Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг тавозелари
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам одамларнинг энг гўзал хулқлиси ва энг қадрлиси бўлиб, Оиша розияллоҳу анҳо айтганларидек: «Хулқлари Қуръон эди»
(Имом Аҳмад ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мен гўзал ахлоқларни мукаммал қилиш учун юборилдим» — дедилар (Имом Аҳмад ривояти).
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу деди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мени масиҳийлар Ийсо ибн Марямни улуғлаганларидек улуғламанглар! Балки, Аллоҳнинг бандаси ва расули, деб айтинглар» — дедилар (Имом Абу Довуд ривояти).
Анас розияллоҳу анҳу деди: «Бир киши: «Ё Расулуллоҳ, эй яхшимиз, яхшимизнинг ўғли эй саййидимиз, саййидимизнинг ўғли» — деб хитоб қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Эй одамлар, сизлар менга тўғри гапираверинглар, шайтон сизларни адаштирмасин! Мен — Аллоҳнинг бандаси ва расули бўлган Муҳаммад ибн Абдуллоҳман. Сизлар мени Аллоҳ қўйган мақомдан юқори мақомга қўйишингизни хоҳламайман» — дедилар
(Имом Аҳмад ривояти).
Баъзи одамлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ҳаддан зиёд улуғлайдилар ва у зотнинг ғайб ишларини билади, зарар ва фойда етказади, муҳтожларнинг эҳтиёжини, касалларнинг шифосини берадилар, - деб эътиқод қилишади. Аллоҳ таоло бу тушунчани бутунлай рад этиб шундай деди: «Айтинг: «Мен ўзимга ҳам бирон фойда ёки зарар етказишга қодир эмасман. Магар Аллоҳ хоҳлаган ишгина бўлур. Агар ғайбни билганимда эди, яхши амалларни кўпайтирган ва менга бирон ёмонлик-зиён етмаган бўлур эди»
(Аъроф: 188).
Барча оламлар ичида энг афзал бўлган Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Рабби олдида синиқ бўлган одамларнинг боши эдилар.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу дедилар: «Саҳобалар учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан кўра севимлироқ бошқа одам йўқ эди. Шундай бўлсада, ёқтирмасликларини билганлари учун, Ул зотни кўрганларида ўринларидан турмас эдилар»
(Имом Аҳмад ривояти).
Сиз ўта камтарлик ва нодир гўзал хулқ билан бир бечора аёлга ишлари кўп бўлишига қарамай вақт ажратган Ислом умматининг пайғамбарига бир назар ташланг.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу деди: «Бир хотин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурига келиб: «Сизга эҳтиёжим бор» — деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мадинанинг кўчаларидан хоҳлаганингда ўтир мен сен билан бирга ўтир(иб эҳтиёжингга қулоқ тут)аман» — дедилар»
(Имом Абу Довуд ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам камтарларнинг камтари эдилар. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу деди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: Агар мени (қўйнинг) қўли ёки оёғи (туёқни ейиш) учун чақирсалар бораман. Агар менга (қўй) оёғи ёки қўли совға қилинса, қабул қиламан» — дедилар»
(Имом Бухорий ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадислари ҳар бир асрда мутакаббирлар учун, уларинг кибру ҳаволари ва гердайишлари олдида тўсиқ ва қайтарувчи бўлиб қолади.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ушбу ҳадисни ривоят қилади:
«Қалбида заррача кибри бўлган одам жаннатга кирмайди»
(Имом Муслим ривояти).
Кибр —Аллоҳ сақласин– жаҳаннамга олиб борадиган йўлдир, гарчи у заррача бўлса ҳам. Қаранг, Аллоҳ таоло гердайиб юрган мутакаббирни қандай жазолади, унга ғазабни тушириб, қандай азоблар билан азоблади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу деди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Бир одам чиройли кийимни кийиб олиб, ўзидан ўзи хурсанд бўлиб, сочлари таралган ва гердайиб юриб кетаётган эди, баногоҳ, Аллоҳ уни ерга юттирди. У Қиёмат кунигача ернинг тубига қараб тушиб бораверади»
(Бухорий ва Муслим ривоятлари).