Санкт Петербургда 22 яшар ўзбекистонлик аёл янги туғилган ўғлини сотиш пайтида бу савдога ëрдам берган 29 яшар тожикистонлик шериги билан бирга қўлга олинди. Тўрт кунлик болани сотмоқчи бўлган муҳожир аёллар пулни регистрациядан ўтиш учун ишлатмоқчи бўлганини билдирди.
Ўзбек боласи 25 минг рублга пулланди
11 март куни Санкт-Петербургнинг Красногвардейский туман суди янги туғилган чақалоқни сотишда айбланаётган 1985 йилда туғилган Тожикистон фуқароси ва 1992 йилда туғилган Ўзбекистон фуқароси бўлган аёлларни ҳибсга олиш ҳақида қарор чиқарди.
Айтилишича¸ 5 март куни Красногвардейский тумани полиция бўлимига мурожаат қилган шахс Косигин проспектидаги "Народний" универсами ёнида ёш болани сотишга уринаётган аёл тургани тўғрисида хабар берган..
"Дарҳол айтилган жойга фуқаро кийимидаги оператив ходим жўнатилди", дейди Петербургнинг Красногвардейский тумани бўйича Жиноят-қидирув бўлими бошлиғи ўринбосари Алексей Макеев:
- Оператив-қидирув амалиёти давомида 25 минг рубль эвазига болани топшираётган воситачи аёл ва тўрт кунлик ўғил боланинг онаси қўлга олинди. Россия қонунчилигига кўра, бундай жиноят учун уларга 15 йилгача қамоқ жазосига тайинланиши мумкин. Марказий осиёлик бу шахсларнинг бошқа жиноятларга ҳам алоқаси бўлиши мумкинлиги тахмин қилинмоқда. Бу аёллар тўғрисида бирор маълумотга эга бўлганлардан бу ҳақда бизга хабар беришларини сўраймиз, деди полиция ходими Алексей Макеев.