Чодирхаëлнинг “Таниш қўшиқлар” саҳифасига бундан 30 йил аввал айтилганига қарамасдан, ҳануз эсимиздан чиқмаган "Сен ҳам гадо, мен ҳам гадо " қўшиғини танладик. Огаҳий ғазалига басталанган бу қўшиқнинг собиқ совет даврида айтилгани ўзига хос жасорат намунаси сифатида эсланади.
Тожикистонда хизмат кўрсатган артист Қодир Мирашуровнинг илк бор саҳнага чиққанидан бери кузатиб келаëтган ëзувчи Ўринбой Усмон назарида ҳофиз сўз танлашни билгани боис, қадр топди:
- Қодир Мирашуровга камдан-кам ҳофизларгагина эришадиган улуғ бир эъзоз насиб этган. Ҳофизни ўша биринчи қўшиғидан бошлаб, ҳозиргача мухлислар эъзозлаб келишади. Унинг янги қўшиқларини қидиришади, ёзиб олишади, қайта-қайта эшитишади.Зиëли муаллим оиласида улғайган Қодир Мирашуровнинг уйидаги катта кутубхона унинг диди шаклланишида катта роль ўйнади. Огаҳий каби улуғ шоирнинг "Сен ҳам гадо, мен ҳам гадо" ғазалини илк бор қўшиқ қилишда ҳам ана шу кутубхонанинг ҳиссаси бор, - дейди суҳбатдош.
Бундан 30 йил олдин айтилган “Сен ҳам гадо, мен ҳам гадо" қўшиғининг бастакори ва ижрочисининг ўзи билан ҳам суҳбатлашдик.
- Ҳамма шеър ҳам қўшиққа тушавермайди. Қалбингдаги туғён, ташқарига чиқиши керак. Огаҳийнинг ғазали юракка таъсир этди ва унга ўзига мос оҳанг юклаб кейин халққа етказиб бердик, - дея фикр билдиради Қодир Мирашуров.