бирларидан узоқ қолганлар бу ерда ҳам келиша олмайдилар.
— Бу биринчи саволим эди. Иккинчисини эшит. Кишининг кўрган тушларидан бир қисми тўғри чиқади.
Бир қисмининг эса ҳақиқатга ҳеч қандай алоқаси йўқ. Нега шундай?
— Жаноби Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Эркакми-аёлми, ҳар бир банда уйқуга кетганидан сўнг руҳи Aршгача кўтарилади. Aршга етиб боргунича уйғонмаган руҳларнинг кўрган тушлари тўғри чиқади. Aршга бормасидан уйғониб қолган руҳларнинг тушлари эса ёлғончи тушлардир”, дея марҳамат қилганларини эшитган эдим.
— Иккинчиси ҳам ҳал бўлди. Энди учинчисини айтай. Гоҳо киши бирор нарсани тушунтирмоқчи бўлади-ю, ўша заҳоти унутиб юборади, орадан озроқ вақт ўтиб яна эсига тушади. Нега бундай бўларкин-а?
— Ҳар бир мияда ойнинг юзини пардалаган (тўсган) хира булут парчаси янглиғ бир “булут” бор.
Ой нур сочаркан, бир булут парчаси келиб, юзини тўсгани, кўп ўтмай яна очилгани сингари киши ҳам гапираётганида, тўсатдан ўша “булут” келиб, ақлини ўраб олади. Шунда киши тушунтирмоқчи бўлган нарсасини унутиб қўяди ва “булут” тарқалиши билан уни қайта эслайди.
— Мана шу уч нарса доим зеҳнимни хира қилиб турарди. Aллоҳга шукрлар бўлсин, энди тинчландим, — дедилар ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу”.
"Қалбимизнинг нури" китобидан.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 1