-----''-----
АРШНИ ЛАРЗАГА СОЛГАН ШАҲИД
Мушрикларнинг мусулмонларга қилаётган ҳужумлари ниҳоятда шиддатли тус олди. Улар Мадинага кириш имкони бор жойларга ҳужум қилишарди. Икки томондан камон ўқлари тинмай ёғиларди. Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам қуролланган ҳолларида отларига минганича турар эдилар.
Саъд ибн Муъозга шаҳар ҳудудини душманлардан мудофаа қилиш вазифаси топширилган эди. У бор шижоати билан душманлар ҳамласига қарши аёвсиз зарба берди. Бир маҳал Қайс ибн Арақанинг ўғли Жаҳон пайт пойлаб Саъд розияллоҳу анҳуга:
- Мана, қабул қилиб ол! Мен Арақанинг ўғлиман! – деб ўқ отган эди, ўқи нишонга тегиб Саъднинг томиридан қон оқа бошлади.
- Аллоҳ сенинг юзингни дўзахда куйдирсин! – жавоб берди у. Томиридан қон отилиб чиқар эди. Қонни тўхтатиш учун шошилинч муолажани қилди.
Ҳолатни кўрган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам назорат қилиб туриш учун унга чодра ўрнатишни амр қилдилар. Саъд нигоҳини юқори кўтарди ва ҳайқириб:
- Эй Аллоҳ! Сен яхши биласан – мен учун Сенинг розилигинг истагида Расулингни ёлғончи қилган ва юртидан чиқариб юборган қавм билан жанг қилишдан кўра маҳбуброқ иш йўқ! Эй Аллоҳ! Биламан, сен жангни биз билан Қурайш ўртасига қўйгансан. Мабодо Қурайш ғолиб келса, мени ҳам қолдиргин, токи Сенинг йўлингда улар билан жанг қилай. Мени жанг майдонида ўлдир, аммо вафотимга қадар ғалабани ўз кўзларим билан кўришни насиб этгин! – деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалар блан ўн кунга яқин қамал ҳолда туриб қолдилар. Сўнг Аллоҳ таолога илтижо қилдилар:
- Эй Аллоҳ! Мен Сенинг аҳдинг ва ваъдангни ўртага қўйиб сўрайман! Эй Китобни нозил қилган, ҳисобни осон қилган Зот! Аҳзобни тор-мор қилгин!
Аллоҳ таоло Расулининг дуоларини ижобат қилди. Кечасида Аҳзобга шиддатли шамол йўллади. Натижада мушриклар қадам босишнинг ҳам иложини қилиша олмай қолишди. Мусулмонларга нусрат берди. Улар тинмай Аллоҳ таборак ва таолога шукронани такрорлашарди.
Мусулмонлар Бани Қурайзани йигирма беш кун қамал қилдилар. Ниҳоят яҳудийлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан юртларини мусулмонларга ташлаб, Шомдаги Азриотга кўчиб кетишга изн беришларини сўрашди. Лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рад этдилар ва келишиш учун хоҳлаган кишисини ўртага вакил қилишларини таклиф қилдилар. Улар Саъд ибн Муъоз розияллоҳу анҳуни танлашди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Саъдни чақиртирдилар ва Бани Қурайза билан ўртада ҳукм чиқаришга вакил қилдилар.
Саъд аҳдини бузган, мусулмонларнинг душманларига ёрдам берган, натижада Хандақ ғазотида ва мазкур ғазотда мусулмонларнинг қони тўкилишига сабабчи бўлган хоинларнинг ҳукмини чиқаришга имкон берилганидан шодланиб кетди. У бор шижоати ва илми билан ўртада адолатли ҳақ ҳукм чиқарди. Жангга чиққанларини ўлдиришга, аёлларни асир олишга, мол-мулкларини мусодара қилиб, мусулмонларга тақсимлаб беришга ҳукм қилди. Ҳолбуки Саъд улар билан аҳил дўст эди. Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам:
- Аллоҳ таоло еттинчи осмонда чиқарган ҳукмини чиқардинг. Сенинг бу чиқарган ҳукмингдан Аллоҳ ҳам мўминлар ҳам рози бўлдилар. Мен ҳам шунга буюрилган эдим, – дедилар.
Саъд розияллоҳу анҳу яна ўзи даволанаётган чодрага қайтди. Жароҳати ўтда куйдирилган эди.
Жароҳатидан яна қон оқа бошлади. Иккинчи марта яна куйдирилди. Жароҳат яна-да кучайиб, Саъдни вафот этишгача олиб келди. Жон таслим қилаётган пайтида Жаброил алайҳиссалом келди ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга:
- Бу инсон қандай инсонки, унга осмон эшиклари очилди, Арш ларзага келди? – деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шошилиб кийимларини кийиб, Саъд томон борди. Етиб келиб қарасалар, жон таслим қилган экан.
Жанозаларини Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари ўқидилар. Саҳобалар сўрашди:
- Эй Аллоҳнинг Расули! Бунчалик енгил маййитни кўрмаган эдик?
- Ҳа, ҳозир осмондан шунчалар фаришталар тушдиларки, шу кунгача бунча тушмаган эди. Ўша фаришталар кўтарганлигидан сизларга енгил бўлди, – дедилар.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев