Қаерда яшама, қайларда юрма,
Қайси масканларни этмагин ҳавас.
Мени ҳар замонда ёдинга олиб,
Сени севишимни унутмасанг бас!
Кимлар чиқмасинлар кўнглинга эга,
Кимнинг соғинчига юрагинг тўлсин.
Мен учун қувонч йўқ бир сендан ўзга,
Сени севишлигим ёдингда бўлсин!
Қачондир қалбингга мени солсин деб,
Қодир Яратганга қилгум тавалло.
Кимлар ҳаётингда бўлсалар ҳам зеб,
Мен сени севишим унутма асло!
Сени юрагимга ўйиб ёзгану,
Аммо пешонамга ёзмаган тақдир.
Майли сен кимларга вафодор мангу,
Менинг бахтим эса сени севишдир!
Йўқ нисор бўлардан бошқа имконим,
Қайда қолди билмам мендаги ғурур.
Сенинг борлигингга минг шукур, жоним,
Қалбимга ишқ солган Аллоҳга шукур!
Малика Тавфиқ