"Ўзбекистон 24" телеканали эшак гўштини мол гўшти дея жамоат ошхоналарига тарқатган уч шахс қўлга олингани ҳақидаги кўрсатувни намойиш этди.
Кўрсатув Ўзбекистон Бош Прокуратураси ҳузуридаги Ахборот-таҳлил мултимедиа маркази томонидан тайёрланган.
Ахборот-таҳлил мултимедиа маркази бундан аввал Фарғона вилоятида эшак гўшти ҳақидаги гап-сўзлар тарқалгани ҳақида хабар қилган.
Ҳуқуқ-тартибот органлари текшируви натижасида ушбу овозалар тасдиқланган.
Фарғона вилояти Қўштепа туманида 3 шахс эшакларни сўйиб, мол гўшти деб ошхоналарга сотгани учун ҳибсга олинганлар.
Кўрсатувда қўлга олинган инсонлар эшакларни 250000-300000 сўмдан харид қилиб сўйганлари, тамаддихоналарга ҳар бир килограммини 25-30 минг сўмдан сотганларига иқрор бўлганлар.
Кўрсатувда жиноятчилар тергови якунланган-якунланмагани, уларнинг устидан суд ҳукми чиқарилган ёки чиқарилмагани айтилмади.
Афсуски, бу Ўзбекистондаги эшак гўшти билан боғлиқ дастлабки можаро эмас.
2017 йил ноябрида Тошкентдаги колбаса цехига Хоразмдан 69 килограмм эшак гўштини олиб келган икки шахс ва бу гўштни мол гўшти деб расмийлаштирган цех ходимлари устидан жиноят иши қўзғатилган эди.
Самарқанд атрофида ҳам кўп сонда эшак суяклари топилган, ҳуқуқ-тартибот органларига кўра, жиноятчилар эшакларни териси учун сўйганлар.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз:
https://t.me/bbcuzbek